Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қози Шурайҳ

4472 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо
Таржимон: Абу Туроб

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Қози Шурайҳ

Шурайҳдан сўрадилар: “Қай йўл билан бундай илмга эриша олдингиз?”.

Шурайҳ деди: “Уламолар билан суҳбат қилиш, улардан

ўрганиб ва ўргатиш билан эришдим”. Суфён Авсий.

 

Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир аъробийдан от сотиб оладилар, пулини нақд бериб, ўша ернинг ўзидан отга миниб йўлларига равона бўладилар. Аммо ҳали жуда ҳам узоқ кетмаслариданоқ, отда унинг юришига халақит берадиган шикаст кўрина бошлайди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу дарҳол ортга қайтиб, аъробийга: “Отингни қайтариб ол, уни айби бор экан” дедилар. Аъробий эса: “Қайтариб олмайман эй амирул-мўминин, чунки мен уни сизга сотганимда от соппа-соғ эди” деб, қайтариб олишдан бош тортди. Ҳазрат Умар: “Ундай бўлса ўртамизни ажрим қиладиган бир кишини танлаб айт”, дедилар. Аъробий: “Ўртамизда Шурайҳ ибн Ҳорис ҳакам бўлсин”, деди. Умар розияллоҳу анҳу рози бўлдилар ва икковлон муаммони ҳал қилиш учун Шурайҳнинг олдига йўл олдилар. Шурайҳ аъробийнинг сўзини эшитгач Умар розияллоҳу анҳуга юзланиб: “Отни олганингизда у бус-бутунмиди, эй амирул-мўминин?”.

—   Ҳазрат Умар: “Ҳа”.

—   Шурайҳ: “Ундай бўлса, отни ё ўзизингизда олиб қолинг, ё бўлмаса қандай ҳолда сотиб олган бўлсангиз шундайича қайтаринг” деб, ҳукм чиқарди.

Бундай одилона ҳукмдан қойил қолган Умар розияллоҳу анҳу Шурайҳга қараб: “Мана буни ҳукм деса бўлади... Ҳақ сўз ва одил ҳукм. Сиз Кўфага боринг, мен сизни у ерга қози этиб тайинладим” дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу қози этиб тайинлашларидан аввал Шурайҳ ибн Ҳорис номаълум шахс эмас эди. Қозиликдан аввалроқ у жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, улуғ саҳобалар ва тобеинлар ичидаги илм ва фикр соҳиблари орасида ўзига яраша обрў-эътибори бор кишилардан эди. Соҳиби фазл ва етук инсонлар Шурайҳдаги ўткир фаросат ва ўта камёб заковатни, олий хулқ ва баланд пастликлардан иборат ҳаётдаги тажрибасини қадрлар эдилар.

Шурайҳ ибн Хорис асли Яманлик, Кинда қабиласидан бўлган, осон кечмаган ҳаётининг ярмини жоҳилиятда ўтказган киши эди. Араб Ярим ороли ҳидоят нури билан мунаввар бўлиб, Ислом нури Яман ерларига ҳам етиб боргач, Шурайҳ Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирган, ҳидоят ва ҳақ чақириқни “Лаббай”, деб қабул қилган мусулмонларнинг биринчиларидан бўлди.

Шурайҳнинг фазилати, унинг одоб-ахлоқ ва бошқалардан ортиқ тарафларининг қадрини билувчи орифлар, унинг иймон шарафига мушарраф бўлгач, Мадинага эртароқ келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиш насиб қилмаганига афсуслар қилардилар. Қани эди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафийқул аълога йўлиқишларидан аввал, у зотга учрашиб, мусаффо чашмаларидан билвосита эмас, бевосита қониб-қониб симириш, иймон неъмати билан насибадор бўлинганидан сўнг, саҳобалик шарафи билан ҳам насибадор бўлиш тақдир қилинганида эди, деб орзу қилардилар. Дарҳақиқат, шундай бўлганида у барча яхшиликларни ўзида жамлаган бўлар эди. Аммо инсоннинг хоҳиши эмас, тақдирда битилмиш бўлар экан...

