Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Байъда хиёр-ихтиёрли бўлиш ҳукмлари ҳақидаги боб

3118 марта кўрилган

Ислом дини ҳамма нарсани ўз ичига олган, олийжаноб дин, у шарт-шароит ва манфаатларни ҳисобга олади, умматдан қийинчилик ва машаққатни кўтаради. Байъ қилувчи кишига ихтиёр берилишини машруъ қилганлиги унинг айни олийжаноблик кўринишларидан биридир. Чунки, бу билан байъ қилаётган нарсасини яхшироқ ўрганиши ва бу байъ ортидан келадиган манфаатларини ҳисоб-китоб қилиб олишига имконият туғилади, ўзи учун фойдали деб кўрган ишига қадам қўяди, фойдали деб билмаган ишидан четланади.

Байъдаги хиёр маъноси – икки ишдан бирини, яъни, байъда давом этиш ёки уни бузиш ўртасида ўзи учун яхши бўлганини ихтиёр қилиш ва танлаш имконияти демакдир.

Байъдаги хиёр саккиз қисмга бўлинади:

1) Мажлисдаги хиёр:

Яъни, олди-сотди бўлиб ўтган макондаги ихтиёр бўлиб, ҳар иккала байъ қилувчи (яъни, сотувчи ҳам, харидор ҳам) модомики, ўша ўринда турган бўлсалар ва ҳали ажрашиб кетмаган бўлсалар, савдони бузиш ёки қолдиришда ихтиёрли бўладилар. Бунга далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидир:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا ، قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم «الْبَيِّعَانِ بِالْخِيَارِ مَا لَمْ يَتَفَرَّقَا. «

«Агар икки киши байъ қилса, модомики ажрашмаган бўлсалар ва бирга турган бўлсалар, улардан ҳар бири ихтиёрлидир» (Бухорий (2112) ва Муслим (1531) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шариат соҳибининг байъда мажлис хиёрини беришида байъ қилувчи ҳар икки томон учун манфаат ва ҳикмат бордир. Бундай қилиш билан Аллоҳ таоло: «Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз» (Нисо: 29) деган сўзлари билан шарт қилган ўзаро розилик ҳосил бўлади. Чунки, ақд бирданига, чуқур ўйламасдан ва қиймати ҳақида яхшироқ мулоҳаза қилмасдан воқеъ бўлади. Шундай экан, ушбу комил шариат тақозо қиладики, байъ ақди учун бир фурсат берилиши керакки, ҳар икки томон ушбу фурсат ичида яхшироқ ўйлаб олиши ва мулоҳаза қилиб олиши мумкин бўлади» (Иъламул-муваққиъийн: 3/164).

Ушбу ҳадис тақозосига кўра, байъ қилаётган ҳар икки томон модомики, шу ўринда турган бўлсалар ва байъ қилинган жойдан тарқалиб кетмаган бўлсалар, ҳар иккаласи ихтиёрли бўлади. Агар хиёрни соқит қилган бўлсалар, яъни, ихтиёр қилиш йўқ деб байъ қилган бўлсалар, ёки фақат улардан бири хиёрни соқит қилган бўлса, ҳар иккиси учун ёки хиёрни ўзидан соқит қилган киши учун байъда қолиш лозим келади. Чунки, хиёр байъ қилувчининг ҳаққи бўлиб, унинг соқит қилиши билан соқит бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «... модомики ажралмаган бўлсалар ёки бири иккинчисига ихтиёр берган бўлса», деганлар. Байъ қилувчилардан бири иккинчисидан хиёрни соқит қилиш қасдида тезроқ ажрашиб кетиши ҳаром бўлади.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ «... وَلاَ يَحِلُّ لَهُ أَنْ يُفَارِقَ صَاحِبَهُ خَشْيَةَ أَنْ يَسْتَقِيلَهُ ».

Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан (яъни, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан) ривоят қилган ҳадисда борки: «(Байъни) бекор қилишидан қўрқиб, уни ташлаб кетиши унга ҳалол бўлмайди» (Абу Довуд (3456), Термизий (1247), Насоий (4483) ривоятлари).

2) Шарт хиёри:

Савдо ақди қилаётганда – ақднинг ичида ёки ақддан кейин мажлис хиёри муддати ичида – маълум бир муддатни шарт қилиши. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар шартлари устидадирлар», деганлар (Абу Довуд (3594) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Термизий (1352) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Ундан ташқари бу Аллоҳ таолонинг: «Эй мўминлар, аҳдларга (ўзаро келишган битимларга) вафо қилингиз!» (Моида: 1) оятига дохил бўлади.

