Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Фарзандларимиз: ота-онага яхшилик қилиш ва оқ бўлиш оралиғида

3606 марта кўрилган

أولادنا بين البر والعقوق

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимизни «Фарзандларимиз: ота-онага яхшилик қилиш ва оқ бўлиш оралиғида» деб номладик ва одатимизга кўра, уни қуйидаги моддаларга бўлиб олиб борамиз:

  1. Биринчи: Ҳақиқатан, катта мусибат.
  2. Иккинчи: Ота-онага оқ бўлиш хатарлари.
  3. Учинчи: Ота-онага яхшилик қилиш фазли.
  4. Тўртинчи: Ҳақ-ҳуқуқлар муқобилидаги мажбуриятлар.
  5. Бешинчи: Бу ҳамманинг масъулиятидир.

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни сўрайман. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Биринчи: Ҳақиқатан, бу катта мусибат

Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ота-онанинг вужудига фарзандларига бўлган муҳаббат ва раҳм-шафқат, улар учун ҳамма нарсани қурбон қилишга ҳозир бўлиш табиатини ўрнатиб қўйган. Ниҳол уруғ-дон ичидаги ҳамма озиқ моддасини шимиб олиб, қуруқ пўстлоғини қўйганидек, жўжа тухум ичидаги ҳамма озиқ моддасини сўриб олиб, уни қуруқ пўчоққа айлантириб қўйганидек, фарзандлар ҳам ота-онанинг бор инояту эътиборини, соғлигу асабларини сўриб оладилар, муштипар ота-она болам-чақам деб, ўзини ўтга-чўққа уриб, шу зайлда охир-оқибат кексалик ва заифлик ёшига етиб қолади. Бироқ, ота-оналар бундан асло хафа бўлмай, аксинча фарзандлар камолини кўриб, ўзларини бахтиёр ҳис қиладилар.

Аммо лекин, айрим ноқобил фарзандлар бўладики, ота-онанинг меҳр-муҳаббати, эътибори ва фидокорлигини қадрламайди, ҳаммасини жуда тез унутади, оқпадарлик, нонкўрлик, яхшиликка ёмонлик қилиш йўлини тутади, арзимаган сабаблар билан кекса ота-онасини жеркиш, турткилаш ва хорлашни одат қилиб олади. Иш каттайиб бориб, оқпадар фарзанд ўз меҳрибон отасини, ўз муштипар онасини ўлдириш даражасига етиб борганида энди бу мусибат кўламини ифодалашга бутун луғат тўпламларидаги ҳамма сўзлар ор қилиб ва хижолат бўлиб, ўзини четга тортиб қолади. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.. Келинг, гапни чўзиб ўтирмайин-да, ғоят жирканч, ўта манфур ва оқпадарликнинг чўққисига етган бир-икки ҳодисани сўзлаб берақолай..

Яқинда қишлоқлардан бирида ўта қабиҳ жиноят содир бўлибди, шу воқеа бугун мени ушбу мавзуда сўз юритишга мажбур қилди, аслида. Камбағал бир оила.. Ўнта боласи бор.. Бечора ота болалари яхшироқ еб-ичиши, дурустроқ ўқишларда ўқиши учун жон куйдириб, кечани кеча, кундузни кундуз демай, тинмай меҳнат қилади.. Ўғилларидан бири оқпадар бўлиб чиқади.. Анчайин катта рўзғорни тебратишда отасига ёрдам бериш у ёқда турсин, наркотикка ва қизларга илакишиб, отасининг топган-тутганини совуришга туради, бечора отани қарзга ботиради. Ота охири чидамай қолиб, бир куни унга: «Ҳой бола! Сенинг бемаъни сарф-харажатларингни қоплашга менинг қурбим етмайди. Бор, ўз аравангни ўзинг торт, катта йигит бўлиб қолдинг, менинг топганим укаларинг ва сингилларингга етса ҳам катта гап», дейди. Лекин, нонкўр ўғил отанинг бу гапларини ҳазм қилолмайди, миллий урф-одатларга ҳам, хонадондаги ички қадриятларга ҳам, диний қонун-қоидаларга ҳам тупуради.. Оқпадар фарзанд қандай қилиб отасини ўлдиришни, ундан боплаб ўч олишни ўйлай бошлайди!.. Ҳа, ишонаверинг, бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бераяпман сизларга!! Йигитча аниқ фанлар куллиёти толиби бўлгани учун кимё фанида ўрганган илмини ифлос шайтоний йўлга ишлатмоқчи бўлади, муайян илмий йўл билан кимёвий модда тайёрлаб, катта миқдорда уйига олиб келади ва ота шўрликнинг ухлашини пойлаб туриб, ухлаб ётган чоғида унинг устига ҳалиги моддани тўкиб юборади! Модда отанинг этини жизғанак қилиб, эритиб юборади, суякларини очиб қўяди!!

Аллоҳу акбар!! Ла илаҳа иллаллоҳ!! Ла илаҳа иллаллоҳ!!

