Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

206. Овқатланиш одоблари: Бисмиллаҳ билан бошлаш

3494 марта кўрилган

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كُنَّا إِذَا حَضَرْنَا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ طَعَامًا لَمْ نَضَعْ أَيْدِيَنَا حَتَّى يَبْدَأَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَضَعَ يَدَهُ. وَإِنَّا حَضَرْنَا مَعَهُ مَرَّةً طَعَامًا فَجَاءَتْ جَارِيَةٌ كَأَنَّهَا تُدْفَعُ فَذَهَبَتْ لِتَضَعَ يَدَهَا فِي الطَّعَامِ فَأَخَذَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِيَدِهَا ثُمَّ جَاءَ أَعْرَابِيٌّ كَأَنَّمَا يُدْفَعُ فَأَخَذَ بِيَدِهِ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ الشَّيْطَانَ يَسْتَحِلُّ الطَّعَامَ أَنْ لا يُذْكَرَ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ جَاءَ بِهَذِهِ الْجَارِيَةِ لِيَسْتَحِلَّ بِهَا فَأَخَذْتُ بِيَدِهَا فَجَاءَ بِهَذَا الأَعْرَابِيِّ لِيَسْتَحِلَّ بِهِ فَأَخَذْتُ بِيَدِهِ وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنَّ يَدَهُ فِي يَدِي مَعَ يَدِهَا» (ثُمَّ ذَكَرَ اسْمَ اللَّهِ وَأَكَلَ) (رواه مسلم).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бирон таомга ҳозир бўлсак, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўл узатмагунларича таомга қўл урмас эдик. Бир марта таомга ҳозир бўлганимизда бир қизча худди орқасидан биров итараётгандек (шошиб) келиб таомга қўл чўзди, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлини ушлаб қолдилар. Сўнг бир аъробий келиб орқасидан биров итараётгандек таомга қўл чўзди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳам қўлини ушладилар. Сўнг дедилар: «Шайтон Аллоҳнинг исми (яъни бисмиллаҳ) айтилишидан аввал таомни ўзи учун ҳалоллаб олишга ҳаракат қилади. У мана бу жорияни олиб келиб, таомни ҳалоллаб олмоқчи бўлди, мен унинг қўлини ушлаб қолдим. Сўнг мана бу аъробийни олиб келиб, таомни ўзи учун ҳалоллаб олмоқчи бўлди, унинг ҳам қўлини ушлаб қолдим. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, ушлаган пайтимда унинг қўли мана буларнинг қўли билан бирга менинг қўлимда эди». (Сўнгра «бисмиллаҳ» деб, едилар) (Имом Муслим ривояти).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ طَعَامًا فَلْيَقُلْ بِسْمِ اللَّهِ فَإِنْ نَسِيَ فِي أَوَّلِهِ فَلْيَقُلْ بِسْمِ اللَّهِ فِي أَوَّلِهِ وَآخِرِهِ» (أخرجه أبو داود والترمذي).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз таом еса «Бисмиллаҳ» десин, агар бошида айтишни унутса, «Бисмиллаҳи фий аввалиҳи ва ахириҳи» (аввалида-ю охирида Аллоҳнинг исми билан ейман) десин» (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «إِذَا دَخَلَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ فَذَكَرَ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ وَعِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ لا مَبِيتَ لَكُمْ وَلا عَشَاءَ وَإِذَا دَخَلَ فَلَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ أَدْرَكْتُمْ الْمَبِيتَ وَإِذَا لَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ أَدْرَكْتُمْ الْمَبِيتَ وَالْعَشَاءَ» (رواه مسلم).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: «Бир киши уйига келиб, кираётган пайтида ва таомланаётганида Аллоҳни зикр қилса (яъни бисмиллаҳ деса), шайтон (ўз шерикларига): «Бу ерда сизларга тунаш учун жой ҳам, кечки овқат ҳам йўқ», дейди. Уйга киришда Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Тунаш учун жой топдинглар», дейди. Таом ейишда Аллоҳни зикр қилмаса: «Тунаш учун жойга ҳам, кечки овқатга ҳам эга бўлдиларингиз», дейди (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:

«Бисмиллаҳ» айтиш овқатланиш пайтида риоя қилиниши вожиб бўлган одоблардан саналади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга буюрганлар ва бисмиллаҳ айтиш шайтонни таомга шерик бўлишдан ман қилади, деб хабар берганлар. Овқатланишдан олдин албатта уни айтиш лозим, айтиш эсидан чиққан бўлса, эсига тушганда «Бисмиллаҳи фий аввалиҳи ва ахириҳи» (аввалида-ю охирида Аллоҳнинг исми билан ейман) деб айтиб қўяди. Шайтон овқатни бисмиллаҳ айтилишидан аввал ўзи учун ҳалоллаб олишга ҳаракат қилади ва болакайларни қўлларидан туртиб катталардан аввал бисмиллаҳсиз таомга қўл урдиришга интилади. Шундай ҳолатларда катталар эътиборли бўлиб, кичкиналарни бисмиллаҳсиз таомга қўл уришидан тийиб туришлари лозим.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Овқатланиш олдидан бисмиллаҳ айтиш лозим;
  2. Бисмиллаҳ айтишни унутган киши эсига тушганда ҳадисда келган сифатда айтиб қўяди;
  3. Шайтонлар Аллоҳнинг зикрини айтмаган инсонлар билан бирга таомланадилар ва тунни бирга ўтказадилар.