Умар Форуқ розияллоҳу анҳу гарчи ўша кунларда Ислом осмони ҳали-ҳануз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидек ёрқин юлдузлар билан порлаб турган бўлса-да, тобеинлардан бўлган кишини катта мансаблардан бўлган қозиликка тайинлаб хато қилмаган эдилар. Умар розияллоҳу анҳунинг фаросати ва тадбирларининг нақадар тўғри эканини кунлар исботлаб берди... Шурайҳ мусулмонлар ўрталарида узлуксиз олтмиш йил қозилик қилди... Уни бу мансабда қолишини кетма-кет келган халифаларнинг барчалари Умар, Усмон, Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумлар ва улардан кейинги Умавийлардан бўлган халифалар ҳам қарор қилдилар. Ҳажжожнинг ҳокимлик даврида Шурайҳ қозиликдан озод қилишларини талаб қилди. Бу вақтда у ўзининг сермазмун, узун умрининг бир юз еттинчи йилига етган эди. Исломдаги қозилик мансаби Шурайҳнинг қозиликдаги ҳайратомуз ҳолат-ҳодисалар билан безалиб, у намоён қилган Аллоҳнинг шариатига мусулмонларнинг хос ва оммалари гўзал тарзда эргашганлари ила порлаб турибди. Ана шундай ибратга тўла воқеъалардан бири: Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ўзлари учун қадрли бўлган совутларини йўқотиб қўядилар... Кўп ўтмай худди шу совутни Кўфа бозорида бир зиммийнинг қўлида кўриб қоладилар. Зиммий совутни сотувга қўйган экан. Совутни кўрибоқ уни танийдилар ва зиммийга:

—   “Бу совут меники эди, фалон кечада, фалон жойда туямдан тушиб қолибди”, дедилар. Зиммий эса:

—   “Йўқ, бу менинг совутим, мана қўлимда турибди эй мўминлар амири”, деб инкор қилди. Ҳазрат Алий:

—   “Бу менинг совутим, уни бировга сотган ҳам эмасман, ҳадя ҳам қилмаганман-ки, сеники бўлиб қолса”. Зиммий:

—   “Ундай бўлса ўртамизни мусулмонларнинг қозиси ажрим қилсин”, деди. Алий розияллоҳу анҳу:

—   “Инсоф қилдинг, қани юр бўлмаса”, деб, икковлари қози Шурайҳнинг хузурига бордилар.

—   Шурайҳнинг хузурига киришгач, Шурайҳ Алий розияллоҳу анҳуга:

—   “Қандай даъвоингиз бор, эй мўминлар амири?” деди. Ҳазрат Алий:

—   “Мана бу совут менинг совутим эди, фалон кечада, фалон ерда тушиб қолиб йўқотиб қўйган эдим. Бу кишининг қўлида кўриб қолдим, унга бу совут олди-сотди йўли билан ва ё ҳадя орқали келмаган” дедилар. Шурайҳ зиммийга қараб:

—   “Сен нима дейсан?” деб сўради. Зиммий:

—   “Совут меники, мана қўлимда турибди... Мўминлар амирини ёлғон гапиришда айбламайман” деди. Шурайҳ Алий розияллоҳу анҳуга:

—   “Эй мўминлар амири, сиз гапираётган гапингизда содиқ эканингиз ва бу совут сизники эканида, менинг қалбимда заррача шак-шубҳа йўқдир. Лекин қилаётган бу даъвоингизнинг рост эканига икки гувоҳ олиб келишингиз шартдир” деди. Алий розияллоҳу анҳу:

—   “Ҳа, албатта... Ходимим Қанбар ва ўғлим Ҳасан мен учун гувоҳлик берадилар”. Шурайҳ:

—   “Ўғилнинг ота учун гувоҳлиги ўтмайди, эй мўминлар амири”. Алий розияллоҳу анҳу:

—   “Субҳаналлоҳ!!.. Жаннат аҳлидан бўлган кишининг гувоҳлиги ўтмайдими?!... Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир” деганларини эшитмаганмисиз?”. Шурайҳ:

—   “Эшитганман, эй мўминлар амири, лекин мен фарзанднинг ота учун берган гувоҳлигини қабул қилмайман”. Шунда Алий розияллоҳу анҳу зиммийга қараб:

—   “Совут сенга бўлақолсин. Менда бу иккисидан бошқа гувоҳим йўқ”, дедилар. Шунда зиммий:

—   “Эй мўминлар амири, дарҳақиқат бу совут сизникидир... Ҳайрати ошган зиммий сўзида давом этиб: “Ё Аллоҳ!!.. Мўминларнинг амири мен билан қозига бориб даъволашса, қози эса менинг фойдамга ва унинг зарарига ҳукм чиқарса-я... Мана шундай одилликка буюрувчи дин ҳақ эканига гувоҳлик бераман... Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Эй қози, ҳақиқатда бу совут мўминлар амирининг совутидир. Мен Сиффинга (Шом вилоятидаги жойнинг номи) кетаётган лашкарнинг ортидан кетаётганимда, унинг кул ранг туясидан тушиб қолганида мен олган эдим”, деди. Алий розияллоҳу анҳу зиммийга: “Энди мусулмон бўлдинг ва биродаримизга айландинг... Мана шу совут ва унга қўшимча мана бу от ҳам мендан сенга ҳадядир”, дедилар. Бу воқеадан кўп ўтмай, ана шу киши, Алий розияллоҳу анҳунинг байроқлари остида Наҳравон кунида (Алий розияллоҳу анҳу билан Хаворижлар ўртасида жанг бўлган кун) Хаворижларга қарши жангда шаҳид (бўлганини умид қиламиз) бўлганига шоҳид бўлинган.

