асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ҳадлар (жазолар)га доир аҳкомлар ҳақидаги боб3449 марта кўрилган Ҳад – луғатда чегаралаш, ман қилиш маъносини англатади. Аллоҳнинг ҳадлари (ёки ҳудудлари) – қилиниши ва поймол қилиниши ман қилинган ҳаромларидир. Шаръий истилоҳда эса ҳад деб бир гуноҳга қўл уришдан тўсиш мақсадида у учун шариатда белгилаб қўйилган жазога айтилади. Унинг машруълиги Қуръон, Суннат ва ижмоъга биноандир. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шаръий жазолар фақат Аллоҳнинг бандаларига бўлган раҳмати туфайлигина машруъ бўлди, улар халқларга бўлган раҳм-шафқат ва уларга яхшилик исташдан содир бўлди. Шунинг учун ҳам одамларни гуноҳларига биноан жазога тортаётган киши бу билан уларга яхшиликни исташи ва уларга раҳм-шафқатни қасд қилиши керак бўлади. Худди ота ўз фарзандига адаб беришни ва табиб беморнинг муолажасини қасд қилгани каби...» (Ал-фатавал-кубро: 5/521). Ҳадларнинг машруъ қилинишидаги ҳикмат шуки, улар нафсларни тийиб қўйиш, жазолаш ва тозалаш мақсадида машруъ бўлди. Улар аввало Аллоҳнинг ҳаққи учун, қолаверса жамиятнинг манфаати учун белгилаб қўйилган жазолардир. Аллоҳ таоло ушбу жазоларни жиноятларни содир қилувчи кишилар устига вожиб қилдики, инсоний табиатлар ҳам шуни тақозо қиларди. Улар бандаларнинг ҳаётлари учун ҳам, охиратлари учун ҳам жуда катта манфаатлар олиб келади. Зеро, подшоҳнинг бошқаруви ҳам жиноятчиларни жазолаш билан комил бўлади, шу билан осий исёнидан тийилади, итоатгўй киши хотиржам бўлади, ерда адолат барқарор бўлади, одамлар ўз жонлари, моллари ва обрў-номуслари хусусида омонликда бўладилар. Бу нарсага Аллоҳнинг ҳадларини барпо қиладиган жамиятларда гувоҳ бўлинадики, уларда омонлик, барқарорлик, тинч ҳаёт ҳукм суради. Аллоҳнинг ҳадларини бекор қилган ва уларни ваҳшийлик деб атайдиган, бу ҳукмларни замонавий маданиятга тўғри келмаслигини айтадиган жамиятларда эса бунинг аксини кўриш мумкин. Улар ўз жамиятларини илоҳий адолатдан, хавфсизлик ва барқарорлик неъматидан маҳрум қилдилар. Ҳар қанча кучли-қудратли қурол-аслаҳаларга ва замонавий асбоб-ускуналарга эга бўлмасинлар, то Аллоҳнинг бандалар манфаати учун тузиб қўйган ҳадларини барпо этилмагунча бу нарсаларнинг ҳеч бири жиноятларнинг олдини олишда деярли фойдаси бўлмайди. Зеро, башарий жамиятларни ёлғиз қурол-яроғ ва асбоб-усуналар билангина бошқариб бўлмайди, уларни Аллоҳнинг шариати ва ҳадлари билангина бошқариш мумкин. Қурол-яроғ ва асбоб-ускуналар агар уларни тўғри ишлатилса, шаръий ҳадларни ижро қилиш асбобларидир, холос. Аллоҳнинг бутун оламга ҳидоят ва раҳмат қилинган ҳадларидан-чегараларидан тажовуз қилган у халқлар қандай қилиб бу ҳадларни ваҳшийлик деб номлайдилар-у, тажовузкор жиноятчининг қилмишини ваҳшийлик деб билмайдилар?! Ваҳоланки, у тинч халқнинг тинчлигини бузмоқда-ку, бегуноҳ кишиларга жиноят содир қилиб, жамият хавфсизлигига таҳдид солмоқда-ку?! Энг катта ваҳшийлик шу, аслида. Унга раҳм-шафқат қиладиган киши ундан кўра ҳам золимроқ ва ундан кўра ҳам ваҳшийроқдир. Лекин, агар ақллар йўқолса, табиатлар бузилса, ҳақни ботил, ботилни эса ҳақ деб кўрадиган бўлиб қолади. Жиноятчига тўғридан-тўғри ҳадни ижро қилиб кетилавермайди, ҳадни татбиқ қилиш учун унинг шартлари топилиши керак бўлади: Биринчи шарт: Жиноят содир этган киши оқил ва болиғ бўлиши. