Душанба 30 Декабрь 2024 | 28 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

150. Мажлис ва ўтириш одобларидан (3)

3485 марта кўрилган

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «إِذَا كَانُوا ثَلاثَةٌ فَلا يَتَنَاجَى اثْنَانِ دُونَ الثَّالِثِ» (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар уч киши бўлсалар, бирини қолдириб, иккитаси шивирлаб гаплашмасин», дедилар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «لا يَحِلُّ لِلرَّجُلِ أَنْ يُفَرِّقَ بَيْنَ اثْنَيْنِ إِلا بِإِذْنِهِمَا» (رواه الترمذي).

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир киши иккита одамнинг ўртасига уларнинг изнисиз ўтириши мумкин эмас», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ جَلَسَ فِي مَجْلِسٍ فَكَثُرَ فِيهِ لَغَطُهُ فَقَالَ قَبْلَ أَنْ يَقُومَ مِنْ مَجْلِسِهِ ذَلِكَ سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ إِلا غُفِرَ لَهُ مَا كَانَ فِي مَجْلِسِهِ ذَلِكَ» (رواه الترمذي).

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир ўтиришда ўтирганида беҳуда гаплари кўп бўлса, туришидан олдин: Тингланг “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдик, ашҳаду ан ла илаҳа илла анта, астағфирука ва атубу илайк” (Парвардигоро! Сен барча айбу нуқсондан покдирсан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳлар айтаман. Гувоҳлик бераманки, Сендан Ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ. Сендан истиғфор сўрайман ва Сенга тавбалар қиламан), деса, шу мажлисида қилиб қўйган (кичик) гуноҳлари кечирилади», дедилар.

Шарҳ:

Мусулмонлар ўртасида дилхираликлар бўлиши олдини олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлис ва ўтиришлар одобини баён қилдилар. Бир мажлисда уч кишидан бошқа одам бўлмаса, биттасини ажратиб қўйиб, иккитаси шивирлашиб гаплашмаслиги лозим. Чунки, бу унинг кўнглини оғритиши мумкин. Шунингдек, бир киши иккита одамнинг ўртасига уларнинг изнисиз ўтириб олиши мумкин эмас. Чунки, уларнинг бировга билдиргилари келмаган ўзаро гап-сўзи ёки суҳбатлашиб ўтиришган бўлиши мумкин. Мажлисдан туришдан олдин унда бўлиб ўтган ҳар хил ҳазил-ҳузул, ноўрин сўзлар каби кичик гуноҳларга каффорат бўлувчи юқоридаги дуони ўқиш ҳам мажлис одобларидан саналади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Бир кишини ажратиб, икки киши ёлғиз шивирлаб гаплашиши мумкин эмас.
  2. Икки киши гаплашиб ўтирган бўлса, бир одам келиб, улардан рухсат сўрамасдан ўрталарига ўтириши мумкин эмас.
  3. Ўтиришларни мажлисга каффорат бўлувчи дуо билан якунлаш суннатдир.