Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

21. Жинларнинг ҳақ-ҳуқуқлари

3942 марта кўрилган

Жинлардан мусулмон бўлганлари, иймон келтириб, пайғамбарларни тасдиқлаган ва уларга эргашганлари бор. Улар бизнинг биродарларимиз, зиммамизда уларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари бор

Аллоҳ таоло айтади:

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зарият: 56).

«(Эй Муҳаммад), эсланг, Биз сизнинг олдингизда бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар» (Аҳфоқ: 29).

«(Эй Муҳаммад), айтинг: Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач,) дедилар: «Дарҳақиқат бизлар ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз» (Жин: 1,2).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши Аллоҳ таолонинг: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар» (Исро: 57) ояти ҳақида айтдилар: «Жинлардан бир қанчаси Исломни қабул қилдилар, илгари уларга маъбуд деб сиғиниларди, сиғинадиган кишилар эса сиғинишларида қолаверишди» (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан яна бир ривоятда: «Бир қанча инсонлар бир қанча жинларга сиғинишарди. Сўнг жинлар Исломни қабул қилишди, инсонлар эса уларга сиғинишда давом этишди. Шундан сўнг: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар» (Исро: 57) ояти нозил бўлди (Имом Муслим ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари олдига чиқиб, уларга «Ар-раҳмон» сурасини бошидан охиригача ўқиб бердилар, улар жим туриб эшитишди. Сўнг у зот: «Мен бу сурани жинлар тўпланган тун уларга ўқиб берган эдим, улар сизлардан кўра яхшироқ жавоб қайтаришди. Ҳар сафар: «(Эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея (яъни инкор қила) олурсизлар?!» оятини ўқиганимда улар: «Эй Парвардигор, Сенинг неъматларингдан биронтасини инкор қилмасмиз, Сенга ҳамд бўлсин», дейишди», дедилар[1] (Термизий «Сунан»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2150).

Таомлари ва уй-жойларига дахл қилинмаслик ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқларидан

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожат ва таҳоратга борганларида таҳорат сувларини бирга олиб борардим. Бир куни ортларидан эргашганимда: «Ким бу?», деб сўрадилар. «Мен Абу Ҳурайраман», дедим. «Менга тошлар келтир, улар билан покланаман. Суяк ва тезак олиб келмагин», дедилар. Кийимимнинг этагига бир неча тош солиб олиб бориб, у кишининг ёнларига қўйдим ва ўзим қайтиб кетдим. Фориғ бўлганларидан кейин бориб: «Нима учун суяк билан тезак (ишлатмаслик керак)?», деб сўрадим. «У иккиси жинларнинг таомидандир. Ҳузуримга «Насийбийн»[2] жинларининг вакиллари келишди – нақадар яхши жинлар улар – ва мендан озуқа тилашди. Мен улар ҳақларида Аллоҳга дуо қилиб, биронта суяк ё тезак олдидан ўтсалар, ундан албатта бир егулик топадиган бўлишларини сўрадим», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳузуримга жинлардан бир чорловчи келди. Мен у билан бирга бориб, уларга Қуръон ўқиб бердим». Улар мендан озуқа тилаган эдилар: «Сизлар учун Аллоҳнинг номи айтилган (яъни, «бисмиллаҳ» деб сўйилган) ҳар бир суяк мўл-кўл (семиз) гўшт бўлиб қўлларингизга тушади ва ҳар бир тезак ҳайвонларингизга ем бўлади», дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (асҳобларига): «Бу иккиси билан истинжо қилманглар (яъни, қазои ҳожат асарини улар билан тозаламанглар). Чунки улар (жин) биродарларингизнинг таомидир», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тезак ва суяк билан истинжо қилманглар. Чунки, улар жинлардан бўлган биродарларингиз озуқасидир», дедилар» (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 17).

Қатодадан ривоят қилинади, у Абдуллоҳ ибн Сиржис розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч бирингиз ковакка бавл қилмасин!», дедилар. Қатодадан: «Ковакка бавл қилишнинг нима кароҳати бор?» деб сўралди. «Айтишларича, улар жинларнинг макони экан», деди (Ҳайсамий «Мажмаъуз-завоид»да (8/111) айтган: Аҳмад ва Табароний ривояти, Аҳмаднинг ровийлари саҳиҳ ровийларидир).

