асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Қабр олдига дарахт экса бўладими? Қабрни қандай зиёрат қилинади? Қуръон туширса бўладими?5455 марта кўрилган Савол:Қабр олдига дарахт экса бўладими? Қабрни қандай зиёрат қилинади? Қуръон туширса бўладими? Жавоб:Бисмиллаҳ, ассолату вассаламу ала расулиллаҳ. Айрим олимлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисни далил қилиб қабр олдига дарахт ва шу каби ўсимлик экилса, унинг айтаётган тасбеҳидан маййит фойдаланади деганлар. Ўша ҳадис мана будир: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка ёки Мадина (қўрғонлари) деворларидан бир девор ёнидан ўтаётиб қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу иккиси азобланаяпти ва (лекин бу) гуноҳ (кўринишидан) катта эмас» дедилар. Кейин: «Бироқ, (у катта гуноҳдир) улардан бири бавлидан (сийдигидан) сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик қилиб юрарди» дедилар. Кейин бир дона хўл хурмо баргини олдилар ва уни иккига бўлиб, ҳар бирининг қабрига биттадан суқиб қўйдилар. Саҳобалар, нега бундай қилдингиз?- деб сўрадилар. Модомики улар қуримас экан бу иккисидан азоб енгиллашар, деб қилдим, дея жавоб бердилар. (Бухорий ва Муслим ривояти) Бошқа уламолар ҳадисни бундай тушуниш хато деб айтганлар. Бу ҳодиса, бир марта бўлган ва мана шу икки қабрдагиларга хос, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у иккисидан бошқасининг қабрига бу ишни қилмаганлар. “Модомики улар қуримас экан” нинг маъноси, улар қуригунча бўлган муддатда дегани. (Ибн Баттол, Бухорий шарҳи) яъни шу иккиси қуригунча улардан азоб енгиллаштириб турилади. Бошқа ривоятда у иккиси ҳақида шафоат сўраганлари Аллоҳ шу муддатга изн бергани айтилган. Коинотда бор жамики жонлиғу жонсиз, хўлу қуруқ нарсалар бирдек тасбеҳ айтадилар. Хўл дарахт ҳам қуруқ дарахт ҳам тасбеҳ айтади. Аллоҳ таоло деди: «Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар.» (Исро: 44) Демак, қабрдаги маййитга нафи тегсин деб дарахт, райҳон ва бошқа ўсимликларни экиш суннат эмас экан. Қабрни қандай бўлса, шундайлигича, атрофини панжара билан ўрамасдан, уситини сувамасдан тупроқлигича қолдириш суннат бунинг аксинин қилиш эса ҳаромдир. Чунки, қабрга гул қўйиш, қабр устига гулу райҳонлар ва дарахтлар экиш ва уларни суғориш насронийларнинг одатларидандир. Қабрни зиёрат қилиш одобига келсак. Қабрларни зиёрат қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари бўлиб, ўзлари буни қилганлар ва бошқаларни ҳам шунга буюрганлар, бу нарса кишига охиратни эслатиб туришини айтганлар. Зеро, оқил инсон ўзининг бу дунёдаги охирги қароргоҳини кўрар экан, бу шубҳасиз, унинг дунёга ҳирс қўймаслигига ва охиратдаги абадий ҳовлисини обод қилишга юзланишига сабаб бўлади. Имом Муслим Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинг». Имом Термизий ривоятида: «Чунки у сизларга охиратни эслатади», деб қўшиб қўйилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Оиша розияллоҳу анҳо қабрни зиёрат қилганларида нима деб айтишлигини сўраганларида қуйидаги дуони таълим берганлар. (السَّلامُ عَلَيْكُمْ، أَهْلَ الدِّيَارَ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وَإِناَّ إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَلَاَحِقُونَ [وَيَرْحَمُ اللهُ الْمُسْتَقْدِمِيْنَ مِنَّا وَالْمُسْتَأْخِرِيْنَ]، أَسْأَلُ اللهَ لَنَا وَلَكُمُ الْعَافِيَةَ). «Мўмин ва муслимлардан иборат бўлган эй диёр (қабристон) аҳли, сизларга салом бўлсин! Биз Аллоҳ хоҳласа, (бир куни) сизларнинг ёнинггизга келамиз. (Биздан аввал ўтганларни ҳам, кейин ўтганларни ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин). Аллоҳдан ўзимизга ҳам, сизларга ҳам офият тилайман». (Муслим ва Ибн Можа ривояти. Қавс ичидаги ҳам Муслимдан). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилинганда салом беришни таълим бердилар, ундан бошқа ишга йўлламадилар. Яъни, Қуръон тиловат қилинг демадилар. Ким суннатга биноан қабрни зиёрат қиламан деса, юқоридагиларга амал қилсин. Қабристонга кирганда умумий қилиб ҳамма мўмин-мусулмонларга салом берсин, ўз яқинининг қабри олдига борганда ҳам шу саломни берсин. Қабристон аҳлининг аҳволидан ибрат олсин. Энди, кимки уламолар Қуръон тиловатининг савобини бағишласа бўлади, деганлар. Мен ҳам икки-уч оят ўқиб ота-онамга ё шу қабрда ётган яқинимга бағишлайман деб айтса, биз унга айтамиз. Хўп, майли, уламоларнинг ушбу сўзларига амал қилинг, 3-4 оят ўқиб, унинг савобини яқинларингизга бағишланг. Бироқ, қабр бошида ўқиш учун алоҳида сураларни, оятларни белгилаб олманг. Зеро, муайян жойда, муайян вақтда ва муайян саноқда бирор сурани ўқишни фақат ва фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламгина белгилайдилар, ул зотдан бошқа бирон кимса, у ҳар қанча илмли, мартабали бўлмасин бу нарсаларни белгилашга ҳаққи йўқ. Қабр олдида Қуръон тиловат қилишга биронта яроқли далил бўлмагани ҳолда, у ерда муайян сурани ўқишга қаердан далил бўлсин?! Шу тиловатни уйингизда ўқиб ҳам бағишласангиз бўлаверади, бунинг учун қабристонга келишингиз шарт эмас. Валлоҳу аълам. |