Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча қилган ишлари суннат бўладими?

3465 марта кўрилган

Савол:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган барча ишларида эргашиш суннат бўладими?

Жавоб:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча қилган ишлари суннат бўладими?

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъллари – амаллари бир неча турга бўлинади. Улардан шариатнинг кўрсатмасини баён қилиш учун бажарилганлари ҳам; ейиш, ухлаш каби шунчаки инсоний табиатдан келиб чиқиб қилинганлари ҳам; уловга миниб ҳаж қилиш, бомдоднинг суннатидан кейин ётиб дам олиш каби шаръий ёки инсон табиатига хос амал эканлигида ихтилоф қилинганлари ҳам бор.

1. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариат кўрсатмасини баён қилиш учун бажарган амалларига мисоллар: у кишининг намозлари, рўза ва ҳажлари, зикрлари, мисвок ишлатишлари, таомдан олдин “Бисмиллаҳ” дейишлари, масжидга ўнг оёқ билан киришлари ва бошқалар. Бу каби амалларда асл қоида – Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш лозимлиги. Аллоҳ таоло айтади:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللهَ كَثِيرًا

“(Эй мўминлар) сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида (иймон-эътиқоди ва хулқ атворида) гўзал ўрнак бордир”. (“Аҳзоб” сураси, 21-оят).

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

“Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибон Зотдир”. (“Оли Имрон”, 31-оят).

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا

“Пайғамбар сизларга ган нарсани олинглар, у сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар”. (“Ҳашр” сураси, 7-оят).

2. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидаги инсоний табиатдан келиб чиқиб бажарган ейиш, ичиш, ухлаш, юриш каби амаллар ва одатлар. Буларга эргашиш талаб қилинмайди.

3. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна баъзи амаллари борки, улар шариат кўрсатмаси сифатида қилинганми, ёки инсоний табиат тақозоси биланми – бунда ихтилоф бор.

Шайх Муҳаммад Амин ибн Муҳаммад Мухтор Шинқитий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъллари инсоний табиат эҳтиёжи ёки шариат кўрсатмаси бўлиши нуқтаи назаридан уч турга бўлинади:

1) Тўлалигича табиий эҳтиёждан келиб чиқиб бажарилган феъллар. Бунга туриш, ўтириш, ейиш, ичиш каби амаллар киради. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишларни шариат буйруғи билан ёки бунда у кишига эргашилиши учун қилмаганлар. Шунинг учун бир киши “Мен Аллоҳга ибодат қилиш, Унинг пайғамбарига эргашиш мақсадида тураман ва ўтираман. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам туриб, ўтирар эдилар”, дейиши нотўғри. Чунки пайғамбаримиз буларни шаръий бир амал сифатида эмас, табиий эҳтиёж туфайли қилганлар. Баъзилар “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг табиий феъллари шу ишларнинг жоизлигини билдиради”, деса, яна баъзиларга кўра, “Булар мандуб – тарғиб қилинган амаллардир”.

Бу масалада тўғри гап биз юқорида зикр қилганимиздек: ушбу амаллар шариат кўрсатмасини баён этиш учун бажарилмаган. Аксинча, шу ишларни қилиш жоизлигини билдиради.

2) Тўлалигича шаръий амаллар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу амалларни мусулмонлар у кишига эргашиши ва бу уммат учун шариат кўрсатмаси бўлиб қолиши учун бажарганлар. Бунга намоздаги ҳаракатлар, ҳаж амаллари кабилар киради. Шу билан бирга буларнинг шаръийлиги Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг صَلُّوا كَمَا رَأَيْتُمُونِي أُصَلِّي – “Қандай намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар” (Бухорий, 6008) ва خُذُوا عُنِّي مَنَاسِكَكُمْ – “Маносикларингизни (ҳаж амалларингизни) мендан ўрганинглар” (Байҳақий, “Сунани кубро”) каби сўзлари билан мустаҳкамланган.

3) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи амаллари – булар шариат кўрсатмаси сифатида қилинганми, ёхуд табиий эҳтиёж туфайлими, ихтилоф бор.

Бу амаллар аслида инсоннинг табиий истагидан келиб чиқиб қилинган, лекин бир вақтнинг ўзида ибодатларга боғлиқлик жойи ҳам бор. Яъни, булар ибодат асносида, ёки унга восита сифатида содир бўлган. Масалан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяга минган ҳолда ҳаж қилганлар, тавофни ҳам шундай ўтаганлар. Бунда ҳаж асносида туяда бўлганлари табиий эҳтиёж маҳсули бўлиши мумкин. Чунки ҳар бир инсон ўзи муҳтож бўлган ишни қилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиққанларида доим уловда бўлганлар. Айни пайтда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туя миниб ҳаж қилишлари шаръий амал бўлиши ҳам мумкин. Чунки айнан ҳаж асносида уловга миндилар ва “Маносикларингизни (ҳаж амалларингизни) мендан ўрганинглар”, деб айтдилар.

Шунга ўхшаш мисоллар: намозда саждадан қиёмга туришда бироз дам олиш мақсадида ўтириб кейин туриб кетиш, ҳайит намозидан қайтишда борган йўлидан бошқа йўл билан келиш, бомдоднинг суннати ва фарзи орасида ўнг томон билан ёнбошлаб ётиб дам олиш, Маккага Кадо тепалиги томондан кириб, Кудо тепалиги томондан чиқиш, ҳажда Минодан қайтишда Муҳассабда тушиб дам олиш сингари.
Бу каби амалларнинг шаръий кўрсатма эканлиги ёки табиий эҳтиёж туфайли содир бўлганлиги борасида олимлар ўртасида ихтилоф бор”. “Азвоул-баён”, 4-жилд, 300-бет.

Шариат ҳукмлари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг умматларига бирдек тааллуқли. Алоҳида далил топилсагина “Бу амал Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига хос”, дейилади. Шунинг учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон амални бажарсалар, саҳобалар у кишига бу ҳақда сўраб ўтирмай эргашар эди. Бунга яққол мисол қуйидаги ҳадис:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: بَيْنَمَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي بِأَصْحَابِهِ إِذْ خَلَعَ نَعْلَيْهِ فَوَضَعَهُمَا عَنْ يَسَارِهِ، فَلَمَّا رَأَى ذَلِكَ الْقَوْمُ أَلْقَوْا نِعَالَهُمْ، فَلَمَّا قَضَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلاَتَهُ، قَالَ: مَا حَمَلَكُمْ عَلَى إِلْقَاءِ نِعَالِكُمْ؟ قَالُوا: رَأَيْنَاكَ أَلْقَيْتَ نَعْلَيْكَ فَأَلْقَيْنَا نِعَالَنَا. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ جِبْرِيلَ عَلَيْهِ السَّلَامَ أَتَانِي فَأَخْبَرَنِي أَنَّ فِيهِمَا قَذَرًا -أَوْ قَالَ: أَذًى. وَقَالَ: إِذَا جَاءَ أَحَدُكُمْ إِلَى الْمَسْجِدِ فَلْيَنْظُرْ: فَإِنْ رَأَى فِي نَعْلَيْهِ قَذَرًا أَوْ أَذًى فَلْيَمْسَحْهُ وَلْيُصَلِّ فِيهِمَا

Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига намоз ўқиб бераётгандилар. Тўсатдан оёқ кийимларини ечиб, чап томонларига қўйиб қўйдилар. Буни кўрган жамоатдагилар ҳам оёқ кийимларини ечиб ташлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларини тугатгач, “Оёқ кийимингизни ечишга нима мажбур қилди?” – деб сўрадилар. Улар: “Оёқ кийимингизни ечганингизни кўриб, биз ҳам ечиб ташладик”, дейишди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Намоз ўқиётганимда) Жибрил алайҳиссалом келиб, унда нажосат – ёки ифлос нарса – борлигини айтди. Биронтангиз масжидга келса, қарасин – агар оёқ кийимида нажосат ёки ифлослик кўрса, уни артиб (тозалаб) ташласин ва намоз ўқийверсин”, дедилар”. Абу Довуд (650). Саҳиҳ ҳадис.

