асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Баҳоси жаннат мато7350 марта кўрилган سلعة ثمنها الجنة Шайх Муҳаммад Ҳассон Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман. Аммо баъд... Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, даврамизга хуш келибсиз, сиз-у бизни ушбу муборак Уйида Ўз тоати устида жамлаган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан охиратда ҳам ҳаммамизни Ўзининг жаннатида ва улуғлик ҳовлисида жамлашини ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилишини сўрайман. Зотан, У бунинг хожаси ва бунга қодирдир. Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимизни «Бир матоки, баҳоси жаннатдир» деб атадик. Одатимизга кўра, уни қуйидаги бир неча моддаларга тақсимлаб олиб борамиз:
Вужудингиз қулоққа айланиб, диққат билан тинглашингизни сўрайман. Зотан, суҳбатимиз мавзусини ушбу оғир даврларда ғоят аҳамият касб этувчи мавзулардан деб биламан. Аллоҳ таолодан тўғрилик ва тавфиқ ато этишини, сўзларимиз ва амалларимизни ёлғиз Ўзининг ризосига мувофиқ қилишини сўрайман, У барча нарсага қодир зотдир. Биринчи: Аччиқ воқеликУммат бугунги кунда бошидан кечириб турган аччиқ воқеликка ташхис қўйишда гапни чўзиб ўтирмайман. Зеро, бу воқелик катталар тугул ёш болага ҳам, яқиндагилар тугул узоқдагиларга ҳам маълум бўлиб турибди. Аллоҳга қасамки, кўзлар ёш тўкмоқда, диллар қон йиғламоқда, уммат бошига тушган кўргуликлардан ҳар бир иймон эгаси қаттиқ алам-изтиробда бугун.. Бугун Ислом умматининг аҳволини кузатган киши, агар жароҳатидан қон томаётган бу бечора умматнинг ҳолига юраги куядиган кишилардан бўлса, албатта қон йиғлайди. Уммат иззатдан сўнг хорликка, куч-қудратдан сўнг заифликка, илму маърифатдан сўнг жаҳолатга юз тутди!! Куни кеча башарият карвонини муносиб равишда бошқариб турган уммат бугунга келиб карвоннинг энг охирида қолиб кетди. Яқин ўтмишда зулматларда йўл йўқотиб, саҳроларда тентираб, адашиб юрган халқларга маёқ ва ҳидоят машъаласи вазифасини ўтаб келган уммат бугунга келиб инсоний мафкуралар дастурхонига қўл чўзиб, тиланчилик қиладиган аҳволга тушиб қолди. Куни кеча тажрибали йўлбошчилардан бошқаси йўл топиб юролмайдиган чангалзор тўқайлар ва ҳалокатли саҳролардаги сўқмоқлар ичра йўлбошловчилик вазифасини қойил қилиб адо этиб юрган уммат бугунга келиб тўғри йўлда ҳам қоқиладиган, ҳатто йўлини топиб юролмайдиган бир аҳволга тушиб қолди. Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримда бу умматни васатийлик билан сифатлади, васатийлик эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тафсирлари билан айтганда мўътадилликдир. Аммо, биз бугун умматни васатийлик – мўътадиллик йўлини қўйиб, ҳали худосиз шарққа, ҳали кофир ғарбга мойил бўлишини кўрмоқдамиз! Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримда бу умматни энг яхши уммат деб сифатлади ва унинг яхшилигини қуйидаги шартларга – амри маъруф (яхшиликка буюриш), наҳий мункар (ёмонликдан қайтариш) ва Аллоҳга иймон келтиришга боғлиқ қилиб қўйди. Аммо, бугун уммат фарзандлари ичида ёмонликка буюрадиган, яхшиликдан қайтарадиган ва Аллоҳга очиқ-ошкор ширк келтирадиган кишилар истаганча топиладиган бўлиб қолди! Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!! Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримда бу умматни бирлик ва бирдамлик билан сифатлади. Бироқ, бугун умматнинг бирдамлиги йўқолди, сафлари тирқираб кетди, ягона Ислом уммати бугунги кунда давлатларга, балки митти давлатчаларга бўлиниб кетди, ушбу давлатчалар ҳам ўз навбатида бир неча бўлакларга бўлиниб кетди. Мустамлака ушбу давлатчалар ва территориал бўлаклар ўртасига ифлос ва бадбўй қозиқларни – тиканли чегараларни тиклаб қўйди, душманлар вақти-вақти билан бири олиб бири қўйиб, ушбу давлатчалар ўртасида фитналар оловини ёқиб туришади, шу билан улар