Сешанба 5 Ноябрь 2024 | 3 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Уятсиз гап рўзани очадими?

3223 марта кўрилган

Савол:

Савол: Рамазон кундузида уятсиз гапни гапириш рўзани бузадими?

Жавоб:

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради (Фатво № 333):


Агар Аллоҳ таолонинг:

﴿ياأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ﴾

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183) оятини ўқисак, рўза тутишдан мақсад тақво қилиш эканини биламиз. Тақво эса, ҳаром нарсалардан воз кечиш, демакдир. Унинг мутлақ маъноси эса буюрилган ишларни қилиш ва таъқиқланган ишлардан воз кечишни ўз ичига олади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёлғон гапни ва унга амал қилишни ҳамда жоҳилликни тарк этмаган одамнинг таоми ва ичимликларини тарк этишига Аллоҳнинг ҳожати йўқдир!»– деганлар (Имом Бухорий 1903, 6057; Абу Довуд 2364; Термизий 707; Имом Аҳмад 10569).

Шундан кўриниб турибдики, рўзадор одам ҳаром қилинган гап ва ҳаракатлардан йироқ туриши, одамларни ғийбат қилмаслиги, ёлғон гапирмаслиги, улар ўртасида чақимчилик қилмаслиги , ҳаром нарсаларни сотмаслиги ва қўйингки барча ҳаром нарсалардан сақланиши керак. Агар у рамазон ойида тўлиқ бундай нарсалардан сақлана олса, унинг йил давомида сақланиши осон бўлади. Афсуски, кўпгина рўзадорларнинг рўза тутган кунлари билан бошқа кунлари фарқ кўринмайди. Натижада одатланиб қолишган ёлғон, хиёнат, қаллоблик ва бошқа ҳаром ишларни қилиб, рўза кунларининг вақорини ҳис эта олмайдилар. Бундай амаллар рўзани бузмасада, унинг савобини камайтиради. Ҳатто, таққослаб кўрилгудек бўлса, рўзанинг савобини бутунлай йўққа чиқаради.


Манба: Фатво ва мақолалар тўплами, Рўза китоби, 19 жилд.


Уятсиз гап рўзани очадими?