Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз (2)

4789 марта кўрилган

3) Хорлик ва хўрлик

)إِنَّما أَنَا بَشَرٌ أُخْطِئُ وَأُصِيبُ, فَانْظُرُوا فِي رَأْيِي فَكُلّ ما وافَقَ الْكِتَابَ وَالسُّنَّةَ فَخُذُوهُ, وَكُلّ ما لمَ ْيُوافِقِ الْكِتابَ وَالسُّنَّةَ فَاتْرُكُوهُ(.

Дунё аҳлининг ҳолати, агар улар Аллоҳ ва Расулига душман бўлсалар, сизни асло алдаб қўймасин. Аллоҳ таоло нафс майллари туфайли осий бўлганни ҳам, мансаб курсиси сабаб гуноҳга ботганни ҳам, хотин, бола-чақасини деб маъсият йўлини тутганни ҳам хорлайди. Гарчи уларнинг пичоқлари мой устида бўлиб турган бўлса ҳам, бу алдоқчи кўриниш сизни алдамасин. Зеро, маъсият хорлиги бор уларнинг қалбида, Аллоҳ таоло Ўзига осий бўлганни хорламай қўймайди.

Эй одам фарзанди, эй ўткинчи мансаб курсисига сиғинган кимса! Агар зўр бўлсанг, нега шаҳватингни ўзингга ҳоким қилиб қўйдинг?! Агар бой бўлсанг, Аллоҳнинг ер юзидаги бандаларига бир кунгина ризқ бергинчи!

«Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир» (Ҳуд: 6).

Барчанинг ризқи динсиз шарқ ё кофир ғарб зиммасида эмас, Аллоҳнинг зиммасидадир!!

«У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ­-равшан Китобда бордир» (Ҳуд: 6).

Абу Нуъаймнинг «Ҳиля»сида шундай ажойиб сатрлар бор: «Иброҳим Адҳам бир куни қовурилган гўшт еб ўтирганида бир мушук келиб, бир бўлак гўштни олиб кетади. Иброҳим Адҳам унинг ортидан кузатиб турса, мушук гўштни ташландиқ бир ковак ёнига қўйиб, орқасига бурилади. Қизиқиши ортган Иброҳим ҳолатни кузатишда давом этади. Қараб турса, бир кўр илон ковакдан чиқиб, гўшт бўлагини олиб, яна ковакка кириб кетади. Буни кўриб, Иброҳим Адҳам йиғлаб, бошини Раззоқ ва Қудратли Зотга кўтариб: «Эй душманларни бўйсундириб, уларни бир-бирига ризқ ташийдиган қилиб қўйган Зот, Сени поклайман», деб нидо қилади».

«У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ­-равшан Китобда бордир» (Ҳуд: 6).

Лекин, Раззоққа бўлган иймону ишончимиз сусайиб кетгач, фисқу фужур уйларини обод этдик, қиморхоналар очиб, уларни олқишладик.. Шармсиз сайёҳлар учун эшикларимизни кенг очиб бердик.. Мусулмонлар диёрида улар учун маст қилувчи ичимликлар ичишни қонунийлаштириб бердик.. Модомики, мусулмонлар ичмаётган экан, бўпти-да, нима зарари бор?!.. Ахир сайёҳлар орқали бизга ҳисобсиз пул-моллар оқиб келмоқда-ку!!..

Раззоққа ишонч қолмади! Ваҳоланки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:

«Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик» (Аъроф: 96).

(Нуҳ алайҳиссалом) «Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ) дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур. Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!» (Нуҳ: 10-13).

Демак, азиз биродарим, хорлик ва хўрлик гуноҳу маъсиятларнинг асоратидан экан.. Азизлик тоатда, хорлик эса маъсиятдадир..

Маъсият хорликдир, хўрликдир, ҳақирликдир, заифликдир.. Лекин, агар Аллоҳга тавба қилсангиз ва Аллоҳга қайтсангиз, сиз Аллоҳ учун мукаррам ва азиз инсонга айланасиз.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг зарҳал ҳарфлар билан ёзилгудек мана бу сўзларига қулоқ тутинг:

«Гуноҳи кабиралардаги асл-асос тавбадир, жазо қўллаш эмас».

