Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Фарзандларимиз: ота-онага яхшилик қилиш ва оқ бўлиш оралиғида (2)

2932 марта кўрилган

Учинчи: Ота-онага яхшилик қилиш фазли

Севикли биродарим! Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни Ўзининг тавҳиди билан бир ўринда, боғлаб зикр қилган эканининг ўзи ҳам бу ишнинг фазлига кифоя қилади. Аллоҳ таоло айтади:

«Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди» (Исро: 23).

«Аллоҳга бандалик қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-онангизга... яхшилик қилингиз!» (Нисо: 36).

««Фақат Аллоҳгагина ибодат қиласизлар, ота-она, қариндош-уруғ, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар. Кишиларга чиройли сўзлар сўзлангиз ва намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг», деб бани Исроилдан аҳду паймон олганимизни эсланглар» (Бақара: 83).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: Учта иш борки, Аллоҳ таоло уларни учта нарсага боғлаб нозил қилди. Уни ўша ўзи боғланган нарсасисиз қабул қилмайди.

Биринчиси, Аллоҳ таолонинг: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга итоат этингиз!» (Муҳаммад: 33) оятидир. Ким Аллоҳга итоат қилса-ю, пайғамбарига итоат қилмаса, Аллоҳ ундан қабул қилмайди.

Иккинчиси, Аллоҳ таолонинг: «Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг» (Бақара: 43) оятидир. Ким намоз ўқиса-ю, закот бермаса, Аллоҳ ундан қабул қилмайди.

Учинчиси, Аллоҳ таолонинг: «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин!» (Луқмон: 14) оятидир. Ким Аллоҳга шукр қилса-ю, ота-онасига шукрона бажо келтирмаса, Аллоҳ ундан қабул қилмайди.

Ота-онага яхшилик қилиб яшаш нақадар гўзал ҳаётдир, нақадар саодатли ва роҳатли ҳаётдир!! Нақадар лаззатли ҳаётдир у!! Баҳри дили очилади бундай ҳаётда кишининг!! Ҳар лаҳзада саодатни ҳис қилиб яшайди бунда инсон!! Аллоҳ таоло ота-онасига яхшилик қилувчи кишининг ризқини кенг қилиб қўяди, умрига барака беради!!

Ота-онага яхшилик қилиш жаннатга кириш сабабидир:

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!», дедилар. «Ким ё Расулуллоҳ?» деб сўралди. «Ким ота-онасидан бирини ёки ҳар иккаласини кексайган пайтларида топса-ю, (уларни рози қилмагани сабабли) жаннатга кирмаса», дедилар (Муслим (№2551), Термизий (3539), Аҳмад (2/345, №8538) ривоятлари).

Ушбу яхшиликни зое қилишдан эҳтиёт бўлинг эй ота-она неъматига мушарраф бўлиб турганлар!!

Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг катта ибодатлардан саналади:

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши айтадилар: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қайси амал Аллоҳга энг суюмли?» деб сўрадим. У зот: «Вақтида ўқилган намоз» дедилар. «Кейин қайси?» дедим. «Кейин ота-онага яхшилик қилиш» дедилар. «Кейин қайси?» дедим. «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш» дедилар (Бухорий (№5970), Муслим (№85) ривоятлари).

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига жиҳодга боришга рухсат сўраб келган эди, у зот: «Ота-онанг ҳаётми?», деб сўрадилар. «Ҳа», деди. «Унда сен ўшалар ҳаққида жиҳод қил (яъни, уларнинг розилигини топишга қаттиқ ҳаракат қил)», дедилар (Имом Бухорий (№5972) ривояти).

Имом Муслим ривоятида: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Мен сизга ҳижрат ва жиҳод қилишга байъат бериш учун келдим, Аллоҳдан ажр истайман», деди. «Ота-онангдан бирорталари ҳаётми?», деб сўрадилар. «Ҳа, иккаласи ҳам ҳаётлар», деб жавоб берди. «Аллоҳдан ажр истайсанми?», дедилар. «Ҳа», деди. «Ота-онанг олдига қайтиб, уларга гўзал муомалада бўл», деб буюрдилар (Муслим (№2549) ривояти).

