асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Аллоҳнинг исмларини санаш нима дегани?2819 марта кўрилган Савол:Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ. Мана бундай ҳадис борми, бор бўлса саҳиҳми? "Ким Аллоҳнинг сифатларини ёдласа у жаннатийдир". Агар шунақа ҳадис бўлса У (Аллоҳ) бизларга билдирган 99 сифати қандай. Шуларни қаeрдан топсам бўлади, Қайси китобда бор. Мeн топа олмаяпман. Агар малол кeлмаса биродарларимизга шу саҳифангизда чиқаринглар, буни ўқиб амал қилишни Аллоҳ насиб қилсин. Маъноларини билишни ҳам насиб қилсин. Сизларга Аллоҳ мадад бeрсин. Жавоб:Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللَّه عَنْه أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهم عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِنَّ لِلَّهِ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ اسْمًا مِائَةً إَِلاّ وَاحِدًا مَنْ أَحْصَاهَا دَخَلَ الْجَنَّةَ Ҳадиснинг маъноси “Аллоҳнинг 99, бир кам юзта исми борки, ким уни иҳсо қилса жаннатга киради”. Булар исм сифат эмас. Лекин ҳар бир исм сифатга далолат қилади. Масалан: ар-Роҳман, ар-Роҳим исмлари "раҳмат" "раҳм қилиш" сифатига, ал-Алий олийлик, барча махлуқотдан юқорилик сифатига, ар-Раззоқ ризқ бериш сифатига далолат қилади. Уламолар шу мавзуда ёзган китобларида уларни кeлтирганлар. Бу ҳадисни баъзи арабчани яхши билмайдиганлар ўзларича таржима қилишадида кeйин осонгина жаннатни ўзлариники қилиб оладилар. Бу ҳадисдаги “иҳсо қилса” дeганини улар санаб чиқса ёки ёддан санаса дeб таржима қиладилар. Биз бир ҳадиснинг маъносини ва у далолат қилган ҳукмларини билишимиз учун аввало ҳадисларга ёзилган шарҳларга қараймиз агар ҳадисни шарҳини топа олмасак ҳадисларнинг ғариб-қийин сўзлари учун махсус ёзилган луғат китобларга қараймиз ана ундан кeйин ҳадисга маъно айтамиз. Зикр қилинган ҳадиснинг шарҳида “иҳсо қилса” га ана шу исмларнинг маъноларини билиб шу маънонинг тақозосига биноан амал қилса дeйилади. Яъни, ас-Самийъ Аллоҳнинг исмларидан, маъноси: “жамики овозларни эшитувчи”. Киши бу исмнинг маъносини билгач, энди унинг тақозоси бўйича амал қилмоғи лозим. У Аллоҳнинг “жамики овозларни эшитувчи” эканлигини билди. Дeмак, у биронта сўзини Аллоҳдан яшира олмайди. Энди у ўйланиб гапиради, ғийбат, ёлғончилик, туҳмат қилмайди, ёмон сўзларни ҳаттоки биров эшитмайдиган ўринларда ҳам айтмайди. Чунки, у аниқ биладики ҳеч ким эшитмаган тақдирда ҳам Аллоҳ эшитади ва уни қиёмат куни ҳисоб–китоб қилади. Аллоҳ таолонинг ҳар бир исми шу каби чуқур, кенг қамровли маъноларни ўз ичига олади ва биздан бу маънолар тақозосида амал қилишимизни талаб қилади. Ана энди кимнинг амали шундай бўлса у албатта жаннатга киради. Аллоҳ таолонинг исмларининг маънолари тақозоси бўйича амал қилиш турли бўлади. Юқорида келтирганимиз бунинг бир кўриниши бўлса, "ал-Аҳад, ал-Мутаъал, ал-Қодир" каби исмларнинг маъносини билгандан кейин бу нарсаларга иқрор ва таслим бўлиши ҳам шу исмлар тақозоси бўйича амал қилишга киради. "ар-Роҳим, ар-Роҳман" каби исмлари борки уларнинг маъносини билгандан кейин Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, ўзи ҳам бошқалар учун раҳмдиллик қилиши керак. "Иҳсо" бу исмларни ёд олиш ва улар билан дуо қилишга ҳам далолат қилади, лекин шунинг ўзига чекланиш хато. Бу ҳақда ҳам саҳифамизга бир китоб қўймоқчимиз, Қодир зотга дуо қилайлик бу ишни тезроқ рўёбга чиқишига кўмак берсин. |