Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исломда дўстлик ва душманлик тушунчаси

5166 марта кўрилган

الولاء والبراء

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Севикли дўстларим, барчангиз даврамизга хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанотлар бўлсин. Аллоҳ таолодан юзларингизни ёруғ қилишини, қалбларингизни очишини ва дилларингизни поклашини, сизу биздан солиҳ амалларни қабул қилишини, барчамизни дунёда Ўзининг тоатида ва охиратда пайғамбарлар саййиди билан бирга Ўзининг жаннатида жамлашини сўрайман. Зотан, У бунга қодирдир.

Бугунги суҳбатимизни «Исломда дўстлик ва душманлик тушунчаси» деб номладик. Одатимизга кўра, уни бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

  • Биринчи: Юракдаги қонли дард.
  • Иккинчи: Кофирларни дўст тутиш ҳаромлиги ва мўминларни дўст тутиш фарзлигига Қуръон ва Суннатдан далиллар.
  • Учинчи: Дўстлик ва душманлик тушунчасининг амалий татбиқидан нурли кўринишлар.
  • Тўртинчи: Душманлик асосига дарз етказмайдиган истиснолар.
  • Бешинчи: Сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз.

Суҳбатимизга диққат-эътибор қаратишингизни умид қиламан. Зотан, мавзу, кўриб турганингиздек, ўта муҳим мавзулардан биридир.

Биринчи: Юракдаги қонли дард

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ислом тонги отиб, атрофга нур тарата бошлаганидан бошлаб то бугунги кунгача у Ислом душманлари тарафидан қаттиқ душманлик қилинишга ва саноқсиз ҳужумларга учрашда давом этмоқда. Душманлар исломни ер юзидан супуриб ташлаш ва мусулмонларнинг шавкатини синдириб, янчиб ташлашга иттифоқ қилганчалик бирон ишга иттифоқ қилишмаган!.

Душманлар Ислом динидаги куч-қудратнинг асосий сабаби саҳиҳ-соғлом ақийдада мужассам эканини билишгани боис унинг поклигини булғаш ва софлигига путур етказиш учун, уммат билан холис-соф ақийдаси ўртасига ўтиб бўлмас тўсиқлар ясаш учун маккорлик билан қўлларидан келган барча ҳийлаларни ишга солишди ва солишмоқда.

Буни ўзлари ҳам очиқ эълон қилишади. Мисол учун Лорд Кромер (Ивлин Бэринг, 1883-1907 йиллар мобайнида Британиянинг Мисрдаги олий вакили ва Мисрнинг амалдаги ҳокими. тарж) айтади: «Шак-шубҳалар қўзғолишининг олдини олиш учун Исломнинг сохталаштирилган кўринишларини муҳофаза қилиш зарур, токи мусулмонлар ўзларига нисбатан қилинаётган фириб-найранглардан огоҳ бўлиб қолмасинлар ва исломлари ҳануз яхши ҳолат устида экани ҳақидаги алдамчи хаёллар билан хотиржам бўлиб юраверсинлар, илдизидан суғурилиб ташланаётган ақийдалари ҳимояси йўлида ҳаракатга тушиб қолмасинлар...».

Ҳа, азиз дўстлар.. Кечаги кунимизда ақийда борасида андак хуруж бўлса, Абу Бакр Сиддиқ ва Умарнинг унинг ҳимоясига отилиб чиққанини кўришимиз, Холиднинг шердек ўкиригини эшитишимиз, ҳақиқий мўминларнинг ақийда йўлида жону молларини қурбон қилишларига гувоҳ бўлишимиз мумкин эди!!

Бугунчи?! Бугун ақийда унинг софлигини булғаш, сохталаштириш ва ҳаёт воқелигидан четлатиш орқали таг-томиридан суғуриб ташланмоқда!

Ақийда аксарият унга нисбатланувчилар, бироқ унинг маъносини билмайдиган, унинг тақозосини рўёбга чиқармайдиган ва натижада аччиқ-аламли кўриниш, қизиқ аралашма ва ачинарли воқеликка тушиб қолган кишилар тарафидан хунук суратда бўғизланмоқда!

Қанчадан-қанча одамлар борки, тавҳид калимасини тиллари билан такрорлашади, бироқ унинг маъносини билишмайди, мазмунини тушунишмайди, талабларини амалга оширишмайди.. Аксинча, жуда кўп турдаги ибодатларни Аллоҳ таолодан бошқаларга қилиб юришади!!

Бугунги кунда қанчадан-қанча одамлар борки, тавҳид калимасини тиллари билан такрорлашади, кейин эса бемалол ўзлари учун Аллоҳнинг манҳажига (дастурига) зид келадиган ҳаёт манҳажи, ерга мансуб ва инсонлар томонидан ишлаб чиқилган қонун-қоидалар мажмуъини ихтиёр қилишади!

