Жума 27 Декабрь 2024 | 25 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳаж китоби (3)

2777 марта кўрилган

Махзуротлар[1] ва уларнинг жарималари

1. Савол: Ҳаж ва умрадаги махзуротларга нималар киради?

Жавоб: Ҳаж ва умрадаги махзуротлар икки турли бўлади:

1. Эҳромдаги махзуротлар, яъни ман қилинган ишларни қилиб қўйиш;

2. Ҳаж ва умра амалларида бирон вожибни қилмай қўйиш, ёки вақтидан кечиктиришга ўхшаш махзуротлар.

2. Савол: Эҳром маҳзуротларини баён қилсангиз?

Жавоб: Эҳром маҳзуротлари саккизта:

1. Эркаклар аъзога мослаб тикилган кийим кийиши;

2. Бошини беркитиши;

3. Эркаклар ҳам аёллар ҳам юзини ёпиши;

4. Баданни ва кийимни хушбўйлаш;

5. Сочни олиш ёки қисқартириш;

6. Тирноқларни олиш;

7. Қуруқликдаги овланадиган ҳайвонларни овлаш, ўлдириш ёки овчига ов қаерда эканини айтиб бериш;

8. Жинсий алоқа ва унга олиб борадиган ўпиш, қучиш каби ишлар.

Аъзога мослаб тикилган кийимларни кийиш

3. Савол: Тикилган кийимларни кийиш махзуроти ва унинг жарималарини батафсил айтиб берсангиз?

Жавоб: Эҳромдаги киши баданга ёки бирон аъзога мослаб тикилган кийимни билибми, билмайми қасдданми адашибми, ўз ихтиёри биланми ёки мажбуранми кийса, буларнинг ҳаммасининг ўзига яраша жаримаси бор.

4. Савол: Бу жарималар нималардан иборат?

Жавоб: Эҳромдаги киши тикилган кийимни бир кеча ёки бир кундуз ёки иккисидан бирини муддатича кийиб юрса, унга ҳарамда бир қўй сўйиш вожиб бўлади

5. Савол: Бир кеча ёки бир кундуздан оз муддат кийиб юрганнинг жаримаси нима?

Жавоб: Бир соатдан кўпроқ кийган бўлса, фитр закотича буғдой ёки бошқа озуқадан садақа чиқаради. Бир соатдан оз бўлса, бир ҳовуч буғдой миқдорида садақа чиқаради.

6. Савол: Бир неча кеча ва кундуз кийиб юрган бўлса, ҳар кунига алоҳида жарима тўлайдими?

Жавоб: Ҳаммасига бир қўй сўйиш кифоя қилади. Аммо бир-икки кун кийим кийгани жаримасига жонлиқ сўйгандан кейин яна кийишда давом этса, ёки қайтадан кийса, унга иккинчи бор жарима тўлаш вожиб бўлади.

7. Савол: Бир кун мобайнида турли тикилган кийимларни кийса, масалан кўйлак, шим ва ҳоказоларни ҳар бирига алоҳида жарима тўлайдими?

Жавоб: Ҳар бирига алоҳида жарима тўламайди, ҳаммасига бир қўй сўйиш кифоя қилади.

8. Савол: Тикилган кийимни елкасига ташлаб олса, ёки белидан пастига ўраб олса, бунинг жаримаси нима?

Жавоб: Бунга жарима йўқ. Чунки ман қилинган нарса кийимни одатдагидай кийишдир.

9. Савол: Ўртаси тикилган ёки четлари чокланган эҳром либосини кийса, бунинг жаримаси нима?

Жавоб: Бунга жарима йўқ. Чунки баданга ёки бирон аъзосига мослаб тикилган эмас. Лекин эҳром либосининг ҳеч еридан тикилмагани афзал.

10. Савол: Тикилган ва хушбўйланган кийимни бир кун миқдорича кийса, унга нима вожиб бўлади?

Жавоб: Унга икки қўй сўйиш вожиб бўлади, бири тикилган бўлгани, иккинчиси хушбўй бўлгани учун.

11. Савол: Маҳси, этик, туфли кийса унга нима вожиб бўлади?

Жавоб: Мазкур оёқ кийимлар агар тўпиқни бекитиб турадиган бўлса, ва уни бир кун миқдорича кийса, унга қўй сўйиш вожиб бўлади. Ундан оз муддат кийса, садақа бериши вожиб бўлади.

Бошни ва юзни бекитиш

12. Савол: Бошни ва юзни бекитиш махзуротлари ва унинг жарималарини батафсил айтиб берсангиз?

Жавоб: Эҳромдаги киши бошини ёки юзининг ҳаммасини ёки тўртдан бирини бир кеча ёки бир кундуз билибми, билмайми, қасдданми адашибми, ўз ихтиёри биланми ёки мажбуранми, хоҳ уйқуда хоҳ уйғоқликда, бекитиб юрса, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Бош ёки юзни бекитилган қисми тўртдан биридан оз бўлса, ёки бир кундан оз муддат кийиб юрса, фақат садақа вожиб бўлади .

