Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Разоъат (эмизиш)га доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3350 марта кўрилган

Аллоҳ таоло никоҳи ҳаром қилинган аёлларни баён қилиш асносида: «Эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз», деди (Нисо: 23).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Насаб жиҳатидан ҳаром бўлган нарса разоъат жиҳатидан ҳам ҳаром бўлади» (Бухорий (5111) ва Муслим (1444) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Яна айтганлар: «Туғиш жиҳатидан ҳаром бўлган нарса разоъат (эмизиш) жиҳатидан ҳам ҳаром бўлади» (Бухорий (2646), Муслим (1443), Абу Довуд (2055), Термизий (1147), Насоий (3303), Ибн Можа (1937) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Разоъ луғатда кўкракдан сут эмиш ёки кўкрак сутини ичиш маъносидадир. Шариатда эса икки ёшга етмаган бола ҳомила туфайли пайдо бўлган сутни эмиши ёки ичишидир.

Никоҳланиш, бирга ёлғиз қолиш, маҳрамлик, қарашнинг жоизлигида разоънинг ҳукми насабнинг ҳукми билан бирдир. Қуйироқда бунинг тафсили келади.

Лекин, ушбу ҳукмлар фақат иккита шарт билан собит бўлади:

Биринчи шарт: Беш марта ёки ундан кўпроқ эмган бўлиш. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича: «Қуръондан нозил қилинган оятлар ичида «Ўн бор маълум эмиш ҳаром (яъни маҳрам) қилади» деган оят бор эди, сўнг бешта билан мансух бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида улар Қуръондан тиловат қилинадиган оятлар ичида бор эди» (Муслим (1452) ривояти). Бу тиловати мансух бўлиб, ҳукми сақланиб қолган оятлардан бўлиб, оят ва ҳадисларда разоъ мавзусида мужмал (қисқача) келтирилган нарсаларни очиб, баён қилиб беради.

Иккинчи шарт: Беш марта эмиш икки йил ичида бўлиши. Аллоҳ таоло айтади: «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир» (Бақара: 233). Ушбу ояти карима эътиборли разоъ икки йил ичида бўлган разоъ эканига далил бўлади. Ундан ташқари ҳадис ҳам борки: «Разоъат жиҳатидан фақат ичакни ёриб кирган кўкрак сутигина ҳаром (маҳрам) қилади ва бу (эмиш) сутдан айиришдан олдин бўлган (бўлиши керак)» (Термизий (1152) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ва «ҳасан саҳиҳ ҳадис» деган). Яъни, бунинг маъноси шуки, ичакларга кириб борган ва уларни кенгайтирган кўкрак сутигина разоъат жиҳатидан ҳаром (маҳрам) қилади, ичакларга етиб бормаган ва уларни кенгайтирмаган оз миқдордаги кўкрак сути ҳаром қилмайди, шунингдек, фақат кўкрак сутидан айиришдан олдин эмган сутгина ҳаром қилади, яъни, гўдаклик вақтида эмган ва унга озуқа бўлган сутгина ҳаром қилади. Демак, ҳаромлик (маҳрамлик, никоҳи ҳаромлик) собит бўлиши учун эмувчи гўдак бола бўлиши ва сут унинг очлигини қондириб, танасини ўстирувчи бўлиши ва ўша сут унинг жисмининг бир қисмига айланиб кетиши керак.

Бир бор эмишнинг чегараси – бола кўкракни эмиши, сўнг нафас олиш ё бир кўкракдан иккинчисига ўтиш ё бошқа бирон сабаб учун эмишни тўхтатишидир, шу бир эмишга ҳисоб қилинади. Яна эмишга қайтса, бу иккинчи эмиш бўлади ва ҳоказо, ҳатто бир ўтиришда бўлса ҳам. Сабаби, шариат соҳиби эмишлар сонини эътибор қилди ва эмишнинг чегарасини белгилаб бермади. Демак, унинг чегарасини аниқлашда урфга қаралади.

Агар кўкрак сути эмишдан бошқа йўл билан боланинг ичига кирса, бу ҳам эмиш ҳукмида бўлади. Яъни, сутни боланинг оғзига ё бурнига томизилса ё унга ичирилса, шу ҳам эмиш ҳукмига ўтади. Чунки, бу билан эмишда ҳосил бўладиган озиқланиш ҳосил бўлади. Фақат шарти шуки, бу ҳам беш марта бўлиши лозим.

