Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Оталар ва боболарнинг мероси ҳақидаги боб

2799 марта кўрилган

  • Ўғил фарзандлар ва ўғилнинг фарзандлари бўлган ҳолда ота ва бобо олтидан бир фарз улушни олади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар маййитнинг фарзанди бўлса, қолдирган меросидан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бири те­гур» (Нисо: 11).
  • Маййитнинг фарзанди ва ўғлининг фарзанди бўлмаганда ота ва бобо асабалик йўли билан меросхўр бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Энди агар фарзанд бўлмай, фақат ота-онаси (меросхўр) бўлса, у ҳолда онасига учдан бир тегур (қолгани отасига қолади)» (Нисо: 11). Меросни ота-онага изофа қилиб, онанинг улушини белгилаб берди ва отанинг улушини белгилаб бермади. Демак, қолгани асаба йўли билан отага бўлади.
  • Маййитнинг қиз фарзандлари ва ўғилларининг фарзандлари бўлган ҳолда ота ва бобо ҳам фарз билан, ҳам асабалик билан меросхўр бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фаризаларни ўз эгаларига етказинглар. Ортиб қолгани энг яқин эркак (қариндош)гадир», деганлар (Бухорий (6732), Муслим (1615) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Яъни, маййитнинг энг яқин эркак қариндошига бўлади. Ота (маййитнинг) ўғли ва ўғлининг ўғлидан кейинги энг яқин эркак кишидир.
  • Демак, ота учун уч ҳолат мавжуд:

1)                Фақат фарз билан мерос олади, бу маййитнинг пуштикамаридан бўлган ўғли ёки ўғлининг ўғли – ҳар қанча қуйига кетса ҳам – бўлган ҳолдадир.

2)                Фақат асабалик билан мерос олади. Бу маййитнинг фарзанди ва ўғлининг фарзанди бўлмаган ҳолдадир.

3)                Ҳам фарз билан, ҳам асабалик билан мерос олади. Бу маййитнинг қиз фарзандлари ёки ўғлининг ўғил-қиз фарзандлари бўлган ҳолдадир.

  • Ушбу ҳолатларда бобо ҳам ота билан бир хилдир. Чунки, далиллар ота бўлмаганда бобога тааллуқли бўлади.

Тўртинчи ҳолат ҳам борки, унда бобо отадан фарқли бўлади. Яъни, агар маййитнинг туғишган ёки ота бир ака-укалари бўлса, бу ҳолатда бобо худди ота каби маййитнинг ака-укаларини меросдан тўсадими ёки тўсмасдан, меросда улардан бири сифатида шерик бўладими ва молни ёки фарзлардан қолганини бўлишиб оладими, деган масалада ихтилоф қилинган. Чунки, бобо ва ака-укалар отага яқинликда баробардирлар, бобо отанинг отаси бўлса, ака-укалар унинг ўғилларидир.

Биринчи қавлга кўра, меросда улар тенг бўладилар. Саҳобалардан бир жамоаси, жумладан, Алий, Ибн Масъуд, Зайд ибн Собит шу фикрга борганлар. Имом Молик, имом Шофиий ва имом Абу Ҳанифанинг икки биродарларининг ҳамда имом Аҳмаднинг машҳур фикри ҳам шудир. Улар китобларда бунга кўплаб далиллар, қиёслар, тавжиҳларни далил қилиб келтирганлар.

Иккинчи қавлга кўра, бобо худди ота каби ака-укаларни соқит қилади. Абу Бакр Сиддиқ, Ибн Аббос, Ибн Зубайр шу фикрга борганлар, бу фикр Усмон, Оиша, Убай ибн Каъб, Жобир ва бошқалардан ҳам ривоят қилинган. Имом Абу Ҳанифанинг ва бир ривоятда имом Аҳмаднинг сўзлари ҳам шудир. Шайхулислом Ибн Таймия, Ибнул Қаййим, шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳам шу фикрни ихтиёр қилганлар. Уларнинг ҳам кўп далиллари бор. Мана шу сўз тўғриликка яқинроқ, валлоҳу аълам.