Гўзал сўзлар.. Агар бирон гуноҳи кабирага қўл уриб қўйган бўлсангиз ва Аллоҳ сизни фош қилмай, яширган бўлса, сиз ҳам ичингизда сақланг ва Аллоҳга тавба қилинг. Аммо, агар бу ишингиз валийюл-амр (раҳбар, бошлиқ)га етиб борса, энди у ҳолда сизга Аллоҳнинг ҳадди (белгилаб берган шаръий жазоси) қўлланиши фарз бўлади..

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали устингизга халқлар худди емакхўрлар товоғига ташланганидек ёпирилиб келади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?», деб сўрадик. «Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби кўпик бўласизлар, душманларингиз қалбидан маҳобат (қўрқув) олиб қўйилади ва қалбларингизга ваҳн солиб қўйилади», дедилар. «Ваҳн нима?», дедик. «Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш», дедилар». (Саҳиҳ, «Саҳиҳул-жомиъ: №8183, Абу Довуд: №4297, Аҳмад: 5/278).

Ҳозирда уммат Аллоҳнинг манҳажидан юз ўгириши сабабли хорликка дучор бўлди.. Аллоҳ бизни тўнғиз ва маймунларнинг оғалари бўлмиш яҳудлар оёғи остига ташлади.

Нега шундай бўлди? Чунки, уммат ўз иззати асосидан, ўз шарафи манбаидан, ўз улуғлиги ва борлиғи пойдеворидан четланди.

У иззат ва шарафни гоҳ динсиз шарқдан, гоҳ эса кофир ғарбдан қидирди. Шу сабабли Аллоҳ уни хор қилди, улар устига хорлик ва хўрликни қоплаб қўйди, энди у бу хорликдан яна қайта Раббининг динига, Парвардигорининг Китоби ва Пайғамбарининг Суннатларига қайтиш орқалигина қутулиши мумкин.

Биз бугун умматнинг иззатдан сўнг хорликка, қудратдан сўнг заифликка, илмдан сўнг жаҳолатга тушиб қолганини, инсоният карвонининг энг охирида қолиб кетганини кўрмоқдамиз. Ваҳоланки, у яқин ўтмишда мазкур карвонни комил иқтидор ва тўла лаёқат билан бошқариб келган эди. Куни кеча гангиган ва йўл йўқотган халқлар учун ҳидоят машъаласи вазифасини бажариб келган уммат бугун инсоний мафкуралар дастурхони устида қўл чўзиб, тиланчилик қилмоқда! Кеча ҳалокатли олов пуркаётган жазирама саҳроларда йўл тополмай тентираган инсонларга зиё таратувчи маёқ бўлган мусулмонлар, бугун ўз йўлида ҳам юра олмай қолдилар. Балки, кеча тажрибали инсонларгина олиб чиқиши мумкин бўлган чексиз-чегарасиз, хатарларга тўла саҳроларда йўлбошчи-сарбон бўлган мусулмонлар, бугун ўз йўлларини йўқотиб қўйдилар. Бугун одамлар яшаб турган танглик ва бахтсиз ҳаёт айни гуноҳ ва маъсиятларнинг хатарли асоратидан бошқа нарса эмасдир.

Ҳа, азиз биродарлар..

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй муҳожирлар жамоаси! Беш нарса борки, улар билан мубтало бўлсангизлар – улар сизларга етишидан Аллоҳдан паноҳ тилайман: – (1) қайси бир қавмда фаҳш пайдо бўлиб, улар у билан очиқдан очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади. (2) Ўлчов ва тарозидан уриб қоларканлар, қурғоқчилик, қаттиқ етишмовчилик ва подшоҳнинг зулмига дучор этиладилар. (3) Молларининг закотини бермас эканлар, уларга самодан ёмғирни тўсиб қўйилади, агар чорва ҳайвонлари бўлмаса эди, умуман ёмғирсиз қолишарди. (4) Аллоҳга беришган аҳдни ва Расулига беришган аҳдни бузишаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди ва улар буларнинг қўлларидаги баъзи нарсаларни тортиб олишади. (5) Раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас эканлар ва яхшиликни Аллоҳ нозил қилган нарсада деб билмас эканлар, Аллоҳ уларнинг жабр-зулмларини ўз ўрталарида қилади» (Ибн Можа (№4019) ва бошқалар ривояти, Ас-силилатус-саҳиҳа: 106).

