Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рабиатур-Раъй

4494 марта кўрилган

Рабиа тур-Раъй

Рабиадан кўра суннатни сақловчироқ кишини кўрмадим”.
(Ибн Можашун)

Ҳозир биз ҳижратнинг эллик биринчи йилида турибмиз...

Булар ернинг мағриб-у машриқида от суриб, башариат учун соф ақийдани кўтариб, ёрдам ва ислоҳ қўлини чўзиб, инсониятни ўзи каби инсонларга қуллик қилишдан озод этиб, шериги йўқ ёлғиз Аллоҳгагина қуллик қилдирадиган шариатни ёйиб юрган мусулмон лашкарлари...

Бу эса Хуросон амири, Сижистон фотиҳи, музаффар қўмондон, улуғ саҳобий Рабеъ ибн Зиёд Ҳорисий розияллоҳу анҳу Аллоҳ йўлида жанг қилувчи лашкарининг муқаддимасида, шижоатли ғуломи Фаррух билан кетиб бормоқда. Аллоҳ таоло унга Сижистон ва бошқа ерларни фатҳ қилиш шарафини ато этгач, улуғ саҳобий ўзларининг сермазмун ҳаётларини Амударёни кечиб, Мовароуннаҳр диёрларида тавҳид байроғини олий қилиш билан якунлашга азм қилдилар. Рабеъ ибн Зиёд розияллоҳу анҳу кўзланган жангга қаттиқ тайёргарлик қилиб, Аллоҳнинг душманларини тор-мор қилиб ташлашга шайландилар.

Жанг бошлангач Рабеъ розияллоҳу анҳу ва унинг енгилмас лашкарлари шундай жасорат ва мардлик намоён қилдиларки, ҳали-хануз тарих бу фидоийликни олқиш ва мақтовлар билан ёд этади. Айниқса, улуғ саҳобийнинг ғуломлари Фаррух жанг майдонида шундай қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатдики, Рабеъ розияллоҳу анҳу ҳам бундан ҳайратланиб, уни мақтаб, унга эҳтиромлари янада ошди. Жанг мусулмонларнинг тўлиқ ғалабаси билан ниҳоясига етди. Душман тор-мор қилинди. Шундан сўнг Турк диёрлари, Суғд вилояти ва Хитой ерлари билан ораларини тўсиб турган дарёдан кечиб ўтдилар. Улуғ саҳобий ва қўмондон Рабеъ розияллоҳу анҳу ва лашкарлар дарёни кечиб, унинг нариги қирғоғига қадамлари тегиши биланоқ, дарё сувида чиройли таҳорат олишиб, қиблага юзланишиб, нусрат ато этган Аллоҳ азза ва жаллага шукрона қилиб икки ракатдан намоз ўқидилар. Сўнг ғуломи Фаррухнинг жангдаги фидоийлигини уни озод қилиш билан тақдирлаган қўмондон, қўлга киритилган ўлжалардан унинг улушни ажратди ва ўз ёнидан ҳам катта миқдорда нарсалар қўшиб берди.

Бундай нурафшон кунлардан сўнг, Рабеъ ибн Зиёд розияллоҳу анҳунинг ҳаётлари узоқ давом этмади. Орзулари рўёбга чиққанидан икки йил ўтиб, тақдирда битилган ажаллари вафо қилиб, Парвардигорлари ҳузурига рози бўлинган ва рози бўлган ҳолда кетдилар.

Довюрак, шижоатли йигит Фаррух эса, ўзининг ғаниматлардан қўлга киритган катта улуши, саховатли хожасининг ҳадяси ва бунга қўшимча бебаҳо ҳуррият ҳамда нодир жасорат ва қаҳрамонликка бой хотиралар билан Мадинаи Мунавварага қайтиб келди. Фаррух Мадинага келганида, чамаси ўттиз ёшдаги, билаги кучга тўлган, чавандоз, навқирон йигит эди. У ҳам бошқалар каби, уй-жой қилиб, уйланиб бола-чақа қилиш мақсадида, Мадина марказидан ҳовли сотиб олди... Ўзига жуфт қилиб эса, ақли расо, фазилат борасида етук, диндор, ёш жиҳатдан ҳам ўзига муносиб аёлни ихтиёр этди.

