Пайшанба 12 Декабрь 2024 | 10 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исломда дўстлик ва душманлик тушунчаси (2)

3233 марта кўрилган

الولاء والبراء

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Учинчи: Дўстлик ва душманлик тушунчасининг амалий татбиқидан нурли кўринишлар

Севикли дўстларим! Бундай кўринишлар саноқсиз кўп бўлса-да, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари дўстлик ва душманлик тушунчасини қай даражада порлоқ ва нур сочиб турувчи амалий воқеликка айлантирганлари ҳақида сизларда бироз маълумот ҳосил бўлиши учун мен улардан айримларини келтириш билан кифояланаман.

Ушбу кўринишлардан бири Ҳудайбия сулҳи пайтида Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу томонидан ярқ этиб кўзга ташланган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбияга келиб тушган, Қурайш у зотни Маккага киришдан тўсган ва музокаралар ўтказиш учун ҳузурларига бирин-кетин бир неча элчилар юборган пайт эди. Ўша элчилардан бири Урва ибн Масъуд ас-Сақафий бўлиб, у Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳунинг амакиси эди. Сақиф қабиласи бошлиғи бўлган Урва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сўзлашаркан, орада у зотнинг соқолларига қўлини узата бошлади. (Араблар одатича, тенг-тушлар сўзлашаётиб бир-бирининг соқолини ушлаб қўйиши лутф белгиси бўлиб саналган. Тарж). Муғийра Урванинг қўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқолларига узатилаётганини кўргач, қиличининг қини билан унинг қўлига уриб: «Қиличим қўлингга етиб бормасидан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқоларидан қўлингни торт!», деди. Аллоҳу акбар!!

Бу дўст тутишнинг ҳақиқий кўриниши эди.. Бу Аллоҳни, Унинг Расулини ва мўминларни дўст тутишнинг ёрқин кўриниши эди! Бу ширкдан ва мушриклардан безорликнинг ҳақиқий кўриниши эди! «Кимки Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлувчидир» (Моида: 56).

Ушбу кўринишни ўз кўзи билан кўрган Урва қавмига қайтиб боргач, уларга шундай хитоб қилганди: «Эй қавмим, қасамки, мен кўп подшоҳлар, шу жумладан Қайсар, Кисро ва Нажоший ҳузурида бўлганман. Аллоҳга қасамки, бирон бир подшоҳни аъёнлари Муҳаммаднинг асҳоби Муҳаммадни улуғлаганича улуғлаганини кўрмаганман..».

Дўстлик ва душманлик тушунчасининг яна бир ажойиб кўриниши Ибн Жарир Табарий ва бошқалар саҳиҳ санад билан ривоят қилган воқеада кўринади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Абдулоҳ ибн Убайнинг ўғли Абдуллоҳни менга чақиринглар», дедилар.

У етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Отангизнинг гапларига нима дейсиз, эй Абдуллоҳ?», дедилар.

«Ота-онам сизга фидо бўлсин, отам нима депти, ё Расулуллоҳ?», деди Абдуллоҳ.

«У: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта азиз-кучлилар хор-кучсизларни ундан қувиб чиқаргай», деяпти экан», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шунда Абдуллоҳ: «У тўғри айтибди, ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, сиз азизсиз, у эса хордир. Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, сиз Мадинага келганингизда Ясриб аҳли мендан кўра отасига меҳрибонроқ кишини билмасди. Аммо, у шу гапни айтган бўлса, энди албатта сизни хурсанд қиладиган гап қулоғингизга етиб келади», деди.

Лашкар Мадинага етиб келгач, Абдуллоҳ шаҳар эшиги олдида қилич яланғочлаб туриб олди ва отаси келгач, унга: ««Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта азиз-кучлилар хор-кучсизларни ундан қувиб чиқаргай» деб айтган сен бўласанми?! Аллоҳга қасамки, иззат-азизлик сенларнинг қўлларингдами, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидами, ҳозир яхши билиб оласан. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва Расулининг изнларисиз бу кеча Мадинага бир қадам ҳам босолмайсан», деди.

