Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Туғишган опа-сингилларнинг мероси ҳақидаги боб

2903 марта кўрилган

  • Аллоҳ таоло маййитнинг туғишган опа-сингиллари ва ота бир бўлган опа-сингилларининг она бир бўлмаган ака-укалари билан биргаликда битта ёки кўпчилик бўлган ҳолатдаги меросларини зикр қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: «Аллоҳ сизларга на ота ва на боласи бўлмаган одам тўғрисида фатво берур: агар фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар) унинг опаси (ёки синглиси) бўлса (акаси ёки укаси) қўйиб кетган мероснинг ярмини олур. Агар опаси (ёки синглиси)нинг  фарзанди бўлмаса, ака (ёки ука) унга меросхўр бўлур. Агар сингиллар иккита бўлса, улар учун ака қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур. Агар меросхўрлар ака-сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур» (Нисо: 176).

Она бир бўлган опа-сингилларнинг битта бўлсин ё кўп бўлсинлар, она бир бўлган ака-укалар билан биргаликдаги меросларини ҳам зикр қилди: «Агар мероси қолаётган эркак ёки аёлнинг на ота ва на боласи бўлмай, (она бир) бир ака ёки укаси ёхуд бир опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир тегур. Энди агар улар бирдан ортиқ бўлсалар, улар мероснинг учдан бир ҳиссасига тенг шерик бўлурлар» (Нисо: 12).

  • Туғишган опа ё сингил тўртта шарт билан ярим меросни олади:

Биринчи шарт: Унга муассиб – яъни, туғишган ака-укаси – бўлмаслиги. Аллоҳ таоло айтади: «Агар меросхўрлар ака-сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур» (Нисо: 176).

Иккинчи шарт: Унга мушорик – яъни, туғишган опа-синглиси – бўлмаслиги. Аллоҳ таоло айтади: «Агар фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар) унинг опаси (ёки синглиси) бўлса (акаси ёки укаси) қўйиб кетган мероснинг ярмини олур. Агар опаси (ёки синглиси)нинг  фарзанди бўлмаса, ака (ёки ука) унга меросхўр бўлур. Агар сингиллар иккита бўлса, улар учун ака қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур.» (Нисо: 176).

Учинчи шарт: Эркак ворислардан бўлган асл бўлмаслиги. Аслдан мурод – ота ва ота томонидан бўлган бободир.

Тўртинчи шарт: Фаръи вориснинг бўлмаслиги. Фаръи ворис – ўғил ва ўғилнинг ўғли, ҳар қанча қуйига кетса ҳам, қиз ва ўғилнинг қизи, отаси ҳар қанча қуйига кетса ҳам.

Бу икки шартнинг далили шуки, ака-ука ва опа-сингиллар калола масаласида меросхўр бўладилар. Калола – отаси ҳам, фарзанди ҳам бўлмаган кишидир.

  • Ота бир бўлган опа-сингил бешта шарт билан ярим меросни олади. Улар юқоридаги туғишган опа-сингил ҳаққидаги тўртта шарт ва бешинчиси туғишган ака-ука ва туғишган опа-сингилнинг бўлмаслигидир. Чунки, улар бўлса, бундан кўра кучлироқ бўладилар.
  • Икки ва ундан ортиқ туғишган опа-сингиллар учдан икки улуш оладилар. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Агар сингиллар иккита бўлса, улар учун (ака) қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур» (Нисо: 176). Улар тўртта шарт билан учдан икки улушни оладилар:

Биринчи шарт: Икки ва ундан ортиқ бўлишлари. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар сингиллар иккита бўлса», деди.

Иккинчи шарт: Уларга муассибнинг бўлмаслиги, муассиб – бир ва ундан ортиқ туғишган ака-укадир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Агар меросхўрлар ака-сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур» (Нисо: 176).

Учинчи шарт: Фаръи ворис – фарзандлар ва ўғилларнинг фарзандлари бўлмаслиги. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Агар фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар) унинг опаси (ёки синглиси) бўлса (акаси ёки укаси) қўйиб кетган мероснинг ярмини олур...» (Нисо: 176).

