асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Бир киши учун кўпчиликдан қасос олиш ҳақидаги боб2924 марта кўрилган Агар бир шахсни қасддан тажовузкорона ўлдиришда бир жамоат иштирок этган бўлса, уламоларнинг сўзларидан саҳиҳроғига кўра, уларнинг ҳаммасидан қасос олинади ва ўша киши муқобилига уларнинг ҳаммаси ўлдирилади. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари умумига киради: «Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун ... қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178), «Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан сақланиш билан) тақво ҳосил қилсангизлар» (Бақара: 179). Қолаверса, бунга саҳобаларнинг ижмоълари ҳам бор. Саид ибн Мусаййиб ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир одамни ўлдирган Санъолик етти кишини ўлдиргиздилар ва: «Агар уни ўлдиришга бутун Санъо аҳли бирикканида, ҳаммасини ўлдиргизган бўлардим, деганлар.» (Абдурраззоқ (9/479, №18079), Дорақутний (3/142, №3427). Бошқа саҳобалардан ҳам бир киши муқобилига кўпчиликни қатл қилдиришлари собит бўлган, ўз асрларида уларга мухолиф фикр билдирувчи бўлмаган, демак бу улар тарафидан бўлган ижмоъ бўлди. Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Саҳобалар ва фуқаҳолар оммаси бир киши муқобилига кўпчиликни қатл қилишга иттифоқ қилганлар. Гарчи қасоснинг асли буни ман қилса ҳам, қасос олмаслик қонлар тўкилишига ёрдамлашишга восита бўлиб қолмаслиги учун шундай қилганлар» (Иъламул-муваққиъийн: 2/143). Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Зеро, қасос дегани – Қуръон таъкидлаганидек – қатлнинг олдини олиш учун машруъ қилинган қатлдир. Агар бир киши муқобилига кўпчиликни қатл қилинмас экан, одамлар бир кишини кўпчилик бўлиб ўлдириш орқали қатлга йўл очиб оладилар. Қолаверса, (қасос) ташналигини қондириш ва (қатлдан) тийиб қўйиш фақат (қотилларнинг) ҳаммасини қатл қилиш билангина ҳосил бўлади» (Бидаятул-мужтаҳид: 2/489). Бир киши муқобилига кўпчиликни қатл қилиш учун улардан ҳар бирининг қилган иши ёлғиз бўлган ҳолида ҳам қатл учун яроқли бўлиши шарт қилинади. Яъни, барчаси қатлни бевосита амалга оширган бўлиши ва ҳар бирининг қилмиши ўзи ёлғиз бўлган ҳолатда ҳам қотилликка ярайдиган бўлиши керак. Агарчи ҳар бирининг қилган иши ёлғиз ҳолатда қатлга яроқли бўлмаса ҳам, ҳаммалари жабрланувчини ўлдириш учун унинг устига ёпирилиб келган бўлсалар, ҳаммаларидан қасос олиш фарз бўлади. Чунки, қатлни бевосита амалга оширмаганлари ҳам уни бевосита амалга оширганларига тиргак ва ёрдамчи бўлган бўлади. Бир киши бировнинг мажбурлаши билан бир шахсни ўлдирган бўлса, агар шартлари тўла топилса, мажбурлангандан ҳам, мажбур қилувчидан ҳам қасос олинади. Чунки, қотил бировни ўлдириш орқали ўз жонини сақлаб қолишни қасд қилди, мажбур қилувчи эса қатлга сабабчи бўлди. Ким ёш болани ёки мажнунни бировни ўлдиришга буюриб, ўлдиртирган бўлса, қасос буюрган одамнинг ўзидан олиниши фарз бўлади. Чунки, буюрилган шахс буюрувчи қўлида қурол бўлди, унга қасосни вожиб қилиш мумкин эмас. Шунингдек, агар буюрилган шахс мукаллаф – оқил ва болиғ – бўлса, лекин одам ўлдиришнинг ҳаромлигини билмаса, масалан, Ислом диёридан бошқа жойда ўсиб-улғайган бўлса, қасосни фақат буюрувчидан олиш фарз бўлади. Чунки, буюрилган шахс билмагани учун маъзурдир. Аммо, агар буюрилган шахс болиғ ва оқил бўлиб, одам ўлдиришнинг ҳаромлигини билса, ноҳақ қатл қилгани учун ундан қасос олиш фарз бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқдир», деганлар (Ибн Аби Шайба (6/545, №33717) ривоят қилган, ҳадиснинг асли Бухорий (7257) ва Муслимда (1839) «Аллоҳнинг маъсиятида итоат йўқдир» лафзи билан келган). Буюрувчи султон бўладими, хожа бўладими ё бошқаси бўладими, фарқсиздир. Бу ҳолатда буюрувчига у гуноҳ иш қилгани учун ва қайтиб бундай ишга қўл урмаслиги учун имом (раҳбар) қандай лозим кўрса, шундай таъзир берилади. Агар бир шахсни ўлдиришда икки киши қасддан ва тажовуз билан иштирок этган бўлса-ю, улардан бирида қасос фарз бўлиши шартлари тўла топилмаса, иккинчисида эса топилса, шартлар тўла топилганидан қасос олиш вожиб бўлади. Чунки, у қасддан