13. Савол: Агар қулоғи ёки орқа бўйни ёхуд соқолининг жағдан паст қисмини бекитса, унга нима вожиб бўлади?

Жавоб: Унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

14. Савол: Бошини тоғора, тахта каби нарсалар билан бекитса нима бўлади?

Жавоб: Бунга жарима йўқ. Чунки ман қилинган нарса дўппи, қалпоқ, рўмол каби одатда бошга кийиладиган нарсалар билан бошни бекитишдир.

15. Савол: Эҳромдаги киши бошини каъбапўш остига киргизса, унга бирон нарса вожиб бўладими?

Жавоб: Ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Лекин каъбапўшнинг юзи ёки бошига тегиб туриши макруҳ.

Кийим ёки бадандаги хушбўйлик

16. Савол: Эҳромдаги эр ё аёл киши баданини хуш бўйласа, унга нима вожиб бўлади?

Жавоб: Ишлатилган хушбўйлик оз миқдорда бўлиб, бош, қўл, билак, оёқ, сон каби тўла бир аъзо хушбўйланса, бир қон (бир қўй сўйиш) вожиб бўлади, бир аъзодан кам бўлса, садақа вожиб бўлади. Бордию хушбўйлик кўп бўлса, хушбўйланган жой агарчи бир аъзодан кам бўлса ҳам бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Хушбўйликнинг оз-кўплиги одамлар урф-одатига қараб белгиланади.

17. Савол: Бутун аъзойи баданини хушбўйласа, ҳар-бир аъзонинг сонига қараб жарима кўпаядими?

Жавоб: Агар бир ўтиришда хушбўйласа, бир қўй сўйиш кифоя, жарима кўпаймайди. Аммо вақт оралаб хушбўйлаган бўлса, ҳар-бирига алоҳида жарима тўлайди.

18. Савол: Аёллар қўлига хина қўйса нима бўлади?

Жавоб: Бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

Эслатма: Каффорат вожиб бўлиши учун хушбўйлик узоқ вақт давом этиши шарт эмас, хушбўйлангандан сўнг ўша заҳоти ювиб ташласа ҳам, юқорида баён қилганимиздек қўй сўйиш ёки садақа вожиб бўлади. Кийим бундан мустасно, унда қўй сўйиш вожиб бўлиши учун хушбўйланган кийимни бир кеча ёки бир кундуз мобайнида кийиб юрган бўлиши керак.

19. Савол: Муҳрим кийимини хушбўй қилса нима бўлади?

Жавоб: У устидаги либосининг икки шапалоқдан кўпроқ миқдорини хушбўйласа ёки бошқа либосни хушбўйлаб, сўнгра бир кун ёки бир тун миқдорича кийса, бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Хушбўйланган ўрин икки шапалоқ бўлиб, бир кун ёки бир тун миқдорича кийиб юрса, унга садақа вожиб бўлади. Агар ундан камроқ бўлса, бир ҳовуч садақа беради. Бу ҳукмлар хушбўйлик оз бўлган тақдирда, аммо хушбўйлик кўп бўлса, икки шапалоқдан оз жойга тегса ҳам қўй сўйиш вожиб бўлади.

20. Савол: Баданига хушбўй ёғ суртса нима бўлади?

Жавоб: Хушбўй қилувчи ёғ атир ҳукмида. Масалан, бошини хушбўй ёғда ёғласа, бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

Тирноқларни олиш

21. Савол: Муҳрим тирноқларини олса нима бўлади?

Жавоб: У оёқ-қўлларининг тирноғини ёки бир оёғи ёки бир қўлининг тирноғини бир ўтиришда олса, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Оёқ-қўлининг тирноқларни тўрт ўтиришда олса, унга тўртта қўй сўйиш вожиб бўлади.

22. Савол: Бир аъзодан бешдан кам тирноқни олса нима бўлади?

Жавоб: Бир аъзодан бешдан кам тирноғни олса, унга садақа вожиб бўлади.

23. Савол: Турли аъзолардан жами бешта тирноқ олса, масалан ўнг қўлдан иккита чап қўлидан иккита,оёғидан битта тирноғ олса нима бўлади?

Жавоб: Имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф наздиларида бу ҳолатда ҳам садақа вожиб бўлади.

Тукларни олиш

24. Савол: Муҳрим баданидаги тукларни олса нима бўлади?

Жавоб: У сочи ёки соқолини ҳаммасини ёки тўртдан бирини олдирса, қўй сўйиш, тўртдан биридан камроғини олдирса, садақа вожиб бўлади. Қўлтиғи ёки авратидаги тукларни олса ҳам қўй сўйиш вожиб бўлади. Қўй сўйиш вожиб бўлишида қисқартиришнинг ҳукми олиш билан бир хил. Тукни тўкувчи кремларни ишлатиш, тукни юлиш ҳам тагидан қирдириб олиш ҳукмида.

25. Савол: Бошни орқа тарафидан ҳижома ўринларидаги сочни олдирса нима бўлади?

Жавоб: Имом Абу Ҳанифа наздиларида қўй сўйиш, икки шогирдлари наздиларида эса садақа вожиб бўлади.