Шундай қилиб Фаррух Аллоҳ таоло унга инъом қилган неъматлар ичида, яъни кенг ҳовли ва солиҳа жуфт ҳалолнинг ширин суҳбатидан баҳра олиб, ўзи ўйлаганидан ҳам зиёда тарзда ҳаёт лаззатларидан роҳатланиб яшай бошлади. Лекин, барча қулайликларга эга бўлган кенг бу ҳовли жой ҳам, Аллоҳ ато этган гўзал хулқ ва олий фазилатларга эга бўлган солиҳа аёл ҳам, паҳлавон, чавандоз бу йигитнинг жанг майдонларига бўлган жўшқин иштиёқини, ўткир қиличларнинг бир-бирига урилгандаги товушини эшитишга бўлган муштоқлигини ва Аллоҳ йўлидаги жиҳодини қайта бошлашга бўлган қаттиқ муҳаббатини боса олмади. Ҳар сафар Аллоҳ йўлида ғазотга чиққан мусулмон лашкарларининг ғалаба қилгани ҳақидаги хабарлар Мадинада тарқаганда, унинг жиҳодга бўлган завқ-шавқини ва шаҳид бўлиш иштиёқини янада аланга олдирар эди.

Бир куни Фаррух жума намозида, Масжидун Набийнинг имом хатиби, мусулмон лашкарларнинг бир неча майдонлардаги ғалабаси ҳақидаги ҳушхабарни эълон қилиб, одамларни Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга ундаб, диннинг иззати ва Аллоҳнинг розилигини талаб қилган ҳолда шаҳид бўлишга тарғиб қилди.

Фаррух уйига қайтгач, чор-атрофга тарқаб кетган мусулмон қўшинларидан бирининг байроғи остига киришга азму қарор қилди ва қарорини аёлига айтди. Шунда аёли: “Эй Абу Абдурраҳмон, мен ҳомиладор бўлсам, шу ҳолимда мени ва ҳомиламни кимга қолдириб кетасиз, ахир сизнинг Мадинада на бир яқинингиз ва на қариндошингиз бўлса?” деган эди. Фаррух: “Сизларни Аллоҳ ва Унинг Расулига қолдириб кетаман, ғаниматлардан йиққан ўттиз минг дийнорни ҳам сизларга ташлаб кетаман, шуни иложи бўлса кўпайтиринг ва мен қайтиб келаманми ёки орзуимга етиб шаҳид бўламанми, иқтисод қилиб ўзингизга ва болага сарфланг”, деди ва хайрлашиб мақсади сари йўл олди...

Эри кетганидан сўнг бир неча ой ўтгач, аёлнинг кўзи ёриб, кўрган одамнинг кўзини қувонтирадиган, тўрт мучаси соғ чақалоқ дунёга келди. Бундан ниҳоят даражада шодланган она, бир муддат чақалоқ отасининг фироғини ҳам унутаёзди. Чақалоқ ўғил экан, унга “Рабиа” деб исм қўйди.

Ёшлик чоғиданоқ бу гўдакда улуғворлик аломатлари, ишида ва сўзида заковат белгилари кўрина бошлади. Меҳрибон она фарзандини билимли бўлишини жуда-жуда истаганидан, муаллимлар ёллаб ўқитди, уни тарбиячиларга топшириб гўзал тарбия беришларини талаб қилди. Бола тез орада ўқиш ва ёзишни яхши ўзлаштириб олди. Сўнгра Қуръонни тўлиқ ёд олди, уни ҳудди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлганидек қироъат қиладиган бўлди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ўрганди. Билиш зарур бўлган дин ишларини пухта таълим олди. Шеъриятдан ҳам етарли миқдорда ёд олди.

Она ўғилнинг муаллим ва тарбиячиларига, мол-дунё ҳамда мукофотларни аямай берарди. Фарзандининг илми зиёда бўлаётганини кўргани сари, уларга ҳам инъом ва эҳсонини зиёда қиларди. “Отаси қайтиб қолсалар кўзларини қувонтирадиган фарзанд бўлсин”, деб тиришар эди. Бироқ Фаррухнинг қайтиши чўзилиб кетди. У ҳақда турли гаплар ҳам эшитилиб қолар, баъзилар: “Фаррух душман қўлида асир бўлиб қолибди”, деса, бошқалар: “Фаррух ҳали-хануз жиҳод майдонларида жанг қилиб юрган экан”, деса, яна бошқалар: “Фаррух ўзи орзу қилган шаҳидликка эришибди”, деб айтардилар. Фаррухнинг ўзидан бирон бир хат-хабар келмай қолганидан, Рабианинг онасида ҳам мана шу учинчи гап тўғри бўлса керак, деган ўй ғолиб келиб, қалби эзилди, қайғуга ботди, қаттиқ маҳзун бўлди. Аллоҳдан ажрини беришини сўраб илтижолар қилди.