Ота-онага яхшилик қилиш мусибатлар аришига сабаб бўлади:

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Уч киши йўлда боратуриб, ёмғир остида қолишди ва тоғдаги бир ғорга киришди. Шунда тоғдан бир катта харсанг думалаб тушиб, ғор оғзини тўсиб қўйди. Улар бир-бирларига: Сизларни бу харсангдан солиҳ амалларингизни восита қилиб Аллоҳга дуо қилишингизгина қутқариши мумкин, дейишди. Улардан бирлари деди: «Эй Аллоҳим, менинг кекса ота-онам бор эди. Мен ҳар куни кечқурун аввал ота-онамга сут соғиб ичирар, сўнг бола-чақамга берардим. Бир куни бир иш билан ушланиб қолиб, кеч келсам ота-онам ухлаб қолган эканлар. Уларга сутларини соғиб олиб кирсам ухлашаётган экан. Уларни уйғотишни истамадим, болаларим оёқларимга ёпишиб йиғлашарди. Улардан аввал бола-чақамга сут беришни хоҳламадим-да, қўлимда коса билан то тонг отгунча уларнинг уйғонишларини кутиб турдим. Улар уйғонгач, сутларини ичдилар. Эй Аллоҳим, шу ишни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу харсангни очгайсан.» Шунда харсанг улар чиқиб кетиша олмайдиган даражада бир оз очилди...» (Бухорий (№5974), Муслим (№2743) ривоятлари).

Ушбу ҳадис маъноси ҳақида яхшилаб тафаккур қилинг-а, бу киши ота-онасига қилган яхшилигини ўртага қўйиб сўраган эди, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди. Дуонгиз ижобат қилинишини истасангиз, ота-онангизга яхшилик қилинг.

Севикли биродарим! Маълумки, онага яхшилик қилиш отага яхшилик қилишдан муқаддам туради. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, яхши муомаламга ким кўпроқ ҳақли?», деб сўради. «Онанг!» дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Кейин ким?» деб сўради. «Онанг!» дедилар. «Кейин ким?» деб сўради. «Онанг!» дедилар. «Кейин ким?» деб сўради. «Кейин отанг!» дедилар (Бухорий (№5971), Муслим (№2548) ривоятлари).

Имом Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган, шайх Албоний ҳасан санаган мана бу ҳадис ҳақида тафаккур қилиб кўринг: Муовия ибн Жоҳима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Жоҳима розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, мен жиҳод қилишни истаб, сиздан маслаҳат сўраб келдим», деди. «Онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Уни (нг хизматини) лозим тут. Зеро, жаннат унинг оёқлари олдидадир», дедилар (Аҳмад, Насоий, Байҳақий ривоятлари).

Бир ривоятда: «Уни (нг хизматини) лозим тут. Зеро, жаннат унинг оёқлари остидадир», дедилар (Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 1249).

Ота-она неъматидан айрилиб қолган кишиларнинг дилларидаги сўнмас ҳасрат ўтини бироз бўлса-да ўчириш учун яна бир ҳадис айтиб бераман.

Абу Усайд Молик ибн Рабиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида эдим, Бану Саламалик бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, ота-онам ўтиб кетишган, ортларидан уларга бирон яхшилик қила оламанми?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, уларга салавот (яъни, дуо) йўллайсан, ҳақларига истиғфор айтасан, қилган аҳд-васиятларини ижро қиласан, дўстларини иззат-икром қиласан, қариндошлари билан алоқа қиласан» дедилар. (Ибн Ҳиббон ривояти, Ҳоким саҳиҳ санаган).

Ота-онамиз ҳақларига дуо қилишимиз, улар учун истиғфор айтишимиз, улар номидан ҳаж қилишимиз, Аллоҳга илтижо қилиб: «Парвардигорим, мени улар гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб ҳақларига дуо қилишимиз лозим бўлади. Салафлардан бирларининг оналари вафот этганида йиғлаб: «Нега ҳам йиғламай, бугун менга жаннат эшикларидан бир эшик ёпилди», деган эканлар.

Тўртинчи: Ҳақ-ҳуқуқлар муқобилидаги мажбуриятлар

Ота-оналарнинг фарзандлар зиммасида ҳақ-ҳуқуқлари бўлгани каби, фарзандларнинг ҳам ота-оналар зиммасида ҳақ-ҳуқуқлари бордир. Қанча-қанча оталар, қанча-қанча оналар фарзандлар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб юришибди!!

Фарзанд дунёга келган лаҳзалардан бошлаб, балки ҳали ёруғ оламни кўрмасидан туриб, унинг тарбияси ҳақида қайғуриш ота-она зиммасига масъулият бўлиб юкланади. Ота ҳали дунёга келмаган фарзандидан масъул бўлади. Қандай қилиб дейсизми?! Фарзандини солиҳ ва фозил қилиб тарбиялаши лозим бўлган онани танлаш билан!