26. Савол: Бу борада аёлларнинг ҳукми қандай?

Жавоб: Юқорида айтилган ҳамма масалаларда эркак-аёлнинг ҳукми бир хил.

Эслаима: Соч олдирганга жарима вожиб бўлишида унинг ўзи олиши, ёки бошқа киши унинг буйруғи билан ёки буйруғисиз олиши, ихтиёри билан ёки мажбуран олиши, билиб ёки билмай олиши, эсида йўқ ёки қасддан олишининг фарқи йўқ, ҳамма ҳолатда жарима вожиб бўлади.

Узрли киши ҳукми

27. Савол: Эҳромдаги киши бирон узр сабабли махзурлар (юқорида ман қилинган ишлар)дан бирини қилиб қўйса нима бўлади?

Жавоб: Узр сабабли қўй сўйиш бўладиган махзур қилган бўлса, қуйидаги ишлардан бирини қилиш унинг ихтиёрида:

1. Ҳарамда бир қўй сўяди;

2. Ёки олти мискинга уч соъ буғдой садақа беради (ҳар мискинга ярим соъдан беради. Бир соъ тақрибан 2,5кг);

3. Ёки олти мискинга бир соъдан, олти соъ майиз ёки хурмо садақа беради;

4. Ёки уч кун рўза тутади.

Бу масалада бою-камбағалнинг ҳукми бир. Агар узр сабабли қилган махзури садақа вожиб бўладиган махзурлардан бўлса, ё ярим соъ буғдой садақа қилади ёки бир кун рўза тутади.

Жимоъ[2] ва унга олиб борувчи ишлар

28. Савол: Жимоъ махзуроти ва унга олиб борувчи ишлар ҳукмини айтиб берсангиз?

Жавоб: Улар қуйидагича:

1. Ҳаж ёки умрага эҳром боғлаган киши хотинини шаҳват билан ўпса ёки ушласа, маний келса ҳам келмаса ҳам, унга қўй сўйиш вожиб бўлади.

2. Ҳажга эҳром боғлаган киши ҳали Арафотда турмасдан аввал жинсий алоқа қилиб қўйса, ҳажи бекор бўлади ва унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Лекин ҳажни гўё бузилмагандай давом эттиради ва унга келаси йил қайтадан ҳаж қилиш вожиб бўлади.

3. Ҳожи Арафотда тургандан кейин, зиёрат тавофини қилмай, соч олдирмай туриб жинсий алоқа қилиб қўйса, унга бир туя сўйиш вожиб бўлади, лекин ҳажи бекор бўлмайди.

4. Соч олдиргандан сўнг зиёрат тавофини қилмай туриб, ёки зиёрат тавофини қилгандан сўнг соч олдирмай туриб, жимоъ қилиб қўйса, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

5. Умрага эҳром боғлаган киши тавофдан олдин жимоъ қилиб қўйса, умраси бекор бўлади. Умрани давом эттираверади ва унга бир қўй сўйиш билан бирга қайта умра қилиш вожиб бўлади.

6. Умра қилувчи тавофдан сўнг жимоъ қилиб қўйса, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади, умраси бекор бўлмайди.

29. Савол: Қасддан жимоъ қилиш билан унутиб жимоъ қилишнинг фарқи борми?

Жавоб: Фарқи йўқ, иккисининг ҳам ҳукми бир.

30. Савол: Бузиб қўйган ҳажининг қазосини ўтагани чиққан ҳожи сафар давомида хотинидан йироқда юриши керакми?

Жавоб: Хотинидан йироқда юриши шарт эмас.

Ҳаж маҳзуортларини[3] қилиб қўйиш

31. Савол: Ҳаж маҳзуортларини айтиб берсангиз?

Жавоб: Ҳаж маҳзуортлари турлича, жумладан: таҳоратсиз тавоф қилиш, вожиб амални тарк қилиш, ҳаж амаллари тартибини бузиб қўйиш, фарз ёки вожиб амални вақтидан кечиктириш, қуйида буларнинг ҳаммасини батафсил баён қиламиз.

Таҳоратсиз ёки жунуб[4] ҳолда тавоф қилиш

32. Савол: Ҳожи таҳоратсиз ёки жунуб ҳолда тавоф қилса нима бўлади?

Жавоб:

1. Агар ҳожи қудум тавофини ёки видолашув тавофини таҳоратсиз қилса, тавофдаги ҳар бир айланиш эвазига ярим соъдан садақа беради. Нафл тавофларнинг ҳукми ҳам шундай.

2. Қудум ёки видолашув тавофини жунуб ҳолатда қилса, бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Ҳайз ёки нифосдаги аёл бу икки тавофни қилса, унга ҳам қўй сўйиш вожиб бўлади.

3. Зиёрат тавофини таҳоратсиз қилса, бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

4. Зиёрат тавофини жунуб ҳолатда қилса, бир туя сўйиш вожиб бўлади. Бу тавофни ҳайз ёки нифосдаги аёл қилса, унга ҳам туя вожиб бўлади.