Бугунги кунда қанчадан-қанча одамлар борки, тавҳид калимасини тиллари билан такрорлашади, шу вақтнинг ўзида бемалол Аллоҳнинг душманларини дўст тутишда, Унинг дўстларини ёрдамсиз қолдиришда давом этишади!

Бугунги кунда қанчадан-қанча одамлар борки, тавҳид калимасини тиллари билан такрорлашади. Ваҳоланки, намоз ўқишмайди, закот беришмайди, судхўрлик қилишади, маст қилувчи ичимлик истеъмол қилишади, зино қилишади ва ҳатто, мункарга буюриб, маъруфдан қайтаришади. Шу ҳолда яна ўзларини комил мўмин-мусулмон деб эътиқод қилишади, тавҳид калимасини тиллари билан айтиб қўйишни кифоя санашади.

Юракдаги қонли дард.. Ҳайратомуз қарама-қаршилик.. Аламли воқелик.

Жуда кўп мусулмонларнинг ҳисларидан тавҳид ақийдасининг комил ва саҳиҳ сурати ғойиб бўлганидан ва у билан бирга Исломдаги улкан бир тушунча, яъни дўстлик ва душманлик тушунчаси ҳам унутилганидан юраклар эзилиб, қон силқийди!.

Меъёрлар алмашиб кетди.. Ўлчовлар ўзгариб кетди.. Қалблар айланиб, уларда Аллоҳнинг душманларига муҳаббат ўрнашди, жуда кўп мусулмонлар уларга чин дилдан дўстлик изҳор қиладиган, улар билан дўстлик ва муҳаббат ришталарини маҳкам боғлайдиган бўлиб қолишди, уларни ва уларнинг манҳажларини (ҳаёт дастурларини), мафкураларини, қонунларини зўр бериб ҳимоя қиладиган бўлишди. Ваҳоланки, шу вақтнинг ўзида улар тавҳид ва иймон аҳлига нисбатан бўлаётган адоват ва камситишларга бепарво қарашади, уларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш ҳақида ўйлашмайди ҳам. Шу ҳолда яна ўзларини Исломнинг ҳимоячилари ва хос кишилари деб эътиқод ҳам қилишади!!

Бизнинг замонимизда одамлар кофирлар билан бўлган муомалада уч қисмга бўлиниб қолдилар.

Биринчи қисм: Аллоҳнинг динига ёрдам берувчи, Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи кишилар. Улар Аллоҳ азза ва жаллани, Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва мўминларни яхши кўрадилар, ширкни ва мушрикларни ёмон кўрадилар. Улар сонлари оз бўлса-да, Аллоҳнинг ҳузурида ажри кўп кишилардир.

Иккинчи қисм: Гарчи кофирлардан ўзларини узоқ тутсалар-да, Ислом аҳлига ҳам ёрдам бермайдиган кишилар.

Учинчи қисм: Кофирларни дўст тутиш ва уларга сўзда ҳам, амалда ҳам, эътиқодда ҳам ҳамкор ва ҳамфикр бўлиш билан ҳамда яхшилик аҳлини душман тутиб, уларга қарши курашиш билан Исломдан чиққан кишилар.

Иш ўта аҳамиятли бўлганидан ушбу мавзуни узил-кесил ёритиб ва изоҳлаб берадиган кўплаб қуръоний ва набавий далиллар келган. Суҳбатимизнинг давоми шу ҳақда бўлади:

Иккинчи: Кофирларни дўст тутиш ҳаромлиги ва мўминларни дўст тутиш фарзлигига Қуръон ва Суннатдан далиллар

Мен ушбу далиллардан баъзиларини келтириш билан чекланаман.

Биринчи далил: Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи:

«Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51).

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ушбу оятни изоҳлаб: «Сизлардан бировингиз ўзи сезмаган ҳолда яҳудий ё насроний бўлиб қолишдан ҳазир бўлсин», деганлар.

Муфассирлар шайхи Имом Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ ушбу оят шарҳида айтади: «Албатта, ким уларни дўст тутса мўминларга қарши уларга ёрдам берса, у одам ўшаларнинг дини ва миллати аҳлидан бўлади».

Имом Қуртубий «Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» оятини шарҳларкан, «Яъни ким мусулмонларга қарши улар билан ҳамкорлик қилса, унинг ҳукми куфр ва жазо борасида уларнинг ҳукмидадир», дейди.

Иккинчи далил: Аллоҳ таоло айтади:

«Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир». Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдам берувчи бўлмайди» (Бақара: 120).

Хушёр бўлинг, азиз биродарим! Сизга бу ҳақда хабар бераётган зот кўзларнинг хиёнатини-да, дилларда яширин фикрларни-да билувчи, бўлиб ўтган, бўлаётган ва энди бўлажак нарсаларни-да билувчи бўлмиш Аллоҳ Роббул оламийндир. «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14).