Шунда Абдуллоҳ ибн Убай: «Эй Хазраж жамоаси, ўғлим мени уйимдан тўсмоқда!», деб қичқирди.

Одамлар йиғилиб келиб, унга насиҳат қила бошладилар.

Бироқ, Абдуллоҳ қатъий равишда: «Аллоҳга қасамки, у Аллоҳ ва Расулининг изнларисиз ўз уйига асло кира олмагай!», деди.

Шундан сўнг баъзи саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бу ҳақда хабар бердилар. У зот: «Бориб, унга: «Расулуллоҳ унга уйига киришига изн бердилар», деб айтинглар», дедилар.

Келиб, шу гапни айтишганидан сўнг у: «Модомики, Расулуллоҳдан буйруқ келган экан, хўп бўлади. Бу эса ким азиз-у ким хорлигини билиб олсин!», деди».

Мана буни Аллоҳ ва Расулини ҳақиқий дўст тутиш дейилади!

« Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилган кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да — дўстлашаётганларини топмассиз.» (Мужодала: 22).

Аллоҳу акбар! Ана ўшалар ушбу оят мазмунини тўла рўёбга чиқарган ва уни ер воқелигида ҳаёт манҳажига айлантирган эдилар.

Юксаклик ва гўзаллик жиҳатидан ярқ этиб кўзга ташланувчи яна бир ажойиб кўриниш намунаси:

Бу улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий билан бўлиб ўтган воқеада кўринади. У румликлар қўлига асир тушиб қолганди. Уни подшоҳлари ҳузурига етказишиб: «Бу одам Муҳаммаднинг асҳобларидан бири», дейишди. Подшоҳ: «Уни ҳузуримга киритинглар!», деб амр этди.

Абдуллоҳ ибн Ҳузофа подшоҳ ҳузурига киритилгач, подшоҳ унга шундай бир битим таклиф этдики, агар бугунги кунда ҳам шунга ўхшаш битим таклиф қилинганида, жуда кўпчилик одамлар нафақат ақийдасини, балки ақийдасига қўшиб ерини ҳам, ор-номусини ҳам сотиб юборишган бўларди.

Хўш, Рум подшоҳи улуғ саҳобага нима битим таклиф қилди, деб ўйлайсиз?!

У Абдуллоҳ ибн Ҳузофага насроний динига ўтиши эвазига ярим мулкини таклиф қилди!!

Шунда Абдуллоҳ унга: «Агар ҳамма мулкингни ва арабларнинг ҳамма мулкини берсанг ҳам, динимдан бир лаҳзага ҳам воз кечмайман», деб жавоб берди.

«Унда сени ўлдираман», деди подшоҳ.

«Билганингни қил», деди Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу.

Шунда Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг иродасини букиш ва иймонига путур етказиш мақсадида подшоҳнинг амри билан мусулмон асирларидан икки кишини олиб келиб, унинг кўзи олдида қатл қилдилар. Лекин, Парвардигори оламнинг ёлғиз Ўзидангина қўрқиш билан лиммо-лим қалбларни ер юзининг барча тоғутлари бирлашиб бўлса-да қўрқита олармиди?!

Сўнгра подшоҳ Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳуга яна насронийликни қабул этишни таклиф қилди. У яна бош тортди.

Шундан сўнг подшоҳ уни қозонда қайнаб турган ёғ ичига ташлаб ўлдиришга буюрди. Жаллодлар қозонга яқин келтиришганида у йиғлаб юборди. Подшоҳ уни ўлимдан қўрқиб йиғлади, энди қабул этса керак, деган гумонда ортига қайтаришни буюрди. Кейин ундан нимага йиғлаётганини сўради.

