Сешанба 3 Декабрь 2024 | 1 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Имоматга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3359 марта кўрилган

Имомат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бевосита ўзлари бажарган ва у зотдан сўнг хулафои рошидийнлари адо этган муҳим диний вазифадир.

Имоматнинг фазли борасида кўплаб ҳадислар келган. Жумладан: «Уч киши қиёмат куни мушк тепаликлари устида бўлади: бир қавмга имом бўлган ва улар ундан рози бўлган киши...» (Термизий (1986) ва Аҳмад (2/26) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Яна бир ҳадисда шундай дейилган: «У учун ортида намоз ўқиган кишиларнинг ажрича ажр бўлади» (Табароний «Ал-муъжамул-авсат»да (7/370) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоя қилган).

Шунинг учун ҳам айрим саҳобалар имоматда бўлган фазлу ажрни қўлга киритиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Мени ўз қавмимга имом қилиб қўйинг», деб илтимос қилишарди.

Лекин, таасуфки, ҳозирги пайтда кўп толиби илмларни ялқовликни афзал кўриб, яхшиликка рағбатлари камлигидан имоматдан юз ўгиришларини, ундан воз кечишларини ва уни адо этишдан ўзларини четга олишларини кўрамиз. Бу эса шайтоннинг измига юришдан бошқа нарса эмас.

Улар бу вазифани жиддийлик ва рағбат билан ҳамда Аллоҳ ҳузуридан ажр истаб адо қилишлари муносибдир. Зеро, толиби илмлар бу каби солиҳ амалларни адо қилишга бошқалардан кўра лойиқроқлар.

Қайси бир шахсда имоматга тўла-тўкис лаёқат бўлса, у бошқалардан кўра унга лойиқроқ бўлади, балки агар бошқа одам бўлмаса, у имом бўлиши шарт ҳамдир.

- Имоматга энг лойиқ одам Аллоҳнинг Китобини яхши ўқувчи кишидир. Яъни, Қуръонни тажвид билан, ҳарфларини ўз ўрнидан чиқариб, лаҳн қилмасдан, ҳар оҳангга солишга уринмасдан, қироатнинг барча қоидаларига мувофиқ ўқийдиган, шу билан бирга намознинг фиқҳини яхши биладиган, унинг шартлари, рукнлари, вожибларини, уни бузувчи ишларни биладиган одам имомликка энг лойиқ шахс саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қавмга Аллоҳнинг Китобини энг яхши ўқувчироғи имом бўлади», деганлар. Шу маънода келган саҳиҳ ҳадислар далолатига кўра, Қуръони каримни яхши ўқийдиган ва намоз фиқҳидан яхши хабардор киши имомликда муқаддам қўйилади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Қуръонни яхшироқ ўқийдиган одам фақиҳроқ саналарди.

- Агар қироатда баробар бўлсалар, фақиҳроғи муқаддам қилинади. Чунки, у ҳар икки хислатни – қироатни ҳам, фиқҳни ҳам ўзида жамлагандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қироатда тенг бўлсалар, суннатни яхшироқ билувчиси имом бўлади», деганлар. Яъни, Аллоҳнинг динида фақиҳроқ бўлгани имомга ўтади. Чунки, намоз ўқувчининг фиқҳга эҳтиёжи қироатга эҳтиёжидан кўпроқдир. Чунки, намозда бир неча чекланган оятларни қироат қилинади, аммо унинг ичида юз бериши мумкин бўлган ҳолатлар саноқсиз бўлиши мумкин.

- Агар фиқҳда ҳам, қироатда ҳам тенг бўлсалар, ҳижратда муқаддам бўлгани имом бўлади. Ҳижрат – ширк диёридан Ислом диёрига кўчиб ўтишдир.

- Агар қироатда ҳам, фиқҳда ҳам, ҳижратда ҳам тенг бўлсалар, ёши каттароғи имом бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёши каттароғингиз сизларга имом бўлсин», деганлар (Муттафақун алайҳ). Чунки, ёши катталик Исломда фазилатдир, қолаверса, ёши улуғроқ одам хушуъга ва дуоси ижобат бўлишга яқинроқдир.

