Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳаж ва у кимга вожиб бўлиши ҳақидаги боб

3587 марта кўрилган

Ҳаж Исломнинг рукнларидан бир рукндир. Аллоҳ таоло айтади: «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир» (Оли Имрон: 97). Яъни, одамлар зиммасида Байтни ҳаж қилиш фарздир. Оят давомида Аллоҳ таоло: «Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир», дейиш билан ҳажнинг фарзлигини инкор қилган кишини кофир деб атади. Демак, бу унинг фарзлигини яна ҳам таъкидлайди. Унинг фарзлигини эътиқод қилмаган киши билиттифоқ кофир бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзининг халилига: «Ва одамларни ҳажга чақиргин», деб амр қилди (Ҳаж: 27).

Алий розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинган ҳадис борки: «Кимда-ким йўл харажатига ва уни Байтуллоҳга олиб борадиган уловга эга бўлса-ю, ҳаж қилмаса, яҳудий бўлиб ўладими, насроний бўлибми, унга фарқсиздир» (Термизий (812) ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, Рамазон рўзасини тутиш ва йўлига қодир бўлган одам байтни ҳаж қилиши» (Бухорий (8) ва Муслим (16) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Йўлига қодир бўлишдан мурод – йўл озуқасига ва Байтуллоҳга олиб бориб, яна қайтариб келадиган нақлиёт воситасига эга бўлиш демакдир.

Ҳажнинг машруъ бўлишидаги ҳикмат, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда баён қилганидек: «Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар). Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар. Сўнгра (қурбонлик қилганларидан кейин) улар кирларини кетказсинлар (яъни эҳромдан чиқиб, сочларини олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (яъни зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини) тўла адо қилсинлар ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар!» (Ҳаж: 28-29).

Ҳаждан бўлган манфаат бандаларнинг ўзларига қайтади, Аллоҳ таолога эмас. Чунки, «албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир» (Оли Имрон: 97). Унинг ҳажга келувчи кишиларга ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ, балки, бандалар Унга муҳтождирлар ва муҳтожликлари туфайли Унинг уйини ҳаж-зиёрат қилишга интиладилар.

Ҳажнинг фарз бўлиши намоз, закот ва рўзадан ортга сурилгани остидаги ҳикмат – намоз диннинг устуни ва бир кеча-кундузда беш марта такрорлангани, закот кўп ўринларда намоз билан ёнма-ён келгани, рўза эса йилда бир бор такрорланиб келгани учундир.

Исломда ҳаж жумҳур уламо сўзларига кўра, ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз қилинди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат бир бор – Ҳажжатул-вадоъда ҳаж қилганлар, бу ҳижратнинг ўнинчи йили бўлган эди (Бухорий (4471) ва Муслим (1254) ривоятлари), у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт марта умра қилганлар (Бухорий (1775) ва Муслим (1255) ривоят қилганлар).

Ҳаж ва умрадан кўзда тутилган мақсад Аллоҳ таолога У буюрган махсус ўринларда ибодат қилишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тош отиш ҳамда Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиш Аллоҳнинг зикрини барпо этиш учунгина қилинади», деганлар (Абу Довуд (1888) ва Термизий (902) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Ҳаж – мусулмонлар ижмоси билан фарз ва Исломнинг бир рукнидир. У қодир бўлган кишига умрида бир бор фарз, умуман Ислом умматига ҳар йили ҳаж ибодатини барпо қилиш фарзи кифоядир.

Мусулмон киши ҳаққида фарз ҳаждан кейингиси ихтиёрий-нафлдир.

Умра ҳам, аксар уламолар сўзларига кўра, фарздир. Бунга далил шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Хотин-қизларга ҳам жиҳод борми?», деб сўралганда у зот: «Ҳа, уларга уруши бўлмаган жиҳод бор. У – ҳаж ва умрадир», деб жавоб берганлар (Насоий «Ал-кубро»да (2/321, №3607), Ибн Можа (2901), Аҳмад (6/15, №25322) ривоятлари).

Аёлларга умранинг фарзлиги собит бўлган экан, бундан унинг эркакларга албатта фарзлиги маълум бўлади.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Отам кекса мўйсафид, ҳаж ва умрага ҳам, сафар қилишга ҳам қодир эмас», деганида у зот: «Отанг номидан сен ҳаж ва умра қил», деганлар (Абу Довуд (1810), Термизий (930), Насоий (2637), Ибн Можа (2906), Аҳмад (4/10, №16184) ривоятлари).

Ҳаж ва умра мусулмон кишига умрида бир бор фарз бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаж бир марта, ундан ортиғи татоввуъ-нафлдир», деганлар (Абу Довуд (1721), Насоий (2620), Ибн Можа (2886), Аҳмад (1/255, №2304) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб: «Эй одамлар! Аллоҳ таоло сизларга ҳаж (ибодати)ни фарз этди, ҳаж қилингиз!», дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ! Ҳар йилими?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бермадилар. Ҳалиги киши юқоридаги саволини уч маротаба такрорлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар «Ҳа» деганимда (ҳар йили ҳаж қилиш) фарз бўлиб қоларди ва сизлар бунга қодир бўлмас эдинглар», дедилар (Муслим (1337) ривояти).

