асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ийсо ибн Марям алайҳиссолату вассаломнинг қиссаси (3)2937 марта кўрилган 35— Ийсо алайҳиссаломнинг қиёматдан олдин тушишиИйсо алайҳиссалом Аллоҳ хоҳлаган маҳал Осмондан нозил бўлиб, ўзи ҳақида насроний ва яҳудийлар ғулув кетиб ёки камситиб айтган сўзларига қарши ҳужжат қоим қилади, ҳаққа ёрдам беради ва ботил аҳлини хонавайрон қилади. Зотан, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда хабар берганлар ва у зотдан ишончли хабарлар ва мутавотир ривоятлар нақл қилинган. Буни ҳар бир асрда яшаган мусулмонлар эътиқод қилишган. Буюк Аллоҳ ҳаққи-рост сўзлаган: «Ҳар бир аҳли Китоб ўлими олдидан унга (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур. Қиёмат Кунида эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур.» (Нисо: 159) 36— Ийсо алайҳиссаломнинг Муҳаммад алайҳиссолату вассалом ҳақидаги башоратиИйсо алайҳиссалом яҳудийларнинг қаршиликлари, фириблари, ўзининг кучсиз ва ёрдамчиларининг озлиги сабабли даъватдаги вазифасини комил қила олмади-да, одамлар билан видолашиб, Роббининг амрига бўйсунди. Бироқ, ўзидан кейин келиб бошлаган ишини ниҳоясига етказадиган, у ом қилган нарсаларни хослайдиган, Аллоҳ Ўз неъматларини у билан комил ва одамларга қарши ҳужжатни барпо қиладиган пайғамбардан башорат берди: «Эсланг, Ийсо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эди.» (Соф: 6). 37— Соф тавҳиддан чигал эътиқодгаДинлар тарихидаги кўзларни ёшлатадиган ва қалбларни эзадиган таажжуб нарслардан бири, Ийсо алайҳиссаломнинг соф тавҳидга, чигалликлар, ўзгартиш ва таъвиллардан узоқ бўлган қулай динга, Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш, Ундангина эҳтиёжларни сўраш, Унгагина илтижо қилиш ва Унигина яхши кўришга бўлган даъвати ноаниқ эътиқод ва чигал фалсафага айланиб қолишидир. Натижада, Ийсога эргашганлар у ҳақида ғулув кетиб, уни башарий ҳудудлардан чиқариб, худолик даражасига кўтардилар. Улар: «Масиҳ (Ийсо) Аллоҳнинг ўғлидир» (Тавба: 30) дедилар. «Аллоҳнинг боласи бор» (Бақара: 116), ва «Аллоҳ — Масиҳ ибн Марямдир» (Моида: 72), дедилар. Улар туғмаган ва туғилмаган Бениёз, Ягона илоҳдан уч кишидан иборат оилани қилишиб: “Уларнинг барчаси худодир! Улар ота, ўғил ва муқаддас руҳдир”— дедилар. Улар Ийсонинг онаси Маръямни муқаддаслаш ва унга ибодат қилиш даражасига олиб борадиган ишларни қилдилар. Улар: “Маръям — Аллоҳнинг онасидир!”— дедилар. Натижада, Маръямнинг сурат ва ҳайкаллари черковларга қўйилди ва насронийлар унга илтижо, дуо, назр ва таъзим каби ибодатлар қилдилар. Аллоҳ таоло уларнинг бу эътиқодларини инкор қилиб ва қилган ишларини ёмон кўриб деди: «Масиҳ ибн Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа — Аллоҳга ҳаққирост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом ер эдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларни кўринг! Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизлар зарар ҳам, фойда ҳам беришга эга бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизми? Аллоҳ эшитувчи, билувчидир». (Моида: 75, 76) 38— Ийсо Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилишга чақирдиИйсо алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар сингари Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилишга даъват этди. Инжилда қуйидаги сатрлар бор: “Ёзилганки, Роб — илоҳингга сажда ва унинг ўзигагина ибодат қил” (Матто: 4/ 10), “Ёзилганки, Роб — илоҳингга сажда ва унинг ўзигагина ибодат қил” (Луқо: 4/8). Аллоҳ таоло (Қуръон Каримда) деди: «Бирор одам учун Аллоҳ унга Китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки уларга: «Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар» (демоғи лозимдир). И з о ҳ. Бу оят баъзи бир насронийларнинг: «Ийсо алайҳис-салом бизни ўзига сажда қилишга буюрган», деган ботил даъволарига раддия тарзида нозил бўлган. У (пайғамбар) сизларни фаришталар ва бошқа пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас. Ахир у сизларни мусулмон — Аллоҳга бўйсунувчи бўлганингиздан кейин куфр — динсизликка қайтишга буюрадими?!» (Оли Имрон: 79, 80). 39— Қуръон Ийсо алайҳиссаломнинг даъватини очиқ баён қиладиЎзидан аввалги барча китобларни ичига олган ва уларга ҳакам бўлган Қуръон Карим Ийсо алайҳиссаломнинг соф тавҳидни эълон қилиб, унга даъват этганини очиқ-равшан услубда нақл қилди: «Аллоҳ — Масиҳ ибн Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй бани Исроил, парвардигорим ва парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» — дегандир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас.» (Моида: 72). 