Душанба 25 Ноябрь 2024 | 23 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Кофирларнинг никоҳлари ҳақидаги боб

3356 марта кўрилган

Кофирлардан мурод – аҳли китоблар, мажусийлар, бутпарастлар ва шу кабилардир. Мурод – улар исломни қабул қилсалар ёки кофир ҳолларида бизга ҳукмлашиб келсалар, уларнинг никоҳларига иқрор бўлиш ҳақидадир.

Кофирларнинг никоҳи ҳукми дурустликда, талоқ, зиҳор, ийлоъ тушишида, уларга нафақа ва тақсимот вожиблигида мусулмонлар никоҳининг ҳукми билан бир хилдир.

Уларга ҳам мусулмонларга қандай аёллар никоҳи ҳаром бўлса, ўшандай аёллар никоҳи ҳаром бўлади. Қуръони каримда аёл кишини кофирга нисбатлаш келган: «Унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини» (Масад: 5), «Фиръавннинг аёли деди» (Қасас: 9). Аллоҳ таоло аёлни кофирга изофа қилди, изофа эса саҳиҳ эр-хотинлиликни тақозо қилади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўғриси шуки, уларнинг Ислом динида ҳаром қилинган никоҳлари мутлақ ҳаромдир. Агар Исломга кирмасалар, у сабабли иқобланадилар, агар Исломга кирсалар, ҳаромлигини эътиқод қилмаганликлари учун бу улардан кечирилади. Аммо, саҳиҳлик ва фосидлик жиҳатидан қарасак, тўғриси шуки, у никоҳ бир жиҳатдан саҳиҳ, бир жиҳатдан фосиддир. Агар саҳиҳлик дегандан тасарруфнинг мубоҳлиги кўзда тутилса, уларга фақат Исломга кириш шарти билан саҳиҳ бўлади. Агар никоҳнинг нуфузи (ўтимлилиги) ва унинг ортидан келадиган – уч талоқ қўйган кишига ҳалоллик ҳосил бўлиши, талоқ тушиши каби – эр-хотинлик ҳукмларининг тартиб топиши кўзда тутилса, у саҳиҳдир» (Ал-фатавал-кубро: 5/466).

Кофирларнинг никоҳларига доир ҳукмлардан: уларга фосид никоҳлари борасида икки шарт билан иқрор бўлинади:

Биринчи шарт: Агар ўз шариатларида унинг саҳиҳлигини эътиқод қилишса. Аммо, ҳалоллигин эътиқод қилишмайдиган нарсаларда уларга иқрор бўлинмайди. Чунки, бу уларнинг динидан эмасди.

Иккинчи шарт: Улар бизга ҳукм сўраб келишмаса. Агар бизга ҳукмлашиб келишса, унга иқрор бўлмаймиз. Чунки, Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг», деди (Моида: 49).

Агар никоҳлари ўз шариатларида саҳиҳ эканини эътиқод қилсалар ва бизга ҳукмлашиб келмасалар, уларга эътироз билдирмаймиз. Далил шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажар мажусийларидан жизя олганлар ва уларнинг никоҳларига эътироз билдирмаганлар, ҳолбуки у зот улар ўз маҳрамларини ҳалол санашларини билардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замоналарида кўп халқлар Исломни қабул қилдилар, у зот уларнинг никоҳларига иқрор бўлдилар ва унинг кайфияти ҳақида суриштирмадилар.

Агар улар никоҳ ақди боғламасдан илгари бизнинг ҳузуримизга келсалар, биз никоҳ ақдини ўз динимиз ҳукмига мувофиқ, ийжоб, қабул ва ўзимиздан бўлган адолатли икки гувоҳ билан қиламиз. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг» (Моида: 42), деди. Аммо, агар никоҳ ақди тузганларидан сўнг келсалар, биз унинг қандай бўлганига аралашмаймиз.

Шунингдек, эр-хотин ўз никоҳларида бўлган ҳолда Исломни қабул қилсалар, биз уларнинг никоҳи қандай бўлган, шартлари аввалда тўла бўлганми йўқми деб суриштирмаймиз. Балки, бизга ҳукм сўраб келишган ёки Исломга кирган пайтларига қараймиз. Агар шу вақтда аёл шаръий монеълар йўқлиги туфайли мубоҳ бўлса, уларнинг никоҳларига иқрор бўлинади. Чунки, унда никоҳларининг бошланишига монеъ йўқ бўлганидан унинг давом этишига ҳам монеъ бўлмайди. Агар улар ҳукм сўраб келишган ёки Исломга кирган пайтларида ақднинг бошланиши мубоҳ бўлмаса, уларни ажратиб юборилади. Чунки, ақднинг бошланишидаги монеълик унинг давом этишига ҳам монеъ бўлади.

