Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қуръонни маъносини билмай ёд олиш мумкинми?

5640 марта кўрилган

Савол:

Куръонни маъносини билмай ёд олиш мумкинми? Агар бўлса қандай шартлар билан? Қуръон ёдлаган кишини ҳурматлаш керакми? Ёки олдингидай муомала қилиш керакми?

Жавоб:

Биз мусулмонларга динимизни, Қуръон оятлари ва пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини тушунмоғимизда албатта, саҳобаи киром, тобиинлар ва тобиинларни кўрган кишилар-салафи солиҳинларнинг шарҳу тафсилотлари ҳамда шуларга асосланган мужтаҳид уламоларнинг ижтиҳодлари ниҳоятда зарур. Ақлимиз билан дин ишида сўз юритмоғимиз мутлақо дуруст эмас.

Ўзбекларда Қуръон ёдлаган билан, Қуръонни кўтарган деган сўз бир хил маънода ишлатилади. Яъни иккаласи ҳам Қуръонга қарамасдан ёддан ўқий олади деган маънони англатади. Аммо араб тилида яъни ҳадис истилоҳида ва салафи солиҳинлар сўзларида ёдлаган (ҳофиз) билан кўтарган (ҳомил) ўртасида жуда катта фарқ бор. Улар ёдлаган (ҳофиз) деб Қуръон оятларини ёддан ўқувчини айтсалар, кўтарган (ҳомил) деб Қуръонни ёддан ўқиш билан бирга маъноларини тушуниб уни ҳаётига татбиқ қилган кишини назарда тутадилар. Демак ҳофиз билан ҳомил ўртасида ана шундай улкан тафовут мавжуд экан.

Аллома Алий Қорий Ҳиравий ал-Ҳанафий «Мишкот»нинг шарҳи «Мирқот» номли китобларида шундай дейдилар: «Охиратда ваъда қилинган барча олий мақомлар ва хушхабарлар ҳомили Қуръонга бўлиб ҳофизи Қуръонга эмасдир».

Воқеий ҳаётимизда ҳам Қуръоннинг маъноларидан бехабар ҳофизларнинг динга нақадар улкан зарарлар келтирганини кўрдик. Бунинг акси ўлароқ Қуръонни тўлиқ ёд олмасада аммо ундан имкони етганча ёд олиб, унинг маъноларини тушуниб амал қилган кишилардан динимизга жуда кўп фойдалар етди.

Энди Қуръонни ёдлаган кишини ҳурмат қилиш масаласига келсак бу хусусда бирон оят ёки ҳадис далолат қилганини билмадик.

Умуман ҳурмат масаласи ва бошқа ишларимиз барчаси юқорида таъкидлаганимиздек салафи солиҳлардан ўрнак олган ҳолда бўлмоғи зарур. Ҳурмат таъзим даражасига бориб қолмаслиги керак.

Агар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам жангда ҳалок бўлган шаҳидларни дафн қилишда, намозга имом бўлиш ва шу каби ишларда қайси бириси «ақраъ» яъни Қуръондан кўпроқ ёд биларди деб сўрашлари ҳурматга далолат қилмайдими ? - деб сўралса бунга жавоб қуйидагича: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Қуръондан ёд билиш илмнинг мезони эди. Яъни ким кўпроқ ёд билади деган гап ким олимроқ деган маънода ишлатилар эди. Саҳобаларнинг ривоят қилишларича улар бир оят ёдласалар шунинг маъносини чуқур тушуниб, унинг ўгитларини амалда бажариб кейин иккинчи бир оятни ёдлашга киришар эдилар. Бинобарин у замонда ким кўп ёдлаган бўлса ўша киши олимроқ бўлар эди. Олимни ҳурмат қилиш борасида далиллар жуда кўп.

Яна ҳурмат масаласига қайтиб шуни эслатиб ўтмоқчимизки, аслида мусулмон киши мусулмон биродарини ҳурмат-эҳтиром қилиши керак. Чунки бу борада оят-ҳадислар жуда кўп келган.

Энди Қуръон маъносини билмасдан ёдласа бўладими? – деган саволга келсак, ҳа, бўлади. Чунки ёдлашга киришаётганлар кўпинча ёш болалар бўлиб, араб бўлмаган болаларга унинг маъноларини англатиб ёдлатиш анча қийин. Бироқ Қуръон тажвидини жуда мукаммал ўргатиш лозим. Чунки, тажвидсиз Қуръон ўқиш гуноҳ. Ундан ташқари араб алифбосига ёшликда тилни ўргатиб олиш керак. Ёш улғайгач ҳарфга ҳар фанча уринса ҳам махражидан чиқмаётганидан шикоятлар кўп эшитилди.

Ёш болаларга Қуръон ёдлатувчи киши, узлуксиз равишда, Қуръонни ёдлаб бўлгач илм ўрганиш фарз экани, Қуръон маъноларини билиб, уни ҳаётида амалга ошириш зарурлигини, Қуръонни ёдлаш фақат камолот сари қўйган илк қадам холос эканлигини уқтириб бормоғи лозим. Ана шунда умид қиламизки ҳофиз бўлганлар бизлар барча фазилатларга эга бўлдик, деган ғурурга бормасдан балки, энидигина фазилат сари қадам қўйдик деган руҳда илм ўрганишга ва Қуръон маъноларини билиб уни ҳаётларига татбиқ этиб, ҳофизликдан ҳомилликка ўтишга саъй ҳаракат қилсалар.

17/07/2001