Бу улкан ҳадис маъносини бир тафакур қилиб кўринг ва бизнинг бугунги ҳолатимизга бир назар ташланг.. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматнинг нақд бугунги ҳолатини чизиб бергандек бўлдилар.

Очиқдан-очиқ фаҳш билан шуғулланишга йўл қўйиб бердик, ота-боболаримиз даврида кўзга кўрилмаган бедаво дардлар пайдо бўлди..

Ўлчов ва тарозидан уриб қоладиган бўлдик, қурғоқчилик ва қаттиқ етишмовчиликларга дучор бўлдик..

Иззатимиз асоси ва шарафимиз манбаидан узоқлашганимиздан сўнг Аллоҳ ва Расулига берган аҳдимизни буздик, Аллоҳ устимизга пасткаш кимсаларни ҳукмрон қилиб қўйди, кучлилар қолиб заифлар ҳам, ғолиблар у ёқда турсин хорлар ҳам, яқиндагилар тугул узоқдагилар ҳам бизга кўз олайтиришга ва бизнинг ҳаққимизда тама қилишга тушди. Ерларимизни босиб олдилар, иззат ва шарафимизни оёқости қилдилар, номусларимиз поймол қилинди..

Аллоҳнинг Китобини ва Пайғамбарининг Суннатларини тарк қилдик, ошни тошга, гулни кулга, хушбўйни бадбўйга алиштириб юбордик, гўнгқўнғиз мисол мушк анбар исидан озор топадиган ва хожатхонанинг бадбўй ҳидидан роҳат оладиган бўлдик..

4) Ўлим вақтида шаҳодат калимасини айта олмаслик

Гуноҳ ва маъсиятларнинг энг хатарли асоратларидан яна биридир бу, огоҳ бўлинг, азиз биродарим! Навқирон дўстим, севикли биродарим, фозила синглим! Гуноҳга муккасидан кетиш асорати ўз эгасига ўлим пайтида кўриниб, уни тавҳид калимасини айтишдан тўсиб қўяди!

Аллоҳга қасамки, агар гуноҳу маъсиятларнинг шундан бошқа асорати бўлмаганида ҳам, шунинг ўзи ҳам юракларни қалтиратиб юборишга кифоя қиларди!!

Маъсиятда яшаб ўтган кимсага охирги пайтида, ўлим тўшагида ётганида дили ҳам, тили ҳам хиёнат қилади. Дунё ҳаётида Хожасининг зикридан ғофил бўлган ва нафсу ҳавосининг қулига айланган банда қандай қилиб «ла илаҳа иллаллоҳ»га тили келсин?! Қандай қилиб тавҳид калимасини айта олсин?!

Дунёда тоат устида ўтган, тавҳид билан яшаган, қалби тавҳид билан лиммо-лим бўлиб, жисми тавҳид билан ҳаракатланган инсонгина ўлими пайтида тавҳид калимасига муваффақ қилинади.

Аммо, маъсиятлар билан яшаб ўтган, қалби гуноҳни яхши кўриш билан суғорилган, тоатдан узоқ бўлиб, мудом ноҳақликда бўлган ва ҳидоятдан узоқда ҳаёт кечирган инсон ҳаёти ёмон оқибат билан якунланиши Аллоҳнинг адолати тақозосидир! Аллоҳ барчамизни ана шундай ёмон оқибатдан Ўзи асрасин. Аллоҳга қасамки, ишлар хотималарига қараб баҳоланади.

