Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз

8574 марта кўрилган

لا تقنطوا من رحمة الله

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Севикли дўстларим, барчангиз даврамизга хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанотлар бўлсин. Аллоҳ таолодан юзларингизни ёруғ қилишини, қалбларингизни очишини ва дилларингизни поклашини, сизу биздан солиҳ амалларни қабул қилишини, барчамизни дунёда Ўзининг тоатида ва охиратда пайғамбарлар саййиди билан бирга Ўзининг жаннатида жамлашини сўрайман. Зотан, У бунга қодирдир.

Бугунги суҳбатимиз «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз» деб номланади. Мавзунинг узунлигидан келиб чиқиб, уни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Дунё имтиҳонлар ҳовлиси ва синовлар уммонидир.

Иккинчи: Гуноҳ ва маъсиятларнинг хатари.

Учинчи: Олий даргоҳдан нидо.

Тўртинчи: Тавба қилувчи борми?

Биринчи: Дунё имтиҳонлар ҳовлиси ва синовлар уммонидир

Севикли биродарим! Бу дунёга келган кунингиздан бошлаб сиз имтиҳону синовлар гирдобига ташланган бўлдингиз. Агар Аллоҳ сизга мол-давлат ато этган бўлса, билингки, сиз синовлар уммонидасиз. Агар сиҳат-саломатлик ато этган бўлса, билингки, яна имтиҳондасиз. Агар Аллоҳ сизни шак-шубҳалар ва тангликларга дучор этган бўлса, билингки, бу ҳам бир имтиҳон.

«Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «синаб» имтиҳон қилурмиз» (Анбиё: 35). Бу дунё имтиҳон ҳовлисидир, синовлар уммонидир. У абадий ўрнашиш ҳовлиси эмас, йўқлик ва заволга юз тутиш ҳовлисидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни хайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдовчи матодир» (Ҳадид: 20).

Аллоҳ таолонинг ушбу ҳовлидаги ҳукми шудир.

Дунё ҳаёти ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир, ҳар қанча улкан бўлмасин, барибир ҳақирдир. Зотан, тун ҳар қанча узоқ давом этмасин, тонг отиши аниқ, умр ҳар қанча узоқ бўлмасин, қабрга киришдан бошқа чора йўқ..

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда севикли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунё ҳаёти ҳақиқатини шундай баён қиладилар:

«Бану Исроилдан уч кишини – пес, кал ва кўрни Аллоҳ таоло синамоқчи бўлиб, улар ҳузурига бир фариштани (инсон суратида) юборди. Фаришта песнинг олдига келиб: «Сен учун энг суюмли нарса нима?», деб сўради. У: «Чиройли ранг ва чиройли тери, ҳамда одамлар мендан жирканадиган мана бу (ҳолат)нинг йўқолиши», деб жавоб берди. Фаришта унинг (баданини) силагач, песи йўқолиб, унга чиройли ранг ва чиройли тери ато этилди. Кейин фаришта ундан: «Қандай мол сен учун яхшироқ?», деб сўради. У: «Туя», деди. Шунда унга ўн ойлик ҳомиласи бор бир урғочи туя ато этилди. Фаришта унга: «Аллоҳ таоло сенга уни баракотли қилсин», деб дуо қилди.

Кейин у калнинг олдига бориб: «Сен учун энг суюмли нарса нима?», деб сўради. У: «Чиройли соч ва одамлар мендан жирканадиган мана бу (ҳолат)нинг йўқолиши», деб жавоб берди. Фаришта унинг (бошини) силаган эди, (каллиги) йўқолиб, унга чиройли соч ато этилди. Кейин фаришта ундан: «Қандай мол сен учун яхшироқ?», деб сўради. У: «Сигир», деди. Шунда унга бўғоз сигир ато этилди ва фаришта унга: «Аллоҳ таоло сенга уни баракотли қилсин», деб дуо қилди.

