асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Қуръон маъноларини қандай тушуниш керак, Қуръонни таржима қилиш жоизми?2721 марта кўрилган Савол:Ассаламу алайкум, ҳурматли таҳририят сизларнинг Аллоҳ йўлида қилаётган ишларингиз учун сизларга ташаккур билдираман ва шу ўринда ўзимни қизиқтирган баъзи саволларимга жавоб беришингларни илтимос қиламан. Мусулмон киши Қуръон маъноларини қандай тушуниш керак, бунинг учун араб тилини билиш кифоями. Ҳозирда фойдаланишим учун Саблуков, Крачковский ва Пороховаларнинг русча таржималари бор бу таржималар ҳақида қандай фикрдасизлар? Аслида Қуръонни таржима қилиш мумкинми? Илтимос мен бу саволни иккинчи бор юбормоқдаман, аввалги хатим етиб бормагандир, тезроқ жавоб беринглар. Жавоб:Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳ Ҳурматли биродаримиз бизга сизнинг хатингиз етиб келган эди. Биз уни эътиборсиз ташлаб ҳам қўйганимиз йуқ, бизга келган хатларга бирин-кетин тартиб билан жавоб берамиз. Шундай бўлсада сизнинг хатингизга навбатидан аввал жавоб бермоқдамиз. Аввало бизга билдирган ишончингиз учун сизга ўз ташаккуримизни изҳор этамиз. Қолаверса билган нарсамиздан сўралсак унга жавоб беришимиз, ўзимиз билмасак биладиган олимлардан жавоб олиб бериш бизнинг исломий бурчимиздир. Қуръон маъноларини тушунишга келадиган бўлсак, албатта ҳар бир мусулмон ҳаётини Қуръон ва суннатга мувофиқ қилиб ўтказишга буюрилган. Бунинг учун у турмуш тарзини шу иккисига мос қиладиган даражада у иккисидан таълим олиши керак. Бунинг энг авлоси ана шу мусулмон араб тилини билишлиги ва керакли маъноларни ўзи тушуниб билиши. Агар бунга қодир бўлмаса, билганлардан сўраши сўнгра амал қилиши. Ёки ўзининг тилида ёзилган шу мавзулардаги китоб ва мақолаларни ўқиши ва ўқиш асносида тушунарсиз бўлган нарсаларни илм аҳлларидан сўраб билиш билан бўлади. Таъкидлаб қўйиш лозимки, диний китобларни улар қайси тилда бўлишидан қатъий назар мустақил ўқиш яхши эмас, аҳли илмлар олдида ўқилгани дуруст. Чунки баъзи нарсаларни тушунмасдан амал қилиш кишининг залолатига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун уламолар “Кимнинг устози фақат китоб бўлса, унинг хатолари кўп бўлади” деганлар. Қуръон маъноларини таржима қилиш учун фақат араб тилини билишгина кифоя қилмайди. Қуръон бадий китоб эмас, балки у 23 йил давомида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлак-бўлак бўлиб, ҳолатлар ва ҳодисаларга қараб нозил бўлган илоҳий дастурдир. Шунинг учун Қуръоннинг маъносини англашда унинг нозил бўлиш сабабларини билиш даркор. Бундан ташқари оятларнинг маъноларини бир-бирига боғлаш носих ва мансух оятларни билиш ҳам зарур. Ўзингиз саволда зикр қилганингиздек араблар ҳам Қуръон ўзларининг тилларида бўлишига қарамасдан унинг маъноларини тушуниш учун тафсирларга мурожаат қилишади. Қуръоннинг маъноларини тўғри тушуниш учун тафсирларга мурожаат қилиш зарур. Салаф уламолари Қуръонни тафсир қилишда жуда улкан хизматлар қилганлар. Улардан бирлари Қуръон оятларини бошқа оятлар билан, бошқалари Қуръонни пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари ва саҳобаларнинг сўзлари билан тафсир қилган бўлсалар, яна бирлари шулар қатори оятлардан қатор аҳкомлар чиқарганлар. Яна бирлари ўқувчига енгил бўлсин деб оятларнинг умумий, лўнда маъноларини ёзган бўлса, яна бирлари тушунилиши қийин бўлган сўзларнинггина маъноларини ёзган. Энди, агар одамда араб тилини билиш имкони бўлмаса у ҳолда, билганлардан сўрайди ёки ўзи тушунадиган тилга қилинган таржималардан (агар шу таржималар ишончли бўлса) фойдаланади. Қуръоннинг таржимасини ўқишнинг ўзи ундан аҳкомларни чиқаришга имкон бермайди, биз буни юқорида айтиб ўтдик. Қуръон таржимасини иложи борича иймонни қувватлаш учун ўқилади, холос. Қуръоннинг таржимасида таржимоннинг дунёқараши ва эътикодининг таъсири бўлиши муқаррардир. Шунинг учун соф ақийдали олимнинг таржимасини ўқиш тавсия этилади. Сиз зикр қилган русча таржималарнинг иккитаси шарқшунослар томонидан биттаси эса мусулмонликни даъво қилувчи Ийман Порохова томонидан қилинган. Порохова аслида арабчани яхши билмайди, бунга далил яқинда “ал Жазира” телеканалида у билан суҳбат ўтказилган. Маълумки, бу телеканал араб тилида олиб борилади. Пороховага саволлар ингилиз тилида берилган ўртада бир киши арабчага ўгириб турган. Бундан ташқари бу аёлнинг нодир, ўзига хос дунёқарашлари бор ва бу унинг таржимасида яққол кўринган. Масалан у чўри деган нарсани ақлига сиғдира олмайди. Шунинг учун таржимада (ва қўлларидаги чўриларидангина) ни «чўрини озод қилгандан кейин никоҳига олган бўлса» деб шарҳлайди, аслида эса ундай эмас. Бу аёлнинг эри араб бўлгани ва русчани яхши билгани учун эри Қуръон маъноларини унга тушунтирган ва у шу маъноларни русча иборалар билан ифодалаган. У инглизчани яхши билгани учун инглизча таржималардан фойдаланган бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам бу таржима таҳсинга сазовор эмас. Аввалги иккитаси кофирларнинг таржималари бўлгани учун изоҳлашга ҳожат йўқ. Ҳозирда Қуръон маъноларига ёзилган «Тайсирул каримул маннан...» номли шайх Саъдийнинг тафсири русчага ўгирилди ва чоп этилди. Мана шу таржима ўқишга лойиқ, инсон хатодан ҳоли эмас. |