Душанба 25 Ноябрь 2024 | 23 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Никоҳдаги айблар ҳақидаги боб

4291 марта кўрилган

Никоҳни сақлаб қолиш ё бузишни ихтиёрли қиладиган бир қанча айблар мавжуд. Жумладан:

- Қай бир аёл эрини жинсий заифлиги ёки олати кесилганилиги туфайли жинсий алоқага қодир эмас деб топса, у никоҳни бузишга ҳақли бўлади. Агар аёл эрни жинсий заиф деб даъво қилса, у бунга иқрор бўлса, унга бир йил муҳлат берилади. Шу вақт ичида жинсий алоқа қилмаса, аёл никоҳни бузишга ҳақли бўлади.

- Эркак киши агар аёлида жинсий алоқага тўсқинлик қиладиган бирон айбни топса, масалан унинг қинига йўл тўсилган бўлиб, очилиб кетиши имкони бўлмаса, никоҳни бузишга ҳақли бўлади.

- Эр-хотиннинг бири иккинчисида бавосир, жунунлик, песлик, моховлик, каллик, оғизда ёқимсиз ҳид каби айб топса, бу нарса нафратга сабаб бўлгани учун никоҳни бузишга ихтиёрли бўлади.

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Эр-хотиннинг бирини иккинчисига нафратли қиладиган ва у билан никоҳдан қасд қилинган меҳр-муҳаббат ва кўнгил яқинлиги ҳосил бўлмайдиган ҳар қандай айб ихтиёрни вожиб қилади ва у баъйдан кўра бунга лойиқроқдир» (Зодул-маъод: 5/183).

Агар эр-хотиннинг биридаги айб ақддан кейин пайдо бўлса ҳам, унда иккинчиси ихтиёрли бўлади.

Эр-хотиннинг қай бири иккинчисида бўлган айбга рози бўлмаса, гарчи ўзида ҳам айни шундай ёки бошқача айб бўлса ҳам, у учун ихтиёр бўлади. Чунки, инсон ўзининг айбидан жирканмайди. Қай бири иккинчисининг айбига рози бўлса ва: «айбига розиман» деса, ёки ундан айбини била туриб розиликка далил бўладиган иш топилса, унда ихтиёр қолмайди.

Иккаласидан бири учун ихтиёр собит бўлган ҳолатда, бу иш фақат ҳоким (қози) ҳузурида узил-кесил бўлади. Чунки, бу ижтиҳод ва текширишга муҳтож ишдир. Ҳоким ихтиёр эгасининг талаби билан никоҳни бузади ёки ихтиёр эгасига изн беради ва у никоҳни бузади.

Агар никоҳ эр-хотин қўшилмасидан туриб бузилса, аёлга маҳр лозим бўлмайди. Чунки, агар никоҳни бузиш аёлдан бўлса, ажралиш у тарафидан содир бўлган бўлади. Агар эркакдан бўлса, аёл унга айбини яширган бўлади ва никоҳ бузилишига у сабаб бўлган бўлади.

Агар никоҳ бузилиши қўшилишдан кейин содир бўлса, аёлга ақдда тайин қилинган маҳр берилади. Чунки, у ақд билан фарз бўлган ва қўшилиш сабабли иқрор топган, энди соқит бўлмайди.

Норасида қизни, мажнунани, мамлукани (чўри қизни) никоҳни рад қиладиган айби бўлган кишига узатиш мумкин эмас. Чунки, уларнинг валийлари уларнинг манфаатларидан келиб чиқиб иш қилиши лозим. Агар валийлари айбни билмаган бўлса, билганидан сўнг улардан зарарни кетказиш учун никоҳни бузади.

- Агар оқила ва расида аёл бичилган ёки жинсий заиф кишига рози бўлса, валийси уни ман қила олмайди. Чунки, қўшилиш ҳаққи уники, бошқаники эмас.

- Агар мажнун, мохов ва песга рози бўлса, валийси уни ман қилишга ҳақли. Чунки, бунда фарзандга ҳам ўтиши хавфи бўлган зарар бор ва бунда аёлнинг оиласига камситилиш ҳосил бўлади.