Эслатма: Мазкур тавофларни таҳоратсиз ёки жунуб ҳолда қилган киши қайтадан тавоф қилса, унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

Ҳаждаги вожиб амални тарк қилиш

33. Савол: Ҳаждаги вожиб амаллардан биронтасини тарк қилса нима бўлади?

Жавоб: Унинг жаримаси қуйидагича:

1. Муздалифада тонг отгандан кейинги туришни тарк қилган кишига бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

2. Сафо билан Марва ўртасида саъй қилишни тарк қилган кишига бир қўй вожиб бўлади.

3. Минода тош отиш кунларнинг бирида ёки ҳаммасида тош отмаган ёки ҳайит куни Ақабага тош отмаган кишига бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Тош отиладиган уч ўриндан бирини қолдирганга садақа вожиб бўлади.

4. Арафотдан қуёш ботмай туриб чиқиб кетса, бир қўй сўйиш вожиб бўлади, қуёш ботмасидан олдин яна арфотга қайтиб келса, вожиб бўлмайди.

5. Видолашув тавофини қилмай кетиб қолса, бир қўй сўйиш вожиб бўлади, қайтиб келиб тавоф қилса, соқит бўлади.

Ҳаж амаллари тартибини бузиш

34. Савол: Ҳажнинг вожиб тартибини бузган киши нима қилиши керак?

Жавоб:

1. Таматтуъ ёки Қирон ҳажини қилувчи ҳожи Ақабага тош отмай туриб қурбонлигини сўйса ёки сўймай туриб соч олдирса, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

2. Ифрод ҳажини қилувчи тош отмай туриб соч олдирса, унга ҳам бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

Ушбу фатво Имом Абу Ҳанифа фатволари бўлиб, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад: ҳеч нарса вожиб бўлмайди дейишган.

Амалларни ўз вақтидан кечиктириш

35. Савол: Қайси амалларни ўз вақтидан кечиктирса жарима вожиб бўлади?

Жавоб: Қуйидаги амалларни ўз вақтидан кечиктиргани учун жарима вожиб бўлади:

1. Таматтуъ ёки Қирон ҳажини қилувчи қурбонлик сўйишни ташриқ кунлари (Зулҳижжани 10-11-12-13- кунлари)дан кечиктирса, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади;

2. Ҳожи соч олдиришни мазкур ташриқ кунларидан кечиктирса, унга қўй сўйиш вожиб бўлади;

Эслатма: Ҳожи токи зиёрат тавофини қилмагунча унга аёли асло ҳалол бўлмайди.

Умра махзуротларининг жарималари

36. Савол: Умра махзуротлари ва уларга тегишли жарималарни айтиб берсангиз?

Жавоб: Улар қуйидагича:

1. Мийқотдан ўтиб кетгандан сўнг эҳромга кирса, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

2. Умра тавофини таҳоратсиз ёки жунуб ҳолатда қилса ёки аёл киши ҳайз ва нифос ҳолатида қилса, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

3. Умра қилувчи саъйни тугатмасдан туриб соч олдирса, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

4. Умра қилувчи сочини ҳарам ҳудудидан ташқарида олдирса, масалан, Арафотда олдирса, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

Илова: Умра қилувчи эҳромда сақланиши лозим бўлган махзуротлардан сақланмаса, унинг жаримаси айни ҳаж эҳроми кабидир, ҳаж эҳромида қайси махзуротга қўй сўйиш, қайси махзуротга садақа вожиб бўлса умрада ҳам ўша махзуротларга қўй сўйиш ёки садақа вожиб бўлади.

Эҳромда ов қилиш

37. Савол: Ҳаж ёки умрага эҳром боғлаган киши ов қилса унга жарима борми?

Жавоб: Муҳрим овни ўлдирса ёки ўлдирадиган кишига кўрсатиб берса ёхуд ишора қилса, унга жарима вожиб бўлади. Жарима вожиб бўлишида бу ишларни қасддан ёки унутиб қилган, илк дафа қилган ёки қайта такрорлаган кишининг фарқи йўқ.

38. Савол: Нима жарима вожиб бўлади?

Жавоб: Унинг жаримаси Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳимо наздиларида ўлдирилган ҳайвон қийматини ўша ўлдирилган жойда ёки унга яқин бир ерда икки адолатли мусулмон боҳолайди, сўнг ана шу баҳога ҳарамда сўйиш учун ҳадй (қурбонлик) сотиб олиш ёки таом сотиб олиб, уни камбағалларга садақа қилиб бериш ўлдирувчининг ихтиёрида бўлади. Ҳар бир камбағалга ярим соъ буғдой ёки бир соъ майиз ёки арпадан садақа беради. Агар ҳоҳласа ҳар ярим соъ буғдой ёки бир соъ майиз ёки арпа ўрнига бир кундан рўза тутади. Сотиб олган таомини камбағалларга тарқатгандан кейин ёки унинг миқдорича рўза тутгандан кейин ундан ярим соъдан озроқ ортиб қолса ҳоҳласа уни садақа қилиб беради ёки унинг ўрнига ҳам бир кун рўза тутади. Баҳоси ҳадй (қурбонлик) қийматича бўлмаган кичик ҳайвонларнинг ҳукми ҳам худди шундай бўлади.

