асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эргашиладиган ва эргашилмайдиган феъллари-амалларини қандай биламиз?4111 марта кўрилган Савол:Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эргашиладиган ва эргашилмайдиган феъллари-амалларини қандай биламиз? Жавоб:Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эргашиладиган ва эргашилмайдиган феъллари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари давомида бажарган амаллари – феъллари беш қисмга бўлинади: 1. Инсоний хислатлари – туриш, ўтириш, юриш, бошқа ҳаракатлари каби. Бу феълларни қилишга шаръий жиҳатдан буюрилмаган ва қайтарилмаган ҳам; шунинг учун буларни шунчаки қилган одам савоб олмайди. Аммо мана шу феълларга қўшимча равишда қандайдир алоҳида сифат ҳам бўлса, уни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби шу тарзда қилишга ундалади. 2. Ўша давр одатига кўра қилган ишлари – муайян кийимни кийиш, сочларини баъзида қулоқ юмшоғигача, баъзида эса елкагача ўстириб юришлари каби. Бундай амалларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш суннат бўлмайди. Чунки у киши бу билан шаръий мақсадни кўзламаганлар, шундай қилиш ибодат бўлишини айтмаганлар. Масалан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқ кийим кияр, изорларининг (шим) почаси эса болдирнинг ярмигача кўтарилган бўларди. Бироқ ким бу амалларни у кишидан ўрнак олиш ниятида қилса, савобга эришади. Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатлари энг гўзал ва мукаммал одатдир. Шунинг учун бу масалада пайғамбаримиз билан бир хил амал қилган киши ниятига кўра ажр олади. 3. Умумий ҳаракатлари – бунда ўша амал воситасида Аллоҳга ибодат қилиш ёки қилмаслик мақсади аниқ эмас. Олимлар бу каби амалларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ёки эргашмаслик борасида ихтилоф қилганлар: 1) Бу амалларда ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш вожиб; Лекин бу турдаги амалларда ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш мустаҳаб бўлади. “Агар бу амаллар мубоҳ бўлса, унда аниқ ҳукм айтмаслик афзал” деганларга эса шундай жавоб берилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умумий феълларини мубоҳ доирасига киритиш у кишининг ҳаққида камчиликка йўл қўйиш, вожибликни даъво қилиб юбориш эса ғулувга кетишдир. Тўғриси эса бу масалада ўртада туриш – бундай амалларни мустаҳаб деб қабул қилиш. Шунингдек, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умумий феълларини фақат у кишининг ўзларига хослаб қўйиш ҳам нотўғри. Чунки бунга алоҳида далил келмаган экан, “У кишининг амаллари шариатни кўрсатиб бериш учун содир бўлган”, деб айтамиз. Шунда “Бу амалларнинг аниқ ҳукми йўқ”, деган гапга ҳожат қолмайди”. Бу амалларнинг мустаҳаб эканлиги рожиҳ (кучли). Далили ушбу оят: لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللهَ كَثِيرًا “(Эй мўминлар) сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида (иймон-эътиқоди ва хулқ атворида) гўзал ўрнак бордир”. (“Аҳзоб” сураси, 21-оят). 4. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айрим феъллари умумий ҳукмни маълум бир ҳолатга хослаш, мутлақ ҳукмга алоҳида қайд (чегара) қўйиш ва мужмал-қисқа ҳукмни тафсилоти билан баён қилиш учун содир бўлган – бу феъллар нима мақсадда қилинган бўлса, ўша ҳукмни олади: вожибни баён қилиш учун бўлса, вожиб; мандубга нисбатан бўлса, мандубга айланади. Масалан, ҳаж ва умра амалларини қилиб кўрсатиш, фарз ва кусуф намозларини ўқиб бериш каби. 5. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақат ўзларигагина хос бўлган амаллар. Бундай амалларда у кишига эргашилмайди. Бунга мисол: рўзани бир неча кун ифторлик қилмай тутганлари (висол), тўрттадан кўп – бир вақтнинг ўзида тўққизта аёллари бўлгани, аёлларнинг ўзи у кишига турмушга чиқишни истаса, маҳр бермай уйланишлари мумкинлиги. |