Бу вақтга келиб Рабиа балоғат ёшига яқинлашиб, йигитлар сафига кириб қолай деганди. Баъзилар унинг онасига: “Мана Рабиа ҳам катта йигит бўлиб қолди, ўқиш ва ёзишни мукаммал ўрганиб, тенг-тушларидан ўзиб, Қуръон ва ҳадисларни ҳам ёд олди. Энди бирон касб-ҳунар ўрганса бўлар эди. Бу қобилияти билан тезда ҳунарли бўлиб, сизни ва ўзини бемалол таъминлар эди”, дедилар. Меҳрибон она: “Боламнинг дин-у дунёсига яхши бўладиган нарсани ихтиёр этишини Аллоҳ таолодан сўрайман. Рабиа ўзи учун илм йўлини танлади ва ҳаётининг охиригача илм ўрганиб ва уни ўргатиб ўтишга азму қарор қилди”, деб жавоб берди.

Дарҳақиқат, Рабиа ўзи учун чизиб олган йўлдан астойдил борди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари мавж уриб турган илм ҳалқаларига, ҳудди ташна кишининг зилол чашмаларга интилиши каби талпинди. Ҳаёт бўлган саҳобаи киромларни, хоссатан “Пайғамбар ходими” Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни маҳкам тутди. Саид ибн Мусаййаб, Макҳул Шомий, Салама ибн Дийнор каби пешқадам тобеинлардан дарс олди. Тунги машаққатини кундузги заҳматига улади. Ҳатто бу заҳмат-у машаққатлар уни оздириб-тўздириб юборди. Бу ҳақда унга гап очиб, бунчалар ўзини қийнатмасликка, жонига озгина бўлса ҳам шафқат қилишга чақирганларга: “Сен ўзингни илмга тўла берсанггина, илм сенга озгинасини беради”, деб жавоб берарди. Кўп ўтмай Рабианинг довруғи тарқаб, юлдузи порлаб, дўстлари ва шогирдлари кўпайиб кетди, ҳатто қавми уни ўзларига саййид қилиб олдилар. Шундай қилиб Мадина олимининг ҳаёти содда ва осойишта тарзда кеча бошлади... Кунининг ярмини уйида оила аъзолари ва биродарлари билан ўтказса, иккинчи ярмини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида илм ҳалқаларида ўтказар эди. Ана шу тарзда ўтаётган олимнинг ҳаётида, кутилмаган бир воқеа рўй бериб қолди...

Ёзнинг ойдин кечаларидан бирида, Мадинаи мунавварага чамаси олтмиш ёшларни қоралаган бир отлиқ кириб келди. Шаҳарнинг тор кўчаларида отига минганича у ўзининг ҳовлисини излаб борар, кўнглидан эса ҳовлиси ҳали ҳам ўзи билган кўринишда турганмикин ёки ўтган узоқ йиллар уни ўзгартириб юборганмикин деган хаёл ўтарди. Уйидан чиқиб кетганига ҳам сал кам ўттиз йил бўлибди-я. Уйида қолдириб кетган ҳомиладор ёш хотини ҳақида: “У қаерда экан, ҳоли нима кечган экан, ҳомиласи ўғилмиди экан ё қизми, ҳаётмикин ё вафот этиб кетганмикин. Ҳаёт бўлса қандай ҳолатда экан. Бухоро, Самарқанд ва ўша атрофдаги ерларни фатҳ қилиш учун мусулмон лашкарлари билан чиққанида хотинига қолдирган катта миқдордаги маблағ нима бўлган эканини?” бирма-бир ҳаёлидан ўтказиб борарди. Мадина кўчалари йўловчилар билан тўла эди. Одамлар хуфтон намозини эндигина тугатишган, масжиддан ҳали-ҳануз кўпчилик чиқишга улгурмаган.