Абдуллоҳ шундай жавоб берди: «Аллоҳга қасамки, мен ўлимдан қўрқиб йиғламадим. Лекин, ҳозир қатл этилишим аниқлигини билгач, Аллоҳнинг йўлида қозонга ташланаётган жоним биттагина бўлганидан, кошкийди танамдаги тукларим сонича жоним бўлса-ю, ҳаммасини Аллоҳ йўлида берсам эди, деб йиғламоқдаман!».

Юксак чўққилар.. Олий намуналар.. Покиза ўрнаклар.. Аллоҳга қасамки, агар душманлар ақийда эгалари тарафидан ўзларини олий тутиш ва иззат талабликни кўришганида эди, улар олдига албатта бўйин эгиб, қўрқа-писа келадиган бўлишарди! Лекин, улар Ислом аҳлини ғоят хорлик, заифлик ва хўрлик ҳолатида кўришгани учун ҳам уларни хорлаб, қаттиқ азобларни тоттиришмоқда!..

Шундан сўнг Рум подшоҳи унга: «Бошимни ўпасанми, сени озод қиламан?», деди.

Абдуллоҳ: «Нафақат мени, барча мусулмон асирларини озод қилсанг, майли бошингни ўпаман», деб жавоб берди.

Подшоҳ шунга рози бўлгач, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу Рум подшоҳининг бошини ўпди. Подшоҳ ҳам ўз сўзида туриб, барча мусулмон асирларини озод қилди.

Абдуллоҳ ибн Ҳузофа барча асирларни олиб, Мадинага йўл олди. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уларни кутиб олиб, воқеадан хабардор бўлгач: «Ҳар бир мусулмон кишига Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг бошини ўпиш вожиб бўлибди, мен ўзим биринчи бўлиб ўпаман», деб унинг бошини ўпдилар, у кишининг ортидан барча саҳобалар розияллоҳу анҳум Абдуллоҳнинг бошини ўпдилар (Ибн Асокир «Тарих»ида Байҳақий орқали ривоят қилган, шунингдек Ҳофиз «Ал-исоба»да келтирган ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят келтирган, Ибн Асир «Усудул-ғоба»да (3/212) келтирган).

Азиз биродарим! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари дўстлик ва душманлик тушунчасини қандай қилиб ҳаёт воқелигига айлантириб юборишгани яна бир неча суҳбатларга мавзу бўлишга арзийди.

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аммо баъд...

Тўртинчи: Душманлик асосига дарз етказмайдиган истиснолар

Бу ҳам муҳим бир модда бўлиб, илмий омонат ва инсоф юзасидан бу ҳақда ҳам сўз юритиб кетмоқчиман. Токи айрим биродарлар масалани тушунишда чалкашликларга йўл қўймасинлар, шаръий далилларни ўз ўрнидан бошқа ўринларга ишлатиб қўймасинлар, далилларнинг далолати билан воқеликдаги ҳаракат ўртасини тўғри боғлай олсинлар.

1) Исломга даъват қилишда мулойимликни лозим тутиш

Ислом мусулмонларга одамларни Аллоҳнинг динига даъват қилиш ва уларни яхшиликка йўллашни вожиб қилган. Бу фақат қалбларга кириб бориш ва уларни мойил қилиш орқалигина амалга ошадиган иш бўлгани учун Ислом кофир ва динсизларни даъват қилишни ҳикмат, чиройли панд-насиҳат ва гўзал шаклдаги мунозаралар орқали қилиш лозимлигини белгилаб берди. Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингизнинг йўли динига донолик ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала мунозара қилинг!» (Наҳл: 125).

Бу Аллоҳ таолонинг: «Эй пайғамбар, сиз кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг!» (Таҳрим: 9) оятига қарама-қарши келмайди. Чунки, бу уруш ҳолатига хос, униси эса даъват мақомига хосдир. Бу икки мақомни ажрата билмаслик кўпчилик ёшларни хатога ёки қийналишга тушириб қўйгани сир эмас. Бу иккиси ўртасини яхши ажратиб олмоқ зарур, чунки бу жуда муҳимдир.