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Мен ҳозир сизларга айтадиган гапларни яхшилаб ўйлаб кўринг. Агар ҳозир сизларга: «Бир ота кўчадан уйига кириб келиб, бир варақ қоғоз чиқариб, аёлига узатибди, унда ўзини фарзандлар тарбияси юмушидан бўшатиш сўралган ариза битилган экан», десам нима деган бўлардингиз?! Шубҳасиз, бу отани тентакка чиқарган бўлсангиз керак эди!!

Ёки, бир она ишдан уйига қайтиб, бир вараққа ўзини болалар тарбияси ишидан бўшатиш ҳақида ариза ёзиб, эрига узатса, уни ким деб атаган бўлардингиз?! Шубҳасиз, уни ҳам тентакка чиқарган бўлардингиз, қўлига ариза тутқазилган эр бечора бу хотин билан ажрашиш ҳақида ўйлай бошласа ҳам керак эди!!

Хўш, энди сизларга: «Биз бугун яшаб турган воқеликни яхшилаб текшириб қарасангиз, мусулмонларнинг хонадонларида оммавий равишда ишдан бўшаш ҳоллари юз берди», десам, нима дейсизлар?! Ҳа, жуда кўп оталар фарзандлар тарбиясини ўзларидан соқит қилдилар, жуда кўп оналар болалар тарбияси ишидан бўшаб олдилар!! Бечора ота ўзининг бор-йўқ вазифасини оиланинг молиявий вазири бўлишга чеклаб олган, кун бўйи кўчадан бери келмайди, иш, тижорат, сафарлар билан банд, оқшомларини чойхона ва тунги клубларда ўтказади, ярим кечаси келиб, ўзини уйқуга ташлайди ё телевизор олдида тонг оттиради, бирон марта болалари билан холи қолиб, уларнинг аҳволи билан қизиқиш ҳақида ўйламайди!

Тўғри, отанинг ҳолатини ҳам тушуниш керак, оғир иқтисодий аҳволнинг бор юки оталар елкасига тушгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, мен ҳам ҳамма вақтингни болангга ажрат, демайман. Лекин, бир нарсани асло унутмаслик керакки, ота фарзандлари олдида ўтиришининг ўзи ҳам, ҳатто бир оғиз гапирмаса ҳам, шунинг ўзи ҳам тарбияга кифоя қилади. Энди уларга гапириб, панд-насиҳат қилса, жаннатга қизиқтириб, дўзахдан огоҳлантирса, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб берса, болаларига ўзининг меҳрини сездирса, улардан бепарво эмаслигини ва ҳамма ишларини кузатиб турганини билдирса, ўғлининг ўртоғи ким, қизининг дугонаси ким, сўраб-суриштирса, бунинг тарбиядаги таъсири қанча бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Ҳурматли оталар, фарзандларингизни кичиклигидан фозил ва солиҳ қилиб, яхши ахлоқлар устида тарбия қилсангиз, улар албатта хуш ахлоқ ва солиҳ фарзандлар бўлиб улғайишади. Айрим оталар, боламни уйда ҳар қанча яхши тарбия қилишга уринмай, кўчага бир чиқиб, мен беришга уринган чиройли тарбиянинг ҳаммасини йўққа чиқариб қайтади, деб шикоят қилишади. Мен уларга айтаман: Кўнглингиз тўқ бўлсин, хотиржам бўлинг, модомики асл-асос саломат ва гавҳар тоза бўларкан, унга ёпишган чанг-ғуборлар кетиб, яна аслига қайтиши осон кечади, модомики сиз уйда болангизни Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатлари асосида пишиқ-пухта тарбия қиларкансиз, кўчада илашган ёмон хулқ-атворлар қандай келган бўлса, шундай кетади.

Муҳтарам биродарим! Фарзандингиз сизнинг зиммангиздаги омонат, уни зое қилиб қўйманг. Аллоҳ ҳузурида сиз ундан масъул бўласиз. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6).

«Саҳиҳайн»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Имом роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Аёл киши эрининг уйида роъия ва у ўз раиятидан масъулдир. Хизматчи хожасининг мол-мулкида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир.» Яна шундай ҳам деганлар, деб ўйлайман: «Киши отасининг молида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Ҳар бирингиз роъий ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз» (Бухорий (№893), Муслим (№1829) ривоятлари).