ўзаро ички можаролари билан овора бўлиб, ўз ёғларига ўзлари қовурилиб ётишаверади, на худосиз шарқ ва на кофир ғарб уларга илтифот қилади! Уммат бугун ер юзининг энг қолоқ, энг хор ва энг ҳақир халқлари ҳам ҳеч тортинмай кўз олайтирадиган ва қўл чўзадиган тайёр луқмага айланиб қолди! Уммат бугун маймун ва тўнғизларнинг оғалари бўлмиш яҳудлар, жиноятчи серблар, худосиз коммунистлар, ифлос сигирпарастлар оёғи остига ташланган ширин хўракка айланди! Аллоҳ таоло бугун бу умматни пешоналарига абадий хорлик ва хўрлик битилган халқлар томонидан оёқости қилдириб қўйди. Мен доим айтаманки, хорларга оёқости бўлиб қолган халқдан кўра ҳам хорроқ халқ бўладими?! Йўқ, бўлмайди асло! Хўш, уммат нима сабабдан мана шундай аянчли аҳволга ва ана шундай аччиқ воқеликка етиб келди? Бу саволнинг жавоби Аллоҳ таолонинг Китобидаги биргина оятда мужассам бўлган: «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11). Аллоҳга қасамки, уммат ўз аҳволини ўзи ўзгартирди.. Ақидасини ҳам, ибодатларини ҳам ўзгартириб, алмаштириб ташлади! Ўзига ўзи қонунлар чиқарадиган бўлди, Парвардигорига қарши журъат қилди!! Азиз дўстларим! Уммат ҳаётнинг ҳамма жабҳаларини ўзгартириб юборгани учун ҳам мана шундай оғриқли ва аянчли кўргуликларга дучор бўлди. Уммат бошига тушган бу ҳолат унга нисбатан Аллоҳ таолонинг мутлақ адолати бўлди деб ўйлайман. Чунки, Аллоҳ таоло халқларидан ҳеч бирига, у ўзини Аллоҳнинг энг суюмли бандаси деб ҳарчанд даъво қилган тақдирда ҳам, ҳеч қачон тарафкашлик қилмайди. Севикли биродарларим! Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда дақиқ сўзлар билан ушбу дардга ташхис қўйганлар ва унинг давосини белгилаб берганлар. Абу Довуд ва Аҳмад Савбон розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали устингизга халқлар худди емакхўрлар товоғига ташланганидек ёпирилиб келади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?», деб сўрадик. «Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби кўпик бўласизлар, душманларингиз қалбидан маҳобат (қўрқув) олиб қўйилади ва қалбларингизга ваҳн (заифлик) солиб қўйилади», дедилар. «Ваҳн нима?», дедик. «Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш», дедилар» (Абу Довуд (№4297), Аҳмад (5/278) ривоятлари, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (№958) саҳиҳ санаган). Мана, дарднинг илдизи қаерда!! Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида ҳам ушбу дарднинг манбаини таъкидлаганлар. Имом Аҳмад, Абу Довуд ва бошқалар Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ийна (ҳаром рибо турларидан бири) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди» (Абу Довуд (№3462) ривояти, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№11) саҳиҳ санаган). Қачонки, уммат иймон тушунчасини ўзгартириб юборгач ва унинг жисмига муржиаларнинг (амални иймондан санамаслик) фикри суқулиб киргач, соф ақида бузилиб, унинг поклиги булғатилгач, уммат саҳиҳ эътиқоддан ва иймоннинг уламолар томонидан таъриф берилганидек, тил билан айтиш, қалб билан тасдиқлаш ва рукнларга (ёки бадан аъзолари билан) амал қилишдир, деган ҳақиқатидан бурилиб кетгач, уммат Аллоҳдан бошқадан мадад тилайдиган ва гоҳида худосиз шарқдан, гоҳида кофир ғарбдан ёрдам сўрайдиган бўлгач, Аллоҳдан бошқага атаб қон чиқарадиган ва назрлар тақдим этадиган бўлгач, ҳожатларини ўликлардан тилайдиган бўлгач, Аллоҳ азза ва жалланинг шариатини бир четга суриб қўйгач, Аллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк қилгач ва уни лой-у балчиққа қоргач, одамлар мансаб курсиларига ва пул-молга сиғиниб кетишгач, қўлларидаги ҳамма нарсани ва ҳатто ақидаларини ҳам ана шу фоний мансаб ва ўткинчи курсиларни сақлаб қолиш йўлида, уларга мансаб берган ва уларни парда ортидан қўғирчоқ мисол ўйнатган бошлиқларини рози қилиш йўлида қурбон