Ибнул-Қаййим, Ибнул-Жавзий, Табарий, Табароний, Қуртубий ва бошқа катта олимлар китобларида бир воқеани келтирганлар. Бир киши Мисрдаги бир масжидда узоқ йиллар муаззинлик қилиб келган эди. Бир куни азон айтиш учун мезанага кўтарилганида кўчада ўтиб кетаётган бир аёл ундан: «Минжоб ҳаммомига қандай борсам бўлади?», деб сўраб қолади. Аёлнинг жамолига кўзи тушган эркак унга ошиқу беқарор бўлиб қолади, шайтон дилига васваса қилиб, унинг висолига етишишга тамаъ пайдо бўлади ва ўз дарвозасини кўрсатиб: «Мана Минжоб ҳаммоми», деб жавоб беради. Ҳалиги аёл ҳаммом деб гумон қилиб, унинг уйига киргач, ортидан кириб, эшикни танбалаб олади. Аёл ўзининг алданганини ва маъсият тузоғига тушганини билгач, бу фитнадан саломат қутулиб кетиш йўлини қидиради ва кишига табассум қилиб, ўзининг ҳам унга кўнгли тушганини, у билан бирга бўлишдан хурсанд бўлишини, бироқ емак-ичмак ва бошқа маишат асбоблари бўлса айни муддао бўлишини айтади. Шодлигидан терисига сиғмай кетган эркак шошганича аёл айтган нарсаларни муҳайё қилиш учун кўчага қараб югуради ва дарвозани очиқ қолдириб кетади. Қайтиб келгач, аёл унга фириб бериб кетганини ва аллақачон унинг тузоғидан чиқиб кетганини билиб, қаттиқ қайғуга ботади. Эсини йўқотиб: «Минжоб ҳаммоми қайда, деб сўраган зебони изларман», деган мазмунда шеър ўқиб, кўчама-кўча айланиб юраверади. Шу алфозда азонни ҳам, намозларни ҳам йиғиштириб қўяди ва охир-оқибат касалланиб ётиб қолади. Ўлими яқинлашганида баъзи солиҳ кишилар унинг ҳузурига кириб, тавҳид калимасини айттиришга уринадилар, унга узоқ йиллар мобайнида ўзи айтиб келган азон калималарини эслатишади.. Бироқ, унинг тилидан «Минжоб ҳаммоми қайда, деб сўраган зебони изларман», деган сўзлардан бошқа нарса чиқмайди ва шу сўзларни айтганича жон таслим қилади.

Ҳа, ишлар фақат хотималарига қараб баҳоланади!

Аллоҳу Карим ўз карами билан бир одатни жорий қилиб қўйганки, ким нима билан яшаса, ўша устида вафот этади. Ким нима устида вафот этса, ўша устида тирилади.

Агар тоат билан яшасангиз, тоат устида вафот этасиз ва тоат устида қайта тириласиз. Маъсият устида яшасангиз, маъсиятда ўласиз ва маъсият устида қайта тириласиз. «Саҳиҳ Муслим»да Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир банда вафот этган нарсаси устида тирилади», деганлар (Саҳиҳиҳул-жомиъ: №8015, Муслим: №2878).

Огоҳ бўлинг! Каъбанинг Раббига қасамки, аввало ўзимни, кейин сизларни огоҳлантираманки: «Чунки нафс — агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса — албатта барча ёмонликларга буюрувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир» (Юсуф: 53).

Осийга умр бўйи Парвардигорининг маъсиятига ишлатиб ўтган дили, тили ва бошқа аъзолари хиёнат қилиши хавфи кучлидир.

Севикли дўстим! Аллоҳга суянинг, Унинг тоатида устивор бўлинг, гуноҳ ва маъсиятлардан узоқ бўлинг. Зеро, гуноҳлардан узоқ бўлиш инсон умри ҳусни хотима билан якун топишининг энг катта сабабидир. Аллоҳ таолодан барчамизнинг ҳаётимизни чиройли хотима билан якунлашини сўрайман.

Аммо, агар инсон хорликка гирифтор бўлган, гуноҳи кабираларга қўл урган, энди ҳаммаси тамом, ҳалок бўлдим, ҳамма нарсани бой бердим, деб ўйлаб қолган бўлса, тавбадан умидсизланиб, ер юзига сиғмай қолган бўлса.. Олий Даргоҳдан келган мана бу нидога қулоқ тутсин:

Учинчи: Олий даргоҳдан нидо

Ушбу нидо соҳиби бўлган Буюк Парвардигоримиз унга хитоб қилмоқдаки:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

Ё Аллоҳ! Нақадар ёқимли нидо.. Меҳрга тўла, раҳм-шафқат билан лиммо-лим нидо.. Киши дилига омонлик ва хотиржамлик бахш этувчи, кўнгилга Меҳрибон Парвардигордан умидворлик руҳини тўлдирувчи оромбахш нидо..

Эй биродар! Агар гуноҳга қўл урган бўлсанг, қадаминг тойилган бўлса, бир ёмонлик устида бўлсанг, кел, қулоқ сол, қалбингни ушбу олий нидога тут..

«Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга...». Хурсанд бўл, гуноҳ қилиб турган ҳолингда ҳам сени Ўзининг бандаси деб санагани шукронасига Раббингга сажда қил..