Аллоҳга қасамки, бу ўта қабиҳ ва ҳамма ўлчовларга кўра ҳам жирканч бўлган жиноят олдида томоқлар қуриб, юраклар аламдан ёниб, ақллар таққа тўхтаб қолади!! Уни ифодалаб беришга қаламлар ожиз, уни тасвирлаб беришга сўз топилмайди!!

Шу ерда ўтирган ҳурматли оталаримиздан ё азиз биродарларимиздан биронталари айтиши мумкинки: «Ҳа, энди сабаби камбағаллик-да! Камбағаллик қурсин!!». Албатта, бу гапга қўшилмай иложимиз ҳам йўқ. Бироқ, бу каби мусибатларнинг бор-йўқ сабаби камбағалликкина эмас-да!! Ундай десангиз, камбағал бўлмаган оилаларда содир бўлаётган мусибатлар ҳам бундан кам эмас. Сўзимга исбот сифатида икки ҳафта илгари «Ал-аҳром» газетасида ўқиганим яна бир машъум ҳодисани келтиришим мумкин. Унда бой-бадавлат, ота ҳам, она ҳам орзу қилса қилгудек юқори ижтимоий мартаба эгаси бўлган бир хонадон ҳақида сўз боради. Муҳандислик соҳасида докторлик унвонига эга зиёли она ўз жигарбанди, университетни битирган ўғли билан у уйланмоқчи бўлган қиз ҳақида келишолмай, жанжаллашиб қолади. Она ўзининг билими ва ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, ўғлининг ҳаётига ўзини масъул деб билганидан, ўзи етарли деб санаган сабаб ва важ-карсонларни ўртага қўйиб, ўғлининг ўша қизга уйланишига тиш-тирноғи билан қаршилик қилади ва можаро кескин тус олади. Ноқобил ва оқпадар фарзанд жаҳл устида пичоққа ёпишади ва ўз онаизорини пичоқлаб ўлдиради!!

Аллоҳга қасамки, ота-онага нисбатан бу қадар жирканч ва оғир жиноятни, бу қадар ёмон оқпадарлик ва нонкўрликни тасвирлаб беришга сўз топилмайди! Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ота-онага осий бўлишнинг энг содда ва бирламчи кўринишларидан ҳам огоҳлантирган ва қайтарган. Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил) (Исро: 23-24).

Эй мусулмонлар! Ҳой фарзандлар! Шуни яхши билинг ва асло унутмангки, ота-онага оқлик гуноҳи кабиралардан саналади ва у гуноҳи кабиралар ичида ширкдан кейинги ўринда туради. Суҳбатимизнинг иккинчи модаси шу ҳақда давом этади.

Иккинчи: Ота-онага оқ бўлиш хатарлари

Ота-онага оқ бўлиш энг катта гуноҳлардан деб эътибор қилинади. «Саҳиҳайн»да Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга энг катта гуноҳларни айтиб берайми?» деб уч бор такрорладилар. Биз: «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар, суяниб ётган эдилар, ўтириб олдилар ва: «Огоҳ бўлингиз, ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дедилар. Шундай деб такрорлайвердилар, ҳатто биз: «Кошки сукут қилсалар» деб қолдик (Муттафақун алайҳ, Бухорий (2653), Муслим (87) ривоятлари).

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши ўз ота-онасини сўкиши катта гуноҳлар жумласига киради», дедилар. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими?», деб сўрадилар. «Ҳа, бировнинг отасини сўкади, шунда у ҳам унинг отасини сўкади. Бировнинг онасини сўкади, шунда у ҳам унинг онасини сўкади», дедилар (Муттафақун алайҳ, Бухорий (5973), Муслим (90) ривоятлари).

Саҳобаларнинг ажабланиб савол беришларига эътибор беринг: «Киши ўз ота-онасини ҳам – ўлдириш уёқда турсин – сўкадими?!». Чунки, саҳобаи киромлар поклик жамиятида яшаганлари боис киши ўз ота-онасини сўкиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмасдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга жавобан: «Ҳа, бировнинг отасини сўкади, шунда у ҳам унинг отасини сўкади. Бировнинг онасини сўкади, шунда у ҳам унинг онасини сўкади», дедилар. Яъни, у шу иши билан билвосита ўз ота-онасини сўккан бўлиб қолади. Бу эса гуноҳи кабира бўлади, Аллоҳ сақласин.

Эй фарзандлар! Ота-онага оқлик жаннатдан маҳрум бўлишга ва Аллоҳнинг раҳматидан қувилишга сабаб бўлади. Насоий ва Баззор яхши санад билан ривоят қилган ва Албоний ҳасан санаган, Ҳоким «Мустадрак»да келтириб, Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳ санаган, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Уч киши борки, Аллоҳ таоло қиёмат куни уларга (раҳмат назари билан) боқмайди: ота-онасига оқ бўлган одам, эркакшода аёл, даюс (яъни ҳамияти ва рашки йўқ) кимса».

Эй фарзандлар, эй оталар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Аллоҳ таоло қиёмат куни уларга (раҳмат назари билан) боқмайди» деган сўзлари ҳақида ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Раҳмон таолонинг раҳматидан қувилган кимса ҳамма нарсани бой берган зиёнкорга айланади. Уларнинг биринчиси ота-онага оқ бўлган фарзанд бўлади!!