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қалам (яъни савоб ё гуноҳ ёзилиши) уч кишидан кўтарилган: ухловчидан то уйғонгунига қадар; гўдак боладан то балоғатга етгунига қадар; мажнундан то ақли жойига келгунига қадар», деганлар (Абу Довуд (4398), Насоий (3432) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Агар мазкур кишиларга ибодат фарз бўлмас экан, демак улардан ҳад ҳам албатта соқит бўлади. Чунки, улар мукаллаф эмаслар. Иккинчи шарт: Жиноят содир этган киши шу ишнинг ҳаром эканини билган бўлиши. Ҳаромлигини билмаган кишига ҳад ижро қилинмайди. Чунки, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинишича, «Ҳадни фақат уни (яъни, ҳаромлигини) билган кишига ижро қилинади» (Абдурраззоқ (№13642, 13648, 13644), Байҳақий (8/415) ривоятлари). Саҳобалардан уларга мухолиф бўлгани маълум эмас. Ал-Муваффақ ибн Қудома: «Бу бутун аҳли илмларнинг сўзидир», дейди (Ал-муғний: 9/56). Жиноят содир этган шахсга шаръий ҳад-жазо татбиқ этилиши учун мазкур шартлар топилган тақдирда ҳадни имом ёки унинг ноиби татбиқ қилади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадларни ижро қилардилар, сўнг у зотдан кейин халифалари ижро қилишарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадни ижро қилиш учун ўзларидан бир ноибни вакил ҳам қилганлар ва унга: «Эй Унайс, ўша аёл олдига боргин, агар (зино қилганини) бўйнига олса, уни тошбўрон қил», деганлар (Бухорий (2314) ва Муслим (1697) Абу Ҳурайра ва Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Моизни тошбўрон қилишга буюрганлар (Бухорий 96815) ва Муслим (1697) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар) ва ўзлари ҳозир бўлмаганлар, бир ўғри ҳақида: «Уни олиб бориб, қўлини кесинглар», деганлар (Насоий (4877) Абу Умайя ал-Махзумий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Чунки, ҳад ижтиҳодга муҳтож бўлади ва адолатсизлик ҳолати бўлиб қолишдан омонликда бўлмайди. Шунинг учун унинг татбиқида адолатга кафил бўлиш учун имом ёки ноиби унга бош бўлиши фарз бўлади. Ҳадлар зинонинг ҳаддига ўхшаган Аллоҳнинг ҳаққи бўладими ёки бўҳтоннинг ҳаддига ўхшаган одамийнинг ҳаққи бўладими, фарқсиз. Шайх Тақийюддин ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муайян қавмга тегишли бўлмаган ҳадлар ва ҳақлар... Аллоҳнинг ҳадлари ва Аллоҳнинг ҳақлари деб аталади. Йўлтўсарларнинг, ўғриларнинг, зинокорларнинг ва ҳоказоларнинг ҳадлари каби... Уларни шарафли инсонга ҳам, паст-тубан кишига ҳам, кучлига ҳам, заифга ҳам баробар ижро қилиш фарз бўлади» (Мажмуъул-фатава: 28/297). Ҳадни масжид ичида ижро қилиш жоиз эмас, уни фақат масжиддан ташқарида ижро қилинади. Чунки, Ҳаким ибн Ҳизом ривоят қилган ҳадисга кўра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда қасос олинишидан, у ерда шеърлар ўқилишидан, у ерда ҳадлар ижро қилинишидан қайтардилар» (Абу Довуд (4490), Термизий (1405), Ибн Можа (2599) ривоятлари). Бу ерда қайтарилган шеърлардан мурод покиза бўлмаган шеърлардир. Ҳад-жазонинг ижроси борасида унинг хабари султонга етганидан сўнг ўртага тушиш, уни соқит қилиш ва ижро қилдирмаслик учун воситачи бўлиш ҳаром бўлади. Улул-амр (халифа, ҳоким) бундай воситачиликни қабул қилиши