Нақадар шараф бу.. Гуноҳу маъсиятлар билан ўз жонларига зулм қилиб турган кимсаларни меҳрибон Парвардигор Ўзига нисбатламоқда, бандаларим деб атамоқда..

Биз ким бўлибмизки, гуноҳ қилиб турган ҳолимизда ҳам Аллоҳ таоло бандаларим деса, Ўзидан бизни қувмаса, биз билан алоқасини узмаса.. Сабаби, У бизнинг яратувчимиздир.. Шу боис у бизнинг заифлигимизни яхши билади, ожизу муҳтожлигимизни билади, жоҳиллигимизни, хорлигимизни билади.

Агар гуноҳга қўл уриб қўйган бўлсангиз, маъсиятга қадам қўйган бўлсангиз, шайтонга сизни умидсизликка туширишига йўл қўйиб берманг, Раҳмон таолонинг мағфират дарвозасини қоқишдан тўсишига имкон яратиб берманг..

Асло тараддудланманг.. Келинг.. Раббингизга қайтинг.. Гуноҳларингиз ҳар қанча катта, маъсиятларингиз ҳар қанча кўп бўлса ҳам.. Парвардигорнинг олий нидосига қулоқ беринг: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз!».

Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси қудсийда меҳрибон Парвардигоримиз мана бундай нидо қилади: «Эй Одам фарзанди, мудом Менга дуо қилар экансан ва Мендан умид қилар экансан, нима қилган бўлсанг ҳам (қандай катта гуноҳ бўлишидан) қатъий назар кечираман. Эй Одам фарзанди, агар гуноҳларинг осмондаги булутларга қадар етиб борса ва Мендан мағфират сўрасанг, (қандай катта гуноҳлигидан) қатъий назар, мағфират қиламан. Эй Одам фарзанди, агар Менинг ҳузуримга ер юзичалик гуноҳлар билан келсанг-у, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқсанг, Мен сенга ер юзичалик мағфират билан рўбарў бўламан» (Саҳиҳул-жомиъ: №4338, Мишкот: №4336, Термизий 2/270, Доримий 2/322, Аҳмад: 5/172).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Тўртинчи: Тавба қилувчи борми?

Эй биродар! Кел, Аллоҳга тавба қил, гуноҳлардан тийил.. Эй вақтини чойхонада мусобақалар томоша қилиб ўтказувчи.. Эй еру осмонлар Парвардигорининг ҳақларини зое қилувчи.. Эй гуноҳу маъсиятлар билан ўз жонига зулм қилувчи.. Огоҳ бўл, ўлим келмоқда! Умр қисқа, сен кутаётган энг яқин меҳмон ўлимдир.. Парвардигорга рукуъ ва сажда қилишни унутиб, экран қаршисида ўтказганинг бу лаҳзалар сенга асло фойда бермайди.. Эй Аллоҳнинг амрини ва Аллоҳнинг ҳаққини зое қилиб, вақтини интернет кафеларда беҳуда кетказаётган инсон! Билгинки, сен хатар устидасан ва Исломдан ташқарида ўлиб кетишинг хавфи бор!

Тавба қилувчи борми?! Аллоҳга қайтувчи борми?! Қани, шу кечанинг ўзидаёқ Аллоҳга тавба қилишга, Аллоҳга қайтишга ва яхшилар суҳбатига қўшилишга аҳд берадиган ким бор?!

Кел, Аллоҳга тавба қил.. Дунё ҳаёти ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир, ҳар қанча улкан бўлмасин, барибир ҳақирдир. Зотан, тун ҳар қанча узоқ давом этмасин, тонг отиши аниқ, умр ҳар қанча узоқ бўлмасин, қабрга киришдан бошқа чора йўқ..

Тавбанинг биринчи шарти гуноҳ қилишдан тийилишдир.. Иккинчи шарти эса ўтган гуноҳларга чин дилдан пушаймон бўлиш ва надомат ўтида куйиб-ёнишдир, қолган умрни Аллоҳ сизни солиҳлар қаторида қабул қилмай қолишидан қўрқув ичида ўтказишдир..

Тавбанинг учинчи шарти тоатларда давомий бўлиш ва бу ҳақда Парвардигорга аҳд беришдир.

Эй намозни зое қилиб юрган..