2) Аҳли китоблардан уйланиш ё уларнинг таомларини истеъмол қилиш ҳам душманлик асосига путур етказмайди.

Бу ҳақдаги қуръоний далил очиқ-ойдин ва аниқ-тиниқдир, Аллоҳ таоло «Моида» сурасида айтади: «Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир. Қачонки зино қилмай ва яширин ўйнаш тутмай маҳрларини бериб уйлансангиз, сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир. Кимки иймонидан қайтса, унинг қилган амали беҳуда кетиши аниқдир ва у охиратда зиён кўрувчилар тоифасидандир» (Моида: 5).

Бешинчи: Сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз

Шунча фитналар, шунча адоватлар, шунча тил бириктирувларга қарамай Ислом аҳлига айтмоқчиманки, мен Аллоҳ таолонинг: «Сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз, агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлувчидирсизлар» (Оли Имрон: 139) оятидаги ваъдасига аниқ ишонаман. Лекин, бунинг учун унинг шартини, яъни иймонни рўёбга чиқаришимиз зарур бўлади. Иймон бўлмаса, Аллоҳ таоло ҳеч қачон нусрат бермайди, Аллоҳ бизни фақат иймон билангина азиз қилади!

Аллоҳ таоло айтади:

«Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини) хавфу-хатарларидан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди» (Нур: 55).

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бу дин Ислом ҳақида ёзилаётган минглаб китоблар билан ё қилинаётган жарангдор хутбалар ва таъсирчан маърузалар билангина барпо бўлиб қолмайди.

Балки, у кўз билан кўриладиган, қўл билан ушланадиган, асарини ақллар мулоҳаза қила оладиган тирик ва ҳаракатдаги воқеликка барпо бўлади. Бу эса фақатгина Исломни комил ва шомил суратда ўрганадиган ва англайдиган, кейин эса уни ҳаётнинг барча жабҳаларида амалий воқеликка ва ҳаёт манҳажига айлантириб оладиган, фақат шундан кейингина учинчи қадамни қўядиган, яъни, Аллоҳнинг «Сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз, агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлувчидирсизлар» деган ваъдасига ишонган ҳолда Исломга комил ва шомил суратда даъват қиладиган содиқ мўминлар қўллари билангина амалга ошади, бусиз асло иложи йўқ.

Аллоҳ таоло айтади:

«Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бақара: 249).

«Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар» (Анфол: 36-37).

«Кимки Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлувчидир» (Моида: 56).

«У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан гарчи мушриклар истамасалар-да барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Саф: 9).

Сўзимни Имом Бухорий ва Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис билан тамомламоқчиман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «То мусулмонлар яҳудларга қарши урушмагунларича қиёмат қоим бўлмайди. Шунда мусулмонлар уларни ўлдирадилар. Яҳудлар ҳатто тош ва дарахт ортига яшириниб олишади. Шунда тош ва дарахт: «Эй мусулмон, эй Аллоҳнинг бандаси, ортимда яҳудий бор, кел, уни ўлдир», дейди. Фақат ғарқад (ундай демайди), чунки у яҳудларнинг дарахтларидан» (Бухорий (6/75), Муслим (№2922).

Бу Аллоҳнинг ваъдасидир. Биз ўткинчи бир даврларда ботил ҳар қанча шиширилмасин ва ҳақиқат аҳли ҳақиқатнинг юзага чиқишига тамомила умидсиз аҳволга тушиб қолган бўлмасин, барибир Аллоҳнинг бу ваъдаси келишига аниқ ишонамиз ва уни мутлақо тасдиқлаймиз. Билингки, охир-оқибат ҳақиқат албатта ғолиб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир» (Исро: 81).

Эй Парвардигор! Ислом ва мусулмонлар ғалабаси билан кўзларимизни қувонтиргайсан..

2010 йил 2-июл