39. Савол: Эҳромдаги одам ов ҳайвонига шикаст етказса, ёки юнгини юлиб олса, ёки бирон аъзосини кесиб олса, унинг ҳукми нима?

Жавоб: Ҳайвон баҳосидан камроқ қийматни тўлайди.

40. Савол: Қушнинг патларини юлса ёки ов ҳайвонининг оёғини синдирса, бунинг ҳукми нима?

Жавоб: Шу сабабли ҳайвон ўзини ҳимоя қила олмайдиган бўлиб қолса, униг тўла қийматини тўлайди.

41. Савол: Қуш тухумини синдирса нима бўлади?

Жавоб: Тухум ичидан ўлик жўжа чиқса, унинг тирик қийматини тўлайди. Агар ичида жўжа бўлмаса, фақат тухумнинг қийматини тўлайди.

42. Савол: Чигиртка ёки бит ўлдирса нима бўлади?

Жавоб: Кўнглидан чиққан садақани беради. Масалан бир дона хурмо.

43. Савол: Гўшти ейилмайдиган йиртқич ҳайвонларни ўлдирганнинг ҳукми нима?

Жавоб: Бир қўй қийматидан ўтиб кетмайдиган товон тўлайди.

44. Савол: Йиртқич ҳайвон эҳромдаги кишига ҳамла қилса, натижада, у ҳайвонни ўлдирса унга нима вожиб бўлади?

Жавоб: У ҳолда унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

45. Савол: Эҳромдаги киши нималарни ўлдириши жоиз?

Жавоб: У қарға, калхат, бўри, илон, чаён, сичқон ҳамда қутурган итларни ўлдирса бўлади.

46. Савол: Муҳрим пашша, бурга, каналарни ўлдирса, унга нима вожиб бўлади?

Жавоб: Унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

47. Савол: Муҳрим ов гўштини ейишга мажбур бўлиб, уни ўлдирса, жарима тўлайдими?

Жавоб: Ҳа, жарима тўлайди.

48. Савол: Эҳромдаги киши овни сўйса, уни бошқалар ейиши жоизми?

Жавоб: Эҳромдаги киши сўйган овни ўзи ҳам, бошқалар ҳам емайди, чунки муҳрим сўйган ҳайвон ўлимтикдир.

49. Савол: Эҳромдаги киши одатда гўшти ейиладиган ҳайвонларни сўйса бўладими?

Жавоб: Ҳа, у мол, қўй, туя, товуқ, ўрдак каби одатда гўшти ейиладиган ҳайвонларни сўйса ва ундан ўзи ҳам, бошқалар ҳам еса бўлади.

50. Савол: Эҳромда бўлмаган киши ов қилса, ундан эҳромдаги киши еса бўладими?

Жавоб: Агар ов қилишга буюрмаган ёки ёрдам бермаган бўлса, еса бўлади.

51. Савол: Икки эҳромдаги киши бир ҳайвони ўлдирса, уларга нима вожиб бўлади?

Жавоб: Улар ҳар иккиси алоҳидадан тўла жарима тўлайди.

Мийқотдан эҳромсиз ўтиш

52. Савол: Маккаи Мукаррамага кирмоқчи бўлган киши эҳромсиз мийқотдан ўтиб кетса нима бўлади?

Жавоб: Мийқотдан ташқарида яшайдиган мукаллаф мусулмон киши Маккаи Мукаррамага ёки ҳарамга ибодат ёки тижорат ёки бошқа бирон мақсадда, қуруқлик, сув, ёки ҳаво йўллари орқали келиб мийқотдан эҳромсиз кирса, гуноҳкор бўлади ва унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Агарчи киргандан сўнг эҳром боғласа ҳам.

53. Савол: Шу одам зиммасига тушган гуноҳни ва вожиб бўлган қўй сўйишни соқит қилишнинг имкони борми?

Жавоб: У ўша эҳромсиз ўтган мийқотга ёки бошқа энг яқин мийқотга қийтиб, эҳром билан киради. Ана шунда у одам зиммасига тушган гуноҳ ва вожиб бўлган қўй сўйиш соқит бўлади. Мийқотга қайта бориб келиш учун ҳаж ёки умра ибодатни бошлаб қўймаган бўлиши шарт.

54. Савол: Мийқотга қайтмасдан ҳилдан ёки ҳарамдан эҳромга кирса нима бўлади?

Жавоб: Мийқотдан ўтиб кетгандан кейин эҳром боғлаб, ибодатини давом эттираверса унинг зиммасидаги гуноҳ ва вожиб бўлган қўй сўйиш соқит бўмайди. Ва у бу қилмиши учун Аллоҳдан мағфират тилаб, ҳарамда бир қўй сўяди.

55. Савол: Бир киши мийқотдан эҳромсиз ўтиб ҳажга эҳром боғлади, энди ортга қайтадиган бўлса, ҳаждан кеч қолишидан қўрқса нима қилади?