Эй закотни зое қилиб юрган..

Эй Аллоҳнинг динига қарши курашиб юрган..

Эй яхшиларга ва покиза инсонларга қарши курашиб юрган..

Эй Пайғамбарнинг суннатларига қарши чиққан..

Эй ота-онасига оқ бўлиб юрган..

Эй қариндошларидан алоқасини узган..

Эй қўшниларига озор бериб юрган..

Эй дилозорлик қилиб юрган.. Аллоҳга қайт, Аллоҳга тавба қил.

Ўтган гуноҳларингга пушаймон бўл.. Билгинки, сенинг Парвардигоринг кечиримли ва раҳмли Зотдир.

Парвардигорим, ушбу муборак жамоатда бўлганлардан ҳеч биримизнинг бирон гуноҳимизни қолдирмай мағфират айлагин, ҳеч бир беморимизни қолдирмай Ўзинг шифо бергин, ҳеч бир қарзни қўймасдан Ўзинг ўтагин, ҳеч бир ғам-қайғуни қўймасдан Ўзинг аритгин, ҳеч бир маййитимизни қўймасдан Ўзинг раҳмат қилгин, ҳеч бир гуноҳкорни қўймасдан Ўзинг қалбини очгин ва ҳидоят қилгин, ҳеч бир тоат-ибодатли бандангни қўймасдан уни ибодатда яна ҳам зиёда ва саботли қилгин!

Парвардигорим, гуноҳларимиз сабабли биздан юз ўгирмагин. Парвардигорим, Ўзинг бизга раҳм эт, Сенгина бизга раҳм қилувчисан! Сендан ўзга маъбудимиз йўқ, Сенгагина дуо қиламиз! Сендан ўзга парвардигоримиз йўқ, фақат Сендан умидвормиз!

Эй ғарқ бўлаётганларни қутқариб қолувчи зот! Эй ҳалок бўлувчиларга нажот берувчи зот! Эй ҳар бир пичирлашни эшитувчи зот! Эй эҳсони буюк зот! Эй яхшиликлари туганмас зот!

Эй Парвардигорим, гуноҳларимизни мағфират қилгин.. Парвардигорим, айбларимизни ёпгин.. Парвардигорим, қайғуларимизни кетказгин.. Парвардигорим, ғамларимизни аритгин!

Парвардигорим, амалларимизни солиҳ амаллар билан хотималантир.

Парвардигорим, дунёни энг катта ғамимиз ва илмимиз билан эришадиган мақсадимиз қилмагин!

Парвардигорим, ҳаётни биз учун барча яхшиликларнинг зиёдаланиши қилгин, ўлимни биз учун барча ёмонликлардан роҳат қилгин!

Парвардигорим, нафсларимизга тақво бергин, уларни поклагин, Сен уларни энг яхши покловчи зотсан, Сен уларнинг эгаси ва хожасисан!

Парвардигорим, модомики тирик эканмиз, қулоқларимиз, кўзларимиз ва куч-қувватимизни бизларга фойдали қилгин, бизга зулм қилганлардан қасосимизни олиб бергин, бизга душманлик қилганлар устидан нусрат ато этгин!

Парвардигорим, Исломга нусрат ато этгин ва мусулмонларни азиз-ғолиб қилгин, Ўз фазлинг билан ҳақ сўзни олий қилгин!

Парвардигорим, раҳбарларимизни фақат Ўзинг яхши кўрадиган ва Ўзинг рози бўладиган ишларга муваффақ этгин!

Парвардигорим, бизларни ўрагин, шарманда қилмагин! Бизларни икром этгин, хор қилмагин! Одамларни фитна-имтиҳонга солишни истасанг, бизларни фитналанмаган ва расво бўлмаган ҳолда Ўз ҳузурингга олгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Севикли биродарим! Бугун сизларга етказмоқчи бўлган сўзларим шулардан иборат эди. Нимаики хато-нуқсон ва унутиш содир бўлган бўлса, у менинг ўзимдан ва шайтондандир, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен сизлар унинг устидан жаннатга юриб ўтадиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган бир кўприк бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ тилайман. Мен сизларга панд-насиҳат қилиб, ўзимни унутиб қўйишдан Аллоҳдан паноҳ тилайман.

Саййидимиз Муҳаммадга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин.

2010 йил 14-май