Жума 1 Ноябрь 2024 | 28 Рабиул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тана аъзолари ва уларнинг фойдалари дияси ҳақидаги боб

3913 марта кўрилган

  • Биринчи: тана аъзолари дияси:

  • Баъзи уламолар айтганлар: Одамда қирқ бешта аъзо бор бўлиб, улар ичида битталик аъзолар бор, иккиталик ва ундан кўпроқ бўлган аъзолар бор.

  • Агар инсоннинг бурун, тил, жинсий олат каби битталик аъзосига талафот етказилса, унинг дияси ўша аъзоси кесилган инсоннинг тўла диясидир – юқорида ўтган тафсилотлар бўйича – эркак бўладими, аёлми, озод бўладими, қулми, зиммий бўладими, бошқами, фарқсиз. Чунки, Аллоҳ таоло бир инсонда фақат биттагина қилиб яратган ўша аъзонинг йўқолишида у келтирадиган фойданинг йўқ бўлиши ҳосил бўлади, бу эса жоннинг кетишига ўхшаган бўлади ва унда жоннинг дияси фарз бўлади. Бунга иттифоқ қилинган. Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳу ҳадисида келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жинсий олатда (тўла) дия бор, бурунда агар тўлалигича кесилган бўлса (тўла) дия бор, тилда (тўла) дия бор» (Насоий (4853), Ибн Ҳиббон (14/501, №6559), Ҳоким (1/553), Байҳақий (4/89) ривоят қилиб, саҳиҳ санаганлар).

  • Кўз, қулоқ, лаб, жағ, аёл кишининг сийнаси, эркак кишининг кўкраги, қўл, оёқ, мояк каби иккиталик аъзоларнинг иккаласига талафот етказилганда тўла дия, биттасига талафот етказилганда эса ярим дия фарз бўлади. Чунки, уларнинг иккаласида ҳам манфаат ва жамол бор ҳамда баданда бошқа уларнинг жинсидан бўлган аъзо йўқ.

    Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бунда мухолиф бўлган бирон кишини билмаймиз» (Ал-муғний: 8/340).

    Амр ибн Ҳазмнинг мактубида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай деб ёзиб бергандилар: «Бурунда агар тўла кесилган бўлса (тўла) дия, тилда (тўла) дия, икки лабда (тўла) дия, икки моякда (тўла) дия, пуштикамарда (тўла) дия, икки кўзда (тўла) дия, битта оёқда ярим дия».

    Ибн Абдилбар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Амр ибн Ҳазмнинг мактуби уламолар ҳузурида маъруфдир, унда айтилганларнинг аксарияти муттафақун алайҳдир» (Ат-тамҳид: 17/339).

  • Инсоннинг учталик аъзоларининг ҳар учаласига талафот етказилганда тўла дия, биттасига талафот етса диянинг учдан бири фарз бўлади. Масалан, бурун учта нарсани – икки тешик ва ўрталиқ деворини ўз ичига олади, дияни уларга худди бармоқларга тақсимланганидек тақсимланади.

  • Инсоннинг тўртталик аъзосидан агар тўрталаси ҳам талафот кўрса, тўла дия фарз бўлади. Биттасига талафот етказилса, диянинг тўртдан бири фарз бўлади. Масалан, инсоннинг тўртта қовоғи бор бўлиб, уларнинг ҳар бирида зоҳирий чирой ва тўкис манфаат бор. Яъни, улар кўзни ўраб, уни иссиқ ва совуқдан асраб туради. Ҳаммасида тўла дия, баъзисида эса маълум миқдорда дия фарз бўлади.

  • Икки қўлнинг бармоқларида, шунингдек икки оёқнинг бармоқларида агар ҳаммаси кесиб ташланса, тўла дия фарз бўлади. Ҳар бир бармоқда диянинг ўндан бири фарз бўлади. Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган марфуъ ҳадис борки: «Икки қўл ва икки оёқ бармоқларининг дияси баробардир, ҳар бир бармоққа ўнта туя» (Термизий (1391) ривоят қилиб, саҳиҳ деган). Имом Бухорийда ҳам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан марфуъан ривоят қилинган ҳадис борки: «Бу ва бу – яъни, бош бармоқ ва чимчалоқ – баробардир» (Саҳиҳул Бухорий: 6895). Мазкур икки ҳадис икки қўл ва икки оёқ бармоқларида дия фарз бўлишига ва ҳар бир бармоқ учун тўла диянинг ўндан бир қисми бўлишига далил бўлади.

