Шанба 27 Апрель 2024 | 18 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Муҳаммад ибн Сийрин

5722 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо
Таржимон: Абу Туроб

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Муҳаммад ибн Сийрин

Муҳаммад ибн Сийриндек тақвосида фақихроқ ва фиқҳида тақволироқ кишини кўрмадим”. (Муварриқ Ижлий)


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу уни қулликдан озод қилган, ҳамда ўз ҳунари орқали катта даромад ва кўп яхшиликларни қўлга киритган, моҳир мисгар уста Сийрин динининг қолган ярмини мукаммал қилишга яъни уйланишга қарор қилади. Излай-излай охири мўминлар амири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг София исмли чўриларини ихтиёр этади.

София ёш бўлишига қарамай, заковатли, гўзал хулқли, ўзига яраша яхши хислатларга эга бўлган хушрўй чўрилардан бўлиб, бунга қўшимча у Мадина аёлларидан уни таниганларига, хоҳ ўзининг тенгқур дугоналарига бўлсин, хоҳ унинг фикр ва сулукдаги жиддийлигини ўзларига ўрнак қилиб олган кекса аёлларга бўлсин, баб-баравар маҳбуба ва хусусан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари, айниқса Оиша онамизга — Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин — жуда суюкли эди.

Шундай қилиб Сийрин Софиянинг қўлини сўраб совчи қўйди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу чўриларига совчи қўйган йигитни, ҳудди меҳрибон ота ўз қизига совчи қўйган йигитни суриштиргани каби унинг дини ва хулқини суриштира бошладилар. Аслида бунинг ажабланарли ери йўқ, чунки София Абу Бакр Сиддиқнинг қалбларидан фарзандек манзилатда жой олган ва бундан ташқари Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан қўйилган омонат ҳам эди-да. Шунинг учун совчи йигитнинг дини, хулқи ва бошқа зарур сифатлари ҳақида диққат билан қизиқиб ва эринмай суриштира бошладилар. Йигит ҳақида Анас ибн Моликдан сўраганларида Анас розияллоҳу анҳу: “Эй мўминлар амири, Софияни Сийринга иккиланмай никоҳлаб бераверинг, Софиядан хавотир олманг, мен Сийринни дини-ю хулқи рози қиладиган, ўта мурувватли йигит, деб биламан. Холид ибн Валид “Айн-ут Тамр” жангидан асир қилиб Мадинага олиб келган қирқ қулнинг ичидан Сийрин менинг улушимга тушган эди. Ана шундан бери мен бу йигитни фақат яхшилигини биламан”, деди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Софияни Сийринга никоҳлаб беришга рози бўлдилар ва мушфиқ ота ўзининг суюмли қизига яхшилик қилгани каби, чўриларига ҳам яхшилик қилиш мақсадида, қизлар ҳавас қиладиган, Мадинанинг анча-мунча ҳур қизлари ҳам етиша олмайдиган чиройли валима қилиб бердилар. Бу муборак валимага бир қанча саҳобаи киромлар, улардан ўн саккизта Бадр иштирокчилари ҳозир бўлдилар... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котиблари Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу икки ёшнинг ҳаққига дуо қилдилар, хозир бўлганлар эса “Амийн” деб туришди. Келинни уммаҳот-ул мўмининдан уч онамиз тайёрладилар — Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

Аллоҳ таоло Ушбу муборак никоҳнинг самараси ўлароқ, бу ёш келин-куёвга, йиллар ўтиб тобеинларнинг буюкларидан, мусулмонларнинг энг нодирларидан бўлиб етишган бир ўғил фарзанд инъом этди... У Муҳаммад ибн Сийрин эди.

Келинг, яхшиси, бу улуғ тобеиннинг ҳаётини аввалидан ҳикоя қилиб берай...

Муҳаммад ибн Сийрин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида, аниқроғи унинг тугашига икки йил қолганда дунёга келди. Ҳар бир бурчагида парҳезкорлик ва тақво ифори уфуриб турган хонадонда тарбия топди. Ақл-заковатли доно бу бола балоғатга яқинлашганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларини Зайд ибн Собит, Анас ибн Молик, Имрон ибн Ҳусойн, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум каби буюк саҳобалар ва тобеинларнинг улуғлари билан тўла ҳолда топиб, уларнинг илм чашмаларига, худди ташна кишининг зилол сувга талпингани каби юзланиб, Аллоҳнинг Китобидаги илмларидан, диндаги билимларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг ривоятларидан, ақлини ҳикмат ва илмга, нафсини салоҳият ва ҳидоятга лиммо-лим қилгудек қониқиб-қониқиб симирди. Сўнгра оиласи билан бирга Басра шаҳрига кўчиб бориб, ўша ерни ўзига ватан тутди.

Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврининг охирроғида асос солинган Басра шаҳри, ўзиниг ёш бўлишига қарамай, ўша асрдаги Ислом умматининг кўпгина хусусиятларини намоён қилиб турар эди...

У - Аллоҳ йўлида жиҳод қилаётган мусулмон лашкарлари учун ҳарбий қароргоҳ... Ироқ ва Форс аҳлидан Аллоҳнинг динига кирувчилар учун таълим ва иршод маркази... Ва яна у, дунёси учун худди абадий яшайдигандек амал қиладиган ва охирати учун эса гўё эртага ўладигандек амал қилувчи жиддий Исломий жамиятнинг сиймоси эди.

Муҳаммад ибн Сийрин Басрадаги янги ҳаётини икки бир-бирига тенг ва ёнма-ён йўлда юриш ила давом эттирди: кунининг ярмини илм ва ибодатга, қолган ярмини эса касб ва тижоратга ажратди. Тонг отиб, дунё Раббил оламиннинг нури ила мунаввар бўлгач, Басранинг масжидига бориб таълим олар ва бошқаларга ҳам ўргатар, кун ярмидан ўтгач эса бозорга бориб олди-сотди билан шуғулланар, кеч кириб, қоронғулик коинотга ўз пардасини тортгач, уйининг меҳробида қоим ҳолда Қуръон тиловатига шўнғиб, Раҳмон таолодан қўрққанидан қалб ва кўз ёшларини тўкар, унинг қалб томирларини ёргудек инграшларини эшитган оила аҳли ва бир девор қўшниларининг унга раҳмлари келар эди.

Муҳаммад ибн Сийрин бозорда юрганда ҳам одамларга охиратни эслатиб, дунёга берилиб кетишдан огоҳлантирар, уларни Аллоҳ таолога яқин қиладиган йўлларга йўллаб, ўзаро келишмовчиликларини ҳал қилиб юрарди. Вақти-вақти билан маҳзун диллардаги ғашликларни кетказувчи ҳазилнамо гаплардан ҳам гапириб турар, аммо бу унинг одамлар қаршисидаги виқори ва ҳайбатини ҳеч ҳам туширмас эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло унга доҳийлик ва ҳайъат-салобат инъом қилганидан, гаплари таъсирли, одамлар мамнуният билан қабул қилар эдилар. Бозорда савдога берилиб ғафлат босган одамлар, уни кўрганларида, дарҳол ғафлатдан уйғониб, ҳушёр тортиб, Аллоҳ азза ва жаллани эсга олар, таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) ва такбирлар айтар эдилар. Айниқса, унинг амалий сийрати одамларга энг яхши муршид эди... Тижоратида икки иш кўндаланг бўлиб қолса, гарчи дунёсига зарар бўлса ҳам, динига фойдалигини олар эди.

Дин асрорларини чуқур билиши ва ҳалол-ҳаром масалаларига тўғри қараши уни одамлар кўзига қизиқ туюлган қарорлар қилишга ундарди. Шулардан бири: “Бир киши унинг зиммасида икки дирҳам қарзи борлигини ёлғон даъво қилиб келганда, Муҳаммад ибн Сийрин бундан бош тортади. У киши икки дирҳам деб қасам ичмаса керак деган гумонда: “Қасам ичасизми?” деганида. “Ҳа қасам ичаман” деб, икки дирҳам қарз эмаслигига қасам ичади. Шунда одамлар: “Эй Абу Бакр, кечагина сиздан бошқа бирон одам шубҳаланмайдиган нарсада ўзингиз шубҳа қилиб қирқ минг дирҳамни тарк этгандингиз, арзимас икки дирҳам деб ҳам қасам ичасизми?”, деганларида. Муҳаммад ибн Сийрин: “Ҳа қасам ичаман... Сабаби, бу кишининг ҳаром ейишини хоҳламайман, чунки мен бу икки дирҳам унга ҳаром эканини биламан-да”, деб жавоб бердилар.