Агар кофирлик ҳолатида унга тайин қилинган маҳр саҳиҳ бўлса, ўшани олади. Чунки, у ақд билан фарз бўлган ва уни тўла қилиб олишига монеъ йўқ. Агар маҳр фосид бўлса – ароқ, тўнғиз каби – агар уни қабул қилиб олган бўлса, иш шунга қарор топган бўлади ва унга бошқаси берилмайди. Чунки, у аёл уни ширк ҳукми билан олган бўлади ва маҳр бериш зиммасида бўлган кишининг зиммаси хориж бўлган бўлади. Чунки, унга эътироз билдиришда у (эр) учун машаққат ва Исломдан нафрат пайдо бўлади. Шу боис худди бошқалардан бошқа куфр амаллари кечирилгани каби бу ундан кечирилади.

Агар аёл фосид маҳрни қабул қилиб олмаган бўлса, унга маҳри мисл (яъни, ўзига ўхшаган аёлларга бериладиган ўртача маҳр миқдори) белгиланади. Агар фосид маҳрнинг бир қисмини қабул қилиб олган бўлса ва қолганини ҳали олмаган бўлса, у аёл учун маҳрнинг қолган қисми миқдорида маҳри мисл белгиланади. Агар умуман маҳр белгиланмаган бўлса, никоҳи маҳр тайинлашдан холи бўлгани сабабли унга маҳри мисл белгиланади.

Агар эр-хотин бир пайтда, Ислом калимасини биргаликда талаффуз қилиб, Исломни қабул қилсалар, улар ўз никоҳларида қоладилар. Чунки, улардан динда бошқа бўлиш ҳолати топилмади.

Агар китобия аёлнинг эри Исломни қабул қилса, аёлнинг ўзи Исломни қабул қилмаса, улар ўз никоҳларида қолаверадилар. Чунки, мусулмон киши аввал бошдан китобия аёлга уйланиши мумкин эди, уларнинг никоҳлари давом этиши албатта лойиқроқ бўлади.

Агар кофирнинг никоҳидаги кофира аёл қўшилмасларидан туриб Исломни қабул қилса, никоҳ ботил бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Уларни кофирларга қайтарманглар! У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир» (Мумтаҳана: 10), деди. У аёл маҳрга ҳақли бўлмайди, чунки ажралиш у тарафидан содир бўлади.

Агар китобия бўлмаган аёлнинг эри қўшилмасларидан аввал Исломга кирса, никоҳ ботил бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Сизлар ҳам кофираларнинг билак-қўлларидан ушламанглар (яъни, сизларнинг хотинларингиз кофира бўлган ҳолларида кофирлар билан қолишни истаса, сизлар уларнинг йўлларини тўсиб никоҳларингизда сақламанглар)», деди (Мумтаҳана: 10). У аёл ажралиш унинг тарафидан бўлгани учун ярим маҳрга ҳақли бўлади.

Агар китобий бўлмаган эр-хотиннинг бири Исломга кирса, ёки кофирнинг хотини бўлган кофира аёл қўшилишдан кейин Исломга кирса, идда томом бўлиш вақтигача кутиб турилади. Шу вақт ичида иккинчиси ҳам Исломга кирса, никоҳ давом этади. Агар Исломга кирмаса, никоҳ биринчиси Исломга кирган пайтдан бузилган ҳисобланади.

Тўрттадан ортиқ хотини бўлган киши Исломга кирса ва аёллари ҳам Исломни қабул қилсалар ёки китобия бўлсалар, улардан тўрттасини танлаб олади. Чунки, Қайс ибн Ҳорис Исломни қабул қилганида саккизта аёли бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Улардан тўрттасини танла», деганлар (Абу Довуд (2241), Ибн Можа (1952) Қайс ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу гапни бошқаларга ҳам айтганлар (Ибн Можа (1953) Ғийлон ас-Сақафийдан, Ибн Аби Шайба (4/3, №17182), Аҳмад (2/44, №5027) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Валлоҳу аълам.