Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳаж китоби (2)

2969 марта кўрилган

Муздалифага бориш ва у ерда тунаш

1. Савол: Арафа куни қуёш ботгандан сўнг нима қилмоқ лозим?

Жавоб: Қуёш ботгандан сўнг Арафотдан чиқиб муздалифага қараб йўл олади. Токи Муздалифага етиб бормагунча шом намозини ўқимай туради. Муздалифага етгач шом ва хуфтон намозларини бир азон икки иқомат билан жамлаб ўқийди. Бу жамлаб ўқиш (шом вақти тугагандан кейин етиб келгани учун) жамъу-таъхир, дейилади.

2. Савол: Бу икки намозни агар ўзи ўқиса ҳам жамлаб ўқийдими?

Жавоб: Ҳа ўзи ўқиса ҳам жамлаб ўқийди, чунки жамъи-таъхирга жамоат шарт эмас.

3. Савол: Шом намозини Арафотда ёки йўлда ўқиб олса, бунинг ҳукми нима бўлади?

Жавоб: Намози ўтимли эмас. Қайтадан ўқиши вожиб бўлади.

4. Савол: Шом ва хуфтон намозларини ўқиб бўлгач нима билан машғул бўлади?

Жавоб: Эрталаб тонг отгунча ухлаб дам олади. Тонг отгач ғира-шира пайтда бомдод намозини жамоат билан ўқийди. Сўнг муздалифада то тонг ёришгунча дуо қилиб туради.

Минога бориш, ақаба тошини отиш, жонлиқ сўйиш, соч олдириш

5. Савол: Муздалифадан кейин қаерга боради ва нима амалларни қилади?

Жавоб: Муздалифадан қуёш чиқмасидан бир-оз олдинроқ чиқиб Минога йўл олади. Минога етиб боргач биринчи бўлиб жамратул Ақабага еттита хажми нўхотчалик тошларни отади. Биринчи тошни отганда талбия айтишни тўхтатади ва ҳар тош отганда такбир айтади.

6. Савол: Ифрод ҳажини қилувчи кишига қурбонлик сўйиши вожибми?

Жавоб: Муфридга қурбонлик сўйиши вожиб эмас. Балки мустаҳабдир.

7. Савол: Тош отгандан кейин нима қилади?

Жавоб: Муфрид қурбон ҳайити куни ақаба тошини отгандан сўнг сочини қирдиради ёки қисқартиради. Қирдириш афзалроқ. Шундан сўнг у эҳромдан чиққан ҳисобланади ва унга аёлига яқинлик қилишдан бошқа эҳром маҳзуротларининг барчаси ҳалол бўлади. Демак у кўйлак, шим каби тикилган нарсаларни кийиши, баданидаги ортиқча туклари кетказиши, тирноқ олиши ҳамда хушбўй нарсаларни истеъмол қилиши мумкин. Таматтуъ ва Қирон ҳажини қилганлар эса тош отиб, қурбонликларини сўйганларидан кейин сочларини қирдирадилар ёки қисқартирадилар.

8. Савол: Муфрид қурбонлик сўймоқчи бўлса, сочни қурбонлик қилмасдан олдин олдирадими ёки кейинми?

Жавоб: Олдин олдириши ҳам кейин олдириши ҳам мумкин. Лекин кейин олдиргани афзал.

9. Савол: Соч қаерда олдирилади?

Жавоб: Соч ҳарам чегараси ичида олдирилади. Агар ҳарам ташқарисида олдирса унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади.

Зиёрат тавофи

10. Савол: Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган ишлардан яна нималар бор?

Жавоб: Бу кунларда қилинадиган ишлардан фарз тавофи бўлмиш зиёрат тавофи қолди. Зиёрат тавофини уч кун ичида, қурбон ҳайити куни қуёш чиққанидан бошлаб ўн иккинчи Зулҳижжа куни қуёш ботгунча адо этса бўлади. Биринчи қурбон ҳайити куни қилингани афзалроқ. Зиёрат тавофини қилгандан кейин аёлга қўшилиш ҳам ҳалол бўлади.

