Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёл кишига ҳажнинг вожиб бўлиши шартлари ва бировнинг ўрнига ҳаж қилишга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

4054 марта кўрилган

Ҳаж мусулмон эркак ва аёлга фарздир. Лекин, аёл кишига фарз бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган шартларга қўшимча ўлароқ ёнида бирга сафар қиладиган маҳрами ҳам бўлиши лозим. Чунки, аёл киши на ҳажга ва на бошқа сафарга маҳрамсиз сафар қилиши жоиз эмас.

Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл киши маҳрамсиз сафар қилмасин, эркак киши аёл кишининг ҳузурига маҳрами бўлмаган ҳолатда кирмасин», деганлар (Бухорий (1862) ва Муслим (1341) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Мен фалон лашкар сафида чиқмоқчи эдим, аёлим ҳаж қилишни истаяпти», деганида у зот: «У билан бирга (ҳажга) чиқ», дедилар (Юқоридаги ҳадисдан).

«Саҳиҳайн»да келган ҳадисда бир киши: «Менинг аёлим ҳаж учун йўлга чиқди, мен эса фалон ва фалон жангга ёзилиб қўйган эдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бор, аёлинг билан бирга ҳаж қил», дедилар (Бухорий (3006) ва Муслим (1341) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган аёл бир кеча-кундузлик масофага маҳрамисиз сафар қилиши ҳалол бўлмайди», деганлар (Бухорий (1088) ва Муслим (1339) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ушбу ҳадислар аёл кишининг маҳрами бўлмаган ҳолда ҳаж ва бошқа сафарларга чиқиши ҳаром эканига далилдир. Бу эса фитна ва фасоднинг олдини олиш учун қилингандир.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маҳрам ҳам йўлга қодир бўлиш жумласидандир» (Ал-муғний: 3/97). Қай бир аёлнинг маҳрами бўлмаса, унга ҳаж лозим бўлмайди.

Аёл кишига эри, шунингдек, у билан никоҳланиши абадий ҳаром бўлган яқин қариндошларидан бири маҳрам бўла олади.

Яқин қариндоши насаб орқали бўлиши мумкин, ака-укаси, отаси, амакиси, жияни каби.

Ёки мубоҳ сабаб билан маҳрам бўлган бўлиши мумкин, эмикдош ака-укаси каби.

Ёки қудачилик орқали маҳрам бўлган бўлиши мумкин, ўгай отаси, ўгай ўғли, қайнотаси каби.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ва охират куни иймон келтирган аёл учун уч кун ва ундан ортиқ бўладиган сафарга отаси ё ўғли ё эри ё ака-укаси ёки бирор маҳрами бирга бўлмаган ҳолда чиқиши ҳалол бўлмайди», деганлар (Муслим (1340) Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Сафарда маҳрамининг нафақаси ҳам аёл кишининг зиммасига бўлади. Демак, аёл кишига ҳаж фарз бўлиши учун ўзи ва маҳрамининг бориб-келишига етарли нафақаси бўлиши шарт қилинади.

Аёл киши ўзига маҳрам топгани ҳолда ҳажни пайсалга солиб юриб, кейин маҳрамсиз қолса, яна маҳрам топгунича кутади. Агар маҳрам топишдан умиди узилса, ўз ўрнига бошқа бировни ҳаж қилдиради.

Ҳаж қилиши фарз бўлган киши ҳаж қилмасдан вафот этса, қолдирган молидан ҳажга етгудек миқдорни чиқарилади ва бирон киши шу мол билан унинг ўрнига ҳаж қилади. Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, бир аёл: «Ё Расулуллоҳ, онам ҳаж қилишни назр қилганди, бироқ ҳаж қилолмай вафот этди. Унинг ўрнига мен ҳаж қилсам бўладими?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, унинг номидан ҳаж қил. Онангнинг зиммасида қарз бўлганида, уни адо этган бўлармидинг?! Аллоҳнинг (ҳаққини) адо қилинглар, чунки Аллоҳ вафо қилинишга ҳақлироқдир», дедилар (Бухорий (1852) ривояти).

Ушбу ҳадис далолатига кўра, зиммасига ҳаж фарз бўлган киши вафот этса, фарзанди ёки валийси худди унинг қарзларини адо этгани каби, унинг номидан ҳаж қилиши ёки у қолдирган мол ҳисобидан бирон кишини унинг номидан ҳаж қилиш учун юбориши лозим бўлади.

Одамзотнинг қарзлари унинг қолдирган моли ҳисобидан ўталишига ижмоъ қилганлар, зиммасидаги қазони ҳам худди шундай адо этилади.

Бошқа бир ҳадисда келганки: «Опам (синглим) ҳаж қилишни назр қилганди» (Бухорий (6699) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган), «Сунан ад-Дорақутний»да: «Отам зиммасида ҳаж фарз бўлган ҳолда вафот этди» (Сунан ад-Дорақутний: 2/506, №2575). Ҳадислар зоҳирига кўра, шариат тарафидан фарз бўлганми, ўзига ўзи фарз қилганми, васият қилганми, қилмаганми, фарқсиздир.

Бировнинг номидан ҳаж қилиш билан ўша унинг номидан ҳаж қилинган киши худди ўзи ҳаж қилганидек бўлади. Ҳаж қилувчи эса гўё унинг вакили бўлади ва унинг номидан эҳром боғлайди, унинг номидан лаббайка айтади. Мабодо, унинг номини лафзан тилга олмаса ҳам, барча расм-русумларни унинг номидан қилиши кифоя қилади. Агар унинг исми-шарифини аниқ билмаса ҳам, ўзига берилган шу молнинг эгаси номидан ҳаж қилишга ният қилаверади.

Мусулмон киши вафот этиб кетган ёки ҳаёт бўлсалар-да, ҳаж қилишга ожиз бўлган ота-онаси номидан ҳаж қилиши мустаҳабдир. Бу ҳолда аввал онасига ҳаж қилади, чунки, она унинг яхшилигига ҳақлироқдир.