Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Таъсиб – асабалик ҳақидаги боб

2633 марта кўрилган

  • Таъсиб – تعصيب – луғатда – عَصَّبَ يُعَصِّبُ – феълининг масдари бўлиб «маҳкамлаш, кучайтириш, ўраб олиш, боғлаб олиш» маъноларидаги  عصبٌ (асб) сўзидан олинган.

  • Фароиз (мерос тақсимоти илми)да асаба «осиб» калимасининг кўплиги бўлиб, бирликка ҳам, кўпликка ҳам ишлатилаверади. Кишининг асабаси унинг ота томонидан қариндошларидир. Асаба деб номланишларига сабаб, улар уни ўраб олганлар. Бир нарсанинг атрофида доира бўлиб ўраб олган ҳар бир нарса унга асаба бўлган бўлади. Яъни, ота бир тараф, ўғил бир тараф, ака-ука бир тараф, амаки бир тараф бўлди. Яна бир қавлга кўра, маҳкамлаш ва кучайтириш маъносидаги асбдан олинган бўлиб, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб турганликлари учун асаба деб ном олганлар. Чунки, улар бир-бирларини қувватлаб, бировларнинг зўравонлигидан бир-бирларини ҳимоя қилиб туришади.

  • Осиб – ёки асаба – фаризачилар (меросшунослар) истилоҳида аниқ миқдорсиз мерос олувчи кишидир. Чунки, у ўзи ёлғиз бўлса, ҳамма меросни олиб қўяди, фарз эгалари билан бирга бўлса, улардан қолганини олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фаризаларни ўз эгаларига етказинглар. Ортиб қолгани энг яқин эркак (қариндош)гадир», деганлар (Бухорий (6732), Муслим (1615) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

  • Асабалар уч қисмга бўлинади: ўз ҳолича асаба, биров сабабли асаба, биров билан биргаликда асаба.

 

Биринчи қисм: Ўз ҳолича асаба:

Улар меросхўр бўлишларига иттифоқ қилинган эркаклар бўлиб, фақат эр ҳамда она бир ака-ука бундан мустасно. Улар ўн тўрттадир:

1)    Ўғил.

2)    Ўғилнинг ўғли, ҳар қанча қуйига кетса ҳам.

3)    Ота.

4)    Ота томондан бобо, ҳар қанча юқорига кетса ҳам.

5)    Туғишган ака ё ука.

6)    Ота бир ака ё ука.

7)    Туғишган ака ё уканинг ўғиллари, ҳар қанча қуйига кетса ҳам.

8)    Ота бир ака ё уканинг ўғиллари, ҳар қанча қуйига кетса ҳам.

9)    Туғишган амаки, ҳар қанча юқори кетса ҳам.

10)  Ота бир амаки, ҳар қанча юқори кетса ҳам.

11)  Туғишган амакининг ўғиллари, ҳар қанча қуйига кетса ҳам.

12)  Ота томондан бўлган амакининг ўғиллари, ҳар қанча қуйига кетса ҳам.

13)  Муътиқ (озод қилувчи эркак).

14)  Муътиқа (озод қилувчи аёл).

 

Иккинчи қисм: Биров сабабли асаба:

Улар тўрт синфдирлар:

1)    Бир ёки бир неча қиз бир ёки бир неча ўғил билан бирга.

2)    Ўғилнинг бир ёки бир неча қизи ўғилнинг бир ёки бир неча ўғли билан бирга, даражада бир хил бўлсалар, ака-сингил бўладими, амакивачча бўладими, фарқсиз. Ёки ундан (қиздан) пастроқда бўлган ўғилнинг ўғли билан бирга, агар (қиз) унга муҳтож бўлса.

Биров сабабли асабанинг бу икки синфига далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: «Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли ме­рос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур» (Нисо: 11). Бу ояти карима фарзандларни ва ўғилнинг фарзандларини ўз ичига олади.

3)    Туғишган бир ёки бир неча опа (сингил) туғишган бир ёки бир неча ака (ука) билан бирга.

4)    Ота томондан бўлган бир ёки бир неча опа (сингил) ота томондан бўлган бир ёки бир неча ака (ука) билан бирга.

Бу икки синфнинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: «Агар меросхўрлар ака-сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур» (Нисо: 176). Ояти карима ота-онанинг фарзандини ҳам, отанинг фарзандини ҳам ўз ичига олади.

Юқорида санаб ўтилган тўртта эркак – ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган ака (ука), ота бир ака (ука) билан бирга уларнинг опа-сингиллари улар сабабли асаба бўлиб мерос оладилар. Аммо, улардан бошқа эркаклар билан биргаликда опа-сингиллари мерос ололмайди. Масалан, ака-уканинг ўғиллари, амакилар ва амакиларнинг ўғиллари бунга мисол бўлади.