қилишгач... Бир сўз билан айтганда, уммат ер билан битта бўлгач ва Аллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк қилгач, Аллоҳ таоло улар устига маймун ва тўнғизларнинг оға-иниларини, жиноятчи серблар, худосиз коммунистлар ва сигиру сичқонларга сиғинувчи кимсаларни ҳукмрон қилиб қўйди!! Бугун умматни ана шундай аянчли кўринишга тушганини кўрмоқдасиз. Аллоҳ азза ва жалладан дилларимизни Исломнинг нусрати ва мусулмонларнинг иззати билан қувончга тўлдиришини сўраймиз. «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11). Мусулмон биродарлар! Уммат бошидан кечириб турган бундай аламли воқелик ва аянчли ҳолатдан қутулишнинг ягона йўли – Исломнинг ўркачи бўлган жиҳод байроғини баланд кўтаришдир. Мен бугунги кунда жиҳод ҳақида гапириш жуда катта жиноятга айланганини жуда яхши биламан.. Шуни ҳам яхши биламанки, жиҳод ҳақидаги ҳар қандай сўз бугунги кунда нохуш қарши олинади.. Жиҳод ҳақида гапирилган ҳар қандай гап-сўз оёқ-қўлга кишан урилишига олиб келадиган жиноят сифатида талқин қилинади. Чунки, қўғирчоқ матбуот, радио ва телевидения жиҳод суратини булғашнинг, унинг нурли кўринишига лой чаплашнинг уддасидан чиқа олди. Жиҳодни улар илмсиз ва жоҳил кимсалар тарафидан бегуноҳ одамларни ўлдирилиши, қон тўкиш, террор ва босқинчилик суратида тасвирлайдилар!! Жиҳоднинг нуроний суратини ана шундай сохта кўринишлар билан аралаштириб ташлайдилар!! Лекин, мен ҳозир гапирмоқчи бўлганим жиҳод – Аллоҳ йўлида, кофир ва жиноятчи бўлган Аллоҳнинг душманларига ва умматнинг душманларига қарши олиб бориладиган жиҳоддир. Иккинчи: Жиҳоднинг шарафи ва фазлиАллоҳ таоло Ўз пайғамбарнини Унга даъват қилишга буюрди ва шундай хитоб қилди: «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг!» (Муддассир: 1-2). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу буйруққа биноан турдилар ва шу турганларича то Парвардигорларига йўлиққунларича қайта ўтирмадилар ва ухлаб ётмадилар. Аллоҳ таоло ушбу сиррий босқичдан сўнг у зотга даъватни ошкор қилиш амрини берди: «Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!» (Ҳижр: 94). Шундан сўнг у зот каттаю-кичикни, озоду-қулни, эркагу-аёлни, оқу-қорани Аллоҳга даъват қилишга турдилар. Қурайш титраб-қақшаб, ўкириб ва наъра тортиб, у зотга қарши уруш эълон қилди ва у зотни йўқ қилиб ташлашга аҳд қилди. Озорлар кучайиб, синовлар қаттиқлашиб кетгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки бор асҳобларини Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрдилар. Озорлар ҳар қанча кучли бўлмасин, Аллоҳ таоло Пайғамбарига ёмонликка ёмонлик билан юзланишга, Аллоҳу Расулига қарши уруш очган ва мўминларни фитналарга дучор қилган кимсаларга қарши уруш қилишга изн бермади, балки қуйидаги мазмундаги оятлари орқали афв қилишга ва кечиришга буюрди. Аллоҳ таоло айтди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни мушрикларни дарҳол азобга дучор қилмаганига ва сизни турли машаққатли синовлар билан имтиҳон қилишига) сабр қилинг» (Ват-тур: 48). «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз улардан юз ўгиринг ва «Тинчлик-омонлик бўлсин», денг! Бас, улар яқинда (куфру исёнларининг оқибати қандай бўлишини) билиб олажаклар!» (Зухруф: 89). «Бас (шундай экан, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сиз жоҳил — кимсаларнинг етказаётган озор-азиятларига сабр-тоқат қилинг ва улардан) чиройли юз ўгириш билан юз ўгиринг!» (Ҳижр: 85) «Сиз (улар қилаётган) ёмонликни энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! Биз улар (сизни масхаралаб) айтаётган гапларни жуда яхши билувчидирмиз» (Муъминун: 96). Озор ва қувғинлар кучайиб бориб, охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни хиёнаткорона ўлдириш режасини ишлаб чиқиш билан чўққисига етди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликнинг ўн учинчи йилида Маккадан Мадинага ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар, барча саҳобаларини ҳам Мадинага ҳижрат қилишга амр этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада қарор топгач ва Аллоҳ таоло у зотни ансорлар ва муҳожирлардан иборат покиза ва садоқатли мўминлар билан қувватлантиргач, асҳоблари у зотнинг ҳимояси ва нусрати йўлида жонларини фидо қиладиган, у зотнинг муҳаббатини ўз оталари, фарзандлари ва аёллари муҳаббатидан устун қўядиган бўлишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада Ислом давлатини барпо қилгач, Исломнинг тўла маънодаги, ўз раҳбари, армияси, куч-қудрати, ерига эга бўлган давлати қарор топгач.. Ана шундан кейингина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зот билан бирга мўминларга жангга изн берилди. Бироқ, шунда ҳам уларга уруш фарз қилинмади, балки даъват эркинлигини ва шахс эркинлигини таъминлаш учун тажовузкор кучларга қарши жанг қилишга изн берилди. Аллоҳ таоло деди: «Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир. Улар ўз диёрларидан фақатгина «Бизнинг Парвардигоримиз (ягона) Аллоҳдир», деганлари учун қувилган зотлардир. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» (Ҳаж: 39-41). Фақат ҳижратнинг иккинчи йилида Аллоҳ таоло қуйидаги оят билан урушни фарз қилди: «Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз қилинди. (Зотан) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216). Шу билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зот билан бирга бўлган мўминларга ҳамда у зотдан кейин келадиган мўминларга то қиёматгача жиҳод фарз бўлди. Жиҳодни аллақачон ўлганга чиқаришга уринаётган жиноятчи, бўҳтончи ва ёлғончиларга ишонманг! Жиҳод ўлмаган ва у Аллоҳнинг изни билан ҳеч қачон ўлмаяжак! Аллоҳ таолодан сизу-бизни Исломнинг нусрати ва муваҳҳидларнинг иззати билан бахтиёр этишини сўрайман. Шундан сўнг Аллоҳ таоло жиҳоднинг шарафини баён қилди ва мўминларни жиҳодга тарғиб қилиб, шундай оятлар туширди: «Эй мўминлар, сизларга аламли азобдан нажот берадиган бир «тижорат»ни кўрсатайми? (Ўша «тижорат» мана будир) — Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирасизлар ва Аллоҳ йўлида мол ва жонларингиз билан жиҳод қиласизлар. Мана шу агар билсангизлар ўзларингиз учун энг яхши (иш)дир. (Агар шундай қилсангизлар, Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга ва абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур. Бу эса улуғ бахтдир. Ва (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлган ғалаба ва яқин(да рўй берувчи Макка) фатҳидир. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!» (Саф: 10-13). Оламлар Парвардигори бўлган Раббимизнинг сўзларини тасдиқлайсизларми?! Бу Раббимизнинг сўзларидир! Эътибор беринг, эй ёшлар, Аллоҳ таоло жиҳоддан олдин иймонга буюрди! У «Эй мўминлар» дея иймон аҳлига хитоб қилиб, уларни биринчи навбатда иймонга буюрди: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирасизлар». Севикли дўстларим!Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, биз энг биринчи навбатда иймонни вужудга келтирмас эканмиз ва одамларни соф, комил ва шомил тавҳид ақидаси устида тарбия қилмас эканмиз, ҳеч қачон Ислом давлатини ва Аллоҳнинг шариати ҳукмрон бўлган ҳокимиятни кўрмаймиз!! Эй мусулмонлар!Ислом ақидадир.. Унинг пойдевори ақидадир.. Биринчи одим ақидадир.. Ислом шариати унинг ақидасидан келиб чиқади.. Ва бу шариат ҳаётнинг барча тармоқларини тартибга солади.. Шуни яхши билингки, Аллоҳ таоло ақидаси дуруст бўлмаган қавмнинг шариатини мақбул санамайди. Аллоҳга қасамки, биз ўзимиз орзу қилаётган ҳолатни кўришимиз учун албатта тарбияни Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима билан бошлаган бўлсалар, ўшандан бошлашимиз, яъни энг биринчи навбатда ақидани тузатишимиз зарур! |