Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Намозда елкалар кандай туради?

3133 марта кўрилган

Савол:

Ассалому алайкум вароҳматуллоҳи ва барокатуҳу. Намозда елкалар бир-бирига тегиб туришлиги қандай амал ҳисобланади, тегиб туриши фарзми, тегмай турса намоз бузиладими?

Жавоб:

Намозда елкалар бир-бирига тегиб туриши суннати муаккада. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадис бунга далилдир, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сафларни тўғриланглар, елкаларни баробарлаштиринглар, оралардаги бўшликларни тўсинглар, биродарларингизнинг қўлларига эҳтиёт бўлинглар, шайтонга жой қолдирманглар, сафни улаган кишини Аллоҳ ҳам улайди, сафни узган кишини Аллоҳ ҳам узади». Яъни Аллоҳ уни савоби ва раҳматидан узоқлаштиради, сафни улаганларни эса, раҳматига олиб ажру хасанотлар беради. Намоз ўқувчилар терилган ғишт каби жипслашиб туришлари суннатдир. Юқорида зикри ўтган ҳадислардан елкалар ва тўпиқларнинг ёпиштириб турилишини билиб олдингиз. (Ханафий олимларидан бири бўлмиш Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Мустафо ал-Ҳодимийнинг «Барийқа Махмудийя» номли китобидан қисқартириб олинди).

Елкаларнинг тегмасдан туриши намозни бузмайди, бироқ, бунинг оқибати жуда ёмондир. Елкаларнинг тегмай туриши сафнинг нотекис бўлишига сабаб бўлади, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлар ё сафларингизни текислайсизлар ёки Аллоҳ қалбларингиз ўртасига ихтилофни солиб кўяди». Бу ҳадисни сунан асхобларининг барчалари ривоят қилганлар. Бу ҳадис юқорида зикр қилинган ҳадисниг қисқароқ ривояти. Шунингдек, намоз ўқувчиларнинг ўрталарида қолган бўшлиқларга шайтон оралаб уларнинг намозларини бузишга ҳаракат қилади. Ҳозирги замондаги мусулмонлар ўрталаридаги ихтилофларнинг қаттиқ тус олишининг сабабларидан бири мазкур ҳадисга амал қилмаслик бўлса ажаб эмас.