Муҳаммад ибн Сийриннинг мажлиси эзгулик, яхшилик ва панд-насиҳат мажлиси бўлиб, агар унинг хузурида бирон кимса ёмонлаб қолинса, дарҳол ўша кишининг яхши ҳислатларини эслатиб қўярди. Ҳатто бир кишининг вафот этиб кетган Ҳажжожни ҳақорат қилаётганини эшитиб: “Ҳой биродар, бас қил! Ҳажжож Парвардигорининг ҳузурига кетди. Сен ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурига борганингда, ҳаёти дунёда қилган энг кичик гуноҳингни, Ҳажжож қилган энг катта гуноҳдан ҳам ўз нафсингга қаттиқроқ эканини кўрасан... Ҳар бирингиз учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур. Шуни билгинки Аллоҳ таоло Ҳажжождан у зулм қилган кишиларга қасосларини олиб бергани каби, Ҳажжожга зулм қилганлардан ҳам қасос олади. Бугундан кейин бировни ҳақорат қилиш билан овора бўлмагин”.

Тижорат сафарига кетаётган бирон кимса ҳайрлашиш учун Муҳаммад ибн Сийриннинг олдига келса, унга насиҳат қилиб: “Биродарим, сизга насиҳатим аввало Аллоҳ азза ва жалладан қўрқинг, тақво қилинг... Ризқингизни фақат ҳалол йўллар билан топинг. Сиз ризқингизни ҳалол бўлмаган йўллар билан топсангиз ҳам, барибир тақдирда ёзилганидан кўпроғини топа олмайсиз”, деб кузатиб қўярди.

Муҳаммад ибн Сийрин Умавийлар амирлари билан ҳам ўзига хос мавқеъда эди. Улар билан кўришганида маломатдан қўрқмай ҳақ сўзни гапирганига тарих шоҳиддир. Чунки у Аллоҳ учун, Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари учун холис насиҳат қиларди. Шулардан бири: “Ироқ ва Хуросон ҳокими, Умавийларнинг катталаридан бўлган Умар ибн Ҳубайра Фазорий Муҳаммад ибн Сийринни ҳузурига чорлаб чопар юборади. Ҳокимнинг даъватини ижобат қилиб Муҳаммад ибн Сийрин жияни билан йўлга тушади. Ҳокимнинг олдига киришганда у Муҳаммад ибн Сийринни иззат-икром билан кутиб олиб, тўрга ўтказади ва дин ва дунё ишларидан кўп масъалаларни сўраб олади. Суҳбат асносида ҳоким: “Эй Абу Бакр, шаҳрингиз аҳолисини қай аҳволда қолдириб келдингиз?”, деб сўраганида. Муҳаммад ибн Сийрин: “Шаҳар аҳолиси ичида зулм кенг тарқагандир, сиз эса бундан бехабарсиз... Шунда жиянлари Муҳаммад ибн Сийриннинг елкаларини босиб, гапдан тўхташларини талаб қилганида, жиянларига қараб: “Сен булар ҳақида масъул эмассан, аммо мен масъулман. Бу “Гувоҳлик”дир ахир... “Ким (гувоҳликдан бош тортиш билан) уни яширса, бас, албатта унинг қалби гуноҳкордир”, деди. Суҳбат ниҳоясига етганида, Умар ибн Ҳубайра Муҳаммад ибн Сийринни қандай иззат-икром билан кутиб олган бўлса, ундан-да зиёда ҳурмат-эҳтиром билан кузатиб қўяди ва ортларидан уч минг динор бериб юборади. Ибн Сийрин динорларни олмайдилар. Жиянлари: “Ҳокимнинг ҳадясини нима сабабдан олмадингиз?” деб сўраганида. Улуғ тобеин: “Ҳоким ҳадяни, менда яхшилик бор деган ўйда берган. Агар ҳоким ўйлаганидек мен яхшилик аҳлидан бўлсам, ҳокимнинг берганини олиш менга лойиқ бўлмайди. Агар у ўйлаганидек бўлмасам, буни олмаслигим менга авлороқдир”, деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Сийриннинг содиқлигини имтиҳон қилишни хоҳлаб, мусулмонларга етадиган машаққатларга рўбарў қилди... Шулардан: “Улуғ тобеин насияга қирқ минг дирҳамлик ёғ сотиб оладилар. Ёғ солинган идишларнинг бирини очганларида, ўлган сичқоннинг титилиб ётганини кўрадилар. Ўзларига: “Бу идишлардаги ёғларнинг ҳаммаси бу идишларга солинишдан аввал мойжувозда бир идишда бўлган. Демак, бу нажосат фақат мана шу идишдаги ёққа хос эмас. Агар ёғингда сичқон ўлиб титилиб ётибди, мен бу айбли молингни олмайман, деб ёғни эгасига қайтариб берсам, у ёғни одамларга сотиб юбориши мумкин” деб, ёғнинг ҳаммасини тўкиб юборадилар. Бу иш, тижоратлари қаттиқ касодга учраб қолган вақтга тўғри келган эди. Шундай қилиб катта қарзга кириб қоладилар. Ёғнинг эгаси ҳаққини талаб қилганида, қарзни тўлашга қодир бўла олмайдилар. У волийга шикоят қилади, волий зиммасидаги қарзни адо қилмагунича Муҳаммад ибн Сийринни қамаб қўйишга амр қилади. Қамоқда узоқ муддат қолиб кетганларини ва яна улуғ тобеиннинг диндаги салобатлари, тақволари ва ибодатларини кўрган қамоқ нозири раҳми келиб: “Эй шайх, кеч киргач уйингизга бориб, оилангиз билан кечани ўтказиб кела қолинг, тонг отгач қайтарсиз. Қамоқдан озод бўлиб чиққунингизга қадар шундай қилиб турақолинг”, деганида Муҳаммад ибн Сийрин: “Аллоҳга қасамки мен асло бундай қилмайман”. Қамоқ нозири: “Нима учун?” деганда. Муҳаммад ибн Сийрин: “Волийга хиёнат қилишингизда сизга ёрдамчи бўлиб қолмаслигим учун”, деб жавоб берган эканлар.