ҳам ҳаром бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг шафоати Аллоҳнинг ҳадларидан бир ҳад олдига тўсиқ бўлса, у Аллоҳга унинг ишида қаршилик қилибди», деганлар (Абу Довуд (3597), Байҳақий (6/82) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Ўғрини афв қилишни истаган бир кишига: «Менинг ҳузуримга олиб келмасдан туриб қилмабсан-да?!», деганлар (Абу Довуд (4394), Насоий (4884), Ибн Можа (2595) Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадни бекор қилиш на шафоат билан, на ҳадя билан, на бошқа нарса билан бўлсин, ҳалол бўлмайди. Бу хусусда шафоатчилик (воситачилик) қилиш ҳам дуруст бўлмайди. Ким уни ижро қилишга қодир бўла туриб, мана шу сабаблардан биронтаси учун уни бекор қилса, унга Аллоҳнинг, малоикаларнинг ва барча одамларнинг лаънати ёғилади» (Мажмуъул-фатава: 28/298). Яна айтади: «Зинокор, ўғри, ароқхўр, йўлтўсар ва шу кабилардан на байтул-молга, на бошқага пул-мол олиб, шу билан ҳадни бекор қилиш жоиз эмас. Ҳадни бекор қилиш мақсадида олинган пул ифлос ва ҳаромдир. Агар улул-амр (давлат бошлиғи) шу ишни қилса, иккита катта фасодни жамлаган бўлади, уларнинг бири ҳадни бекор қилиш бўлса, иккинчиси ҳаромхўрликдир, у шу билан вожибни тарк қилиб, ҳаром ишни қилган бўлади... Зинокор, ўғри, ароқхўр, йўлтўсар ва шу кабилардан ҳадни ижросини қолдириш мақсадида олинган пул ҳаром ва ифлос эканига (уламолар) ижмоъ қилганлар. Одамларнинг жуда кўп ишларида бўладиган фасодлар пул-мол ё обрў воситасида ҳадни бекор қилиш орқали юзага келади... Ва бу мутаваллий (яъни ишбоши)нинг ҳурмати кетиши, қалбларда унинг қадри пасайиши ва ишининг орқага кетиши сабабидир» (Мажмуъул-фатава: 28/302-303). Жиноятларни таг-томиридан қуритиш ва уларнинг ёмонлигидан жамиятларни сақлаб қолиш фақат жиноятчиларга нисбатан шаръий ҳад-жазоларни қўллаш билангина амалга ошиши мумкин. Улардан молиявий жарималар олиш, қамоққа ҳукм қилиш ва шу каби жазолар қўллаш ёмонлик ва зулмнинг зиёда бўлишига хизмат қилади, холос. Фуқаҳолар раҳимаҳумуллоҳ сўзларига кўра, ҳадлар ижро қилиниши фарз бўлган жиноятлар бешта бўлиб, улар – зино, ўғирлик, йўлтўсарлик, ароқхўрлик ва қазф (яъни, покиза инсонларни бузуқлик билан туҳматлаш)дир. Бундан бошқа жиноятлар учун таъзир бериш фарз бўлади. Бу ҳақда қуйироқда тўхталамиз, иншооллоҳ. Ҳадларда энг қаттиқ дарра урилиши зинокорга дарра урилиши, сўнг туҳматчига дарра урилиши, сўнг ароқхўрга дарра урилиши, сўнг таъзир учун дарра урилишидир. Чунки, Аллоҳ таоло зинокорликни кучли таъкид билан хослаган ва: «Агар сизлар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин!», деган (Нур: 2). Зинодан бошқаларнинг (дарра урилиши) адади ундан камроқдир, сифатда ҳам ундан қаттиқроқ қилиб уриш жоиз бўлмайди. Уламолар айтганлар: Ким ҳад урилиши билан ҳалок бўлса, унга зомин бўлинмайди ва уни дарралаган одамга ҳеч нарса фарз бўлмайди. Чунки, у Аллоҳнинг ва Расулининг амрини шаръий кўринишда адо этган бўлади. Аммо, агар ҳадни ижро қилишда шаръий ҳаддан тажовуз қилиниши оқибатида ҳад урилган киши ҳалок бўлса, ҳад урган киши унинг диясига зомин бўлади. Чунки, у унинг тажовузи сабабли талафотга учраган бўлади. Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизнинг билишимизча, бунда хилоф йўқдир» (Ал-муғний: 9/140). |