Байъ қилаётган икки кишининг фақат биттаси шарт қилиши ҳам дуруст бўлади. Чунки, ҳақ иккисиники, қандай келишиб олсалар жоиз бўлаверади.

3) Ғабн (алдов) хиёри:

Агар байъда одатдан ташқари алдов бўлган бўлса, сотувчи ёки олувчидан қай бири алданган бўлса, у байъни рад қилиш ёки қолдиришда ихтиёрли бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Бировга) зарар етказиш ҳам, (бир-бирига) зарар бериш ҳам йўқдир», деганлар (Ибн Можа (2340), Аҳмад (5/326, №22778) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Яна у зот: «Мусулмон кишининг моли фақат унинг кўнгил хушлиги (розилиги) билангина ҳалол бўлади», деганлар (Аҳмад (5/73, №20695), Абу Яъло (3/140), №1570) Абу Ҳарра ар-Риқошийнинг амакиси розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Алданган одам ҳеч қачон алдангани сабабли кўнгли хуш бўлмайди. Агар алдов одатда қилинадиган енгил алдовлардан бўлса, унда хиёр бўлмайди.

Алдов хиёри уч кўринишда бўлади:

Биринчи кўриниши: Карвонни кутиб олиш, яъни шаҳарга молини сотгани келаётган кишиларни йўлда кутиб олиш. Уларни кутиб олиб, молларини сотиб олса ва кейин уларни ортиқ даражада алдаб қўйгани маълум бўлса, улар учун хиёр (байни бузиш ёки қолдириш ихтиёри) бўлади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Четдан келаётган молни кутиб олманглар. Ким уни кутиб олиб, ундан сотиб олса, унинг эгаси бозорга келгач, ихтиёрлидир», деганлар (Муслим (1519) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам четдан келтирилаётган товарни у сотиладиган бозор ташқарисида кутиб олишдан қайтардилар, мол эгаси бозорга келиб, молининг қийматини аниқлагач, байъни қолдириш ёки бузишда ихтиёрли бўлиши ҳақида амр қилдилар.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам карвон аҳлига, агар йўлда кутиб олинган бўлсалар, хиёрни собит қилдилар, чунки, бунда тадлис ва ғишш (алдов) тури бордир» (Мажмуъул-фатава: 20/557).

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу нарсани унда сотувчини алдаш борлиги туфайли ман қилдилар. Чунки, сотувчи нархни билмагани ҳолда харидор ундан арзонгаровга сотиб олиши мумкин. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бозорга кирганидан кейин хиёрни собит қилдилар.

Алдов содир бўлган ҳолда хиёрнинг собит бўлишида хилоф йўқ. Чунки, четдан мол келтираётган киши нархни билмагани учун харидор уни алдаб қўяди.

Шунингдек, сотувчи уларга (бозорга тушмасларидан туриб) бирон нарсани сотган бўлса, бозорга тушганларидан сўнг ўзларининг одатдан ташқари даражада алданганларини билишса, (бунда ҳам ихтиёрли бўладилар)» (Ат-туруқул-ҳикамия: 352, 382-с).

Алдовдаги хиёрнинг иккинчи кўриниши:

Ножиш товарнинг нархини кўтариб қўйиши сабабли юзага келадиган алдов сурати. Ножиш – сотиб олиш мақсади бўлмагани ҳолда, бошқа бир киши қимматроқ нархда сотиб олиши учун товар нархини кўтариб сўрайдиган одамдир. Бундай қилиш ҳаромдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Таножуш қилманглар» (яъни, сотиб олиш қасди бўлмаган ҳолда бошқа бировни қизиқтириш учун бирингиз бошқа бирингизнинг молини ошиқ нархда сўрамасин), деб бундай қилишдан қайтарганлар. Чунки, бунда харидорни алдаш ҳосил бўлади.

Ҳаром бўлган ножиш кўринишларидан яна бири – сотувчи: «Бу молимни фалон нархга сўрадилар» ёки «буни ўзим фалон нархга олганман», деб ёлғон айтишидир.