Кейин у кўрнинг олдига бориб: «Сен учун энг суюмли нарса нима?», деб сўради. У: «Аллоҳ таоло менга кўришимни қайтарса ва мен одамларни кўрсам», деди. Фаришта унинг (кўзини) силаган эди, Аллоҳ унга кўришини қайтарди. Кейин фаришта ундан: «Қандай мол сен учун яхшироқ?», деб сўради. У: «Қўй», деди. Унга бир бўғоз совлиқ ато этилди.

Шундан сўнг туя, сигир ва совлиқ болалади ва (тез орада ҳалиги уч кишининг) бири бир водий тўла туяларга, иккинчиси бир водий тўла сигирларга, учинчиси эса бир водий тўла қўйларга эга бўлди.

Шундан сўнг фаришта ҳалиги пес (бўлган) кишининг олдига илгариги (у билан кўришгандаги) қиёфаси ва кўринишида келиб: «Мен бир мискин одамман, сафаримда муҳтожликдан қийналдим. Аввало Аллоҳ, қолаверса сен туфайли бугун (қасд қилган манзилимга) етиб олишим мумкин. Сенга чиройли ранг, чиройли тери ва кўп мол-дунё ато этган Зот ҳаққи-ҳурмати, менга битта туя берсанг, шу билан сафаримда (мурод қилган манзилимга) етиб олардим», деди. Ҳалиги (илгари пес бўлган) киши: «(Сенсиз ҳам) ҳақ талаб қилувчилар жуда кўп», деди. Фаришта: «Мен сени танигандекман, илгари сен одамлар жирканадиган пес бўлмаганмидинг, фақир-мискин эканингда Аллоҳ сенга мол-дунё ато этмаганмиди?!», деди. У: «Бу мол-дунёни мен ота-боболаримдан мерос қилиб олганман», деди...».

Ана, айтмадимми сизга, дунё имтиҳон ҳовлиси ва синовлар уммонидир, деб?!

Аллоҳ таоло мол-давлат ато этгач, ҳалиги бечора ўзининг аслини унутди, фақир ва ожиз бўлганини эсидан чиқарди.. Инсон қачонки ўзининг асли наслини унутганида, ўзининг ҳеч нарсага арзимайдиган бир нарса бўлганини унутганида кибрга берилади, ўзини бошқалардан олий деб кўради.

Эй одамзот, аслинг оёқости бўлиб ётадиган тупроқдан, бинога келишинг ундан баданларни ювиб тозаланадиган жирканчли бир сувдан бўлса!!

Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсон, нима сени улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?! У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб, қўйган зот-ку! У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса (ўша сурат — шаклда) таркиб топтирди яратди-ку!» (Инфитор: 6-8).

Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида ҳасан санад билан келган, Буср ибн Жаҳҳош ал-Қураший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни кафтларига туфлаб, унга кўрсаткич бармоқларини қўйдилар ва айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Эй одамзот, сен мени қандай қилиб ожиз қолдира олардинг, ҳолбуки Мен сени мана бу каби нарсадан яратдим, Мен қадди-қоматингни расо қилиб қўйгач, иккита чопонга (кийимга) ўралиб (гердайиб) юрдинг, ернинг ҳам сендан шикоят-оғриғи бор, (мол-дунёни) жамғардинг, (закоту садақотини) бермадинг, жон ҳалқумга етган пайтда: «садақа қиламан» дейсан, садақа қилиш вақти аллақачон ўтган бўлади!» (Ибн Можа, Ҳоким, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1143).

«Токи қачон улардан (яъни кофирлардан) бирига ўлим келганида: «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Муъминун: 99-100).

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ҳадиснинг давомига қайтамиз:

«... Шунда фаришта: «Агар ёлғон айтаётган бўлсанг, Аллоҳ таоло сени аввалги ҳолингга қайтариб қўйсин», деб дуо қилди...»

Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да ушбу ҳадис шарҳида айтади: «Набавий хабарда келишича, Аллоҳ азза ва жалла уни аввалги ҳолига қайтариб қўйди».

«... Сўнгра фаришта (илгари кал бўлган) иккинчи киши олдига (у билан кўришгандаги) аввалги қиёфасида келиб, унга ҳам (песга) айтган гапларини айтган эди, у ҳам худди ўшандай жавоб қилди.

Шунда фаришта уни ҳам: «Агар ёлғон айтаётган бўлсанг, Аллоҳ таоло сени аввалги ҳолингга қайтариб қўйсин», деб дуо қилди.

Кейин фаришта учинчиларининг, яъни илгари кўр бўлган кишининг ҳузурига (у билан аввалги кўришгандаги) қиёфасида келиб: «Мен бир мискин одамман, сафаримда муҳтожликдан қийналдим. Аввало Аллоҳ, қолаверса сен туфайли бугун (қасд қилган манзилимга) етиб олишим мумкин. Сенга кўзингни қайтариб берган Зот ҳаққи-ҳурмати, менга битта қўй берсанг, шу билан кўзлаган манзилимга етиб олардим», деди. У деди: «Мен илгари кўр эдим, Аллоҳ менга кўришимни қайтариб берди. (Молимдан) истаганингни ол, истаганингни қолдир. Аллоҳга қасамки, бугун Аллоҳ учун оладиганинг бирон нарсада мен сенга қаршилик қилмайман», деди.

Шунда фаришта: «Молинг ўзингга буюрсин, сизлар имтиҳон қилиндингиз, Аллоҳ таоло сендан рози бўлиб, икки шеригингга ғазаб қилди», деди». (Муттафақун алайҳ, Бухорий (6/364), Муслим (№2964) ривоятлари).

Ҳа, азиз дўстим, айтмадимми сизга, дунё синов ва имтиҳон ҳовлиси деб?!

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг, (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдириб (аввал — киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир)» (Каҳф: 45-46).

Луқмон ҳаким фарзандига деди: Эй фарзандим! Сен дунёга келган кунингдан бошлаб, дунёни ортингда қолдириб, охират сари юриб бормоқдасан.. Сен ўзинг яқинлашиб бораётган ҳовлига узоқлашиб бораётганинг ҳовлидан кўра яқинроқсан..

Севикли биродарим! Навқирон дўстим! Фазилатли ота ва фозила она!

(Шеър мазмуни):

Ғўрлик даврингда қилиб келган ишларни қўй энди,
Гуноҳларингни эсга ол ва улар учун кўз ёш тўк.
Сен унутган бўлсанг ҳам икки фаришта унутмаган,
Сен гуноҳга ғарқ, улар эса ёзишга машғул эдилар.
Жон сенга берилган бир омонатдир,
Уни мажбуран қайтариб беришинг бор.
Сен мағрур бўлиб, у учун югуриб-елган дунё
Ҳақиқатан йўқ бўлувчи бир матодир.
Билиб қўй, кеча ва кундузда олган
Ҳар бир нафасларимиз саноқлидир.

Севикли биродарим! Дунё сизу бизга абадий қароргоҳ эмас, у бор-йўғи бир имтиҳон ҳовлисидир. Абадий қароргоҳ эса Аллоҳ таборака ва таолонинг жаннатидир. Аллоҳ таолодан барчамизни унинг аҳлидан қилишини сўрайман.

Иккинчи: Гуноҳ ва маъсиятларнинг хатари

Аллоҳ таоло Ўзи инсонни яратгани ва унинг заифлигини, фақир ва муҳтожлигини билгани учун, унинг дунё ва охиратда ўзини саодатга элтувчи қонун-қоидаларни ишлаб чиқишга қодир эмаслигини билгани учун ҳам, инсонга дунё ва охират бахт-саодатига кафил бўлувчи манҳаж (дастур)ни ҳам Унинг Ўзи тақдим этди: «Сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубҳасиз қаттиқроқ ва узунроқдир» (Тоҳа: 123-127).

