Шанба 27 Апрель 2024 | 18 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рад билан мерослантириш ҳақидаги боб

2546 марта кўрилган

  • Рад (الردّ) луғатда қайтариш маъносида бўлиб, фароиз илми истилоҳида ворисларнинг фарзларидан ортиб қолган молни – агар унга ҳақли бўлувчи асабалар бўлмаса – фарз эгаларига фарзлари миқдорича қайтариш маъносида ишлатилади.

  • Чунки, Аллоҳ таоло ворисларнинг фарзларини ярим, тўртдан бир, саккиздан бир, учдан икки, учдан бир, олтидан бир қилиб белгилаб қўйган, эркак ва аёллардан бўлган асабаларнинг мерос олишлари кайфиятини баён қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фаризаларни ўз эгаларига етказинглар. Ортиб қолгани энг яқин эркак (қариндош)гадир», деганлар (Бухорий (6732), Муслим (1615) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Ушбу ҳадис шариф Қуръонни баён қилиб берувчи ва ворисларнинг ҳар икки турини, яъни фарз эгаларини ҳам, асабаларни ҳам тартибловчи бўлди. Фарз эгалари ва асабалар мавжуд бўлса, иш аниқ-равшандир. Яъни, фарз эгаларига ўз ўз фарзларини берилади, қолганини асабаларга берилади. Агар ортиб қолмаса, шу ҳадисга биноан асабалар соқит бўлади. Агар фақат асабалар мавжуд бўлса (яъни, фарз эгалари бўлмаса), молни таъсиб йўли билан бўлишиб оладилар.

  • Энди битта муаммо қолдики, агар фарзлар эгаларининг фарз улушлари мероснинг ҳаммасини қамраб олмаса ва қолган молни оладиган асабалар ҳам бўлмаса, бу ҳолатда ортиб қолган молни эр-хотиндан бошқа фарз эгаларига фарзлари миқдорида қайтарилади. Бунинг далиллари қуйидагича:

1)             Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75). Маййитнинг қариндошларидан бўлан фарзлар эгалари унинг молига ҳақлироқ ва бошқалардан кўра лойиқроқдирлар.

2)             Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким мол қолдириб кетган бўлса, у ворисларигадир», деганлар (Бухорий (6731) ва Муслим (1619) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу маййитдан қолган барча молга, шу жумладан фарзлардан кейин ортиб қолган молга ҳам тегишли бўлиб, фарзлар эгалари унга ҳақлироқдирлар. Чунки, у уларнинг мерос қолдирувчиларининг молидир.

3)             Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳунинг ҳадисида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни беморлик пайтида кўргани келганларида у: «Ё Расулуллоҳ, менга фақат биттагина қизим ворис бўлади», деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг меросини қизига чеклашини инкор қилмадилар. Агар бундай қилиш хато бўлганида эди, унинг бу сўзини инкор қилган бўлардилар. Демак, бу ҳадис ҳам фарз эгаси фарзини олганидан кейин ортиб қолган молни агар асабалар бўлмаса, яна ўзи олишига далолат қилади. Рад – яъни, қайтариб бериш шудир.

  • Моллар уларга қайтариладиган кишилар эр-хотиндан бошқа барча фарз эгаларидир. Чунки, эр-хотин баъзан қариндошлардан бўлмайди ва Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75) оятига дохил бўлмайди.

Аҳли илмлар ортган мол эр-хотинларга қайтарилмаслигига иттифоқ қилганлар. Фақат, ёлғиз Усмон розияллоҳу анҳунинг (ортган молни) эрга қайтарганлари ривоят қилинган. Буни ҳам раддан бошқа сабаб билан, асаба бўлгани учун ё қариндошлиги сабабли берган бўлишлари эҳтимоли бор, валлоҳу аълам.