Бир аёл икки ёшга етмаган болани беш марта ва ундан кўпроқ эмизса, эмувчи унга никоҳи ҳаромлигида, унга қараши ва у билан ёлғиз қолиши жоизлигида ўзининг боласидек бўлади ва унга маҳрамга айланади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Эмизган оналарингиз», деди (Нисо: 23). Лекин, бошқа ҳукмларда унга бола ўрнида бўлмайди. Яъни, унинг зиммасига у (аёл)нинг нафақаси фарз бўлмайди, иккаласи бир-бирига меросхўр бўлмайди, у аёлнинг ўрнига дия (хун пули) тўламайди, унга валий бўлмайди. Чунки, насаб разоъдан кўра қувватлироқ бўлиб, у билан фақат нас (далил) келган нарсаларда, яъни никоҳи ҳаром бўлиши ва шундан келиб чиқадиган маҳрамлик ва бирга ёлғиз қолишдагина тенглаша олади.

Эмувчи сутнинг эгасига, яъни ҳомила ундан бўлгани сабабли сутни унга нисбат бериладиган кишига (эмизувчининг эрига) ҳам фарзандга айланади. Эмувчи юқорида эмизган аёл ҳаққида зикр қилинган ҳукмлардагина унинг боласига айланади. Яъни, никоҳи ҳаром бўлади, қараши жоиз бўлади, у билан холи қолиши мумкин бўлади, маҳрамга айланади. Бошқа ҳукмларда эмас.

Сутнинг нисбати берилган кишининг маҳрамлари – оталари, ўғиллари, оналари, боболари, бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари, уларнинг (яъни, ака-ука ва опа-сингилларининг) болалари, амакилари, аммалари, тоғалари, холалари – эмувчига маҳрамга айланадилар, эмизувчи аёлнинг маҳрамлари – оталари, оналари, ака-укалари, амакилари ва ҳоказолар – эмувчи учун маҳрамга айланадилар.

Ҳаромлик (яъни никоҳи ҳаромлик ва маҳрамлик) эмувчига собит бўлгани каби унинг фаръларига (яъни ундан тарқаган кишиларга) ҳам, яъни болаларига, болаларининг болаларига ҳам тарқалади, бироқ унинг аслларига ва ҳошияларига тарқалмайди. Яъни, ҳаромлик унинг юқорисидаги уруғларига: оталарига, оналарига, амакиларига, аммаларига, тоғаларига, холаларига тарқалмайди. Шунингдек, ўзининг даражасида бўлган яқинларига, яъни ака-укаларига ва опа-сингилларига ҳам тарқамайди.

Ким ботил ақд ё зино билан жинсий алоқа қилинган аёлнинг сутидан эмса, эмизувчигагина бола бўлади. Чунки, насаб жиҳатидан оталик собит бўлмагач, унинг фаръи бўлмиш разоъ жиҳатидан ҳам собит бўлмайди.

Чорва ҳайвонининг сути ҳаром (маҳрам) қилмайди. Яъни, агар иккита гўдак битта ҳайвонни эмган бўлса, ўрталарида маҳрамлик ҳосил бўлмайди.

Ҳомиладан бошқа сабаб билан ва илгари эр билан қўшилмаган ҳолда ундан бошқа сабаб билан кўкрагига сут келган ва биронта болани эмизган аёлнинг сути ҳақида ихтилоф қилинган.

Бир қавлга кўра, у билан ҳаромлик ҳосил бўлмайди, чунки у ҳақиқий сут эмас, балки (нотабиий) пайдо бўлган суюқликдир. Чунки, сут суякларни кириштирган ва этни ўстирган озиқдир, бу эса ундай эмас.

Иккинчи қавлга кўра, у билан ҳаромлик ҳосил бўлади. Ал-Муваффақ (Ал-муғний: 8/144) ва бошқалар шу фикрни ихтиёр қилганлар.

Разоъ динида рози бўлинган бир аёлнинг гувоҳлиги билан собит бўлади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар аёл ростлик билан маъруф бўлса ва бир гўдакни беш мартадан ортиқ эмизганман деса, унинг сўзи қабул қилинади ва саҳиҳ сўзга кўра, разоъ ҳукми собит бўлади» (Ал-фатавал-кубро: 4/589).

Агар разоъ бўлганида шак бўлса, ёки унинг беш марта тўла бўлганида шак қилинса ва ҳужжат-далил бўлмаса, ҳаромлик ҳосил бўлмайди. Чунки, асл-асос разоъ эмаслигидир, валлоҳу аълам.