Севикли биродарим!

Аллоҳ таоло башариятга унинг дунё-ю охират саодатига кафил бўлувчи манҳаж-йўлни тузиб берди. Ким Аллоҳнинг манҳажига эргашса, дунёсида ҳам, охиратида ҳам саодатга эришади. Ким Аллоҳнинг манҳажидан юз ўгирса, ўзининг Хожасига итоатсиз бўлса, дунёсида бахтсиз, охиратда эса ҳалок бўлувчилар қаторида бўлади.

Демак, маъсиятлар дунё-ю охиратдаги бахтсизлик сабаби экан, Аллоҳ таоло сизни бир ишга буюрган бўлса, унга итоат қилинг, бир ишдан қайтарган бўлса, ундан тийилинг, сизнинг бахт-саодатингиз учун кафил бўлувчи ҳад-ҳудудларни белгилаб берган бўлса, уларга бўйсунинг, Аллоҳни ёдда тутинг, сизни Аллоҳ ёдда тутади..

Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳни Унинг амрларига бўйсуниш ва қайтариқларидан тийилиш, У белгилаб берган ҳад-ҳудудларда туриш билан ёдда тутинг. Шундай қилсангиз, сиз Аллоҳ таборака ва таолонинг амрларини муҳофаза қилган кишилардан бўласиз».

Севикли биродарим!

Маъсият Аллоҳнинг манҳажидан узоқлашишдир, Аллоҳнинг ҳад-ҳудудларидан йироқлашишдир, Аллоҳ таборака ва таолонинг амру фармонларига қарши чиқишдир. Отамиз Одам ва момомиз Ҳаввони жаннатдан чиқарган нарса ҳам маъсият эмасмиди, ахир?! Ҳа, маъсият эди! «Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди» (Тоҳа: 121).

Бобокалон ва момокалонимизни жаннатдан чиқарган нима эди?! Иблисни Аллоҳнинг раҳматидан қувғинга учратган нима эди?! Фиръавн қавмини ҳалокатга дучор этган нима эди?! Од қавмини ҳалок этган нима эди?! Самуд қавмини ҳалокатга отган нима эди?! Қорун қавмини ҳалок қилган нима эди?! Ҳар бир аср ва ҳар бир даврда золим ва зўравонларни ҳалокат домига етаклаган нарса нима эди?! Гуноҳ ва маъсиятлар шумлиги эди!! Маъсиятлар дунё-ю охират бахтсизлигининг аосий сабабидир!

Қуйида гуноҳ ва маъсиятларнинг энг хатарли асоратларидан баъзиларини айтиб ўтамиз:

1) Илмдан маҳрум бўлиш

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳдан тақво қилингиз-қўрқингиз! Аллоҳ сизларга ( дунё ва охиратда фойдали илмни) билдиради» (Бақара: 282) ояти ҳақида айтадилар: «Дарҳақиқат, мен инсон ўзи эгаллаган илмини қилган гуноҳлари туфайлигина унутади, деб деб ҳисоблайман».

Эътибор беринг, жуда кўп толиби илмлар ҳофиза қуввати сустлиги ва зеҳнининг пастилигидан шикоят қилишади. Агар текшириб кўрсангиз, бунинг сабаби гуноҳу маъсиятлар эканини топасиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Маъсият таъсирида юзда қоралик, қабрда зулмат, баданда заифлик, ризқда танглик, халқлар қалбида нафрат ҳосил бўлади. Тоат таъсирида эса юзда нур, қалбда нур, баданда қувват, ризқда кенг-мўллик, халқлар қалбида муҳаббат ҳосил бўлади».