Одамлар отлиқ кишининг ёнидан ўтиб кетар, аммо ҳеч бирлари уни танимасди. На ўзига, на учқир отига ва на бўйнида осилиб турган қиличига эътибор берардилар. Мусулмон шаҳарлар аҳолиси, Аллоҳ йўлида жиҳодга кетувчи ё қайтувчи мужоҳидларни кўп кўраверганларидан уларни кўришга кўникиб қолишганди. Одамларнинг бепарволиги чавандозни бироз ранжитди. Мадинанинг бироз ўзгарган тор кўчаларидан мана шу ўйларга чўмиб кетаётган чавандоз тўсатдан ўз уйининг олдидан чиқиб қолди. Аҳли оиласи билан дийдорлашиш қувончи уни шошилтириб қўйган чавандоз изн сўрашни ҳам унутиб, ҳовлисининг дарз кетган дарвозасидан кириб, ҳовлининг ичкарисигача ўтиб борди. Эшикнинг ғичирлаганини эшитиб, уйнинг эгаси юқори қаватдаги хонадан пастга қараганди, тўлин ойнинг ёруғида бўйнига қиличини осиб, қўлига найзасини ушлаб олган қуролли кишини кўрди, тунда унинг уйига бостириб кирибди. Унинг ёш хотини эса бу нотаниш кишининг кўзи тушиши мумкин бўлган яқин жойда турарди. Уйнинг эгаси ғазабдан учиб, нотаниш кишининг олдига яланг оёқ ҳолда тушиб келиб: “Тун пардаси остида яшириниб уйимга бостириб кириб, хотинимга тажовуз қилмоқчимисан, эй Аллоҳнинг душмани!” деб худди маконига тажовуз бўлган ғазабнок шердек унга ташланди ва унинг гапиришига фурсат ҳам қолдирмади. Ҳовлининг ўртасида икковлон ёқалашиб кетдилар, овозлари кўтарилиб, шовқин-сурон бўлиб кетди. Дарҳол қўшнилар ҳар тарафдан келишиб, нотаниш кишини кишанлангандек қилиб маҳкам ушлаб, қўшниларига ёрдам бердилар. Уй соҳиби нотаниш кишининг ёқасидан тутиб қаттиқ сиқди ва: “Эй Аллоҳнинг душмани, Аллоҳга қасамки сени волийнинг хузурига олиб бормагунимча қўйиб юбормайман”, деди.

Нотаниш киши: “Мен Аллоҳнинг душмани эмасман, гуноҳга ҳам қўл урганим йўқ, бу менинг уйим, менинг мулким. Дарвозаси очиқ экан кириб келавердим”, деди ва одамларга қараб: “Ҳой одамлар менга қулоқ солинглар... бу уй меники, мен уни ўз пулимга сотиб олганман. Мен "Фаррухман"... Наҳотки қўшнилар ичида ўттиз йил муқаддам Аллоҳ йўлида жиҳодга кетган Фаррухни танийдиган бирон кимса қолмаган бўлса?”. Уй соҳибининг онаси юқори қаватда ухлаётган эди, шовқин-сурондан уйғониб кетиб, деразадан қараса, бутун бўй-басти билан эри турибди. Даҳшатдан тили айланмай қолаёзди. Тезда ўзини тутиб: “Уни қўйиб юборинглар, Рабиа, ўғлим, уни қўйиб юбор, бу сенинг отанг. Эй одамлар, барака топгурлар, тарқалинглар. Эй Абу Абдурраҳмон эҳтиёт бўлинг, сиз олишаётган йигит, сизнинг ўғлингиз, жигаргўшангиздир” деди.

Бу гаплар қулоғига етиб келар келмас, Фаррух Рабиани ўзига тортиб уни бағрига босди. Рабиа ҳам уни қучоқлаб, қўли, бўйни ва пешонасидан ўпа кетди. Одамлар тарқалишди. Ўттиз йилдан бери алоқа узилгани боис, Ернинг устида қайта кўришиш хаёлига ҳам келмаган Рабианинг онаси, эрига салом бериш ва кўришиш учун хонасидан пастга тушди.

Эр хотин анча суҳбатлашиб ўтиришди, Фаррух бошидан кечирганлари ва ўртадаги алоқанинг узилиш сабаблари ҳақида гапириб берди. Лекин хотин ҳаёли паришон эканидан, унинг аксари гапирган гаплари қулоғига ҳам кирмади. Унинг ҳаёлини олаётган ва узоқ йиллик айрилиқдан сўнг дийдорлашиш, ота боланинг топишишидек ҳурсандчиликни бир нав бўлсада хира қилаётган нарса - эри қолдириб кетган жуда катта маблағни тугатиб қўйганини эшитиб эрининг ғазаби келиб қолишидан хавфсираётгани эди. Ҳаёлидан ўтказаётгани: “Ҳозир менга омонат қилиб қолдирган ва тежаб ишлатишни васият қилган ўша катта миқдордаги маблағни сўраб қолса, нима деб жавоб бераман... Ундан бирон дирҳам ҳам қолмаганини айтсам не ҳолга тушар экан... Пулининг ҳаммасини фарзандининг таълим-тарбиясига сарф қилганимни айтсам ишонармикин... Фарзанд нафақасига ҳам ўттиз минг дийнор кетадими? деб инкор қилармикин... Ўғли ёмғирга тўла булутдан ҳам саҳоватлироқ эканидан, на бир динор ва на бир дирҳам қўлида ушлаб турмаслигига ишонармикин... Унинг ўз биродарларига минг-минглаб инфоқлар қилганини бутун Мадина аҳли билади-ку...”.

