Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тана аъзоларидаги қасос ҳақидаги боб

3009 марта кўрилган

  • Тана аъзолари ва жароҳатлардаги қасос ҳам Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан собитдир:

  • Аллоҳ таоло айтади: «Унда (яъни Тавротда) уларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб фарз қилдик» (Моида: 45).

  • «Саҳиҳайн»да келган Рубаййиънинг тишлари синдирилиши ҳақидаги ҳикояда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг Китоби қасос(га ҳукм қилади)», деганлар (Бухорий (2703), Муслим (1675) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

  • Қай бир кишига жонга жон билан қасос олишга имкон берилган бўлса, унга тана аъзолари ва жароҳатларда ҳам қасос олишга имкон берилади. Фақат қасоснинг юқорида баён қилинган шартлари – маъсумлик, мукаллафлик, тенг-баробарлик, отаси бўлмаслик деган шартлар топилиши керак. Яъни, жабрланувчи шахс маъсум (қони тўкилиши ҳалол бўлмаган) бўлиши, жиноятни содир этган шахс мукаллаф бўлиши, жабрланувчи жиноятчи билан озодлик ва қулликда баробар бўлиши, жиноятни содир этган киши жабрланувчининг отаси бўлмаслиги лозим. Кимгаки, жонга жон билан қасос олишига имкон берилмаса, тана аъзолари ва жароҳатларда ҳам қасос олишига имкон берилмайди. Бу бобдаги қоида шудир.

  • Тана аъзолари ва жароҳатлардаги қасосни фарз қилувчи сабаб жондаги қасосни фарз қилувчи сабабнинг айни ўзи, яъни жиноят қасддан содир этилган бўлишидир. Билмасдан қилинган (хотоан) ёки қасдданга ўхшаш (шибҳул амд)да қасос йўқдир. Тана аъзоларида қасос жорий бўлади, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, қўлга қўл, оёққа оёқ, барча айтиб ўтилган аъзоларда ўнгига ўнг, чапига чап қасос олинади, жиноятчи жабрланувчининг қайси тишини қандай синдирган бўлса ўша тишини шундай синдирилади, қовоққа қовоқ, юқорисига юқориси, пастига пасти қасос олинади, лабга лаб, юқорисига юқори, пасткига пасткиси қасос олинади. Чунки, Аллоҳ таоло: «... ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб фарз қилдик», деди (Моида: 45). Чунки, қовоқ ва лабнинг ҳар бирининг тугалланадиган чегараси бўлади. Бармоққа исмда айни шунга ўхшаган бармоқнинг айни ўша жойидан қасос олинади, кафтга айни ўша кафтни, ўнгига ўнгни, чапига чапни қасос олинади, тирсакка айни ўша тирсакни, ўнгига ўнгни, чапига чапни қасос олинади, закарга (жинсий олатга) закарни қасос олинади, чунки унинг ҳам ўз чегараси бор, унда ҳам ҳаддан ошмасдан қасос олиш мумкин. Чунки, Аллоҳ таолонинг: «... ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб фарз қилдик», (Моида: 45) деган оятининг умуми остига киради.

  • Тана аъзоларида қасос олиш учун учта шарт топилиши керак:

    Биринчи шарт: Адолатсизликдан омонда бўлиш. Бу эса кесишнинг бўғимдан ёки аъзонинг тугаган жойидан бўлиши биландир. Агар шундай бўлмаса, қасос жоиз бўлмайди. Бинобарин, бир аниқ чегараси бўлмаган жароҳатда, масалан, қорин ичига кирган жароҳатда қасос йўқдир. Чунки, унинг кесиш етиб борадиган аниқ чегараси йўқдир. Шунингдек, тишдан бошқа суякнинг, масалан, болдир, сон, билак суягининг синдирилганида қасос йўқ. Чунки, айни ўзига ўхшатиб синдириш имкони йўқ. Аммо, тишни синдиришда қасос жорий бўлади, бунда жиноятчининг тишини у жабрланувчининг тишини қанча миқдорда синдирган бўлса, айни шу миқдорда эговлаб ташланади.

    Иккинчи шарт: Жиноятчи билан жабрланувчининг аъзолари исмда ва жойлашиш ўрнида бир хил бўлиши. Бинобарин, қўл, оёқ, кўз, қулоқ ва шу каби жуфт аъзоларда ўнгининг муқобилига чапини, чапининг муқобилига ўнгини олинмайди. Чунки, улардан ҳар бири ўзига хос исмга эга ва ўзига хос фойдаси бор, бири бошқасига ўхшамайди. Шундай экан, номи бошқа бўлгани учун кўрсаткич бармоқ муқобилига ўрта бармоқни олинмайди, ортиқча аъзо муқобилига аслий аъзони ҳам олинмайди.

