Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳазонат (энагалик, мураббийлик) ҳақидаги боб

2859 марта кўрилган

Ҳазонат «биқин, бағр» маъносидаги حضن (ҳадн) сўзидан олингандир. Чунки, мураббий гўдакни бағрида сақлайди, ҳозина мураббия маъносини англатади. Бу унинг луғавий маъносидир.

Аммо, унинг шаръий маъноси гўдак бола ва шу кабиларни унга зарар етказадиган нарсалардан қўриқлаш, уни баданий ва маънавий манфаатларига риоя қилган ҳолда тарбиялаш, демакдир.

Бундаги ҳикмат зоҳирдир. Яъни, ёш бола ва унинг ҳукмидаги инсон, масалан, мажнун ва ақли паст одам ўз манфаатларини билмаслиги боис унга қараб турадиган ва унга фойда келтириб, зарарни даф қиладиган ва уни соғлом тарбия билан тарбия қилиб турадиган бир кишига муҳтож бўлади.

Шариатимиз ана шундай кишилар учун, уларга меҳр-мурувват юзасидан, уларнинг ҳолларини риоя қилиб ва уларга яхшилик қилиб, улар учун тарбиячилик тартиб-қоидасини олиб келган. Чунки, агар уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, зое бўлиб, зарарга гирифтор бўлиб кетишарди. Бизнинг динимиз раҳм-шафқат, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамдардлик кўрсатиш дини бўлиб, уларни зое қилиб юборишдан қайтаради ва кафолатга олишни вожиб қилади.

Тарбиячилик қуйидаги тартибда фарз бўлади:

- Одамлар ичида ҳозиналикка – тарбиячиликка энг ҳақли инсон онадир. Имом Муваффақуддин Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар эр-хотин ўртада фарзанд (гўдак ё ногирон) бўлган ҳолда ажрашиб кетсалар, бола хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин, унинг кафолатига энг лойиқ киши – агар шароитлари тўла бўлса – унинг онасидир. Бу Моликнинг ва асҳоби раъйнинг сўзларидир, уларга бирон киши хилоф қилганини билмаймиз» (Ал-муғний: 8/189).

- Агар она турмушга чиқиб кетса, тарбиячилик ундан бошқага кўчади ва унинг бундаги ҳаққи соқит бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир аёл келиб: «Ё Расулуллоҳ, мана бу боламга қорним идиш эди, кўкрагим меш эди, бағрим сақловчи эди. Отаси мени талоқ қилди. Боламни эса мендан тортиб олмоқчи», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Турмушга чиқмагунингча болага сен ҳақлироқсан», дедилар (Абу Довуд (2276), Аҳмад (2/182, №6707), Ҳоким (2/225) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Ҳоким саҳиҳ санаган). Ҳадис далолатига кўра, ота боланинг онасини талоқ қилиб, уни онасидан тортиб олмоқчи бўлса, боланинг тарбиясига она ҳақлироқ бўлади. Агар она бошқа турмушга чиққудек бўлса, тарбиячилик ҳаққи ундан соқит бўлади.

Боланинг тарбиячилигига онасини муқаддам қўйиш унинг боласига меҳр-шафқати кучлироқ ва унга яқинроқ бўлгани учун бўлиб, болага яқинликда унга фақат ота шерик бўла олади. Бироқ, ота болага оначалик меҳр кўрсатолмайди, унинг тарбиясини ёлғиз ўзи эплаёлмайди, балки уни хотинига (яъни боланинг ўгай онасига) топшириб қўяди. Шу боис боланинг ўз онаси унинг тарбиясига отасининг аёлидан кўра лойиқроқдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бир кишига айтганлар: «(Онасининг) ҳиди, тўшаги ва бағри унга (яъни болага) то у катта бўлиб, ўзи танламагунича сендан кўра яхшироқдир» (Абдурраззоқ «Мусаннаф»ида (7/154, №12601) келтирган).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Она у(нинг тарбияси) учун отадан кўра яхшироқдир. Чунки, аёллар гўдакларга меҳрибонроқ, уларни озиқлантириш, кўтариш, ухлатиш ва марҳамат кўрсатишга устароқ, уларнинг хархашаларига сабрлироқ ва раҳмлироқдир. Она бу ўринда қодирроқ, билимлироқ, раҳмдилроқ ва сабр-тоқатлироқдир» (Мажмуъул-фатава: 34/122).

- Онанинг тарбиячиликдаги ҳаққи соқит бўлганидан кейин тарбиячилик унинг оналарига – боланинг бувиларига ва момоларига ўтади. Чунки, улар ҳам она бўлганлари боис болага бўлган меҳр-шафқатлари бошқаларникидан кўра устунроқ бўлади.

