Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Мен намоз ўқишни бошламоқчиман, сизлардан илтимос менга ғусл, таҳорат ва намоз ҳақида маълумот берсангизлар

3363 марта кўрилган

Савол:

Мен намоз ўқишни бошламоқчиман, сизлардан илтимос менга ғусл, таҳорат ва намоз ҳақида маълумот берсангизлар.

Жавоб:

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала расулиллаҳ.

Ғусл ва таҳоратни қуйидагича қилинади: Ғусл: ғуслда киши танасининг ҳамма жойига сув етказиши керак. Ғусл суннатга мувофиқ бўлиши учун аввало таҳорат қилинади. Таҳоратни қуйдагича қилинади:

1. Бисмиллаҳ деб бошлаб, икки қўлни кафт қисмини ювади.

2. Ўнг қўлига сув олиб оғзига олади ва оғзини чайқайди, кейин сувни чиқариб юборади. Буни уч марта такрорлайди.

3. Ўнг қўлига сув олиб бурнига олиб боради ва сувни бурнига тортади кейин чап қўли билан бурнини қоқиб юборади. Буни ҳам уч марта такрорлайди.

4. Юзини ювади. Юзини ювишда пешонаси, жағ ости ва икки қулоқ юмшоқларигача ювади. Буни ҳам уч марта такрорлайди. Соқоли бўлса қўлини хўллаб паст томондан худди жағини ушлаётганга ўхшатиб бармоқларини ёзиб соқол ораларига юргизиб кўяди.

5. Ўнг қўлидан бошлаб қўлини тирсак (чиғанок)лари билан қўшиб ювади. Буни ҳам уч марта такрорлайди. Кейин чап қўлини ҳам шундай ювади.

6. Бошга масҳ тортиш. Бунда қўлларига сув олиб тўкиб юборади ва икки кафти билан бошининг устига масҳ тортади. Масҳни пешонасидан бошлаб то бошнинг орқасидан сочининг охиригача суртаб боради ва шундай қайтариб пешонасига келади. Яна қўлларини хўллаб қулоқларининг ичи ва ташини суради.

7. Икки оёқни ювиш. Ўнг оёқдан бошлаб бармоқ ораларини ишқалаб тўпиғигача ювади. Буни ҳам уч марта такрорлайди. Сўнгра чап оёқни ҳам шундай ювади. Ғусл қилаётганда оёқ ювишни охирига қолдириб турса ҳам бўлади. Яъни бошга масҳ тортгандан кейин бир қатор бошидан бошлаб бутун танасига бир бор сув қуйиб чиқади. Сув баданга яхши етиши учун бир бор ишқалаб юборса яхши бўлади. Совунлаб, шампунлаб уч-тўрт бор бошидан сув қуйиб ювинса ҳам бўлади. Охирида оёғини тўпиқларигача ювади. Шу билан ғусл тўла бўлади.

Янги намоз бошламоқчи бўлган одам ғусл қилгандан кейин, намозни бошлашдан аввал бир бор иймонини янгилаб олади. Бунинг учун «Ашаҳаду алла’- илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ» дейди.

Сўнгра бизнинг саҳифада китоблар бўлимида қўйилган «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиган намознинг сифати» номли китобни эътибор билан ўқиб унда кўрсатилганидек намоз ўқийди. Кенгроқ маълумотлар учун “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг такбирдан саломгача худди кўриб турганингиздек бўлган кайфияти” номли китобни ўқиб чиқса яхши. Намоз ўқишда балки таҳорат қилишда ҳам биладиган одамдан ўрганилса яхши бўлади.

Сиз шу айтилган китобларни яхшилаб ўқиб чиқинг ва уларга амал қилинг тушунарсиз бўлган жойларини биздан сўранг иложи борича тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Сиз намозни бошлашни бугундан қолдирманг. Чунки, намоз иймондан кейинги турадиган энг муҳим ибодатдир. Қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган нарса намоз. Агар банданинг намозидаги ҳисоби яхши бўлса қолган амаллари ҳам яхши бўлади. Агар намоз имтиҳонидан ўта олмаса қолган амаллари бир чақалик бўлади. Бу расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидир.

Аллоҳ Азза ва Жалладан сизни Ўз марҳаматига буркаши ва иймон томирларини қалбингизга чуқурроқ уриб боришига муваффақ қилишини сўраб дуо қиламиз.