 Шурайҳнинг ажойиботларидан яна бири: “Кунларнинг бирида Шурайҳнинг ўғли: “Отажон, мен билан бир қавм ўртасида келишмовчилик бўлиб қолди. Эшитиб кўринг, агар ҳақ мен тарафда бўлса, улар билан даъволашаман, агар ҳақ улар тарафда бўлса, сулҳга чақираман” деб, ҳолатни баён қилди. Шурайҳ эшитиб бўлгач: “Улар билан даъволашавер” деди. Отанинг маслаҳати билан ўғил уларни қозига бориб даъволашишга чақирди, улар рози бўлишиб ҳаммалари қозининг хузурига бордилар. Икки тараф даъвосини эшитгач, Шурайҳ қози, у қавмнинг фойдасига, ўғлининг зарарига ҳукм қилди. Ота бола уйга қайтгач, ўғли: “Ота мени шарманда қилдингиз. Аввал сиз билан маслаҳатлашмаганимда эди сизни маломат қилмаган бўлардим”, деди. Шунда Шурайҳ: “Эй ўғлим, Аллоҳга қасамки, сен мен учун уларнинг бор дунёсидан ҳам кўра суюклироқсан. Лекин Аллоҳ азза ва жалла менга сенданда азизроқдир... Менга маслаҳат солганингда, ҳақ улар тарафида эканини сенга айтмаганим, сен буни билгач уларни сулҳга чақириб келишиб олишинг натижасида, уларнинг баъзи ҳақлари зое бўлишидан қўрққаним бўлди. Шунинг учун сенга шундай деган эдим”.

Яна бир нодир ҳолат: “Шурайҳнинг ўғли маҳкамага тортилган бир кишига кафил бўлиб ўртага тушади. Шундан сўнг у киши маҳкамадан қочиб кетади. Шурайҳ қози кафил бўлиб ўртага тушган ўғлини, қочиб кетган кишининг ўрнига қамоққа ташлайди ва ўзи ўз қўли билан ҳар куни ўғлининг олдига қамоққа овқат олиб бориб туради”.

Баъзида қозиётга даъволашиб келганларнинг гувоҳларидан Шурайҳнинг қалби таскин топмас, аксинча қалбини шубҳалар қамраб оларди. Аммо гувоҳликлари ўтадиган ва рад қилиш мумкин бўлмагани учун, уларни қабул қилишдан ўзга чора топмас эди. Лекин улар гувоҳликка ўтишларидан аввал, уларга насиҳат қилиб бундай дер эди: “Менга қулоқ солинглар! Аллоҳ сизни ҳидоятда қилсин. Сиз бу кишига гувоҳлик беришингиз билан унга ҳукм қилган бўласиз. Мен Қиёматда сизни рўбарў қилиб дўзахдан сақланаман, аслида дўзахдан сақланадиган ишни қилиш сизларга лозимроқдир. Гувоҳлигингиз чин бўлмаса, ҳозир гувоҳликка ўтмай кетиш имконингиз бор”. Агар улар гувоҳликка ўтишда қаттиқ туриб олсалар, унда бу гувоҳларни олиб келган кишига: “Билиб қўй, мен буларнинг гувоҳлиги билан сенга ҳукм чиқараман, аммо билиб турибманки ҳақ сен тарафда эмас, лекин мен гумон билан эмас, балки гувоҳларнинг шаҳодати билан ҳукм қиламан. Мен чиқарган ҳукм сенга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб бермайди”, дердилар.

Қози Шурайҳ ўзига шиор қилиб олган ва қозиётда тез-тез айтиб турадиган сўзларидан: “Эртага Қиёматда золим ким ҳақиқатда ютқазган эканини билиб олади. Золимлар азобни кутсалар, мазлумлар адолатни кутадилар. Қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ учун бирон нарсани тарк этган киши, кейинчалик шу нарса қўлидан кетганига асло пушаймон қилган эмас.