    Учинчи шарт: Жиноятчининг ҳам, жабрланувчининг ҳам ўша бир хил аъзоси соғломлик ва мукаммалликда баробар бўлиши. Фалаж бўлган қўл ё оёқ муқобилига соғ қўл ё оёқни олинмайди, бармоқлари ё тирноқлари нуқсонли бўлган қўл ё оёқ муқобилига нуқсонсиз қўл ё оёқ олинмайди, кўрмайдиган кўз ўрнига соғ кўзни олинмайди, соқов тил муқобилига сўзловчи тилни олинмайди.

    Комил аъзо муқобилига нуқсонли аъзони олиш мумкин, соғломи ўрнига фалажини олинаверади, бармоқлари нуқсонсизи ўрнига бармоқлари нуқсонлисини олинаверади. Чунки, бунинг майиби ҳам хилқатда (яралишда) саҳиҳга ўхшагандир, фақат сифатдагина нуқсонлидир.

  • Энди жароҳатлардаги қасос ҳақида:

  • Суякка етиб борган ҳар қандай жароҳатда қасос олинади, чунки бунда ҳаддан ошмай, зиёда қилмай олиш имкони бор. Бош ва юздаги ёриқ, билак, болдир, сон ва қадамдаги жароҳат каби. Чунки, Аллоҳ таоло: «... ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб фарз қилдик», (Моида: 45) деган.

  • Аммо суякка етиб бормаган жароҳатда қасос олиш жоиз бўлмайди, хоҳ ёриқ бўлсин, хоҳ баданга чуқур кирган, қорин, кўкрак, томоқдаги жароҳат бўлсин, фарқсиз. Чунки, бундаги қасосда адолатсизлик ва зиёдалик хавфи бор.

    Марфуъ ҳадис борки: «Маъмуна, жаифа ва мунаққилада қасос йўқдир» (Ибн Можа (2637) Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    Маъмуна – миянинг қобиғига етиб борган ёриқдир, жаифа – қориннинг ичигача кириб борган жароҳат, мунаққила – бошни ёриб, суякларни кўчириб юборган жароҳатдир.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жароҳатлардаги қасос ҳам тенг бўлиш шарти билан Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан собитдир. Агар ўнг қўлини бўғимидан кесган бўлса, унинг ҳам ўнг қўлини айни шу еридан кесиш керак бўлади. Агар тишини суғурган бўлса, унинг ҳам тишини суғурилади. Агар бошини ё юзини ёриб, суягини очиб қўйган бўлса, уни ҳам шундай қилинади. Агар баробарлик имкони бўлмаса, масалан, ички суягини синдирган ё очиқ бўлмаган жароҳатлаган бўлса, қасос машруъ бўлмайди, балки белгиланган дия тўлаш фарз бўлади» (Мажмуъул-фатава: 28/379).

  • Қўл билан ё таёқ ё қамчи каби нарса билан уришдаги қасос борасида:

    Шайхулислом айтади: «Уламолардан бир тоифасининг сўзларига кўра, бунда қасос йўқ, балки таъзир бериш бордир. Чунки, бунда тенглик-баробарлик йўқдир. Хулафои рошидийн ва бошқа саҳобалардан, шунингдек тобеинлардан маълум бўлган иш шуки, бунда қасос машруъдир. Бу Аҳмад ва бошқа фуқаҳоларнинг сўзларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳам шуни келтирган ва шу тўғридир... Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Огоҳ бўлингиз, Аллоҳга қасамки, мен сизларга амалдорларимни сизларнинг башараларингизга уришлари учун юбормайман... Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, ким шундай қилса, мен ундан қасос олдираман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз баданларидан қасос олдирганларини кўрганман» (Аҳмад (1/14, №286) ривояти). Бунинг маъноси – раҳбар ўз қўли остидаги раъиятни жоиз бўлмаган кўринишда уришидир. Аммо, машруъ кўринишдаги уришда қасос йўқлигига ижмоъ қилинган» (Мажмуъул-фатава: 28/379-380).

    Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шофеийлар, ҳанафийлар, моликийлар ва асҳобларнинг мутааххирлари мушт туширишда қасос йўқ дедилар, баъзилари ижмоъ борлигини айтдилар ва очиқ қиёсдан ҳамда нассларнинг тақозоси ва саҳобаларнинг ижмоъидан четга чиқдилар. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз» (Наҳл: 126).

    Демак, калтак еган одам жиноятчини у уни қандай урган бўлса, шундай уриши. Ўша жойига, у урган ёки айни ўшанга ўхшаш қурол билан уриши, зарбага зарба билан жавоб бериши унинг тажовузи жинсидан бошқача йўл билан таъзир беришдан кўра ҳиссан ва шаръан буюрилган тенгликка яқиндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, у зотнинг халифаларининг йўли ҳам, қиёс ҳам шудир» (Иъламул-муваққиъийн: 1/294).