Тўртинчи шарт: Эркаклардан бўлган асли вориснинг бўлмаслиги. Асли ворис – ота ва бободир.

  • Ота бир бўлган опа-сингиллар икки ва ундан ортиқ бўлган ҳолда учдан икки улушни оладилар. Чунки, улар калола оятининг умумий маъноси остига кирадилар:«Агар фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар) унинг опаси (ёки синглиси) бўлса (акаси ёки укаси) қўйиб кетган мероснинг ярмини олур. Агар опаси (ёки синглиси)нинг  фарзанди бўлмаса, ака (ёки ука) унга меросхўр бўлур. Агар сингиллар иккита бўлса, улар учун ака қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур.» (Нисо: 176). Лекин, улар учдан икки улуш олишлари учун бешта шарт топилиши керак:

Тўрттаси туғишган опа-сингиллар ҳақидаги шартлардир.

Бешинчи шарт: Туғишган ака-ука ва туғишган опа-сингиларнинг бўлмаслигидир. Агар туғишган ака-сингиллар мавжуд бўлса, хоҳ битта, хоҳ кўп бўлсинлар, ота бир бўлган опа-сингиллар учдан икки улуш олмайдилар. Балки, битта эркак ва иккита туғишган опа-сингил билан тўсиладилар. Фақат улар билан бирга уларни асабаликка ўтказиб қўядиганлар (ота бир ака-укалари) бўлса, бундан мустасно. Аммо, агар бир дона туғишган опа ё сингил бўлса, ота бир бўлган битта ёки бир неча опа-сингил учдан иккининг такмиласи (тўлдирувчиси) сифатида олтидан бир улуш оладилар.

  • Агар битта қиз ва бир ё ундан ортиқ невара қизлар (ўғилнинг қизи) бўлса, қиз ярим меросни олади, бир ё ундан ортиқ невара қизлар эса у билан бирга учдан иккининг такмиласи сифатида олтидан бир улуш оладилар. Чунки, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шунга ҳукм қилганлар ва: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар ҳақларидаги ҳукмларидир», деганлар (Бухорий (6736) ривояти). Чунки, маййитнинг  қизларидан бир нечаси жамланди ва уларга учдан икки улуш тегди. Далил: «Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёллар бўлса, уларга (маййит) қолдирган нарсанинг учдан иккиси тегур» (Нисо: 11) оятидир. Пуштикмардан бўлган қиз ярим меросга хосланди, чунки у яқинроқдир. Ўғилнинг бир ё ундан ортиқ қизига эса учдан иккининг тўлдирувчиси бўлган олтидан бир қолди. Бунинг учун иккита шарт топилиши керак бўлади:

Биринчи шарт: Унга муассиб, яъни даражада унга баробар бўлган ўғил невара (ўғилнинг ўғли) бўлмаслиги, ўзининг ака-укаси бўладими, амакиваччаси бўладими, фарқсиз.

Иккинчи шарт: Ўзидан кўра юқорироқ бўлган, ярим улуш эгасидан бошқа фаръи ворис бўлмаслиги. Чунки, у олтидан бирни фақат у (ярим улуш эгаси) билан бирга олади.

  • Ота бир бўлган опа ё сингил туғишган опа ё сингил билан биргаликда учдан иккининг такмиласи бўлган олтидан бирни олади. Бунга далил бир қанчалар айтганларидек, уламоларнинг ижмоъларидир. Буни ўғилнинг қизи пуштикамардан бўлган қиз билан бирга бўлган ҳолатга қиёсланади. Лекин, ота бир бўлган опа ё сингил фақат икки шарт билан олтидан бир улушни олади:

Биринчи шарт: Фарз билан ярим мерос оладиган туғишган опа ё сингил билан бирга бўлиши. Агар туғишган опа-сингиллар бир нечта бўлсалар, ота бир бўлган опа ё сингилни соқит қилиб, учдан икки улушга тўла эга бўладилар.

Иккинчи шарт: Унга муассиб, яъни ака ё укаси бўлмаслиги. Агар ака ё укаси ҳам бирга бўлса, туғишган опа ё сингилдан қолгани асаба йўли билан у иккаловига, эркакка икки аёл улуши миқдорида бўлади. Валлоҳу аълам.