40— Ийсо алайҳиссаломнинг даъватидаги тавҳиднинг ўрниИйсо алайҳиссалом тавҳид мақоми ва пайғамбарлар ҳаётидан хабардор бўлган ва Аллоҳнинг маърифати, Унга бўйсуниш ва Ундан қўрқиш билан табиатланган ҳар бир киши била оладиган гўзал услубда шундай деди: «Масиҳ ҳам, Аллоҳга яқин қилинган фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмайдилар. Кимки Унга бандалик қилишдан ор қилса ва кибру ҳаво қилса, бас, уларнинг барчасини Ўз ҳузурига жам қилажак. Ана ўшанда иймон келтириб, яхши амаллар қилган кишиларнинг мукофотларини комил қилиб бериб, яна Ўз фазлу карамидан қўшимча ҳам қилур. Аммо ор қилган, кибру ҳаво қилган кимсаларни эса аламли азоб билан азоблайди ва улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор тополмаслар.» (Нисо: 172, 173). 41— Қиёматнинг ҳайратомуз тасвириҚуръон Карим ўзининг балоғати ва мўъжизавийлиги билан Ийсо алайҳиссалом одамлар тўқиган ва унга нисбатан қилган ишлардан пок эканини айтаётган қиёмат кунининг ҳайротомуз кўринишларидан бирини тасвирлайди. Ийсо алайҳиссалом ўз даъватини қувват ва садоқат билан изоҳлайди ва бу маънода ўз уммати ичидан ғулув кетган кимсаларни айблайди ҳамда уларни ушбу жиноятдан жавобгар эканликларини баён қилади. (Болалар,) бу ҳолатнинг буюклиги ва ҳайратомузлигини ҳис этиб тингланг: «Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» — деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ичингдаги нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени (Ер юзидаги муддатимни тўлатганингдан сўнг) Ўз ҳузурингга кўтарганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан». Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни Қиёмат Куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган. Кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қоладилар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ бахтдир. Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир. У ҳамма нарсага қодирдир.» (Моида: 116-120) 42— Чигал эътиқоддан очиқ бутпарастликкаНасроний дини даъватчилари Европага ўз ташаббуслари билан кўчиб кетдилар (Чунки Ийсо алайҳиссалом уларга буни амр этмаган ва фақатгина, Бану Исроилнинг адашганларини тўғри йўлга солиш учун келганини очиқ баён қилган эди). Қадим замонлардан бери Европада бутпарастлик ҳукмрон бўлиб, улар бутпарастликка қулоқларигача ботишган эди. Юнонлар бутпараст бўлиб, Аллоҳнинг сифатларини турли олиҳалар шаклида тасаввур қилишган, улар учун ҳайкаллар ва ибодатхоналар қуришган эди. Уларнинг даъволарича ризқ учун бир худо, раҳмат учун бошқа бир худо, ғолиблик учун яна бир худо бор эди. Римликлар қадим-қадимлардан бутпарастлик ва хурофотларга ишонишарди. Бутпарастлик уларнинг қону-жонларига сингиб кетган эди. Римликлар турли олиҳаларга ибодат қилишарди. Уларга насроний дини етиб келганида Рим қироли катта Константин 306- йилда насроний динини қабул қилиб, уни давлатнинг расмий дини деб элон этди. Насроний дини бутпрастлик эътиқоди ҳамда юнон тақлидчилиги ва фалсафасидан кўп нарсаларни ўзлаштира ва аста-аста уларга яқинлаша бошлади. Натижада, ўзининг пайғамбарликка хос асллиги, шарққа хос соддалиги ва тавҳидга асосланган ҳамиятини йўқотди. Бу динга баъзи мунофиқлар ҳам кириб, унга қадимги эътиқодлари ва бутпараст тушунчаларини қориштирдилар. Бунинг оқибатида янги — бутпарастлик ила насронийлик баб-баробар шаклланган янги бир дин пайдо бўлди. Шу кундан бошлаб насроний дини Ийсо алайҳиссалом юрган ва даъват этган йўлдан бошқасидан юра бошлади. У зулматли кечада билиб, ёки билмай адашган, бироқ, биринчи йўлига асло олиб бормайдиган йўлда давом этаверган йўловчига ўхшаб қолди. Динлар тарихини яхши ўрганган одамларгина била оладиган ушбу нозик ҳикмат сабабли, Аллоҳ таоло яҳудийларни “ғазаб қилинган” деб сифатлаган пайтда, насронийларни “адашган” деб сифатлади. Аллоҳ таоло мусулмонлар тилида шундай деди: «Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан.» (Фотиҳа: 6, 7). Бу (насроний дини) — Европа учун ва Европа узоқ замон бошқарган ва хозирда ҳам бошқараётган башарият учун мусибат бўлди. «Аввалу-охир барча иш Аллоҳнинг (измида)дир» (Рум: 4). Аллоҳнинг тавфиқи ила китобнинг таҳрири ва Ислом Нури веб саҳифасидаги нашри мелодий 28/05/2008, 23- Жумодул аввал 1429 ҳижрийда ниҳоясига етди. |