Эй фарзандлар! Мен сизларга бутун вужудим ва жон-дилим билан хитоб қиламан. Эй Аллоҳ таоло ота-она неъматига мушарраф қилиб қўйган инсонлар! Сизлар ҳозир бу неъматнинг қадрига етмайсизлар, бу улкан неъматнинг қадрини уни йўқотган одамгина билади!! Аллоҳ таолодан ота-оналаримизнинг умрларини узоқ қилишини, уларнинг ҳам, бизнинг ҳам хотимамизни чиройли қилишини сўрайман.

Эй фарзандлар! Ота-онага оқ бўлган кишига ҳеч қандай амали фойда бермайди, унинг намози ҳам, закоти ҳам, ҳажи ҳам, рўзаси ҳам мақбул бўлмайди. Имом Табароний ва Ибн Аби Осим «Сунна» китобида ҳасан санад билан ривоят қилган ва шайх Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да ҳасан санаган, Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Уч киши борки, Аллоҳ таоло улардан на сарфни ва на адлни (яъни на фарзу нафлни, на бошқа амални) қабул қилади: Ота-онасига оқ бўлувчи, миннат қилувчи ва қадарни ёлғон сановчи кимса» (Табароний «Ал-кабир»да (№7547), Ибн Аби Осим «Ас-сунна»да (№323) ривоят қилганлар).

Шуни ҳам унутмаслик керакки, ота-онага оқлик қарздир, уни шу дунёнинг ўзидаёқ узишга тўғри келади. Нима эксанг, шуни ўрасан. Агар ота-онангга яхшилик қилиб ўтган бўлсанг, Аллоҳ таоло фарзандларингни сенга ҳам яхшилик қилувчи қилиб қўяди, борди-ю ота-онангга оқ бўлган бўлсанг, хотиржам бўлавер, Аллоҳ таоло жазосини фарзандларингдан кўрсатади, оқлик самарасини ҳали охиратга бормасдан, шу дунёнинг ўзидаёқ кўрасан. Табароний ва Бухорий «Ат-тарих»да ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган, Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Икки (гуноҳ) борки, Аллоҳ уларнинг (жазосини) шу дунёнинг ўзидаёқ кўрсатади: тажовузкорлик ва оқпадарлик».

Тафаккур қилинг, азиз биродар! Оқпадар фарзанд.. Унинг уйида кексайиб, бели букилиб қолган, оғзидан суви оқиб турган, асаблари емирилган қари отаси (ё онаси) бор.. Келин ундан қаттиқ жирканади – қанчадан-қанча ўғиллар бўладики, хотинини рози қиламан деб ота-онасига осий бўлади – ўғил хотинининг гапи билан отасини уйидан қувиб солди.. Шунда набиралардан бирининг бобога раҳми келиб, отасидан: «Нега бобомизни уйдан ҳайдаб чиқараяпсиз, эй ота?» деб сўради.. «Сизлар жирканиб юрмасликларинг учун», жавоб берди ота. Бола бобосининг ҳолига ачиниб, йиғлаб: «Бўпти, эй ота! Бир кун келиб, сизни ҳам худди шундай қиламиз», деди!!. Оқпадарлик албатта қайтариладиган бир қарз!!

Бошқа бир ўғил отасининг юзига тарсаки туширади.. Кекса ота ҳўнграб йиғлайди.. Мўйсафидга раҳми келган одамлар тўпланиб келиб, оқпадар ўғилни урмоқчи бўлишади.. Шунда кекса ота: «Қўяверинглар», деб ишора қилади уларга.. Сўнгра йиғлаб айтади: «Аллоҳга қасамки, йигирма йил олдин, худди шу ерда отамнинг юзига тарсаки тортганман!!!».. Оқпадарлик албатта қайтариладиган бир қарздир!!

Яна бир оқпадар ўғил отасини оёқларидан судраб, уйидан чиқариб ташламоқчи бўлади.. Дарвоза остонасига етганида отаси йиғлаб: «Етар ўғлим, дарвозагача олиб келдинг, шу етар, ўғлим», дейди. Ўғил: «Йўқ, кўчага чиқариб ташлайман!», дейди.. Шунда ота айтади: «Аллоҳга қасамки, мен отамни оёқларидан судраб, фақат дарвозагача олиб келганман, холос!!».. Ҳа, нима эксанг, шуни ўрасан!

Севикли биродарим! Шу бугуноқ, ҳозироқ отангиз ҳузурига бориб, унинг қўлларини, оёқларини ўпинг.. Шу бугуноқ, ҳозироқ онангиз ҳузурига бориб, унинг қўлларини, оёқларини ўпинг. Жаннат ўша ерда!! Оқпадарлик ҳаёти нақадар аянчли, нақадар бахтсиз ҳаётдир, агар билсангиз!! Ва аксинча, ота-онага яхшилик қилиб яшашдан кўра роҳатлироқ ва саодатлироқ ҳаёт бўлмаса керак дунёда!! Суҳбатимиз давоми шу ҳақда бўлади.