- Она томонидан бўлган бувилардан кейин боланинг тарбиячилиги боланинг отаси қўлига ўтади. Чунки, у насабнинг асл-асосидир ва болага бошқалардан кўра яқинроқ ва меҳрибонроқдир, шундан у бошқалардан муқаддам қўйилди.

- Отанинг тарбиядаги ҳаққи соқит бўлса, тарбиячилик отанинг оналарига, яъни ота тарафидан бўлган бувиларга, момоларга ўтади. Улар бободан муқаддам қилинадилар. Чунки, баробарлик ҳолатида аёллик оғир босиб кетади ва худди онани отадан муқаддам қилинганидек бўлади.

- Ота тарафидан бўлган бувиларнинг ҳаққи соқит бўлгач, тарбиячилик ота тарафидан бўлган боболар ва бобокалонлар қўлига ўтади. Чунки, бобо ҳам болага ота ўрнида бўлади.

- Бободан сўнг тарбиячилик бобонинг оналарига, сўнг момоларига ўтади. Чунки, улар болага бобо орқали яқиндирлар ва оналик васфига эгадирлар, тарбияга олинаётган бола уларнинг бир бўлагидир.

- Бобонинг оналаридан сўнг тарбиячилик боланинг опаларига ўтади. Чунки, улар болага унинг ота-онаси ёки улардан бири орқали яқиндирлар. Аввал туғишган опага ўтади, чунки унинг яқинлиги кучлироқ ва меросда ҳам муқаддамроқдир. Сўнг она томонидан бўлган опага ўтади, чунки у оналик орқали яқиндир, она эса отадан муқаддамдир. Сўнг ота томондан бўлган опага ўтади. Бир қавлга кўра, ота томондан бўлган опани она томондан бўлган опадан муқаддам қўйилади. Чунки, валийлик отаникидир ва у (валийлик) меросда қувватлироқдир, ота томонидан бўлган опа туғишган опа бўлмаганда унинг ўрнига ўтади. Бу ҳам асосли сўздир.

- Опалардан сўнг тарбиячилик холаларга ўтади. Чунки, холалар она орқали келадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хола она ўрнидадир», деганлар (Бухорий (2699) Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Аввал ота-она томонидан бўлган хола муқаддам қилинади, сўнг она тарафидан бўлган хола, сўнг ота тарафидан бўлган хола тарбиячи бўлади.

- Холалардан сўнг аммаларга ўтади. Чунки, улар ота орқали келадилар, ота эса онадан кейинги ўринда туради.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Амма холадан кўра ҳақлироқ. Шунингдек, ота жиҳатидан бўлган аёллар она жиҳатидан бўлган аёллардан ҳақли. Чунки, валийлик отаники, шунингдек унинг қариндошлариники. Онани отадан муқаддам қилиниши сабаби фақатгина шундан иборатки, ота бу ўринда боланинг манфаати борасида онанинг ўрнини босолмайди. Шариат соҳиби Ҳамзанинг қизининг холасини унинг аммаси Софиядан муқаддам қилишига сабаб – София уни талаб қилмаган, Жаъфар эса холадан ноиб сифатида уни талаб қилган эди, шунинг учун уни амма йўқлигидан унга (холага) ҳукм қилган эдилар» (Ал-фатавал-кубро: 5/520).

Яна айтади: «Шариат усулларининг барчаси отанинг яқинларини мерос, дия, нафақа, ўликка эгадорлик, мол ва бошқа нарсаларда муқаддам қўяди. Шариат соҳиби бирон бир ҳукмда онанинг яқинларини муқаддам қилмаган. Ким уларни тарбиячиликда муқаддам қўйса, шариат усулларига хилоф қилган бўлади» (Мажмуъул-фатава: 32/123).

- Аммалардан сўнг тарбиячилик акаларнинг қизларига ўтади.

- Улардан сўнг опаларнинг қизларига ўтади.

- Опаларнинг қизларидан сўнг амакиларнинг қизларига ўтади.

- Сўнг аммаларнинг қизларига ўтади.

- Улрдан сўнг бошқа яқинроқ, сўнг узоқроқ қариндошларга: акаларга, уларнинг ўғилларига, сўнг амакиларга, сўнг уларнинг ўғилларига ўтади.

Агар тарбияга олинадиган бола қиз бола бўлса, тарбиясига олувчи маҳрамларидан бўлиши шарт қилинади. Агар тарбиячи маҳрами бўлмаса, уни ўзи танлаб бир ишончли одамга топширади.