асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Таъзирга доир аҳкомлар ҳақидаги боб2938 марта кўрилган Таъзир луғатда ман қилиш, тўсиш маъносини англатади. Баъзан таъзир деганда ёрдам бериш маъноси ҳам қасд қилинади, чунки у тажовузкорни озор беришдан ман қилишдир. Таъзирнинг ҳурматлаш маъноси ҳам, адабини бериш маъноси ҳам бор, у қарама-қарши маънони ифодаловчи сўзлардан ҳисобланади. Таъзирнинг фиқҳий истилоҳий маъноси – адаб беришдир. Бундай деб номланишига сабаб – у қилиш жоиз бўлмаган ишдан тўсади ва ҳурматга сазовор бўлишга олиб боради. Чунки, таъзир берилган шахс шу сабабли нолойиқ ишни қилишдан тўсилса, унда вақор ҳосил бўлади. Таъзирнинг Исломдаги ҳукми шуки, ҳад (белгиланган жазо) ва каффорати бўлмаган ҳар қандай маъсиятда, яъни ҳаром ишлар қилинганда ва вожиблар тарк қилинганда таъзир бериш вожибдир. Улул-амр (давлат бошлиғи) шунда фойда бор деб кўрса уни ижро қилади, тарк қилишда фойда бор деб кўрса тарк қилади. Таъзирни бериш учун уни талаб қилиб чиқилишга зарурат йўқдир. Тажовуз қилинган шахс талаб қилмаса ҳам тажовузкорга таъзир берилади. Бунда ҳокимнинг ижтиҳодига қаралади, чунки жиноятлар қаттиқлик ва кучсизликда, кўп ва озликда тафовут қилади. Саҳиҳ гап шуки, унда муайян чек-чегара йўқ. Лекин, агар маъсият унинг жазоси шориъ томонидан белгилаб қўйилган зино ва ўғирлик каби жиноят бўлса, таъзирни ўша белгиланган миқдорга етказилмайди. Баъзан таъзир агар манфаат шуни тақозо қилса, қатл қилишга ҳам етиб бориши мумкин. Жосусни қатл қилиш, мусулмонлар жамоасини бўлиб юборувчини қатл қилиш, Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатларидан бошқа нарсага чақирувчини қатл қилиш ва шу каби фақат қатл билан даф қилиш мумкин бўлган ишларда бўлгани каби. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу энг адолатли сўздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва у зотнинг рошид халифалари суннати шунга далолат қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотини ўзининг жориясини эрига ҳалол қилган кишига юз дарра уришга буюрганлар ва шубҳа бўлгани учун ундан (эрдан) жазони бекор қилганлар, Абу Бакр ва Умар бир ёпинчиқ остида топилган эркак ва аёлни юз даррадан уришга буюрганлар. Умар Сабиғ ибн Ислни бидъат қилганини кўриб, кўп урганлар ҳатто у бидъатидан қайтган» (Мажмуъул-фатава: 28/108). Шайхулислом айтади: «Агар фасодни даф қилиш кўзда тутилган бўлса ва бу фақат қатл билан амалга ошса, қатл қилинади. Кимдан фасод ишлар такрор-такрор содир бўлса ва белгилаб қўйилган ҳадлар билан тийилмаса, у фақат қатл билан даф бўладиган зўравон сифатида қатл қилинади» (Ал-фатавал-кубро: 5/529). Таъзирнинг озига чегара йўқ, чунки жиноятлар оғир-енгилликда ҳамда аҳвол ва замонларнинг фарқланишига қараб тафовутли бўлади. Шу боис айрим жиноятларнинг жазолари зарурат ва маслаҳатга қараб ҳокимнинг ижтиҳодига қайтади ва лекин Аллоҳнинг амру наҳийларидан ташқарига чиқмайди. Таъзир уриш билан бўлгани каби қамаш, шапалоқлаш, ҳайфсан бериш, амалидан бўшатиш ва шу кабилар билан ҳам бўлади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзан «эй золим!», «эй тажовузкор!» деб уришиш ва мажлисдан чиқариб юбориш каби ишлар билан ҳам бўлади...» Таъзирни ўн қамчи уришгача оширишга ижозат берганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бирон киши Аллоҳнинг ҳадларидан бир ҳаддан бошқа ҳолда ўн қамчидан ортиқ урилмайди» деган сўзларига бу ердаги ҳаддан мурод шариатда белгилаб қўйилган жазолар эмас, балки маъсиятлар ва ҳаром ишлардир, Аллоҳнинг ҳадлари У ҳаром қилган ишлардир, шу боис маслаҳатга ва жиноятнинг миқдорига қараб таъзир берилади, деб жавоб берадилар. Таъзир бирон аъзони кесиш ёки таъзир берилувчини жароҳатлаш ё соқолини қириб ташлаш билан бўлмаслиги керак, чунки бунда мусла қилиш ва майиб қилиш ҳосил бўлади. Шунингдек, ароқ ичириш каби ҳаром билан таъзир бериш ҳам жоиз эмас. Ким одамларга азият етказиш билан танилган бўлса ва кўзи (тегиши) билан уларнинг молига озор етказса, то ўлгунича ё тавба қилгунича қамаб қўйилади. Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уни қамаб қўйиш ва одамлардан ёлғизлатиб қўйиш, то ўлгунича емак-ичмагини бериб туриш лозим. Бир қанча фуқаҳолар ана шундай деганлар, бунда хилоф бўлиши керак эмас. Чунки, бу мусулмонларнинг фойдаси ва улардан озорни даф қилиш йўлидир» (Мадарижус-саликийн: 1/401). Яна айтади: «Салтанатда сиёсат билан иш тутиш пухталикдир. Имом модомики шариатга хилоф қилмаса, бундан холи бўлмайди. Агар адолат белгилари зоҳир бўлса ва қайси йўл билан бўлса ҳам унинг (адолатнинг) юзи очилса, Аллоҳнинг шариати ўша ердадир. Одилона сиёсат шариат айтган нарсага мухолифдир, дейилмайди, балки у шариатга мувофиқ ва унинг жузъларидан бир жузъдир. Биз уни сизлар қўйган атама туфайли сиёсат деб номлаймиз. У ҳақиқий шариатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туҳмат хусусида қамаганлар...» (Бадаиул-фаваид: 3/674). Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ кўзбўямачилар ҳақида айтади: «Илон ўйнатаётган, олов ичига кираётган ва ҳоказо кишиларга таъзир берилади, мусулмон кишини мусулмонлиги учун камситадиган, зиммийни (кофирни), қабр ва мозорни зиёрат қилган одамни ҳожи деб атайдиган кишига ҳам таъзир берилади» (Ал-фатавал-кубро: 4/605). Агар даъвогарнинг даъвога тортилган шахсга озор берадиган даражада ёлғонлагани ошкор бўлса, унга таъзир берилади ва унинг зулми туфайли кўрган зиёнини тўлаши лозим бўлади. |