Умму Рабиа мана шундай ўйларга ғарқ бўлиб турганида, эри унга юзланиб: “Эй Умму Рабиа, мен тўрт минг дийнор олиб келганман, сизга қолдирган пулларни олиб чиқсангиз бунга қўшамиз, кейин ҳаммасига бирон боғми, ҳовлими сотиб олиб, унинг ортидан келадиган даромад эвазига Аллоҳ насиб этганича ҳаёт кечирамиз”, деди.

Умму Рабиа ўзини эшитмаганга солиб жавоб бермай турганди, Фаррух яна қайтариб: “Бориб пулларни олиб чиқинг, мана бу пулларни қўшиб қўяй”, деди. Шунда Умму Рабиа: ”Пулларни керакли ўринга жойлагандим, Аллоҳ хоҳласа яқин кунларда уни сизга чиқариб бераман”, деб жавоб берди. Муаззиннинг овози уларнинг сўзларини бўлиб қўйди. Азонни эшитган Фаррух дарҳол ўрнидан туриб таҳорат қилди ва дарвоза томон юрар экан: “Рабиа қаерда?” деб сўради. “Биринчи азондаёқ Масжидун Набийга чиқиб кетганди, сиз кечикдингиз, жамоатга етиб бора олмасангиз керак”.

Фаррух Масжидун Набийга етиб борганида, имом эндигина намозни тугатган экан. Ўзи ёлғиз бир четда фарз намозини адо этиб, сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига борди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салот ва саломлар йўллаб, кейин Равзаи мутоҳҳара тарафга бурилди. Қалбида Равзага бўлган шавқ жўш урар, унда икки ракат намоз ўқиш иштиёқи баланд эди. Муносиб жойни танлаб намоз ўқий бошлади. Аллоҳ хоҳлаганича намоз ўқигач, Аллоҳ қалбига солган дуолар билан Аллоҳга муножот қилди. Сўнг масжиддан чиқмоқчи бўлиб турганида, аввалда унинг мислини кўрмаган илм мажлисига кўзи тушиб қолди. Мажлисга йиғилганлар шунчалик кўп эдики, масжиднинг кенглигига қарамай, одам билан лиммо-лим эди. Одамлар илм мажлисини олиб бораётган шайх атрофида қадам босгудек жой қолдирмай, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтириб олганлар. Ўтирганларга назар солди; уларнинг ичида салла ўраган ёши улуғ қариялар ҳам, кўринишларидан обрў-эътиборли эканликлари кўриниб турган виқорли кишилар ҳам чўкка тушиб, қўлларига қаламларини тутганча шайхнинг оғзидан чиқаётган сўларни, дур тергандек, териб олаётган кўпгина ёшлар ҳам бор эди. Одамлар шайх ўтирган тарафга нигоҳларини қадашган, ҳудди бошларига қуш қўнгандек сукунат билан, шайхнинг айтаётган ҳар бир сўзига диққат билан қулоқ солиб ўтирардилар. Мажлис катталигидан шайхнинг овози эшитилмаётган жойларда махсус кишилар шайхнинг хар бир сўзини ўтирганларга такрорлаб турибдилар.

Фаррух шайхни танишга уриниб кўрди, бироқ масофа узоқлигидан кўзи илғамади.