Улардан бирортасини фақат уч кун мобайнида уч марта эълон қилгачгина ўлдириш мумкинлиги ҳақида

Абу Саълаба ал-Хушаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ св айтдилар: «Жинлар уч турлидир: Бир тури қанотли бўлиб, ҳавода учиб юришади. Яна бир тури илонлар ва итлардир. Яна бир тури келиб-кетиб (яъни кўчиб) юришади» (Табароний, Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 3114).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мадинада исломни қабул қилган жинлар бор. Шунинг учун улардан бирон нарса кўрсаларингиз, уни уч кун огоҳлантиринглар. Шундан кейин сизларга кўринса, ўлдиринглар! Чунки, у шайтондир» (Имом Муслим ривояти).

Бир ривоятда: «Бу уйларнинг авомири (яъни уларда яшовчи илон суратидаги жинлари) бўлади, улардан биронтасини кўрсангиз, уч бор (ёки уч кун) ҳолини танглаштиринглар, агар шунда ҳам кетмаса, ўлдиринглар, чунки у кофирдир» (Имом Муслим ривояти).

Бир ривоятда: «Мадинада исломга кирган жинлар бор, ким бу авомирдан биронтасини кўрса, уни уч бор (ёки кун) огоҳлантирсин. Шундан кейин кўринса, ўлдирсин, чунки у шайтондир» (Имом Муслим ривояти).

Бир ривоятда: «Агар улардан биронтасини кўрсангиз, уни уч марта огоҳлантиринг. Шундан сўнг яна уни ўлдириш фикри зоҳир бўлса, уч кундан кейин ўлдиринглар»[3] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 4378).

Киши кийимини ечган пайтида уни жинлар кўзидан тўсадиган нарса

Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам боласининг авратларини жинлар кўзидан тўсадиган нарса – улардан бирлари халога кирганида «бисмиллаҳ» деб айтмоғидир» (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 496).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам боласининг авратларини жинлар кўзидан тўсадиган нарса – улардан бирлари кийимини ечганида «бисмиллаҳ» деб айтмоғидир» (Табароний «Авсат»да ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъ: 3610).

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.

* * *

[1] Жинлар тўпланган кундан мурод – у зот жинлар ҳузурига борган ва уларга Қуръон ўқиб берган кун бўлиб, бу ҳақда «(Эй Муҳаммад), айтинг: Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач,) дедилар: «Дарҳақиқат бизлар ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик» (Жин: 1) оятида зикр қилинган.

[2] Макка билан Тоиф ўртасидаги жой номи.

[3] «Огоҳлантиринглар» деган сўзларидан мурод – ундан бировга зиён-заҳмат етказмай чиқиб кетишини талаб қилинглар, демакдир. «Агар сизларга кўринса» деганлари – унинг мусулмон жин эмаслиги, балки шайтон ва кофирлиги кўринса, зиён етказиш ва тураверишдан ўзгасига кўнмаса, шундагина уни ўлдиринглар, деганидир. «Авомир»дан мурод илонлар бўлиб, жинларнинг бир тури илон суратида бўлиши юқоридаги ҳадисда айтилди. Улар узоқ яшашлари сабабли авомир – умр кўрувчи, деб номланишган. “Ҳолини танг қилинглар» деган сўзлари маъноси – унга: «Агар чиқиб кетмасанг, аҳволинг ёмон бўлади ёки яна қайтиб келсанг, сени ўлдирамиз, калтаклаймиз, куч билан чиқарамиз» деб айтинглар, деганидир.

«Нега энди уч бор огоҳлантириш ёки уч кун муҳлат бериш керак?» деган савол бўлиши мумкин. Айтамизки, эҳтиёт юзасидан шундай қилинади. Чунки, у мусулмон жинлардан бўлиши мумкинки, у ҳолда уни ўлдиришга шошилишга ҳақли бўлмайсиз. Ўлдириб қўйсангиз, мусулмонни ноҳақ ўлдирган бўласиз. Шунинг учун то иш ойдинлашгунча ва унинг ҳақиқати маълум бўлганича унга сабр қилиб туришингиз ва уч бор огоҳлантиришингиз унинг сизнинг зиммангиздаги ҳаққи саналади.