11. Савол: Бу тавофда ҳам рамал ва изтибоъ қиладими?

Жавоб: Агар тавофи қудумдан сўнг саъй қилмаган бўлса, тавофи ифозадан сўнг саъй қилиши керак бўлади. Шу сабаб зиёрат тавофининг аввалги учтасида рамал қилади. Лекин соч олдириб, кийимларини кийиб, эҳромдан чиққанлиги учун изтибоъ қилмайди.

12. Савол: Тавофи ифозани мазкур уч кундан кечиктирса, унинг ҳукми нима?

Жавоб: Ўн иккинчи зулҳижжа куни қуёш ботгандан сўнг тавоф қилса, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздларида жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Имом Муҳаммад ва имом Абу Юсуф наздларида эса кечиктиргани учун ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

Жамарот тошларини отиш

13. Савол: Ифоза тавофини қилгандан сўнг нима қилади?

Жавоб: Минога қайтиб келиб у ерда уч кун 10,11,12- Зулҳижжа кунлари қолиб, ҳар кун пешин намози вақти киргандан кейин уч ўринга еттитадан тош отади. Биринчи кичик жамрага, кейин ўрта жамрага, охирида катта жамрага тош отади. Ҳар тош отганда такбир ва таҳлил айтади. Биринчи ва иккинчи жамрага тош отгандан сўнг ўнг тарафга ўтиб, тўхтаб дуо қилади. Сўнгги катта жамрада тўхтамайди.

14. Савол: Мазкур икки кун 10,11,12- Зулҳижжа кунларида тошни пешин намозидан олдин отса ҳам бўладими?

Жавоб: Бу икки кунда тош отиш вақти, пешин намози вақти кирганидан бошлаб, то эртасига тонг отгунча бўлади. Кимки пешин намози вақти кирмасдан туриб отган бўлса, қайта отиши вожиб.

15. Савол: Қурбон ҳайити кунларида тошларни отиб бўлгач нима қилади?

Жавоб: Маккаи Мукаррамага қайтса ҳам бўлади ёки 13- Зулҳижжа кунининг тошини отиш учун минода қолса ҳам бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

(فمن تعجل في يومين فلا إثم عليه ومن تأخر فلا إثم عليه لمن اتقى)

Маъноси: (Ким икки кунда шошилиб (зикрни тўхтатса) унга гуноҳ йўқ, ким кейинда (учинчи кунга ҳам) қолса унгада гуноҳ йўқдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир).

Ўн иккинчи зулҳижжа куни қуёш ботгандан сўнг минода қолган киши 13- кун тош отмасдан чиқиб кетиши макруҳ. Ўн учинчи кун тонг отгунча минода қолган бўлса, ўша куни ҳам тош отиши вожиб бўлади.

16. Савол: Ўн учинчи куни ҳам қолиб тош отмоқчи бўлса, тошни қайси пайт отади?

Жавоб: Суннатга биноан пешин намози вақтида отади. Бу куни тош отиш фақат вақти қуёш ботгунча, қуёш ботгандан сўнг отиб бўлмайди. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздиларида пешин намозидан олдин отса бўлади. Лекин бу суннатга хилоф бўлгани учун макруҳ. Имом Муҳаммад ва имом Абу Юсуф сўзларига қараганда бу куни ҳам заволдан олдин отиш жоиз эмас.

17. Савол: Ҳожи ўзи минода қолиб юкларини Маккаи Мукаррамага олиб келиб қўйса бўладими?

Жавоб: Ўзи минода қолиб, юкларини Маккаи Мукаррамага олиб келиб қўйиши макруҳ.

Видолашув тавофи

18. Савол: Ҳожи минодан Маккаи Мукаррамага қайтгандан сўнг нима қилмоғи лозим?