ўлдиришда шерик бўлди. Унинг шеригидан эса қасоснинг сабабида бўлган қусур учун эмас, унинг ўзида бўлган монеълик учун қасос олиш мумкин бўлмади. Қасос унда монеъ бўлмаган одамдан фарз бўлади. Бир киши бир одамни ушлаб турган ва бошқаси уни ўлдирган бўлса, қотилни ўлдирилади, ушлаб турганни эса то ўлгунича ҳибсда сақланади. Бир кишининг жони хусусида кўпчиликдан қасос олинганидек, тана аъзолари ва жароҳатлар хусусида ҳам қасос олинади. Агар бир жамоат бировнинг бир аъзосини қасосни вожиб қиладиган даражада кесган ё жароҳатлаган бўлса ва ҳар бирининг қилган иши алоҳида ажралиб турмаса, яъни, бир кишининг қўлига тиғни қўйиб туриб, ҳаммалари унга оғирликларини ташлаган ва шу билан қўл кесилган бўлса, ҳаммасининг қўли кесилиши фарз бўлади. Чунки, Алий розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида икки киши бир одамнинг ўғрилигига гувоҳлик берганида унинг қўлини кесдилар. Кейин ҳалигилар бошқа бир одамни олиб келишиб: «Ўғри бу экан, биз ҳалиги одам тўғрисида адашган эканмиз», дейишди. Шунда уларнинг иккинчи одамга берган гувоҳликларини рад қилдилар ва биринчи одамнинг диясини уларга юкладилар, «Агар икковингизнинг қасддан шундай қилганингизни билганимда, қўлларингизни кесган бўлардим», дедилар (Бухорий иловада (1446-б), Дорақутний (3/128, №3361) ривоят қилганлар). Демак, бу агар иккаласи қасддан қилганида уларга қасос фарз бўлишига далил бўлади. Шунингдек, бунда бир кишини кўпчилик бўлиб ўлдиришга ҳам қиёс қилинади. Жиноятнинг жонга (яъни, ўлимга олиб бориши) ё бошқа бир аъзога таъсири ўтиши ҳам ўша жиноят ҳукмини олади. Чунки, у ўшанинг асаридир, зомин бўлинувчи ишнинг асарига ҳам зомин бўлинади. Масалан, битта бармоқни кесган бўлса ва шунинг таъсирида бошқа бармоқ ё қўл заҳаланиб, чириб кетса ва бўғимдан узилса, қўлдан қасос олиш фарз бўлади. Агар жиноят аста-секин жонга таъсир кўрсатиб, жабрланувчи вафот этса, қасос фарз бўлади. Бир аъзо ёки жароҳатнинг қасосини то у тузалиб битмагунича олиш жоиз бўлмайди. Чунки, Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Бир кишига жароҳат етказилди. У қасос олмоқчи бўлди... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то жароҳатланган киши тузалиб кетмагунча жароҳат етказган кишидан қасос олишдан қайтардилар (Дорақутний (3/71, №3092), Байҳақий (8/67) ривоятлари). Бу эса жабрланган одамнинг фойдаси учундир. Чунки, жиноятнинг асари бошқа бир аъзога ҳам ўтиши, балки жонга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис жиноятнинг охирги даражаси билинмоғи зарур бўлади. Агар тузалиб кетмасидан туриб қасос олса, кейин жиноятнинг таъсири бошқа аъзога ҳам ўтса, энди ҳеч нарсага ҳақли бўлмайди. Чунки, шошқалоқлик қилиб ўз ҳаққини бекор қилган бўлади. Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан ривоят қилишича: «Бир киши бир кишининг тиззасига мугуз (ҳайвон шохи) тиқиб жароҳатлади. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, қасосини олиб беришини сўради. У зот: «Аввал тузалиб олгин», дедилар. Кейин яна келиб: «Қасосимни олиб беринг», деган эди, унинг қасосини олиб бердилар. Кейинроқ ҳалиги киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, чўлоқ бўлиб қолдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сени қайтардим, ўзинг итоат қилмадинг. Энди Аллоҳ сени узоқ қилди ва чўлоқлигинг (қасоси) ботил бўлди», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жароҳатдан то унинг эгаси тузалиб кетмагунича қасос олинишидан қайтардилар» (Аҳмад (2/217, 7034), Дорақутний (3/71, №3091), Байҳақий (8/67) ривоятлари). Шу билан ҳам шариатимизнинг юксак даражали экани, тўла адолат ва умумий раҳм-шафқатни ўз ичига олган экани маълум бўлади. Аллоҳ таоло рост айтади: «Парвардигорингизнинг Сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг Сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. У эшитувчи, билувчидир» (Анъом: 115). Ана шундай комил шариатни тоғутнинг ҳукмларига, зулм ва нуқсонга тўла ер қонунларига алмаштираётганлар қуриб кетсинлар! «У золим кимсалар учун нақадар ёмон бадал (ўринбосар)дир» (Каҳф: 50). Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. |