Имом Шофиий ўсмирлик пайтида, ёши ҳали ўн бешдан ўтмаган бир даврда Ҳузайл қабиласида араб тилига оид илм-фанларни пухта эгаллаб, араб тилида ғоят гўзал ва фасоҳатли гапирадиган бўлганида амакиваччаларидан бири унга: «Эй Шофиий, бундай гўзал фасоҳатга фиқҳ ва илм қўшилмоғи зарур», дейди. Унинг: «Кимнинг қўлида илм ўқисам бўлади?», деган саволига: «Мадинага, мусулмонларнинг саййиди Молик ибн Анас ҳузурига боргин», деб жавоб беради.

Шунда Шофиий Имом Моликнинг «Муваттоъ» деган китобини қидириб топади ва тўққиз кунда уни тўла ёд олади. Сўнг Мадинаи Мунавварага, Имом Молик ҳузурларига жўнайди.

Шофиий устози Имом Молик олдида ўтириб, унга «Муваттоъ»ни ёддан ўқиб эшиттиради. Имом Молик унинг зеҳни ва ҳофиза қувватига қойил қолади ва: «Шубҳасиз, мен сизнинг қалбингизга Аллоҳ нурни солиб қўйганини кўраяпман. Уни гуноҳлар зулмати билан сўндириб қўйманг», деб насиҳат қилади.

Имом Шофиий толиби илмлар ўртасида ғоят машҳур бўлган қуйидаги байтда айтади:

Вакийъга қилдим эсарликдан шикоят
Гуноҳ қилмасликка қилди насиҳат
Ва деди: Билгингки, илм бир нурдир
Аллоҳ нурин осийга бермайди, албат!

Севикли биродарим!

Илмдан маҳрум бўлиб қолиш гуноҳу маъсиятларнинг энг хатарли асоратларидандир. Эй толиби илм, агар қадамингиз тойилса, йўл устидаги тиканлар сизни ўзига тортиб кетаётган бўлса, билингки, сиз бир ёмонлик устидасиз.. Зудлик билан тавба қилишингиз ва Аллоҳга қайтишингиз лозим. Зотан, сизу биз муқарраб фаришта ҳам, гуноҳдан пок пайғамбар ҳам эмасмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ҳар бир одам фарзанди хатокордир, хатокорларнинг яхшилари тавба қилувчилардир». (Ҳасан ҳадис, «Саҳиҳул-жомиъ»: №4515, «Мишкот»: №2341, Термизий: №2501, Ибн Можа: №4251, Доримий: 2/203, Аҳмад: 3/198).

2) Ризқдан маҳрум бўлиш

«Муснад»да яхши санад билан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта, банда қилган гуноҳи сабабли ризқдан маҳрум бўлади».

Кимдир «Нега унда динсиз кофирлар мўл-кўл ризқларга кўмилиб яшашмоқда?!» деб эътироз билдириши мумкин.

Жавоб шуки, Аллоҳ таоло бутун махлуқотларига ризқ беришни Ўз кафолатига олган, ким сабабларни ушласа, ҳатто у кофир бўлса ҳам, сабабларни сабабчи қилувчи Зотнинг амри билан сабаблар натижаларга эриштиради.

Бу Аллоҳ жалла ва алонинг аҳдидир, ҳисоб эса қиёмат кунига қолади.

Агар бир кишининг ўз Хожасининг маъсиятида бўлишига қарамай, неъматлар ичида яшаётганини кўрсангиз, билингки, бу Аллоҳ таоло томонидан унга нисбатан истидрож (яъни, ўзига сездирмасдан секин-аста ҳалокатга етказиш)дир. Аллоҳ таоло айтади: «Улар Биз уларга бераётган мол-давлат ва болалари улар учун яхшиликларни тезлатишимиз деб ўйлайдиларми? Йўқ, улар (буни ғафлатлари янада зиёда бўлиши учун қилинаётганини) сезмайдилар» (Муъминун: 55,56).