Жавоб: Ҳожи минодан Маккаи Мукаррамага қайтгандан сўнг ҳаж амалларидан фақатгина видолашув тавофи қолади. Мийқот ташқарисидан келганларга видолашув тавофи вожибдир. Ушбу тавофни қилгач ўз ватанига йўл олиши мумкин. Бирон сабаб билан Маккаи Мукаррамада қолмоқчи бўлса, хоҳлаганича тураверади.

19. Савол: Видолашув тавофини минодан қайтган заҳоти қиладими ёки Маккаи Мукаррамадан чиқиб кетаётганда қиладими?

Жавоб: Ҳожи зиёрат тавофидан кейин нафл ниятида бўлсада бир тавоф қилса, у видолашув тавофи ўрнига ўтади. Лекин Маккаи Мукаррамадан чиқиб ватанига қайтаётганда қилиши афзалроқ.

20. Савол: Видолашув тавофида рамал ва изтибоъ қилинадими?

Жавоб: Видолашув тавофидан кейин саъй бўлмаганлиги туфайли рамал ва изтибоъ қилинмайди.

Турли масъалалар

21. Савол: Бир киши мийқотдан эҳромга кириб Маккаи Мукаррамага етгач тавофи қудум қилмай тўғри Арафотга бориб ҳажни ўша ердан бошласа, унинг ҳукми нима?

Жавоб: Унинг зиммасидан тавофи қудум соқит бўлади, унга ҳеч нарса вожиб эмас.

22. Савол: Бир киши арафа куни Арафотга қуёш ботгандан кейин кириб келса, ҳажни топган бўладими?

Жавоб: Арафа куни пешин намози вақти билан эртаси кун -қурбон ҳайити куни- тонг отгунча бўлган вақт ичида оз муддат бўлсада Арафотда турган киши ҳажни топган бўлади.

23. Савол: Ҳажни топиш учун Арафотда дуо қилиш шартми?

Жавоб: Дуо қилиш суннат, ҳажни арафотга қисқа муддатда кириб ўтган киши ҳам топади, башарти эҳромда бўлса, у ухлаб ётган бўлса ҳам, хушидан кетган бўлса ҳам, ҳажни топади. Ҳатто эҳромдаги киши Арафотнинг Арафот эканини билмай кириб чиқса ҳам, ҳажни топади.

24. Савол: Юқорида айтиб ўтилган аҳкомлар фақат эркакларгами ёки аёлларга ҳам тааллуқлими?

Жавоб: Аёлларнинг ҳаж аҳкомлари деярли эркакларники билан бир хил, фақат қуйидаги масалаларда фарқ қилади:

Эҳромда бошини очмайди, талбияни баланд овоз билан айтмайди, тавофда рамал қилмайди, саъйда икки зангори белги орасида югурмайди, сочини олдирмайди балки қисқартиради, саккизинчи зулҳижжагача ҳайз ёки нифос туфайли тавофи қудумни қилолмаса, уни ташлаб ҳажнинг бошқа амалларини бажараверади. Фақат зиёрат тавофини пок бўлгандан кейин қилади. Зиёрат тавофини қилиб бўлгандан кейин ҳайз ёки нифос кўрса, ва кетиш вақти бўлиб қолса, видолашув тавофини қилмай кетаверади, унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

Умра

25. Савол: Умранинг луғавий ва шаръий маъноларини ҳамда унинг фарзлари, вожиблари ва қандай адо этиш йўлларини айтиб берсангиз?

Жавоб: Умра деб араб тилида зиёрат қилишга айтилади. Ислом шариатида эса қуйидаги тўрт нарсани ўз ичига олган амалга айтилади:

1. Эҳромга кириш

2. Каъбатуллоҳни тавоф қилиш;

3. Сафо-Марвада саъй қилиш;

4. Сочни қирдириш ёки қисқартириш.