  • Икки қўл ва икки оёқ бармоқларидан ҳар бармоқ учида тўла диянинг ўндан бирининг учдан бири миқдорида (яъни, тахминан 3,33%) дия фарз бўлади. Чунки, ҳар бир бармоқда учтадан бўғим бўлади, бир бармоқнинг дияси учала бўғимга тақсим қилинади. Бош бармоқда эса иккита бўғим бор, улардан ҳар бир бўғимга диянинг ўндан бирининг ярми (5%) берилади.

  • Ҳар бир тишда тўла диянинг йигирмадан бири – бешта туя фарз бўлади. Амр ибн Ҳазмнинг марфуъ ҳадисига кўраки: «Тишда бешта туя (дия берилади)» (Насоий ривояти).

    Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тишларнинг диясида ҳар бир тишга бешта туя бўлишида хилоф борлигини билмаймиз» (Ал-муғний: 12/130).


  • Иккинчи: манфаатларнинг дияси:

  • Манфаатлардан мурод – мазкур аъзоларнинг кўриш, эшитиш, ҳидлаш, сўзлаш, юриш каби инсонга етказадиган манфаатларидир, ҳар бир аъзонинг ўзига хос манфаатлари бор.

  • Жумладан: тўртта сезги – эшитиш, кўриш, ҳид билиш, таъм билиш. Ушбу сезгиларнинг ҳар бирида агар у жиноят сабабли кетса, тўла дия лозим бўлади.

    Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳли илмлар оммаси эшитиш(га талафот етказиш)да дия бўлишига ижмоъ қилганлар» (Ал-ижмоъ: 168-б).

    Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Эшитишнинг йўқолишида дия фарз бўлишида хилоф йўқдир» (Ал-муғний: 12/115).

    Амр ибн Ҳазм мактубида борки: «Ҳид билиш аъзоларида (тўла) дия бор» (Насоий (4853), Ибн Ҳиббон (14/501, №6559), Ҳоким (1/553), Байҳақий (4/89) ривоят қилиб, саҳиҳ санаганлар).

    Бир киши бировни уриши натижасида унинг эшитиши, кўриши, никоҳи (жинсий алоқаси), ақли кетганида Умар розияллоҳу анҳу у одам тирик бўлгани ҳолда тўртта тўла дияга ҳукм қилганлар, саҳобалар ичида у кишига мухолиф бўлмаган.

  • Сўзлаш, ақл (фикрлаш), юриш, ейиш, никоҳ (жинсий алоқа) йўқолиши, сийдик ва нажосат тута олмай қолиш кабиларнинг ҳар бирида тўла дия бордир. Чунки, буларнинг ҳар бирида катта манфаат бор эди.

  • Тўрт турли соч-тукларнинг ҳар бир турида, яъни, бошнинг сочи, соқолнинг туки, қошларнинг туки, кўзларнинг киприкларида тўла дия фарз бўлади. Битта қошда яримта дия, битта киприкда диянинг тўртдан биридир. Чунки, дия улар сонига қараб бўлинади.

    Шундан ҳам соқолнинг Исломдаги ҳурмати ва қийматини билиш мумкинки, унга талафот етказишда тўла дия фарз бўлди. Бу эса унинг манфаати улуғлиги, чиройи ва виқори борлиги учундир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тўла қўйишга ва икром қилишга буюрганлар, қириш, қисқартириш ва унга тажовуз қилишдан қайтарганлар. Соқолга қарши курашадиган, уни олиш билан, аёлларга ўхшаб ва кофиру мунофиқлар каби юзларидан йўқотиш билан унга тажовуз қиладиган кимсалар қуриб кетсин! Ундайлар эсларини йиғиб олишлари, ақлларини ҳукмрон қилишлари, ўз пайғамбарларига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) итоат қилиб, Аллоҳ таоло уларга чирой ва эркакликларига белги қилиб яратиб қўйган соқолларини тўла қўйиб юришлари лозим бўлади.