асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Намозда имом бўлиши дуруст бўлмайдиган кишилар ҳақидаги боб3765 марта кўрилган Намозда имом бўлиш жуда катта масъулиятдир. Имомлик имомнинг шахсида мужассам бўлиши шарт бўлган бир қанча лаёқат ва қобилиятларга муҳтож бўлиши билан бир қаторда имом бўлувчи киши уни бу мансаб ва вазифадан ман қиладиган айрим сифатлардан ҳам холи бўлиши зарур: - Аввало, фосиқ кимсанинг намозда имом бўлиши жоиз эмас. Фосиқ деб ширкдан пастроқ бўлган гуноҳи кабиралардан бирортасини қилиш билан истиқомат (тўғрилк) ҳаддидан чиққан кишига айтилади. Фисқ (фосиқлик) икки хилга – амалий фисқ ва эътиқодий фисққа бўлинади. Амалий фисқ зино қилиш, ўғирлик қилиш, маст қилувчи ичимлик ичиш кабилардир. Эътиқодий фисқ эса рофизийлик-шиалик, муътазилалик, жаҳмийлик кабилардир. Фосиқни намозда имомликка ўтказиш жоиз бўлмайди. Чунки, фосиқ кимсанинг хабари ҳам қабул қилинмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!» (Ҳужурот: 6). Шундай экан, намознинг шартлари ва аҳкомларида фосиққа ишонилмайди. Фосиқ кимса бошқаларга ёмон намуна бўлади, уни имом қилиш билан фасодга йўл қўйилган бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аёл киши эркак кишига асло имом бўлмасин, аъробий муҳожирга имом бўлмасин, фожир мўминга имом бўлмасин, магар у (яъни фожир) қилич ва қамчи кучи билан (мўминга) зўрлик қилса (унга иқтидо қилиш мумкин)» (Ибн Можа «Сунан»да (1081) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Ушбу ҳадисдан бизга тааллуқли ўрни: «Фожир мўминга имом бўлмасин», деган сўзларидир. Фужур фисқ билан бир маънода бўлиб, ҳақдан бурилишни англатади. Фосиқнинг ортида намоз ўқишдан қайтарилган, имкони бўлса уни имомликка ўтказиш мумкин эмас. Масъул шахслар фосиқни имом қилиб тайинлашдан эҳтиёт бўлишлари лозим, чунки улар манфаатларни риоя қилишга буюрилганлар. Шундай экан, одамларни макруҳ намозга туширишлари жоиз эмас. Қолаверса, уламолар фосиқнинг ортида ўқилган намознинг яроқлилиги ҳақида ихтилоф қилганлар. - Рукуъ ёки сужуд қилишдан ожиз бўлган кишининг ўзига ўхшаган одамдан бошқага имомлик қилиши дуруст бўлмайди. Агар ўзига ўхшаган бирон рукн ё шартни бажо келтиришдан ожиз одамга имом бўлса жоиз. Шунингдек, тик туришдан ожиз одамнинг тик туришга қодир одамга имом бўлиши ҳам дуруст эмас. Фақатгина тик туришдан ожиз одам шу масжиднинг расмий имоми бўлса ва вақтинчалик бирон узр ва сабаб туфайли ўрнидан туришга қодир бўлмаётган бўлса, унинг ортида намоз ўқиш мумкин. Бу ҳолда унинг ортидагилар ҳам ўтириб намоз ўқийдилар. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморликларида уйларида ўтириб намоз ўқидилар. Орқаларида қавм тик туриб намоз ўқиётган эди, уларга: «Ўтиринглар» деб ишора қилдилар. Намозларидан бурилгач: «Имом унга эргашишлари учун имом қилинади. Шундай экан, у рукуъ қилса, рукуъ қилинглар, рукуъдан бош кўтарса, сизлар ҳам бош кўтаринглар. Агар ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам ўтириб намоз ўқинглар», дедилар (Бухорий (688) ва Муслим (412) ривоятлари). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятида: «Барчангиз ўтириб ўқинглар» (Муттафақун алайҳ). Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ҳам шу маънода ривоят қилган. Сабаби, имомлик расмий имомнинг ҳаққидан саналади. Агар унинг орқасида тик туриб ўқисалар ёки айрим кишилар тик туриб ўқисалар, саҳиҳ қавлга кўра, уларнинг намозлари дуруст бўлади. Агар имом шундай ҳолатга тушганида бошқа бировни тик туриб намоз ўқиб бериш учун ўтказса, хилофдан чиқиш учун, яхши бўлади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларига бошқа бировни ҳам ўтказганлар. У зот жоизликни баён қилиш учун ҳар икки ишни қилганлар, валлоҳу аълам. - Давомий суратда таҳорати синиб турадиган одамнинг, масалан, доим сийдик томчилаб турадиган ё ел келиб турадиган кишининг имом бўлиши жоиз эмас. Магар ўзига ўхшаган ана шундай касалликка чалинган одамга имом бўлиши дуруст. Аммо соғлом одам унинг орқасида намоз ўқиши дуруст эмас. Чунки, ундай одамнинг намозида тузатиб бўлмас халал мавжуд бўлиб, у покликка зид бўлган нажосат чиқиб турган ҳолда намоз ўқиётган бўлади. Унинг намози фақат зарурат учунгина ва ўзига ўхшаган одамгагина – узрлари бир хил бўлгани сабабли – дуруст бўлади. - Агар бир киши таҳоратсиз одамнинг ёки баданида ё кийимида ё жойнамозида нажосат бўлган одамнинг орқасида намоз ўқиса, ушбу нажосат ёки бетаҳоратликни то намоз ўқиб бўлингунча ҳар иккиси ҳам билмаган бўлсалар, маъмумнинг намози дуруст бўлади, имомники эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар жунуб киши қавмга намоз ўқиб берган бўлса, у намозини қайта ўқийди, қавмнинг намози тўла (яъни дуруст) бўлади», деганлар (Ибн Аби Шайба Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 2/446, №4607). Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хулафои рошидийннинг суннатлари ҳам шунга жорий бўлганди. Улар одамларга имом бўлиб намоз ўқиганларидан сўнг жанобатни кўрсалар, ўзлари намозни қайта ўқишар, одамларни эса қайта ўқишга буюрмас эдилар» (Мажмуъул-фатово: 23/369). Агар имом ёки маъмум намоз асносида (имомдаги) нажосат ёки бетаҳоратликни билиб қолса, ҳамманинг намози бузилади. - Саводсиз кишининг имомати дуруст эмас. Яъни, бундан мурод, Фотиҳа сурасини ёддан билмайдиган ёки билса ҳам яхши ўқиёлмайдиган, маъно бузиладиган даражада бузиб ўқийдиган, масалан: «ийяка»ни «ийяки», «анъамта»ни «анъамту», «иҳдина»ни «аҳдина» қилиб ўқийдиган ёки бир ҳарфни бошқа ҳарф шаклида, «р»ни «ғ» ёки «л» шаклида ўқийдиган, «с»ни «ш» шаклида ўқийдиган тили чучук одамнинг имом бўлишидир. Мана шундай саводсиз одамнинг – агар мазкур камчилигини тўғрилаш имкони бўлмаса – худди ўзига ўхшаган одамдан бошқага имом бўлиши жоиз эмас. Агар қироатини тузатиш имкони бор бўлса, унинг ҳам, орқасида намоз ўқиган кишининг ҳам намози дуруст бўлмайди. Чунки, у қодир бўлган ҳолида бир рукнни тарк қилган бўлади. - Бир қавм бир кишини динидаги бирон нуқсон сабабли ўринли равишда ёмон кўрса, ўша кишининг у қавмга имом бўлиши макруҳдир. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч киши борки, уларнинг намозлари қулоқларидан юқорига ўтмайди: қочоқ қул то қайтиб келгунича; эри ундан ғазабланган ҳолда кечани ўтказган аёл; бир қавмнинг имомики, улар уни ёмон кўрадилар», деганлар (Имом Термизий (360) ривоят қилиб, саҳиҳ санаган). Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар уни динида бўлган ёлғончилиги ё зулми ё жоҳиллиги ё бидъати каби бирон иш туфайли ёмон кўрсалар ва ундан кўра динида солиҳроқ бўлган, ростгўйроқ, олимроқ, диндорроқ бошқа бир одамни ёқтирсалар, ўзлари истаган ўша кишини уларга имом қилиб тайинлаш вожиб бўлади. Улар ёқтирмаган ҳалиги одам уларга имом бўлиши дуруст бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч киши борки, уларнинг намози мақбул бўлмайди: бир қавмга улар ёқтирмаган ҳолларида имом бўлган киши, намозга вақти ўтиб кетганидан кейин келадиган киши, озод одамни қул қилган киши», деганлар» (Мажмуъул-фатово: 23/373, ҳадисни Абу Довуд (593) ва Ибн Можа (970) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Яна айтади: «Агар улар ўртасидаги адоват хоҳиш-ҳаво ва мазҳаблар аҳли ўртасида бўладиган адоват бўлса, у ҳолда ҳам у одам уларга имом бўлмаслиги керак. Чунки, жамоат намозидан мақсад – ўртадаги меҳр-муҳаббатни кучайтиришдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ихтилоф қилманглар, қалбларингиз ҳар хил бўлиб қолади», деганлар» (Муслим (432) Ибн Масъуддан ривоят қилган). Аммо, имом агар диндор ва суннатни маҳкам ушлаган бўлса, уни шунинг учун ёмон кўрсалар, унинг имом бўлиши макруҳ бўлмайди, балки уни ёмон кўрганларни айбдор қилиш лозим. Нима бўлганда ҳам, имом ва маъмумлар ўртасида бир-бирларини тушуниш, тақво ва яхшиликда бир-бирларига ёрдамлашиш ҳолатини пайдо қилиш, шайтоний ғараз ва ҳавои нафс туфайли бир-бирларидан аразлашиш ҳолларига барҳам бериш лозим. Имом маъмумларнинг ҳақларига риоя қилиши, уларга оғирлик туширмаслиги, уларнинг ҳис-туйғуларини ҳурмат қилиши лозим. Шу билан бир қаторда маъмумлар ҳам имомнинг ҳаққини риоя қилишлари ва уни ҳурматлашлари лозим. Қисқаси, ҳар икки томон ҳам динга ва мурувватга халал етказмайдиган айрим жузъий камчиликларни бир-бирларидан кечирсалар, олам гулистон. Инсон хато ва камчиликдан холи эмас. Ким ҳам барча хулқила ҳаммани қилар рози,
Шараф учун кифоя айбу нуқсоннинг ози. Аллоҳ таолодан барчаларимизга ҳидоят ва тавфиқ сўраймиз. |