Мусулмон киши фарз ҳажни қилишга имкон қадар шошилиши лозим, агар узрсиз кечиктирса, гуноҳкор бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаж (яъни, фарз ҳажни) қилишга шошилинглар, зеро ҳеч бирингиз нималарга дуч келишини билмайди», дедилар (Аҳмад (1/314-315, 32867) ривояти).

Ҳаж бешта шарт билан фарз бўлади: Ислом, ақл, балоғатга етган бўлиш, ҳур-озод бўлиш, қодирлик. Кимда ушбу шартлар топилса, ҳаж қилишга шошилиши лозим.

Норасида боланинг қилган ҳаж ва умраси ҳам нафл эътибори билан саҳиҳ бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилишича, бир аёл боласини кўтариб, Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатиб: «Бунинг ҳажи ҳаж бўладими?», деб сўраганида у зот: «Ҳа, сен учун ҳам савоб бўлади», деб жавоб берганлар (Муслим (1336) ривояти).

Аҳли илмларнинг ижмоъларига кўра, норасида бола балоғатга етмасидан ҳаж қилган бўлса, балоғатга етиб, қодир бўлганидан кейин яна ҳаж қилиши фарз бўлади, аввалги ҳажи исломда фарз бўлган ҳаж ўрнига ўтмайди, умраси ҳам шундай.

Гўдак бола тамйиз (оқ-қорани ажратиш) ёшига етмаган бўлса, унинг номидан валийси ният қилиб, эҳром боғлаб қўяди, уни эҳромда мумкин бўлмаган ишлардан сақлайди, кўтариб, тавоф ва саъй қилдиради, Арафот, Муздалифа ва Минода ёнида олиб юради, унинг номидан тош отади.

Агар бола тамйиз ёшига етган бўлса, валийсининг изни билан ўзи ният қилиб, эҳром боғлайди ва ўзи қодир бўлган ҳаж ибодатларини ўзи адо этади, тош отиш каби қодир бўлмаганларини валийси унинг номидан адо этади, юришга қодир бўлмаса, кўтариб ёки аравада тавоф ва саъй қилдиради.

Норасида бола ўзи қилиши мумкин бўлган ҳар бир амални, масалан, вуқуф (Арафотда туриш), мабийт (минода кечаларни ўтказиш) кабиларни ўзи қилиши лозим, яъни, биров унинг номидан қилиши дуруст эмас. Чунки, бунга ҳожат йўқ.

Ёш бола ҳам ҳажида худди катталардек эҳромда ман қилинган ишлардан сақланади.

Ҳажга қодир одам деб ҳам жисмонан, ҳам моддий жиҳатдан уни адо этиш имкониятига эга, сафар машаққатларини кўтара оладиган, бориб-келишга етарли маблағга эга бўлган, шунингдек, ортда қолган аҳли-аёл ва бола-чақаларига то ўзи қайтиб келгунича етгудек нафақа қолдира оладиган одамга айтамиз. Бу ишлар албатта зиммасида бўлган қарзларини ва бировларнинг ҳақларини адо этганидан кейин бўлиши зарурдир. Ундан ташқари, ҳажга бориб келадиган йўли жонига ҳам, молига ҳам бехатар бўлиши шартдир.

Агар моли билан қодир бўлса-ю, жисмонан қодир бўлмаса, яъни, ўта кекса ё тузалиб кетишига ишонч бўлмаган оғир бемор бўлса, хоҳ ўзининг диёридан, хоҳ бошқа диёрдан бўлган бирор кишини унинг номидан ҳаж ва умра қилдириши лозим бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилишича, Хасъамлик бир аёл: «Ё Расулуллоҳ, отамга Аллоҳнинг ҳаж фаризаси туяда ўтиролмайдиган кекса мўйсафид ҳолида етди, мен унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, унинг номидан ҳаж қилавер», дедилар (Бухорий (1513) ва Муслим (1334) ривоятлари).

Бошқа бировнинг ўрнига ҳаж қиладиган одам аввал ўзининг зиммасидаги фарз ҳажни адо қилган киши бўлиши шарт қилинади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг: «Шубрума номидан лаббайка», айтганини эшитиб: «Ўз номингдан ҳаж қилганмисан?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деган эди: «Аввал ўз номингдан ҳаж қил, кейин Шубрума номидан ҳаж қиласан», дедилар (Абу Довуд (1811), Ибн Можа (2903) ва Байҳақий (4/336) ривоятлари).

Ўзининг ўрнига ҳаж қиладиган одамга бориб-келишга кифоя қилувчи барча сафар харажатларини беради. Ҳажни ижарага ва тирикчилик манбаига айлантириб олиш жоиз эмас.

Ноиб (яъни, бировнинг ўрнига ҳаж қилувчи киши)нинг мақсади мусулмон биродарига ёрдам бериш, Аллоҳнинг уйини ҳаж ва зиёрат қилиш бўлмоғи, дунё топиш мақсадида бўлмаслиги лозим. Агар мол-дунё мақсадида ҳаж қилса, ҳажи саҳиҳ бўлмайди.