Жавоб: Ортга қайтмайди, мийқотдан эҳромсиз ўтгани учун бир қўй сўйиб, қилмишига Аллоҳдан мағфират тилаб, тавба қилади.

56. Савол: Мийқотдан ўтгандан сўнг умрага эҳром боғлаган киши мийқотга қайтадиган бўлса ўзи ёки молига талофат етишидан қўрқса нима қилади?

Жавоб: Мийқотга қайтиш ундан соқит бўлиб, ҳарамда бир қўй сўйиш кифоя қилади.

57. Савол: Офоқий одам Маккаи Мукаррамага ёки ҳарамга кириш мақсади бўлмаса шунингдек ҳаж ёки умра қилиш нияти ҳам бўлмаса, Жиддадан сафар қилиш мақсадида мийқотдан эҳромсиз кириб ўтса бўладими?

Жавоб: Бўлади, бунда гуноҳ ёки махзурот йўқ.

58. Савол: Юқорида айтилган равишда Жиддага кириб келгандан кейин, Маккаи Мукаррамага ёки ҳарамга киришни истаса нима қилади?

Жавоб: Бу ҳолатда ҳарамга ёки Маккаи Мукаррамага кириши жоиз. Агар умра қилмоқчи бўлса, Жиддадан ёки ҳилнинг ўнг келган бир еридан эҳромга кираверади.

59. Савол: Мийқотда ёки ҳилда яшовчилар Маккаи Мукаррамага эҳромсиз кирсалар бўладими?

Жавоб: Ҳаж ёки умра қилиш ниятлари бўлмаса, кирсалар бўлади. Бу икки ибодатнинг бирини қилмоқчи бўлсалар-у, эҳромсиз кирсалар қўй сўйиш вожиб бўлади. Уларнинг мийқотлари ҳил бўлгани учун тавофни бошламасдан аввал ҳилга қайтишлари керак, агар ҳарамдан ҳаж ёки умрага эҳром боғлашса-ю ҳилга қайтишмаса, ёки қайтган тақдирда ҳам у ерда талбия айтишмаса, гуноҳкор бўладилар ва уларга бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

60. Савол: Ҳарамда яшовчи киши ҳарамда туриб умрага эҳром боғлаши жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас, чунки аҳли ҳарамнинг умра мийқоти ҳил бўлиб ҳарам ичидан эҳромга киришса, гуноҳкор бўладилар ва уларга бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Ҳажга эса ҳарамнинг ўзидан эҳромга кираверадилар, чунки уларнинг ҳаж мийқотлари ҳарамдир.

Ҳарамдаги махзуротлар

61. Савол: Ҳарамдаги махзуротларга нималар киради?

Жавоб: Икки нарса ҳарам махзуротидан ҳисобланади:

1. Ҳарам овини ўлдириш.

2. Дарахтларини синдириш ва ўт-ўланларини юлиш.

62. Савол: Кимларга махзурот ҳисобланади эҳромликками ёки эҳромсизгами?

Жавоб: Иккисига ҳам баробар махзурот ҳисобланади. Чунки мазкур ишлар бу ер муқаддас ҳарам бўлгани учун ман этилган, эҳром сабабли эмас.

63. Савол: Ҳарамда ов қилганнинг жаримаси нима?

Жавоб: Камбағалларга ов қийматича садақа беради. Рўза тутиш жарима ўрнига ўтмайди.

64. Савол: Эҳромда бўлмаган икки киши ҳарамда бир ҳайвонни ўлдирса, уларга нима вожиб бўлади?

Жавоб: Иккисига бир жарима вожиб бўлади.

65. Савол: Эҳромдаги киши ҳарам овини ўлдирса, у эҳромда бўлгани учун жарима икки ҳисса бўладими?

Жавоб: Махзуроти иккита бўлсада, бир жарима кифоя, у ов қийматича садақа беради.

66. Савол: Эҳромли ёки эҳромсиз киши ҳарам дарахтларидан синдирса ёки ўт-ўланларидан юлса, бунинг жаримаси нима?

Жавоб: Агар ўша синдирган ёки юлган нарсаси ўзи ўсиб чиққан бўлса, бировнинг мулки бўлмаса унинг қийматича садақа беради.

67. Савол: Бировнинг мулки бўлсачи?

Жавоб: У ҳолда икки ҳисса қилиб тўлайди, бири шариат ҳақи садақа беради, иккинчиси эгасининг ҳақи унга қийматини тўлайди. Агар у қуриб қолган нарсани синдирган ёки юлган бўлса, фақат эгасига қийматини тўлайди, садақа бериб ўтирмайди.

68. Савол: Ҳарамда қайси ўсимликни юлса бўлади?

Жавоб: Изхир исмли таниқли ўсимликни юлса бўлади. Шунингдек, қуриган дарахтларни ва ўсимликларни кўчирса бўлади.

69. Савол: Икки эҳромли киши ҳарамда бир дарахтни кесса нима жарима тўлашади?

Жавоб: Иккиси бир дарахтни қийматини тўлайди.

70. Савол: Ҳарам дарахтларидан мисвок учун кесиб олса бўладими?