Муҳаммад ибн Сийриннинг қамоққа тушишлари, улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг дунёдаги охирги дамларига тўғри келди. Улуғ саҳобий вафотларидан сўнг ювиш, кафанлаш ва жанозаларини ўқишни Муҳаммад ибн Сийрин бажаришини васият қилдилар. Анас ибн Молик вафот этгач, одамлар волийга келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил хизмат қилган улуғ саҳобийнинг васиятлари ҳақида хабар бериб, васиятни бажариш учун Муҳаммад ибн Сийринни қамоқдан чиқариб туришга изн сўрайдилар, волий рухсат беради. Қамоққа бориб Ибн Сийринга ҳолатни баён қилишганида, улуғ тобеин: “Токи қарзимнинг эгаси изн бермагунича чиқмайман, чунки мен устимда унинг ҳаққи борлиги учун қамалганман”, деб жавоб берадилар. Ҳақдор ҳам рози бўлгач, қамоқдан чиқиб, Анас розияллоҳу анҳуни ювиб, кафанлаб, жанозаларини ўқиб, сўнг аҳли-оилаларини кўриш учун уйларига ҳам бормай яна қамоққа қайтиб келадилар.

Муҳаммад ибн Сийрин етмиш етти йил умр кечирдилар... Умрлари тугаб, ўлим келганида, ўлим уни дунё юкларидан енгил, ўлимдан кейинги ҳолатлар учун зоди роҳилалари кўп эканини топди...

Ўз замонасидаги обида аёллардан бўлган Ҳафса бинти Рошид ҳикоя қилади: “Тоат-ибодатга берилган жуда обид киши бўлган Марвон Маҳмалий бизнинг қўшнимиз эди. Шу киши вафот этганида қаттиқ ғамга ботган эдик. Туш кўрибман, тушимда ана шу обид қўшнимизни кўриб: “Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ таоло сизни нима қилди?” деб сўрадим. У:

— “Роббим мени жаннатга киритди.”

— “Кейин нима бўлди?”

— “Кейин ўнг тараф эгаларининг олдига олиб чиқилдим”.

— “Кейин нима бўлди?”.

— “Кейин муқарраблар (Аллоҳга яқин қилинган пешқадамлар) олдига олиб чиқилдим”.

— “У ерда кимларни кўрдингиз?”.

— “Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сийринни...” деди.