Болалар тарбисини оталар ўз зиммаларидан соқит қилишгани ёнига оналар ҳам уни соқит қилишлари қўшилса, мусибат чўққисига етиб боради. Зотан, она покиза тарбия манбаи, илк тарбия ўчоғидир. Тарбиянинг энг биринчи мактаби ёпилса, нима бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Боласини масжидга боришдан қайтарадиган, илм мажлисларига боришдан ман қиладиган оталар борлигига нима дейсиз?! Ҳамма нарсага инсоф билан ёндошишимиз керак, мен оталарнинг фарзандлар зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқларини айтиб туриб, энди фарзандлар наздида уларнинг қадрларини пасайтиришни истамайман. Бироқ, бугун фарзандини масжиддан тўсган, суннатдан ман қилган ота эртага боласининг наркотик истеъмол қилаётгани ё томирига нина ураётганини, ё эса ёмон қизларга илакишиб, фаҳшга ботганини кўрса, кўзидан ёш ўрнига қон оқиши тайин-ку!! Шу боис муҳтарам оталарга яна бир бор эслатиб ўтмоқчиманки, фарзандларини исломий ахлоқ-одоблар манбаи бўлмиш масжидлардан тўсмасинлар, болаларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиш йўлини катта очиб қўйсинлар.

Севикли биродарларим! Ота-оналарнинг фарзандлар зиммасида ҳақ-ҳуқуқлари бўлгани каби, фарзандларнинг ҳам ота-оналар зиммасида ҳақ-ҳуқуқлари мавжуд. Бироқ, шундай ота-оналар ҳам бўладики, фарзанди унга оқ бўлишидан олдин улар фарзандга оқ бўлиб бўлган бўлишади.

Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурларига ўғлининг итоатсизлигидан шикоят қилиб келганида у киши: «Ўғлингни менга олиб кел», дедилар. Ўғли келгач, ҳазрат Умар унга: «Нега отангга осийлик қиласан?!», дедилар. Ўғил: «Эй амирал-муъминийн, отамнинг зиммасида менинг ҳам ҳақларим борми?», деб сўради. «Ҳа, сенга яхши она танлаши, чиройли исм қўйиши, сенга Қуръонни ўқитиши унинг зиммасидаги сенинг ҳаққингдир», дедилар. Ўғил: «Аллоҳга қасамки, у булардан бирортасини ҳам қилмаган», деди. Шунда Умар отага қараб: «Бор жўна, боланг сенга оқ бўлишидан олдин сен болангга оқ бўлган экансан», дедилар.

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Бешинчи: Бу ҳамманинг масъулиятидир

Шуни яхши билайликки, масъулият барчамизнинг бўйнимизга баробар тушади. Бола тарбияси учун оила ҳам масъул, таълим-тарбия масканлари ҳам масъул, матбуот ҳам масъул, кўча-кўйдагилар ҳам масъул. Хуллас, масъулият ҳамманинг бўйнига бирдек тушади ва албатта, энг биринчи навбатда оиладан бошланади.

Баъзи биродарлар алам ва афсус билан айтиб қолишади: Ота солиҳ кишилардан, боласини Аллоҳни рози қиладиган йўлда тарбиялаш учун жон куйдиради, она ҳам худди шундай, бироқ бу иккисидан бинога келган фарзанд баъзан бетавфиқ ва йўлдан озган бўлиб чиқади.

Биз айтамизки, бу нарса асли қоидани бекор қилолмайди. Мен мусулмон хонадонлардан бир хонадонни биламан, унинг тарбиясига Аллоҳнинг улуғ пайғамбарларидан бири – Нуҳ алайҳиссалом бош-қош бўлганди. Бироқ, шундай шарафли хонадон фарзанди нафақат оқ (итоатсиз), балки Аллоҳга кофир ҳам бўлди. Яна бошқа бир хонадонни ҳам биламан, унинг тарбиясига бутун дунёнинг тоғути (зўравони) Фиръавн бош бўлган ва унинг тарбияси остида улғайган ёш бир гўдак – Мусо калимуллоҳ кейинчалик Аллоҳнинг улуғ пайғамбарига айланганди.

Шундай экан, сиз қўлингиздан келганича ҳаракат қилинг, жон куйдиринг, натижаларни эса ҳамма нарсани билувчи, ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ таолога қўйиб қўйинг.

Ҳурматли ота, муҳтарама она! Болалар тарбиясидаги энг биринчи масъулият оиладан бошланади. Оила ҳар бир навниҳолнинг энг биринчи мадрасасидир, у ёш авлод шахсиятини шакллантиришда жуда катта рол ўйнайди. Шундай экан, тарбияга жидду-жаҳд кўрсатинг, Аллоҳдан тақво қилинг, тушкунликка тушманг, ғамгин бўлманг. Зеро, эккан одам албатта ўради. Шуни яхши билингки, ким яхшилик экса, унинг самараси албатта яхшилик бўлади. Ким ёмонлик экса, унинг самараси ҳам ёмонлик бўлади. Бу Аллоҳнинг адолатидир.