Жавоб: Қуриган дарахтдан олса бўлади, ҳўлдан олинмайди.

Тўсилиш

71. Савол: Муҳрим айрим тўсиқларга дучкелса нима қилади?

Жавоб: Муҳрим душман тарафидан тўсиққа учраса ёки бирон касаллик сабабли ибодатини давом эттиролмаса, у эҳромдан чиқиб, ҳалол бўлади.

72. Савол: Қандай ҳалол бўлади?

Жавоб: Ҳарамда бўлса, бир қўй сўйиб, соч олдириб эҳромдан чиқиб, ҳалол бўлади. Ҳали ҳарамга етиб келмаган бўлса, қўйни пулини бир кишидан жўнатиб, уни маълум бир кунда сўйишни тайинлайди. Қўй сўйилгач эҳромдан чиқиб, ҳалол бўлади. Имом Шофиий мазҳабларида тўсилган ерида қўй сўйиб, соч олдириб эҳромдан чиқади.

73. Савол: Тўсилиш қонини қурбон ҳайити кунидан олдин сўйса бўладими?

Жавоб: Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздларида сўйса бўлади. Шогирдлари Муҳаммад ва Абу Юсуфлар раҳматуллоҳи алайҳимо ҳаждан тўсилиш қонини қурбон ҳайитидан олдин сўйиб бўлмайди, дейишган.

74. Савол: Ҳаждан тўсилган киши қўйнинг пулини бир кишидан жўнатиб, уни маълум бир кунда сўйишни тайинлагандан кейин йўл очилиб қолса нима қилади?

Жавоб: Қўй сўйилмай туриб, ҳажга етиб олиш имкони бўлса, ҳажни давом эттириши вожиб бўлади, ва бу ҳолатда қўй сўйдириб эҳромдан чиқиши жоиз эмас. Бордию ҳажга етиб олиш имкони бўлмаса, қўй сўйдириб эҳромдан чиқаверади. Йўл очилгунча қўй сўйиб бўлинса, йўл очилгандан кейин ҳам эҳромдан чиқиши мумкин, лекин ҳажни давом эттиргани афзал.

75. Савол: Ҳожи ҳаж учун эҳром боғлаб Маккаи Мукаррамага етиб келса лекин Арафотда туришдан ва зиёрат тавофини қилишдан ман қилинса у ҳам тўсилган киши ҳукмидами?

Жавоб: Ҳа, у ҳажни бу икки фарзни адо этолмаганидан тўсилган киши ҳукмида бўлади.

76. Савол: Бу икки фарзнинг биридан тўсилсачи?

Жавоб: Унда тўсилган киши ҳукмида бўлмайди, чунки Арофотда туришга қодир бўлса, албатта Арафотда туради, сўнг қачон муяссар бўлса, зиёрат тавофини қилади. Лекин Арафотда туришдан ман қилинса, у ҳаждан кеч қолган одам ҳукмида бўлади.

Ҳаждан кеч қолиш

77. Савол: Бир киши эҳромга кирсаю то қурбон ҳайити куни тонги отгунча Арафотга бориб, бир лаҳза бўлсада туролмаса, унинг ҳукми нима?

Жавоб: Бу одам ҳаждан кеч қолган ҳукмида бўлиб, умра амалларини қилгандан сўнг эҳромдан чиқади.

78. Савол: Шундан сўнг унга бирон нарса вожиб бўладими?

Жавоб: Ҳа, у келаси йил ҳажни қазосининг ўташи вожиб.

79. Савол: Унга қўй сўйиш вожиб бўладими?

Жавоб: Унга қўй сўйиш вожиб бўлмайди.

80. Савол: Умрада ҳам кеч қолиш борми?

Жавоб: Умранинг муайян вақти бўлмагани ва уни йилнинг хоҳлаган ойида қилиш жоиз бўлгани сабабли, унда кеч қолиш йўқ.

Ҳадй

81. Савол: Ҳадй нима у ?

Жавоб: Ҳадй деб, ҳажда ёки умрада қуйидаги сабабларга кўра сўйиладиган ҳайвонга айтилади:

1. Тўсилган киши эҳромдан чиқиши учун;

2. Таматтуъ ёки Қирон ҳажини қилувчи бир сафарда икки ибодатни адо этгани шукронасига;

3. Эҳром махзуротини қилган ёки ҳаж ва умранинг вожибларидан тарк қилган киши махзуротига жарима бўлиши учун;

4. Нафл қурбонлик қилиш учун.

82. Савол: Ҳадйга қайси ҳайвонларни сўйса бўлади?

Жавоб: Ҳадйга фақатгина туя, мол, қўй ёки эчки сўйилади. Булардан бошқаси ҳадй ўрнига ўтмайди.

83. Савол: Мана шу уч ҳайвондан бирининг сифати қандай бўлишидан қатъий назар сўйса бўлаверадими?

Жавоб: Йўқ, албатта унинг сифатига эътибор берилади: Биринчидан, ҳайвон ёши саний[5] ёки ундан юқори бўлиши керак, иккинчидан, айбу нуқсонлардан саломат бўлиши керак.

