Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Талоқ қилинган аёлнинг мероси ҳақидаги боб

2634 марта кўрилган

  • Маълумки, эр-хотинлик битими (никоҳ ақди)ни Аллоҳ таоло мерос олиш сабабларидан бири қилиб қўйган: «Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан — агар улардан фарзанд қолмаган бўлса — ярми те­гур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўлса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бири тегур. (Бу тақсимотлар) маййитга қилган васият ва унинг қарзлари адо этилгандан кейин бўлур. Уларга(хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан — агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса — тўртдан бири тегур. Энди агар сизларнинг фарзандингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири тегур. (Бу тақсимотлар) сизлар қилган ва­сият ва қарзларингиз адо қилингандан кейин бўлур» (Нисо: 12).

  • Модомики, эр-хотинлик битими сақланиб тураркан, агар ворисликка монеъ бўладиган бирор сабаб бўлмаса, ворислик ҳам сақланиб туради.

  • Агар эр-хотинлик битими талоқ сабабли тўла бузилса, яъни боин талоқи тушса, у ворисликни ман қилади. Чунки, агар сабаб йўқ бўлса, мусаббаб (сабабнинг натижаси) ҳам бўлмайди. Бироқ, талоқ борасида шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ўша ҳолатларда талоқ ворисликни ман қилолмай қолади. Яъни, масалан, никоҳ ақди талоқ сабабли узил-кесил бузилмаган бўлса, аёл киши иддаси ичида бўлар экан, эр-хотин ўртасида ўзаро ворислик йўқолмайди. Буни ражъий талоқ деб аталади. Шунинг учун фуқаҳолар «талоқ қилинган аёлнинг мероси» деб номланган боб ажратганлар.

  • Талоқ қилинган аёллар қисқача айтганда уч турга бўлинади:

1)             Ражъий талоқ қилинган аёл. Унинг талоқи талоқ қилувчининг соғлиги ҳолида бўлсин ё касаллиги ҳолида бўлсин, фарқсиз.

2)             Талоқ қилувчининг соғлиги ҳолида боин талоқ қилинган аёл.

3)             Талоқ қилувчининг вафот этган касаллиги ҳолида боин талоқ қилинган аёл.

  • Ражъий талоқ қилинган аёл идда сақлаши муддатида талоқ қилувчи вафот этса, уламолар ижмоъсига кўра, мерос олади. Чунки, модомики иддада бўларкан, у унинг хотини ҳисобланади ва бошқа хотинлар каби ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлади.

  • Талоқ қилувчининг соғлиги ҳолида боин талоқ қилинган аёл уламолар ижмоъсига кўра, мерос олмайди. Чунки, эр-хотинлик алоқаси табиий равишда, бу ҳақда эрга етадиган бирон туҳматсиз (айбсиз) узилган бўлади. Эрнинг хавфли бўлмаган касаллиги пайтида ҳосил бўлган боин талоқ ҳам шунга ўхшагандир.

  • Эрнинг хавфли (яъни, ўлим хавфи бўлган) касаллиги пайтида уни меросдан маҳрум қилиш қасди борлиги билан айбланмаган ҳолатида боин талоқ қилинган аёл ҳам мерос олмайди.

  • Эрнинг хавфли касаллиги пайтида боин талоқ қилинган аёл – агар эр бу билан аёлини меросдан маҳрум қилишга қасд қилгани билан айбланган бўлса – иддаси ичида ҳам, иддадан кейин ҳам, модомики, бошқа турмушга чиқмаган ёки муртад бўлиб кетмаган бўлса, мерос олади.

Боин талоқ билан талоқ қилинган аёл эрига юқоридаги айб қўйилган бўлса, мерос олишига далил шуки, Усмон розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг аёлига мерос берилишига ҳукм қилганлар, Абдурраҳмон уни вафот этган касаллиги пайтида талоқ қилган эди (Молик «Муваттоъ»да (2/572, №1185), Абдурраззоқ (7/61, №12191), Ибн Аби Шайба (4/171, №19033) ривоят қилганлар). Бу ҳукм саҳобалар орасида машҳур бўлган ва инкор қилинмаган.

Чунки, бундай талоқ қилувчи мерос хусусида фосид қасдни қасд қилгани учун унга ўзининг қасдининг зидди билан муомала қилинади. Бу эса идда муддати ичига чекланмайди, валлоҳу аълам.

  • Эр-хотиндан бири ёлғиз қолишларидан ва қўшилишларидан олдин вафот этса ҳам, никоҳ ақди сабабли бир-биридан мерос олаверади. Чунки, қуйидаги ояти кариманинг умумий маъноси шунга далолат қилади: «Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан — агар улардан фарзанд қолмаган бўлса — ярми те­гур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўлса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бири тегур. (Бу тақсимотлар) маййита қилган васият ва унинг қарзлари адо этилгандан кейин бўлур. Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан — агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса — тўртдан бири тегур» (Нисо: 12). Чунки, эр-хотинлик алоқаси ишончли ва шарафли алоқа бўлиб, улар ортидан бир неча ҳукмлар келиб чиқади ва улар устига улуғ манфаатлар бино қилинади. Аллоҳ таоло улардан бири вафот этса, унинг молидан иккинчисига ҳам бошқа яқинлари қаторида улуш қилиб қўйди. Бу эса эр-хотин бир-бирларига ҳурмат-эҳтиром назари билан қарашлари лозимлигини таъкидловчи ишлар сирасига киради.

Исломнинг ҳукмлари ана шундай, ҳаммаси яхшилик ва баракотдан иборатдир. Аллоҳ таолодан бизларни унда собитқадам қилишини ва унинг устида вафот эттиришини сўраймиз.