Мазкур ишларнинг аввалги иккитаси (эҳром билан тавоф) умранинг фарзлари бўлиб кейинги иккиси (саъй билан сочни олдириш ёки қисқартириш) унинг вожибларидир. Киши умра қилишни хоҳласа ювиниб, ёки таҳорат қилиб, мийқотдан эҳромга киради. Икки ракъат намоз ўқиб Аллоҳга дуо қилади: Эй, Аллоҳим мен умра қилишни ният қилдим. Уни Ўзинг осон қилгин ва уни мендан қабул қилгин дейди, сўнгра талбия айтади, талбиянинг фақат биринчисида "Умратан" ни қўшиб айтади:

لَبَّيْكَ اللَّهُمَ (عُمرَةً) لَبَّيْكَ لَبَّيْكَ لا شَرِيكَ لَكَ لَبَّيْكَ إِنَّ الْحَمْدَ وَ النِّعْمَةَ لَكَ وَالْمُلْكُ لا شَرِيَك لَكَ

Маъноси:

(Амрингга тайёрман эй, Аллоҳим амрингга тайёрман. Амрингга тайёрман Сенинг шеригинг йўқдир, амрингга тайёрман. Албатта барча ҳамд-мақтовлар,неъматлар ва мулк фақат Сени ўзингникидир Сенинг шеригинг йўқдир.)

Талбия айтгандан кейин эҳромга кирган ҳисобланади. Маккаи Мукаррамага етиб келгач Каъбатуллоҳни етти марта тавоф ва Сафо-Марвада етти марта саъй қилади. Саъй тугаса сочини олдиради ёки қисқартиради. Шундан сўнг умра ниҳоясига етиб, эҳромдан чиқади.

26. Савол: Умра эҳромида ҳам маҳзуротлар борми?

Жавоб: Ҳа умра эҳромида ҳам ҳажда ман қилинган нарсаларнинг айни ўзи ман қилинган. Улар қуйидагилар:

1. Аёлга яқинлик қилиш;

2. Гуноҳ ишларни қилиш;

3. Жанжал-тўполон қилиш;

4. Қуруқликдаги овланадиган ҳайвонларни ўлдириш;

5. Овчига ов қаерда эканини айтиб бериш; (Ишора билан ҳам кўрсатилмайди.)

6. Кўйлак, шим, тўн ва шулар каби инсон аъзойи баданига мўлжаллаб тикилган ёки тўқилган нарсаларни кийиш;

7. Қўлқоп ва маҳси кийиш. Агар ковуш тополмаса, маҳсини тўпиқдан пастини ковушсимон қилиб кесиб ташлайди;

8. Бошни ва юзни ўраш-беркитиш. Салла, дўппи ва бундан бошқа бош кийимларни киймайди.

9. Атир ишлатиш;

10. Соч, соқолни олиш ёки қисқартириш. Бадандаги тукларни қайси йўл билан бўлса ҳам кеткизиш;

11. Тирноқ олиш.

27. Савол: Умра эҳромига қайси ўринлардан кириш лозимлигини айтиб берсангиз?

Жавоб: Офоқий умра эҳромига ҳам ҳаж эҳромига кириладиган жойлардан киради. Мийқот билан Ҳарам оралиғида яшайдиганлар, яшаш жойларидан, Ҳарам ичидагилар ҳарам ташқарисига чиқиб эҳромга кирадилар.

28. Савол: Исломда умранинг ҳукми нима?

Жавоб: Умра Исломда қодир бўлган кишига умрида бир-бор қилиши суннати муаккада бўлган амал бўлиб, савоби жуда ҳам улуғдир.

29. Савол: Умра эҳромида талбия айтиш ҳукми нима?

Жавоб: Умрада талбия эҳромга кириш шартларидан. Ундан кейинги талбиялар суннат, кўп такрорлаш мустаҳаб амалдир. Талбияни тавофни бошлаганда тўхтатади.

30. Савол: Умрада ҳам ҳаж каби тавофи қудум ва тавофи вадоъ борми?