Имомликнинг мазкур тартибга кўра бўлишига далил шуки, Имом Муслим (673) Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қавмга Аллоҳнинг Китобини кўпроқ ўқиб-билган киши имом бўлади. Агар Қуръон ўқишда тенг бўлсалар, суннатни билувчироғи имом бўлади. Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, олдинроқ ҳижрат қилгани имом бўлади. Ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши каттароғи имом бўлади», деганлар.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Китобу Суннатни билишни фазилатда муқаддам қилдилар. Агар илмда баробар бўлсалар, солиҳ амални илгарироқ қилганини муқаддам қўйдилар. Солиҳ амални ўз ихтиёри билан олдинроқ қилган кишини (яъни, аввалроқ ҳижрат қилган кишини) Аллоҳнинг яратишига кўра муқаддам бўлган, яъни ёши каттроқ бўлган одамдан муқаддам ўринга қўйдилар» (Мажмуъул-фатово: 23/386).

Имоматга тааллуқли айрим жиҳатлар борки, уларга кўра баъзи кишилар гарчи ўзларидан фазилатда муқаддамроқ кишилар бўлган ҳолда ҳам имомликка ўтишлари керак бўлади. Улар қуйидагилар:

1) Масжиднинг давлат тарафидан тайинланган расмий имоми агар ҳақиқатда имомликка лаёқати бўлса, у турганда бошқа одам, ундан кўра афзалроқ бўлса ҳам, имомликка ўтиши жоиз эмас. Агар ўзи изн берса, ўтса бўлади.

2) Хонадон соҳиби агар имоматга лаёқатли шахс бўлса, бошқа биров унинг олдида имом бўлиши жоиз эмас, фақат унинг ўзи изн берса, ўтиши мумкин.

3) Султон – яъни, давлат бошлиғи ёки унинг ноиби агар имомликка лаёқати бўлса, унинг олдида бошқа биров имомликка ўтмайди, у изн берсагина ўтиши мумкин.

Мазкур сифат эгаларининг бошқалардан муқаддам қилинишига далил шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир киши бошқа бировга унинг уйида ва унинг ҳукми остида бўлган ерда унинг изнисиз имом бўлмасин», деганлар (Абу Довуд (582-583) Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда айтилишича: «Бир киши бир кишига унинг аҳлида ва унинг ҳукми остидаги ерда унинг изнисиз имом бўлмасин», деганлар (Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: 673).

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бунинг маъноси шуки, манзил (хонадон) соҳиби агар қироат ва илм жиҳатидан имомликка яраса, ўз уйида имоматга лойиқроқдир. Агар масжид имоми султон ёки унинг ноиби тарафидан тайинланган бўлса ёки масжид аҳли уни имомликка танлаган бўлсалар, имомликка у ҳақлироқдир. Бошқа бировни ундан муқаддам қилиш унга нисбатан ёмон гумон пайдо қилади ва одамларнинг ундан юз ўгиришларига сабаб бўлади» (Маъолимус-сунан: 1/166-167).

Юқорида айтиб ўтилган гаплардан имоматнинг нақадар шарафли вазифа экани, унинг Исломдаги фазли ва эътибори нақадар юқори экани сизга маълум бўлган бўлса керак. Чунки, имом намозда ўрнак, имомат эса шарафли мартабадир. Имомат – яхшиликка бошқалардан ўзиш, тоат-ибодатга ва жамоатни лозим тутишга ёрдамдир. У сабабли масжидлар тоат билан обод бўлади. У Аллоҳ таоло Раҳмоннинг бандалари қиладиган дуо ҳақида баён қилган оятлар маъноси ичига кирадики: «Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга имом-пешво қилгин», дейдиган кишилардир» (Фурқон: 74).

Намоздаги имомат диндаги имоматдир. Хусусан, имом масжидга йиғилганларга панд-насиҳат ва мавъизалар қилса, бу билан яхши сўз ва солиҳ амални ўзида бириктирган, Аллоҳ йўлида даъват қилувчилардан бўлади. «(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзловчи ким бор?» (Фуссилат: 33).

Имоматни адо этишдан фақат маҳрумларгина бош тортадилар. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.