Фарзандларингиз бўйнингиздаги улкан масъулиятдир! Бу масъулият юки олдида бошқа ҳар қандай масъулиятлар кичрайиб кетади. Ҳақиқий маънодаги оталик чексиз-чегарасиз бериш ва сарфлаш демакдир, чексиз раҳм-шафқат, меҳр-мурувват кўрсатиш, борингизни қурбон қилиш, чин дилдан насиҳат қилиш, кучли эътибор қаратиш, боланинг туйғуларини ҳис қилиш, унинг шодлиги-ю, ғамига тенг шерик бўлиш, катта-кичик эҳтиёжларини қондириш демакдир. Оталик масъулиятига бошқа бирон масъулият тенг келолмайди. Нега ҳам шундай бўлмасин?! Ахир, сиз бугун эртанги кун тавҳид умматининг намоёндаларини тарбия қилмоқдасиз, эртага «ла илаҳа иллаллоҳ» байроғини баланд кўтарувчиларни тарбия қилмоқдасиз. Нақадар улкан масъулият бу!! Нақадар юксак мақом бу!!

Фарзандингизга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларига бўлганларидек меҳрибон бўлинг, эй ота!

Фарзандингизга уммуҳотул-муъминийндек меҳрибон бўлинг, эй она!

Ёш авлод тарбиясида матбуотнинг ҳам салмоқли ўрни бор. Матбуот ишига бош-қош бўлувчилар жигарбандларимиз ҳаққида Аллоҳдан қўрқсинлар! Зеро, матбуот ва оммавий ахборот воситаси агар ундан тўғри фойдаланилса, фарзандларимизга олий ахлоқларни ва юксак намуналарни сингдиришда энг таъсирчан қурол саналади. Ва аксинча, агар уни суиистеъмол қилинса, шахсни ҳам, оилани ҳам, жамиятни ҳам вайрон қилувчи энг қаттол қуролга айланади. Ҳозирда матбуот, телевидения, интернет каби ахборот воситаларидан кўплари фақат жинсий ҳисларни уйғотиш, улуғ динимиз ва юксак қадриятларимизга зид келувчи ғарбнинг тубан ахлоқларини ташвиқот қилиш билан овора бўлиб қолган.

Шунинг таъсирида фарзанд бугун ахлоқ ва фазилатлар соҳиби бўлган отасига камситиш ва масхара назари билан қарайдиган бўлиб қолди. Унинг миясига фозил ахлоқларни маҳкам ушлаган ҳар қандай инсон қолоқ одам, деган фикр сингдирилди. Шунинг учун айрим фарзандлар ота-оналарига тик қараб, тап тортмасдан: «Сиз қолоқ одамсиз, сиз замондан орқада қолгансиз, замонингиз билан бирга қадам ташлаёлмайсиз, сизлар ҳануз ўрта асрлар жаҳолатида яшаб юрибсизлар», деб айтмоқдалар!

Матбуотда тарғиб қилинаётган «эркинлик»лардан таъсирланган фарзандлар ҳамма нарсага, оила нуфузига, ота-она нуфузига, ва ҳатто дин нуфузига саркашлик билан қарамоқдалар, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!

Мактаб-мадрасалар, таълим-тарбия муассасалари раҳбарларининг масъулиятлари ҳам жуда каттадир, улар ёш авлоднинг ақлини шакллантирадилар.

Муҳаммад Иқбол раҳимаҳуллоҳнинг мана бу сўзлари нақадар гўзал:

«Замонавий илм-фан болаларимизга илм-маърифат ўргатишни дўндиради, бироқ уларнинг кўзларига кўзёшни ва диллларига қўрқувни таълим бера олмайди».

Кўчанинг ҳам ўзига яраша масъулияти бор. Болалар кўчага уйда олган покиза ахлоқларини олиб чиқсалар, ҳолат анчагина ўзгарган бўлар эди.

Хуллас, масъулият ҳаммамизнинг зиммамизда бор ва ҳамма унда муштаракдир.

Аллоҳ таолодан кўзларимизни солиҳ ўғиллар ва фозила қизлар билан шодлантиришини сўрайман. Зотан, У бунга қодирдир.

2010 йил 10-декабр.