Жавоб: Умрада тавофи қудум ҳам тавофи вадоъ ҳам йўқ .Умра эҳромидан кейинги ҳар қандай тавоф умра тавофи ўрнига ўтади.

31. Савол: Умранинг ҳам ҳаж каби муайян вақти борми?

Жавоб: Умранинг муайян вақти йўқ. Ҳоҳлаган пайтда умра қилинаверади. Фақат зулҳижжа ойининг 9-дан 13-ча умра қилиш ҳаромга яқин макруҳдир. Рамазонда қилинган умра бошқа вақтдаги умралардан афзал, чунки рамазон умрасининг савоби ҳажнинг савоби билан баробардир.

32. Савол: Ҳаж билан бирга умра қилса бўладими?

Жавоб: Ҳа, бўлади иншоаллоҳ қирон ва таматтуъ ҳажи ҳақидаги ўринда бунга тўхталиб ўтамиз.

Қирон

33. Савол: Ҳаж билан умрага бир ният билан эҳром боғласа бўладими.

Жавоб: Иккисига бир йўла эҳром боғласа бўлади, бу қирон (қўшиш, жуфтлаш) деб аталади. Қирон ҳажи Ифрод ва Таматтуъ ҳажидан афзал. Таматтуъ эса ифроддан афзал. Яъни, ушбу уч турли ҳаж қилиш услуби бир-биридан афзал бўлиб, афзаллик тартиби қуйидагича:

1. Қирон;

2. Таматтуъ;

3. Ифрод.

34. Савол: Қирон ҳажи қандай қилинади?

Жавоб: Қиронда мийқотдан ҳаж билан умрага бир йўла эҳром боғлайди. Икки ракъат намоз ўқиб Аллоҳга дуо қилади: Эй, Аллоҳим мен ҳаж ва умра қилишни ният қилдим. Уни Ўзинг осон қил ва мендан қабул қил дейди, сўнгра талбия айтади фақат биринчи талбияда "умратан ва ҳажжан" калималарини қўшиб айтади:

لَبَّيْكَ اللَّهُمَ (عُمِرَةً وَ حَجًّا) لَبَّيْكَ لَبَّيْكَ لا شَرِيكَ لَكَ لَبَّيْكَ إِنَّ الْحَمْدَ وَ النِّعْمَةَ لَكَ وَالْمُلْكُ لا شَرِيَك لَكَ

Маъноси:

(Амрингга тайёрман эй, Аллоҳим амрингга тайёрман. Амрингга тайёрман Сенинг шеригинг йўқдир, амрингга тайёрман. Албатта барча ҳамд-мақтовлар,неъматлар ва мулк фақат Сени ўзингникидир Сенинг шеригинг йўқдир.)

Талбия айтгандан кейин ҳаж ва умранинг ҳар иккисига эҳромга кирган ҳисобланади. Маккаи Мукаррамага етиб келгач, умра учун Каъбатуллоҳни етти марта тавоф қилади. Тавофнинг ҳаммасида изтибоъ, аввалги учтасида рамал қилади, қолганида оддий юради. Сўнгра Сафо-Марва ўртасида саъй қилади. Умра амаллари шулардан иборат. Умра амалларидан сўнг энди тавофи қудум қилади ва ҳаж учун саъй қилади. Саъй тугагач, то тарвия (8-зулҳижжа) куни ҳаж амалларини бошлагунча эҳромида қолади. Ва 8-зулҳижжа куни юқорида муфрид ҳажида баён қилинган равишда ҳаж амалларини бошлайди.

35. Савол: Қирон ҳажини қилувчига муфридга вожиб бўлмаган баъзи ишлар вожиб бўладими?