 

Учинчи қисм: Биров билан биргаликдаги асаба:

Улар икки синфдир:

1)            Туғишган бир ё бир неча опа (сингил) бир ё бир неча қиз билан бирга ёки ўғилнинг бир ё бир неча қизи билан биргаликда.

2)            Ота бир бўлган бир ё бир неча опа (сингил) бир ё бир неча қиз билан биргаликда ёки ўғилнинг бир ё бир неча қизи билан биргаликда. Бу саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейингилардан иборат жумҳур уламонинг сўзидир: ота-онаси бир опа-сингиллар ёки ота бир опа-сингиллар қизлар билан ёки ўғилнинг қизлари билан биргаликда асабадирлар. Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган ҳадис бунга далил бўлади: «Абу Мусо розияллоҳу анҳудан қиз, ўғилнинг қизи ва опа (сингил) мероси ҳақида сўралганида: «Қизга мероснинг ярми, опага (сингилга) ярми», деб жавоб бердилар ва сўровчига: «Ибн Масъудга бор, у ҳам менинг фикримга қўшилади», дедилар. Ибн Масъуддан бу масала ҳақида сўралиб, Абу Мусонинг сўзларини етказилганда у киши: «Агар ўшандай бўлса эди, мен адашган ва йўл топмаган кишилардан бўлиб қолардим. Мен улар ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукм қилган ҳукмни қиламан: қизга мероснинг ярми, ўғилнинг қизига учдан иккининг такмиласи бўлган олтидан бир ва қолгани сингилга», дедилар (Бухорий (6736) ривояти).

  • Ўз ҳолича асаба бўлган киши ёлғиз бўлса, мероснинг ҳаммасига эга бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Агар опа (ёки сингли)сининг фарзанди бўлмаса, ака (ёки ука) унга меросхўр бўлур» (Нисо: 176). Бу оятда ака синглисининг ҳамма молига меросхўр бўлади. Ўз ҳолича асабалар бу ҳукмда ёлғиздирлар ва бошқа асабалар билан уларнинг фарз эгалари билан бирга бўлган ҳолларида улардан ортган меросни олишларида шерик бўладилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фаризаларни ўз эгаларига етказинглар. Ортиб қолгани энг яқин эркак (қариндош)гадир», деганлар (Бухорий (6732), Муслим (1615) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Агар фарз эгаларидан ҳеч нарса ортиб қолмаса, улар соқит бўладилар.

  • Асабанинг олтита жиҳати (тарафи) бор: фарзандлик жиҳати, оталик жиҳати, ака-укалик жиҳати, ака-уканинг болалари (жиянлик) жиҳати, валийлик жиҳати. Валийлик – юқорида ўтганидек – асабалик бўлиб, унинг сабаби озод қилувчининг қулига уни озод қилиш билан қилган инъомидир. Бунинг далили: «Саҳиҳайн»да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валийлик фақат озод қилган кишига бўлади», деганлар (Бухорий (2155) ва Муслим (1504) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар)

  • Агар икки ва ундан ортиқ асабалар жамланиб қолсалар, улар учун тўртта ҳолат бўлади:

1)             Жиҳат, даража ва қувватда бир бўлишлари. У ҳолда меросга шерик бўладилар, масалан, икки ёки ундан ортиқ ўғил, икки ёки ундан ортиқ туғишган ака-ука ва икки ёки ундан ортиқ амаки. (Буларнинг ҳаммаси жамланади, деб тушунилмасин, балки мисолдаги синфлардан фақат биттаси жамланиши ҳақида гап бормоқда, тарж).

2)             Жиҳатда фарқли бўлишлари. У ҳолда жиҳатда кучлироғи меросда муқаддам бўлади, ўғил ва ота каби. Ўғил асабаликда отадан муқаддам қўйилади.

3)             Жиҳатда бир бўлиб, даражада фарқли бўлишлари. Масалан, ўғил билан ўғилнинг ўғли жамланса, ўғил ўғилнинг ўғлидан муқаддам қилинади, чунки у даражада яқинроқ.

4)             Жиҳат ва даражада бир бўлиб, қувватда фарқли бўлишлари, яъни бири бошқасидан қувватлироқ бўлиши. Бу ҳолда қувватлироқни муқаддам қилинади. Масалан, туғишган ака (ука) билан ота бир ака (ука) жамланса, туғишган ака (ука)ни муқаддам қилинади. Чунки, у ота-она орқали келгани учун қувватлироқ бўлади, ота бир ака (ука) эса фақат ота орқали келади.