Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рағоиб намозининг бидъатлиги ҳақида

3767 марта кўрилган

Савол:

Рағоиб намозини ўқиш суннатми?

Жавоб:

Алҳамду лиллаҳ.

Рағоиб намози Ражаб ойида пайдо қилинган бидъатлар жумласидан. У Ражаб ойининг биринчи жумасининг кечасида, шом билан хуфтон ўртасида ўқилади. Ундан олдин Ражабнинг аввалги пайшанба кунининг рўзаси тутилган бўлади.

Рағоиб намози биринчи бўлиб 480 - ҳижрий йиллардан кейин Байтул-Мақдисда пайдо қилинган. На Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на асҳобларидан биронталари ва на мазҳаббоши имомлардан бу намозни ўқиганлари нақл қилинган. Шунинг ўзи бу намоз мақталган суннат эмас, балки ёмон бидъат эканига кифоя қилади.

Уламолар бу намоздан огоҳлантирганлар ва унинг бидъат, залолат эканини таъкидлаганлар.

Имом Нававий — раҳимаҳуллоҳ — Мажмуъ: 3/548- бетда дедилар: "Рағоиб оти билан танилган, Ражаб ойининг биринчи жумасининг кечасида 12 ракъат ўқиладиган намоз ва Шаъбон ойининг ўртасида ўқиладиган 100 ракъат намознинг ҳар иккиси қабиҳ, мункар бидъатлардан бўлиб, бу намозларни "Қутул-қулуб" ва "Иҳёу улумиддин" китобларида келтирилганига ва бу икки намоз ҳақида нақл қилинган ҳадисларга алданиб қолинмасин! Зеро, буларнинг ҳаммаси ботил. Мазкур ҳадисларнинг саҳиҳлигини аниқ-равшан билмасдан, бу икки намозни ўқишнинг мустаҳаблиги ҳақида китобларида ёзган аҳли илмларнинг сўзларига ҳам алданиб қолмаслик керак. Шайх, имом Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Исмоил Мақдисий — раҳимаҳуллоҳ — бу икки намознинг ботил экани ҳақида нафис китоб ёзганлар". Иқтибос тугади.

Ибн Обидийн — раҳимаҳуллоҳ — "Ҳошия"ларида 2/26 бетда дедилар: ""Баҳр"да деди: Мана шу ердан Ражабнинг биринчи жумасида ўқиладиган Рағоиб намозига жамланишнинг макруҳ экани ва унинг бидъат экани билинади"...

Аллома Нуриддин Мақдисий бу хусусда  "ردع الراغب عن صلاة الرغائب" "Рағбат қилувчини Рағоиб намозидан тийиб қўйиш" номли китобни тасниф қилдилар ва унда тўрт мазҳабнинг қадимги ва кейинги уламолари айтган сўзларнинг кўпини келтирдилар".

Қувайт фиҳқ энциклопедияси 22/262 бетда айтилади: "Ҳанафийлар ва шофеийлар Ражабнинг биринчи жумасидаги Рағоиб намози ёки Шаъбоннинг ўртасидаги кечада махсус кўринишда ва муайян ракаатларда ўқиладиган намоз мункар бидъатлардан эканини айтганлар"...

Абул Фараж ибн Жавзий деди: Рағоиб намози Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан тўқилган намоз бўлиб, ул зот номларидан ёлғон сўзлашдир... (сўзларида давом этиб) дедилар: Бу икки намознинг бидъатлиги ва кароҳиятли иш эканига бир неча жиҳатларни айтганлар, жумладан: Саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейин келган мужтаҳид имомлар бу намозни ўқиганлари нақл қилинмаган. Агар бу икки намоз бор бўлганда, салафларни четлаб ўтмаган бўларди. Бу икки намоз 400-ҳижрийдан кейин пайдо қилинган". Иқтибос тугади.

Фатвонинг манбаси "Ислом савол ва жавоб" веб саҳифаси, савол-жавоб рақами: 60180.

Мухтасар таржима қилинди.

Арабчадан Абу Закария ал-Маданий ўгирди.