асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Байъдаги шартларга доир ҳукмлар ҳақидаги боб3180 марта кўрилган Байъда шартлар кўп содир бўлади, олди-сотди қилувчилар ҳар иккиси ёки улардан бири бир ёки бир неча шартга зарурат ҳис қилади. Бу эса шартлар мавзусида баҳс юритишни, улардан дуруст ва нодурустларини баён қилиб беришни тақозо этади. Фуқаҳолар – раҳимаҳумулллоҳ – таърифларига кўра, байъдаги шарт: олди-сотди қилувчилардан бири иккинчисининг зиммасига шу савдо ақди (битими) сабабли ўзи учун манфаатли бўлган бир нарсани лозим қилишидир. Уларга кўра, байъдаги шарт қачонки, ўша битимнинг ичида шарт қилинса ўтади, битимдан олдин ё кейин қилинган шарт саҳиҳ саналмайди. Байъдаги шартлар икки қисмга: саҳиҳ (яроқли) ва фосид (яроқсиз) шартларга бўлинади. Биринчиси: Саҳиҳ шартлар:Улар ақд талабларига зид келмайдиган шартлар бўлиб, улар тақозосига кўра амал қилиш лозим бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар ўз шартлари устидадирлар», деганлар (Абу Довуд (3594) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Термизий (1352) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Чунки, шартлардаги асл-асос саҳиҳликдир, шариат соҳиби ботил санаган ва қайтарган шартларгина бундан мустасно. Саҳиҳ шартлар ўзи икки қисмга бўлинади: 1) Ақднинг фойдасини кўзлаб, шу билан ақд қувватланиши учун қилинган ва унинг фойдаси шарт қилувчига келадиган шарт. Гаров билан ишончли қилиб қўйишни шарт қилиш ёки кафолатни шарт қилишга ўхшаш. Бу шарт сотувчини хотиржам қилади. Ёки пулини кейинроқ беришни ёки бир қисмини кейинроқ, маълум муддатда беришни шарт қилишга ўхшаш. Бу шарт харидорнинг фойдасига хизмат қилади. Агар мана шу шартга вафо қилса, байъ лозим бўлади. Шунингдек, агар харидор савдо қилинаётган товарнинг маълум бир сифатда бўлишини шарт қилса, яъни, яхши навли бўлишини ёки фалон завод-фабриканинг ё фалон ширкатнинг моли бўлишини шарт қилса – чунки, буларнинг фарқли бўлишига қараб рағбатлар ҳам фарқли бўлади – агар товар шарт қилинган сифатдагидек келса, байъ лозим бўлади. Бироқ, товар айтилган сифатдагидан бошқача бўлса, харидор байъни бузишга ёки шарт бажарилмаганига эваз-бадал олиб, яъни, шарт қилинган сифатдаги товарнинг нархи билан унинг ўрнига келган ўша бошқа товарнинг нархини таққослаб, ўртадаги тафовутни қайтариб олиб, байъни қолдиришга ҳақли бўлади. 2) Савдо ақди тузаётган икки киши (яъни, сотувчи ва харидор) бири иккинчисига сотилаётган товарда мубоҳ бўлган фойдаланишни шарт қилиши. Яъни, масалан, сотувчи сотилган ҳовли-жойда маълум муддат яшаб туришни шарт қилиши ёки сотилган от-улов ёки автомашинада маълум бир жойгача бориб олишни шарт қилиши каби. Чунки, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (сафарда эканларида) унинг туясини сотиб олдилар, у туясида Мадинага етиб олишни шарт қилди (Бухорий (2718) ва Муслим (160) ривоятлари). Ушбу ҳадис от-уловни муайян ўрингача миниб боришни истисно қилиб, сотиш жоизлигига далил бўлади. Бошқа нарсалар ҳам шунга қиёс қилинади. Шунингдек, харидор сотилаётган товар устида бирор иш-хизматни шарт қилиши, яъни, масалан, ўтин сотиб олиб, уни маълум бир ўринга кўтариб олиб бориб беришни шарт қилиши ёки кийимлик сотиб олиб, уни тиктириб беришни шарт қилиши каби. Иккинчиси: Фосид шартлар:Бу қисм бир неча турлидир: 1) Ақдни таг-тугидан ботил қиладиган фосид шарт. Бунинг мисоли шуки, бирови иккинчисига бутунлай бошқа бир ақдни шарт қилади, яъни, масалан: «Сенга шу товарни сотдим, фақат шарти шуки, сен менга ҳовлингни ижарага берасан», дейди. Ёки: «Бу матони сенга мени фалон ишингда ёки уйингда шерик қилишинг шарти билан сотдим», дейди. Ёки: «Сенга бу матони менга фалон миқдордаги пулни қарз бериб туришинг шарти билан сотдим», дейди. Бундай шарт фосиддир, у ақдни таг-тугидан ботил қилади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир байъ ичида иккита байъдан қайтарганлар (Термизий (1234), Насоий (4632) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни биз юқорида айтганимиз каби тафсир қилган. 2) Ўзи фосид бўлгани ҳолда байъни ботил қилмайдиган шарт. Масалан, харидор сотувчига агар товарда зиён кўрса, уни қайтариб беришини шарт қилиши ёки сотувчи харидорга шу матони сотиб юбормаслигини шарт қилиши каби ва ҳоказо. Бу шарт фосид шартдир. Чунки, бу байънинг тақозосига зиддир. Байънинг тақозоси шуки, сотиб олган киши товарни ўзи истаганидек тасарруф қилишга ҳақли бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳнинг Китобида бўлмаган бир шартни шарт қилса, гарчи юзта шарт бўлса-да, ботилдир» (Бухорий (2155) ва Муслим (1504) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Бу ерда Аллоҳнинг китобидан мурод – Унинг ҳукмидир, бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ҳам ўз ичига олади. Ушбу шарт ботил бўлгани билан байъ ботил бўлмайди. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Барира қиссасида уни сотаётган эгаси агар озод этилса, унинг валийлигини ўзида сақлаб қолишни шарт қилганида ушбу шартни ботил санаганлар, лекин, ақдни ботил санамаганлар ва: «Валийлик фақат озод қилган кишига бўлади», деганлар (юқоридаги ҳадиснинг давоми). Олди-сотди билан шуғулланувчи мусулмон киши байъга доир ҳукмларни ўрганиши, қандай шартлар дуруст, қандай шартлар нодуруст эканини билиб олиши, ўзи юритадиган барча муомалотлар хусусида билимга эга бўлиши лозим. Шунда мусулмонлар ўртасидаги жанжал ва тортишувлар барҳам топади. Чунки, аксарият келишмовчиликлар сотувчи ё харидор олди-сотдига доир ҳукмларни билмаслигидан ва фосид шартларни шарт қилишидан келиб чиқади. |