Ўзингиз кўриб турганингиздек, ушбу ояти карима ҳеч қандай изоҳга ўрин қолдирмайдиган даражада аниқ-тиниқ ва қатъий далилдир.

Жуда кўп оятлар ушбу маъно остига дохил бўлади. Жумладан, «Бақара» сурасидаги мана бу оят:

«Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни ҳозир), уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан кейин ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди. Бас, Аллоҳнинг фармони келгунича уларни афв қилинг ва кечиринг. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир» (Бақара: 109).

Аллоҳ таолонинг «Оли Имрон» сурасидаги мана бу оятини ҳам бир тафаккур қилиб кўринг:

«Эй мўминлар, ўзларингни қўйиб, (у кофирларни) сирдош дўст тутманглар! Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва ёмон ҳолга тушишингизни орзу қиладилар. Уларнинг сизларни ёмон кўришлари оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги адоватлари эса янада каттароқдир. Агар ақл юргизсангизлар сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик» (Оли Имрон: 118).

Аллоҳ таолонинг «Оли Имрон» сурасидаги мана бу оятини ҳам бир тафаккур қилиб кўринг:

«Эй мўминлар, агар китоб берилган кимсаларнинг баъзи бир гуруҳларига бўйсунсангиз, улар сизларни иймонга келганингиздан кейин яна кофирликка қайтарадилар. Аллоҳнинг оятлари сизларга тиловат қилинаётган, Унинг пайғамбари орангизда бўлган бир пайтда қандай қилиб диндан қайтасиз?! Ким Аллоҳга боғланса (яъни Унинг динини маҳкам ушласа) бас, муҳаққақки, тўғри йўлга ҳидоят қилинибди» (Оли Имрон: 100-101).

Учинчи далил: Аллоҳ таолонинг «Анфол» сурасидаги қуйидаги ояти:

«Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига хамкордирлар. (Бас, эй мўминлар, сизлар уларни ўзларингизга душман тутингиз). Агар шундай қилмасанглар (яъни мўминга дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур» (Анфол: 73).

Яъни, агар кофирлардан четлашмасанглар, мушриклардан ажралиб турмасанглар ва мўминларни дўст тутмасанглар, кўпчилик одамларга иш чалкашиб кетиши ва улар ҳақ билан ботилни ажратишда довдирашлари оқибатида ер юзида катта фитна дарвозаси очилади.

Тўртинчи далил: Аллоҳ таолонинг «Оли Имрон» сурасидаги қуйидаги ояти:

«Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, Аллоҳга ҳеч нарсада эмас (яъни Аллоҳга бегонадир). Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир), Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Ва фақат Аллоҳга қайтажаксиз» (Оли Имрон: 28).

Ибн Жарир Табарий Аллоҳ таолонинг «Аллоҳга ҳеч нарсада эмас» деган қавли шарҳида айтади: «Яъни, у динидан қайтиши ва куфрга кириши сабабли Аллоҳдан бутунлай узилди, Аллоҳ ҳам ундан бутунлай узилди».

«Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз» оятида айтади: «Яъни, агар мусулмон киши ўз ишига мағлуб ва улардан заиф бўлиб, уларга адоватини изҳор қилишга қодир бўлмаса ва уларга тили билан розилик сўзини айтиб, дили иймон билан хотиржам бўлса, Раҳмоннинг душманларига нисбатан адовату нафрат билан лиммо-лим бўлса..».

Бешинчи далил: Аллоҳ таолонинг «Мумтаҳана» сурасидаги қуйидаги ояти:

«Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!» (Мумтаҳана: 1).

Кофирларни дўст тутиш ҳаромлиги ва мўминларни дўст тутиш фарзлигига Суннатдан далиллар:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Иймоннинг энг мустаҳкам дастаси – Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлашиш, Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир» (Табароний ва бошқалар ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: №2539).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: «Ким Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса ва Аллоҳ учун инъом этиб, Аллоҳ учун ман қилса, иймонини комил қилибди» (Абу Довуд (№4681), Аҳмад (3/438) ривоят қилганлар, Саҳиҳул-жомиъ: №5665).

Саҳиҳ ҳадисда Жарир розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам байъат олаётганларида ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, қўлингизни беринг, сизга байъат бераман, менга ўзингиз шарт қилинг, сиз билувчироқсиз» дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен билан Аллоҳга ибодат қилишингга, фарз намозларни адо этишингга, закотни ўташингга, ҳар бир мусулмонга холис насиҳат қилишингга ва ширкдан бутунлай пок-халос бўлишингга байъатлашаман», дедилар (Аҳмад ва Насоий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: №25).

Дўстлик ва душманлик тушунчаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳиссида очиқ-равшан эди. Улар бу тушунчани ҳаёт воқелигида тенгсиз ёруғ суратга айлантирдилар.

Суҳбатимизнинг учинчи қисми ана шу ҳақда давом этади.