84. Савол: Саний деб нимага айтилади?

Жавоб: Саний шариатда ҳайвонларни ёшини белгилайдиган ўлчов бирлиги бўлиб у қуйидагича:

1. Қўйнинг икки ёшга тўлиб уч ёшга ўтгани;

2. Молнинг уч ёшга тўлиб тўрт ёшга ўтгани;

3. Туянинг беш ёшга тўлиб олти ёшга ўтгани.

85. Савол: Қўчқор саний бўлмаса ҳам бўлаверадими?

Жавоб: Бўлади, фақат қўчқорнинг жуссаси саний ёшидаги қўйлар жуссаси билан тенг бўлиб, улар ичида турса, қараган киши ажратолмайдиган даражада бўлиши керак.

86. Савол: Қандай айбу нуқсонлардан саломат бўлиши керак?

Жавоб: Оёқ-қўллари, қулоғи, ва думи кесилмаган, икки кўзи саломат, илиги қуриган ориқ бўлмаслиги, чўлоқ бўлмаслиги керак.

87. Савол: Қулоғи ёки думи кесилган ҳайвонларни ҳадйга сўйиб бўлмайдими?

Жавоб: Агар бу аъзоларнинг ярмидан кўпроғи кесилган бўлса, ҳадйга сўйиб бўлмайди.

88. Савол: Қачон туя ёки мол сўйиш вожиб бўлади?

Жавоб: Икки ўринда:

1. Зиёрат тавофини жунуб ҳолатда қилса ва қайтиб покланиб, тавоф қилмаса;

2. Арафотда тургандан кейин, ҳали соч олдирмай, зиёрат тавофини қилмай туриб жимо қилса.

Бу икки ҳолатда туя ёки молдан бошқасини сўйиш мумкин эмас. Булардан бошқасида қўй сўйса бўлади.

89. Савол: Туяни ёки молни шерикликка сўйса бўладими?

Жавоб: Бир туя ёки бир молга етти киши шерик бўлса бўлади, башарти уларнинг ҳаммаси қурбонлик қилиш ниятида бўлса.

90. Савол: Бир туя ёки бир молга етти киши шерик бўлсаю улардан бири қурбонлик қилишни истамаса, фақат гўшт учун шерик бўлса нима бўлади?

Жавоб: Ундай ҳолатда бошқалардан ҳам қурбонлик ўрнига ўтмайди.

91. Савол: Ҳадй сўювчи ҳадйнинг гўштидан еса бўладими?

Жавоб: Таматтуъ, қирон ҳажлари ёки нафл қурбонлик учун сўйган бўлса, еса бўлади.

92. Савол: Ҳадйни сўйишни маълум куни ёки вақти борми?

Жавоб: Таматтуъ ва Қирон ҳажи ҳадйларини фақат курбонлик кунлари сўяди, ундан олдин ҳам сўймайди, ундан кечиктирмайди ҳам. Бундан бошқа тўсилиш ва махзурот қонларини қачон ҳоҳласа, сўяверади.

93. Савол: Таматтуъ ва Қирон ҳажи ҳадйларини курбонлик кунларидан кейин сўйса нима бўлади?

Жавоб: Вақтидан кечиктиргани учун унга яна бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

94. Савол: Сўйилган ҳадй гўштларини фақат ҳарам камбағалларига бериладими?

Жавоб: Айнан ўшаларга бериш вожиб эмас, улага ҳам, улардан бошқаларга ҳам берса бўлади.

95. Савол: Ҳар ким қурбонлигини ўзи сўйиши вожибми?

Жавоб: Бошқа кишига топширса бўлади, ўзи сўйиши вожиб эмас. Лекин қўлидан келса ўзи сўйгани афзалроқ.

96. Савол: Қурбонликка олинган ҳайвон йўлда ҳалок бўлса нима қилади?

Жавоб: Нафл қурбонлик учун олган бўлса, бошқа сотиб олмайди. Вожиб қурбонлик учун олган бўлса, ўрнига бошқа сотиб олади.

97. Савол: Қурбонликка олинган ҳайвон ҳадйга ярамайдиган даражада майиб бўлиб қолса нима қилади?

Жавоб: Вожиб қурбонлик учун олган бўлса, ўрнига бошқа сотиб олади. Нафл қурбонлик учун олган бўлса, ўша ҳолатда сўяверади.

98. Савол: Қурбонликка олинган ҳайвоннинг югани ва арқонини нима қилади?

Жавоб: Садақа қилиб юборади.

99. Савол: Қассоб ҳақини қурбонликдан берса бўладими?

Жавоб: Қассоб ҳақини қурбонликдан бермайди, балки ўз ёнидан беради.

و الله تعالى أعلم وصلى الله وسلم وبارك وأنعم على نبينا محمد وعلى آله وأصحابه أجمعين
والحمد لله رب العالمين

[1] -Эҳромда таъқиқланган ишлар

[2]-Жинсий алоқа

[3] -Ҳаж амалларидаги ман қилинган нарсалар

[5]-Шариатда ҳайвонларни ёшини белгилайдиган ўлчов бирлиги.