Лекин шайхнинг гўзал нутқи, чуқур илми ва ўткир ҳофизаси уни ўзига ром қилиб қўйди. Одамларнинг шайхга бўлган ихлос ва муҳаббатларини кўриб ҳайратда қолди. Бироз ўтиб шайх дарсни тугатиб ўрнидан турди. Одамлар шайх томон ёпирилиб, унинг атрофини ўраб олдилар ва масжиднинг ташқарисигача уни кузатиб чиқдилар. Шунда Фаррух ёнида ўтирган одамдан: “Барака топгур, менга айтинг-чи, бу шайх ким?” деб сўради. У одам саволдан ажабланиб: “Мадина аҳлидан эмасмисиз дейман?”. Фаррух: “Йўқ, Мадина аҳлиданман”. Киши: “Қизиқ, Мадина аҳлининг орасида шайхни танимайдиган кимса ҳам бор экан-а?!”. Фаррух: “Танимаганим учун узр, мен ўттиз йилдан бери Мадинадан узоқда эдим, кечагина қайтдим”. Киши: “Ҳа, шундайми, зарари йўқ, ўтиринг мен сизга шайх ҳақида гапириб бераман. Сиз сўзларини эшитган шайх, тобеинларнинг саййидларидан ва мусулмонларнинг буюкларидандир. Шайх ёш бўлишига қарамай Мадинанинг муҳаддиси, олими ва имомидир”. Фаррух: “Мошо Аллоҳ, ла қуввата илла биллаҳ!”. Киши: “Ўзингиз шоҳиди бўлганингиздек, шайхнинг дарсларида имом Молик(Моликий мазҳаб асосчиси), Абу Ҳанифа Нўъмон(Ҳанафий мазҳаб асосчиси), Яҳё ибн Саъид Ансорий, Суфён Саврий, Абдурраҳмон ибн Амр Авзоъий, Лайс ибн Саъд ва бошқалар ҳам қатнашадилар. Фаррух: “Лекин сиз"... Фаррухнинг гапини оғзида қолдириб, киши сўзида давом этди: “Бундан ташқари шайх гўзал ахлоқли, ўта камтарин ва ниҳоятда саховатли, очиқ қўл инсондир... Мадина аҳли шайхдан кўра, ўз дўстларига ва дўстларининг фарзандларига серинфоқ бирон кимсани билмайди. У дунё матоларидан ўзини тортган, Аллоҳ таоло хузуридаги нарсаларга интилганроқ кишидир”. Фаррух: “Лекин сиз менга шайхнинг исмини айтмадингиз”. Киши: “Шайхнинг исми Рабиа ар-Роъй”. Фррух: “Рабиа ар-Роъй”. Киши: “Ҳа, шайхнинг исми Рабиа... Лекин Мадина уламолари ва шайхлари Рабиа тур-Роъй деб аташади. Сабаби улар бирон масалада Аллоҳнинг Китобидан ва ё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан далил топа олмасалар, шайхга мурожаат қиладилар. Шайх улар ечимини топа олмаган масала ҳақида бош қотириб, далил келмаган масалани, далил келган масалаларга қиёс қилиб, қалблар таскин топиб, кўнгиллар хотиржам бўладиган ечим тақдим қиладилар”. Фаррух: “Шайхнинг насабларини айтмадингиз”. Киши: “Рабиа ибн Фаррух. Оталари Фаррухнинг куняси Абу Абдурраҳмон. Мана шу шайхнинг тўлиқ исмларидир. Оталари Аллоҳ йўлида жиҳод учун Мадинадан чиқиб кетганида туғилганлар. Шайхни оналари тарбиялаб вояга етказганлар. Дарвоқе, одамлар намоздан олдин гапиришаётган эдики, шайхнинг оталари ўтган кечада қайтиб келган эмишлар”, деганди, Фаррухнинг икки кўзидан катта-катта икки томчи ёш оқиб тушди, киши бунинг сабабини била олмади... У ўрнидан туриб уйи томон шаҳдам қадамлар билан йўл олди. Кўзлари жиққа ёшга тўлган эрини кўрган умму Рабиа: “Дадаси сизга нима бўлди?” деб, унга пешвоз чиқди. Фаррух: “Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ, бу хурсандлик кўз ёшлари... Ўғлимиз Рабиани мисли кўрилмаган илм ва обрў-эътиборга етганидан масрурман”, деди. Фурсатдан фойдаланиб умму Рабиа: “Қайси бири сиз учун яхшироқ, ўттиз минг динорми ёки ўғлимиз қўлга киритган илм ва обрў-эътиборми?” деди. Фаррух: “Албатта ўғлимиз қўлга киритган нарса мен учун яхшироқ, балки бутун дунёдаги бор мол-мулкдан ҳам кўра менга суюмлироқдир”, деди. Умму Рабиа: “Сиз менга омонат қолдириб кетган пулларнинг ҳаммасини ўғлимизга сарфлаган эдим, қилган ишимдан розимисиз?”. Фаррух: “Ҳа, албатта... Аллоҳ таоло сизни яхши мукофотлар билан мукофотласин...”.