асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Чўкиб кетган ва вайрона остида қолган кишининг мероси ҳақидаги боб2696 марта кўрилган
1) Жамоатнинг ҳаммаси бир онда ҳалок бўлган ва бири бошқасидан аввал ўтмаган бўлиши. Бу ҳолатда улар ўртасида бир-бирига ворислик бўлмаслигига ижмоъ қилинган. Чунки, ворислик шартларидан бири – мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг вориснинг ҳаёт экани аниқ бўлиши эди. Бу ерда шу шарт мавжуд бўлмади. 2) Улардан бирининг вафоти иккинчисининг вафотидан кейин бўлгани маълум бўлиши ва бу унутилмаган бўлиши. Бу ҳолда кейин вафот этгани аввал вафот этганига ворис бўлишига ижмоъ қилинган. Чунки, ворис мерос қолдирувчининг вафотидан кейин ҳаёт бўлгани аниқ бўлди. 3) Улардан бирининг вафоти иккинчисининг вафотидан кейин бўлгани маълум бўлиши, бироқ қай бири аввал, қай бири кейин ўлгани аниқ бўлмаслиги. 4) Улардан айнан қай бири иккинчисидан олдин вафот этгани маълум бўлиши, бироқ унутилган бўлиши. 5) Уларнинг ўлимлари воқеси номаълум бўлиши, барчалари вафот этишганми ёки тафовут билан вафот этишганми экани билинмаслиги. Охирги учта ҳолат эҳтимоллар ўрни, ижтиҳод ва текширув майдонидир. Уламолар бу борада икки хил сўзга бўлинганлар: Биринчи сўз: Ҳар учала ҳолатда ҳам улар бир-бирларига ворис бўлмасликлари. Бу саҳобалардан бир жамоасининг, жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Зайд ибн Собит, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумнинг сўзларидир, учта имом – Абу Ҳанифа, Молик ва Шофиеъийлар ҳам шу сўзни ихтиёр қилганлар. Чунки, ворислик шартларидан бири – мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг вориснинг тириклиги аниқ бўлиши эди. Бу ерда шу шарт аниқ бўлмай, шубҳали бўлиб қолди. Шак билан мерос берилмайди. Чунки, Ямома воқеасида, Сиффийн воқеасида, Ҳарра воқеасида ўлганларни бир-бирларига ворис қилинмаган. Иккинчи сўз: Улардан ҳар бири иккинчисига ворис қилинади. Бу саҳобалардан бир жамоасининг, жумладан, Умар ибн Хаттоб ва Алий розияллоҳу анҳумонинг сўзларидир, имом Аҳмаднинг мазҳаби ҳам шудир. Бу сўзнинг далили шуки, улардан ҳар бирининг ҳаёт экани аниқ ишонч билан собит эди. Асл – иккинчисининг вафотидан кейингача унинг ҳаёт бўлиб қолишидир. Чунки, Умар розияллоҳу анҳуга Шомда ўлат тарқалиб, хонадон аҳллари битта қолмай вафот этаётгани ҳақида мактуб келганида уларни бир-бирларига ворис қилишга буюрганлар (Ибн Аби Шайба (6/275, №31346) ривояти). Бунда мерос берилиши шарти – иштибоҳли суратда вафот этган кишиларнинг ворислари уларнинг ўлимлари тартиби ҳақида ихтилоф қилмасликлари ва ҳар бир маййитнинг ворислари ҳужжатлари бўлмаган ҳолда ўзларининг мерос қолдирувчилари кейин вафот этганинини даъво қилмасликларидир. Акс ҳолда улар ўзаро қасам ичадилар ва таворус (бир-бирига меросхўрлик) бўлмайди.
Мана шу кучли сўзга, яъни уларни бир-бирига ворис қилинмаслиги ҳақидаги сўзга кўра, улардан ҳар бирининг моли ўзининг тирик ворисларига бўлади, ўзи билан бирга вафот этганларига эмас. Чунки, шу билан аниқликка амал қилинган ва шубҳадан узоқ бўлинган бўлади, валлоҳу аълам. |