Аксинча, агар кимдир муайян бир амални Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига хос деб билса ва айни шу амалада у кишига эргашмаса, пайғамбаримиз бундан ғазабланар эдилар.

عَنْ عَائِشَةَ زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّ رَجُلًا قَالَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ وَاقِفٌ عَلَى الْبَابِ يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي أُصْبِحُ جُنُبًا وَأَنَا أُرِيدُ الصِّيَامَ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَنَا أُصْبِحُ جُنُبًا وَأَنَا أُرِيدُ الصِّيَامَ فَأَغْتَسِلُ وَأَصُومُ فَقَالَ الرَّجُلُ يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّكَ لَسْتَ مِثْلَنَا قَدْ غَفَرَ اللهُ لَكَ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ فَغَضِبَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ وَاللهِ إِنِّي لَأَرْجُو أَنْ أَكُونَ أَخْشَاكُمْ لِلَّهِ وَأَعْلَمَكُمْ بِمَا أَتَّبِعُ

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадиси: “Бир одам эшик олдида туриб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Росулуллоҳ, мен тонгда жунуб бўламан, шунда рўза тутишни хоҳлайман (жунуб бўла туриб рўзага ният қилсам, рўзам саҳиҳ бўладими?)” – деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Мен ҳам тонгда жунуб бўламан ва рўза тутишни хоҳлайман. Шунда ғусл қилиб, рўзамни тутавераман (сен ҳам шундай қил)”, дедилар. У одам: “Эй Росулуллоҳ, сиз бизга ўхшамайсиз-да. Ахир, Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни кечирган бўлса! (Сиз каби жунуб бўлган ҳолда тонг оттириб, кейин рўза тутиш бизга тўғри келмаса керак?)” – деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (шариатдаги ҳукм тушунтирилганига қарамай ўжарлик қилаётган кишининг гапидан) ғазабланиб: “Аллоҳга қасамки, мен орангизда Аллоҳдан энг кўп қўрқувчи ва ўзим эргашаётган нарсани энг яхши билувчи киши эканлигимга умид қиламан (бир ишнинг мумкинлигини айтдимми, демак, шунинг тўғрилигини аниқ биламан)”, деб айтдилар”. Муслим (1110/2482), Абу Довуд (2389). Ҳадис лафзи Имом Абу Довудга тегишли.

Ибн Ҳазм Зоҳирий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган бирон ишни “Бу у кишининг ўзига хос” деб айтиш учун далил керак. Чунки пайғамбаримиз алайҳиссалом (юқоридаги ҳадисда келганидек) бу гапни айтган одамдан ғазабландилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғазаблантирадиган ҳар қандай нарса эса ҳаромдир”. “Ал-Иҳком фий усулил-аҳком”, 4-жилд, 433-бет.

Ибн Қаййим Жавзийя роҳимаҳуллоҳ айтади: “Шариатдаги асл қоида – унинг ҳукмларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва умматларининг тенглиги. Агар бир амални пайғамбаримизга хословчи далил келсагина бу ҳақда айтиш мумкин. Шунинг учун (Ҳудайбия сулҳидан кейин саҳобалар шу йили умра қилишдан маҳрум бўлганлари сабабли тушкунликка тушиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини ўз вақтида бажармай ўтирганида) Умму Салама розияллоҳу анҳо у кишига: “Ташқарига чиқинг-да, сочингизни қирдириб, қурбонлигингизни сўйгунингизча ҳеч ким билан гаплашманг”, деганди (Бухорий; 2731, 2732). Чунки у киши одамлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амалларига сўзсиз эргашишларини яхши билар эди”. “Зодул-маод”, 3-жилд, 307-бет.

https://islamqa.info/ar/258503