Шурайҳ қози фақатгина Аллоҳ, унинг Китоби ва Элчиси учунгина насиҳат қилмай, балки мусулмонларнинг хос ва оммалари учун ҳам насиҳатгўй эди. Шулардан бири: “Бир киши дўстидан шикоят қилаётганини эшитиб қолган Шурайҳ, уни қўлидан ушлаб четга тортиб: “Укажоним, сенга насиҳатим Аллоҳ азза ва жалладан ўзгага шикоят қилишдан сақлан. Чунки сен шикоят қилаётганинг иккитадан бири; ё дўст, ёки душман бўлади... Дўст бўлса унинг кўнглини ранжитасан, душман бўлса устингдан кулади. Сўнг: “Мана менинг бу кўзимга қарагин” деб бир кўзига ишора қилди, Аллоҳга қасамки мана шу кўзим билан ўн беш йилдирки на бир одамни ва на теварак атрофни кўра оламан... Ўн беш йилдан бери шу кўзим кўрмайди, аммо ҳеч кимга бу ҳақда шикоят қилмаганман. Сенга ибрат бўлсин деб, ҳозир сенга айтдим, холос. Солиҳ банда Яъқуб алайҳис-саломнинг сўзларини эшитмаганмисан: “Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан...” Юсуф: 86. Бошингга бирон мусибат тушса Аллоҳгагина шикоят қил, дардингни тўкиб сол, зеро Аллоҳ сўралувчиларнинг энг карамлиси ва дуони ижобат қилишга энг яқин Зотдир”.

Шурайҳ бир кишининг бошқа бир кишидан тиланаётганини кўриб: “Эй биродар, ким ўзига ўхшаган одамдан ҳожатини ўташни сўраса, ўзини қулликка маҳкум қилган бўлади. Агар сўралувчи унинг ҳожатини ўтаса, бу билан уни қул қилган бўлади ва агар ҳожатини ўтамай рад қилса, иккаласига ҳам хорлик етади... Бирига бахиллик хорлиги, яна бирига рад қилиниш хорлиги. Шунинг учун тилансанг Аллоҳдан тилан. Ёрдам сўрасанг ҳам Аллоҳдан сўра. Шуни билки, ҳаракат ҳам, қувват ҳам, ёрдам ҳам Аллоҳ (мадади) биландир”.

Кўфада вабо касали тарқаганида Шурайҳнинг бир дўсти вабодан қочиб “Нажаф” деган тарафларга кетиб қолади. Шунда Шурайҳ дўстига мана бундай мазмунда хат юборган экан: “Аммо баъд... Дўстим, сен ташлаб кетган ер сенга ажалингни яқин қилмас ва тақдирда битилган умр кунларингни сендан тортиб олмас эди. Сен борган ерлар ҳам, чора-тадбир қилиш Уни ожиз қолдирмайдиган ва Ундан қочиб қутулиб бўлмайдиган Зотнинг қабзасидадир. Биз ҳам сен ҳам бир Подшоҳнинг бисотидамиз. “Нажаф” эса Қудрат эгасига яқинроқдир”.

Буларнинг барига қўшимча тарзда Шурайҳ жуда қобилиятли, турфа-хил мавзули, қалами ўткир шоир ҳам эди. Ривоятларга кўра Шурайҳнинг ўн ёшлардаги, жуда ўйинқароқ, шўх боласи бор экан. Бир куни болани излаб борса, мактабдан кетиб, итларни тамоша қилаётган экан. Уйга қайтгач: “Намоз ўқидингми?” деб сўраганида, бола: “Йўқ”, деб жавоб берибди. Шунда қоғоз ва қалам келтиришга буюриб, боланинг тарбиячисига ушбуларни битган экан:

 

Шеърнинг мазмуни:

Илакишиб итларга намозини ташлади,

Ёмонларга қўшилиб дилимизни ғашлади.

 

Ҳузурингизга ушбу мактуб ила борганда

Адаб беринг яхшилаб, таъзирин есин анда.

 

Уришга ҳожат бўлса, майли, дарра урингиз,

Уч даррадан ошиғи кўплик қилар, билингиз.

 

Қаршингиздаги бола гарчи шўхдир, ёмондир,

Бироқ, бизга жигарбанд, бизга ширин бир жондир.

 

Умар Форуқдан Аллоҳ рози бўлсин, дарҳақиқат Исломдаги қозиликнинг юзини соф ва нафис гавҳар билан зийнатлаб кетди... Мусулмонлар ҳали-ҳануз Аллоҳ таолонинг шариатидаги унинг илм нуридан баҳра олаётган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидаги идрок нуридан йўл топаётган ва Қиёмат кунида бошқа умматлар олдида у билан фахрланадиган ёрқин чироқни уларга инъом этди.

Қози Шурайҳни Аллоҳ раҳмат қилсин... Олтмиш йил одамлар орасида адолатни барпо қилиб турди... Бирон кимсага жабр-зулм қилмади, ҳақдан бурилмади, шоҳу фуқарони ажратмади...