«Энди — ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутган вақтларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар. Бутун оламларнинг Парвардигори — Аллоҳга ҳамд бўлсинки, золим қавмнинг думлари қирқилди (ҳалок қилиндилар)» (Анъом: 44, 45).

«Энди инсон қачон Парвардигори уни имтиҳон қилиб, азиз қилиб қўйса ва унга неъмат ато этса дарҳол: «Парвардигорим (иззат-ҳурматга лойиқ бўлганим учун) мени азиз қилди», дер. Энди қачон (Парвардигори) уни имтиҳон қилиб, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: «Парвардигорим мени хор қилди», дер» (Вал-фажр: 15-16).

Йўқ, асло ундай эмас! Иш сизлар айтаётгандек ва сизлар даъво қилаётгандек эмас. Аллоҳ таоло ноз-неъматлар ато этган ҳар бир киши ҳам Аллоҳнинг розилигини топган бўлавермайди. Аллоҳ таоло мусибат берган ҳар бир киши ҳам Аллоҳнинг ғазабига учраган бўлавермайди.

Шундай экан, азиз дўстим, билингки, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат Унинг тоати билан эришилади, сиз Аллоҳ ҳузуридаги нарсага Унинг маъсияти билан ҳам етишса бўлади деган хато фикрга бориб қолманг ва ҳалолдан топиб, ҳалол ейишга қаттиқ урининг. Зеро, умр қисқа, сиз кутаётган энг яқин ғойиб меҳмон ўлимдир. Жасаддаги ҳаромдан унган ҳар бир эт дўзахга лойиқроқдир.

Порахўрликдан, ҳаромдан, ботилдан сақланинг, бола-чақангиз ҳузурига фақат ҳалол ризқ келтиринг. Токи, Аллоҳ таоло фарзандингизни сизнинг ҳаётлик пайтингизда ҳам, вафотингиздан кейин ҳам фақат солиҳ ва покиза тарбияга муваффақ қилсин.

«(Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Аллоҳдан қўрқиб (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар!» (Нисо: 9).

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганида унинг ҳузурига киришиб: «Эй амирал муъминийн, фарзандларингиз учун бирон васият қилсангиз», дейишди. «Мени ўтиргизинглар», деди у. Қўлтиғидан суяб ўтқиздилар. У деди: «Аллоҳга қасамки, мен уларга ўзларига тегишли бўлган бирон ҳақ-ҳуқуқда зулм қилмадим, бошқаларнинг ҳақларини эса уларга асло бермайман. Улар ҳақида васият қилувчим «шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур» (Аъроф: 196). Умарнинг боласи икки кишининг биридир, у ё солиҳ кишидир, Аллоҳ эса солиҳларга ёр бўлади, ё эса ундан бошқачадир, у ҳолда мен унга Аллоҳнинг маъсиятида ёрдамланадиган нарсани ҳаргиз қолдирмасман. Энди болаларимни ҳузуримга чорланглар».

Фарзандлар кириб келишгач, унинг кўзлари ёшланди, сўнг уларга деди: «Болаларим, мен сизларга кўп яхшилик қолдирдим. Мусулмонлар ёки аҳли зиммалардан қай бир кишининг олдидан ўтманг, улар сизлар учун ҳақ бор деб кўришади. Болаларим, мен икки иш ўртасида ихтиёрли қилиндим: ё сизлар бой-бадавлат бўлиб қоласизлар ва мен дўзахга тушаман, ё эса охирги кунингизгача камбағал бўлиб қоласизлар ва мен жаннатга кираман. Сизларнинг камбағал бўлиб қолишларингиз мен учун яхшироқ кўринди. Туринглар, сизларни Аллоҳнинг ўзи асрасин. Туринглар, сизларга Аллоҳнинг ўзи ризқ ато этсин». «(Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Аллоҳдан қўрқиб (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар!» (Нисо: 9).

(давоми бор)