Жавоб: Ҳа, қирон ҳажини қилувчи ҳайит куни ақабага тош отгандан сўнг Аллоҳ унга ҳаж ва умрани муяссар қилгани шукронасига бир жонлиқ сўйиши вожиб. Жонлиққа бир киши бир қўй ёки етти киши шерик бўлиб, бир туя ёки бир мол сўйиши мумкин. Сочини фақат қурбонликни сўйгандан кейингина қирдиради ёки қисқартиради, ундан олдин қирдирмайди. Шундан сўнг икки эҳром ҳаж ва умра эҳромидан бирдан чиқади. Энди унга аёлига яқинлик қилишдан бошқа эҳром маҳзуротларининг барчаси ҳалол бўлади.

36. Савол: Жонлиқ сотиб олишга пули бўлмаган киши нима қилади?

Жавоб: Ҳажда уч кун, уйига қайтиб боргач етти кун, жами тўла ўн кун рўза тутади. Ҳаждаги уч куннинг охирги муддати Арафа куни.

37. Савол: Ўн кун рўзанинг қолган етти кунини уйига қайтмай туриб, Маккаи Мукаррамада тутса бўладими?

Жавоб: Тутса бўлади

38. Савол: Бир киши ҳаж ва умрага эҳром боғлагандан сўнг Маккаи Мукаррамага кирмай тўғри Арафотга чиқиб кетса, унинг ҳукми нима?

Жавоб: Агар у Арафотдан ҳаж амалларини бошлаб юборса, унга жонлиқ сўйиш вожиб бўлмайди. Лекин умрани бекор қилгани учун жаримасига бошқа бир қўй сўяди ва тарк қилган умрасининг қазосини ўтайди.

Таматтуъ

39. Савол: Таматтуъ нима?

Жавоб: Таматтуъ деб ҳаж ойларидан бирида умра қилгандан сўнг тарвия куниигача Маккаи Мукаррамада қолиб ҳаж қилишга айтилади. Таматтуъда ҳам Қирондаги каби ҳайит куни Ақабага тош отгандан сўнг Аллоҳ унга ҳаж ва умрани муяссар айлагани шукронасига бир жонлиқ сўйиши вожиб бўлади. Унинг Қирондан фарқи, Таматтуъ қилувчи умра амалларини адо этгандан сўнг эҳромдан чиқади ва ҳажга янгидан эҳромга киради, Қирон қилувчи эса эҳромдан чиқмай, бир эҳром билан ҳам умра, ҳам ҳаж қилади.

Ҳаж ойлари

40. Савол: Қайси ойлар ҳаж ойлари ҳисобланади?

Жавоб: Ҳаж ойлари:

1. Шаввол;

2. Зулқаъда;

3. Зулҳижжанинг аввалги ўн куни.

41. Савол: Ҳаж кунлари ҳаммаси бўлиб беш кундан иборат бўлса, нима сабабдан Шаввол ва Зулқаъда ойлари ҳаж ойларига киргизилган?

Жавоб: Чунки бу ойларда ҳажга тааллуқли аҳкомлар бор, масалан, таматтуъ ҳажи умрасини фақат шу ойларда қилиш мумкин, ҳажга ҳам мана шу ойларда эҳромга кирилади, ва ҳоказолар.

42. Савол: Бир киши Шавволда ёки Зулқаъдада умра қилгандан сўнг ватанига қайтиб кетса, ва ўша йили қайтиб келиб ҳаж қилса, ҳажи таматтуъ бўладими?

Жавоб: Ҳажи таматтуъ бўлмайди, чунки таматтуъда бир сафар билан икки ибодат адо этилади, юқоридаги ҳолатда сафар икки марта такрорланди.

Қирон ва таматтуъ қилиши жоиз бўлмаган кишилар

43. Савол: Маккаликларга Қирон ёки Таматтуъ қилиш жоизми?

Жавоб: Маккаликларга ва ҳилда (яни Маккаи Мукаррама билан мийқот ўртасида) яшовчиларга Қирон ҳам Таматтуъ ҳам қилиш жоиз эмас. Улар фақат Ифрод ҳажини қиладилар.