Ҳаром бўлган ножишлик кўринишларидан яна бири – сотувчи харидор унинг айтганига яқинроқ нархда сотиб олсин деган мақсадда: «Буни фалон нархдан камига сотмайман», дейишидир. Масалан, беш сўмлик матосини саккиз-тўққизга сотиш мақсадида ўн сўмга сотаман, деб айтади.

У билан хиёр собит бўладиган алдов кўринишларидан учинчиси: мустарсил (яъни, нарх-навони ва савдолашишни билмайдиган одам)ни алдашдир.

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадисда келганки:

عَنْ جَابِرٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« غَبْنُ الْمُسْتَرْسِلِ رِبًا ».

«Мустарсилни алдаш рибодир» (Байҳақий (5/439) Жобир, Анас, Алий розияллоҳу анҳумдан ривоят қилган). Мустарсил – нарх-навони билмайдиган ва савдолашишни эплай олмайдиган» (Ат-туруқул-ҳикамия: 353-с), балки кўнгли тозалигидан сотувчининг гапи ростлигига ишониб қоладиган одамдир. Агар ҳаддан ортиқ алданган бўлса, унга хиёр ҳаққи собит бўлади.

Ғабн ҳаром, чунки бунда харидорни алдаш бор.

Мусулмонларнинг бозорларида жорий бўлган ҳаром ишлардан бири шуки, баъзи одамларнинг бозорга мол келтиришаётганидан хабар топган бозор аҳли уларнинг молини сўрамасликка келишиб оладилар ва ичларидан фақат бир кишини ўша молни савдолашиб олишга тайин қиладилар. Мол эгаси молига ортиқча нарх сўрайдиган одамни топмагач, уни ўша арзон нархда сотишга мажбур бўлади. Шундан сўнг бозор аҳли ўша товарни бўлишиб оладилар.

Бу – ҳаром қилинган алдов ва зулмдир, мол эгаси буни билиб қолса, молини улардан қайтариб олишда ихтиёрли ва ҳақлидир.

Бу каби алдов ишларга қўл урадиган кишилар уни тарк қилишлари ва ундан тавба қилишлари лозим. Уларнинг бу қилмишидан хабардор бўлганлар буни инкор қилишлари ва масъул шахсларга етказиб, уларни бундан тийиб қўйишлари лозим бўлади.

4) Тадлис (айбни яшириш)даги хиёр:

Тадлис сабабли ҳам хиёр собит бўлади. Тадлис – айбли молни айбсиз қилиб кўрсатишдир. У «қоронғулик» маъносидаги «дулса» сўзидан олинган бўлиб, гўё сотувчи тадлис қилиш билан харидорни қоронғуликка киритиб қўйгандек бўлади ва харидор молни яхшироқ кўриб ололмайди. У икки хил кўринишда бўлади:

Биринчиси: Молнинг айбини яшириш.

Иккинчиси: Нархини ошириш учун уни чиройлироқ қилиб, зийнатлаб кўрсатиш.

Тадлис ҳаромдир, шариат харидорга молни қайтариб бериш ҳаққини берган. Чунки, харидор молни сотувчи унга қайси ҳолда кўрсатган бўлса, ўша ҳолича қабул қилиб сотиб олган бўлади. Молнинг унга айтилганидан бошқачалигини билганида эди, уни сотиб олмаган бўларди.

Тадлисга бир мисол – қўй-эчки, сигир ва туяни сотишга олиб чиқишдан олдин елинига сут тўплаш ва соғмаслик. Шунда харидор уни доим шундай серсут деб ўйлаб, сотиб олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Туя ва қўйларнинг елинига сут тўпламанглар! Ким уларни сотиб олган бўлса, соғиб кўрганидан сўнг ихтиёрли бўлади, истаса олиб қолади, истаса бир соъ хурмо қўшиб қайтариб беради», деганлар (Бухорий (2148) ва Муслим (1515) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Харидор ва ижарачини алдаш учун айбли уйларни безаб, чиройли қилиб кўрсатиш, харидорни алдаш мақсадида минилган автоуловларни минилмаган, янгидек қилиб кўрсатиш ҳам тадлисга мисол бўлади.

Мусулмон киши рост сўзлаши ва ҳақиқатни очиқ айтиши лозим.

عَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ «الْبَيِّعَانِ بِالْخِيَارِ مَا لَمْ يَتَفَرَّقَا فَإِنْ صَدَقَا وَبَيَّنَا بُورِكَ لَهُمَا فِى بَيْعِهِمَا وَإِنْ كَذَبَا وَكَتَمَا مُحِقَتْ بَرَكَةُ بَيْعِهِمَا».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олувчи билан сотувчи модомики бир-биридан ажралмаган бўлса, (савдони бузиш-бузмасликда) ихтиёрлидирлар. Агар рўйи-рост сўзласалар ва (молнинг ёки тўлов ҳақининг камчилигини) очиқ айтсалар, байъларига барака берилади. Агар ёлғон гапирсалар ва ҳақни яширсалар, байъларининг баракаси ўчирилади», деганлар (Бухорий (2079) ва Муслим (1532) Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам олди-сотдида рост сўзлаш барака сабаби эканини, ёлғон сўзлаш эса бараканинг ўчиши сабаби эканини хабар бердилар. Ростлик билан топилган пул оз бўлса-да, Аллоҳ таоло унга барака ато этади. Ёлғон билан топилган пул эса ҳар қанча кўп бўлмасин, баракаси ва яхшилиги бўлмайди.

5) Айб сабабли хиёр:

Яъни, сотувчи аввалдан айтмаган ёки сотувчининг ўзи ҳам билмаган, лекин товарда байъдан олдин мавжуд бўлгани аниқ бўлган бирон айб сабабли харидорга собит бўладиган ихтиёр.

Хиёр собит бўлиши учун сотилган молнинг баҳоси ўша айб сабабли пасайиб кетадиган ёки унинг ўзи нуқсонли бўлиб қоладиган бўлиши керак.

Буни билишда эътиборли тожирларга мурожаат қилинади.

Улар айб деб санасалар, хиёр собит бўлади, агар молнинг баҳосига ёки ўзига таъсир кўрсатадиган айб деб санамасалар, хиёр собит бўлмайди. Харидор савдодан кейин айбни билиб қолса, айб учун эваз олиб, яъни товарнинг айбсиз ҳолидаги баҳоси билан айбли ҳолидаги баҳоси ўртасидаги тафовутни қайтариб олиб, байъни давом эттириш ёки байъни бузиб, товарни қайтариб бериш ва тўлаган пулини қайтариб олиш ўртасида ихтиёрли бўлади.

6) Баҳосини айтиш сабабли ҳосил бўладиган хиёр:

Яъни, агар товарни ўзи сотиб олган баҳосида сотса ва унинг қанчалигини айтган бўлса, сўнг унинг нотўғри айтганлиги маълум бўлса, яъни унинг баҳоси у айтгандан кўра ошиқроқ ёки камроқ экани маълум бўлса;

Ёки: «Сени мана шу товарда ўзимга дастмоям билан шерик қилдим», деса;

Ёки: «Сенга шу товарни дастмоям устига шунча фойда билан сотдим», деса;

Ёки: «Сенга шу товарни ўзим сотиб олган нархидан шунча зиёнига сотдим», деса.

Мана шу тўрт ҳолатда агар дастмоя у айтганидан бошқача экани маълум бўлса, мазҳабдаги бир қавлга кўра, (харидор) байъда давом этиш ёки қайтариш ўртасида ихтиёрли бўлади.

Иккинчи қавлга кўра, бу ҳолатда харидорда ихтиёр бўлмайди ва ҳукм молнинг ҳақиқий баҳосига жорий бўлиб, ортиқчаси ундан соқит бўлади, валлоҳу аълам.

7) Сотувчи билан харидор баъзи ишларда ихтилоф қилиб қолишлари сабабли собит бўладиган хиёр:

Яъни, масалан, нархнинг миқдорида ёки сотилган товарнинг ўзи ёки миқдорида ихтилоф пайдо бўлса;

Ёки унинг сифатида ихтилоф қилиб қолсалар ва ҳар иккисида ҳам ҳужжат бўлмаса, у ҳолда иккаласи бир-бирига қасам ичади, ҳар иккиси ўзининг даъвоси устида қасам ичади, шундан сўнг бири иккинчисининг сўзига рози бўлмаса, байъни бузишда ихтиёрли бўладилар.

8) Харидор товарни у ҳақда аввал билган маълумотига кўра сотиб олса-ю, кейин унинг сифати ўзгариб қолганини кўрса, собит бўладиган хиёр:

Бу ҳолда байъни қолдириш ёки бузишда ихтиёрли бўлади, валлоҳу аълам.