асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
«Ҳиснул муслим» шарҳи (1): Муқаддима2937 марта кўрилган Барча ҳамдлар Аллоҳга хос. Унга ҳамдлар айтамиз, Ўзидан ёрдам ва кечирим сўраймиз, нафсларимизнинг ёмонлигидан ва амалларимизнинг касофатидан Аллоҳдан паноҳ беришини тилаймиз. Аллоҳ кимни тўғри йўлга бошласа, уни ҳеч ким адаштира олмас, Аллоҳ кимни адаштириб қўйса, ҳеч ким уни тўғри йўлга бошлай олмас. Шериги бўлмаган, ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!” (Оли-Имрон, 102); “Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан алоқани узиб қўйишдан қўрқинглар)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир” (Нисо, 1); “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди” (Аҳзоб, 70-71). Дарҳақиқат, энг рост сўз Аллоҳнинг каломи (Қуръони карим), энг яхши йўл Муҳамммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, энг ёмон иш (динимизда) кейин пайдо қилинган (бидъат-хурофотлар)дир. (Динда) янги пайдо қилинган ҳар бир иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат дўзахдадир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло Яҳё ибн Закариё алайҳиссаломга бешта сўзга (буйруққа) амал этишга буюрди ва Бани Исроилни ҳам уларга амал этишга буюришини амр этди”. Шулар орасида мана бу буйруқ айтилган экан: “Аллоҳ таолони зикр қилишга буюраман. Зикр бамисоли бир кишини ортидан душмани қувлаб келаяпти. У юра-юра бир мустаҳкам қўрғоннинг олдига бориб қолади. Шунда у ушбу қўрғоннинг ичига кириб, улардан ўзини ҳимоя қилади. Банда ҳам шайтондан ўзини фақат Аллоҳ таолонинг зикри билан ҳимоя қила олади”[1]. Зикрнинг бундан бошқа фазилати бўлмаган тақдирда ҳам шунинг ўзи банда тилидан Аллоҳни зикр қилишни ҳечам ташламасликка ва ҳамиша Уни зикр этиб юришга етарли сабаб бўлар эди. Зеро, банда душманидан ўзини фақат зикр ёрдамида ҳимоя қила олади ва душмани унга ғафлат эшигидангина ҳужум қилади. Душмани бўлмиш шайтон уни пойлаб ўтиради, агар ғофил қолса, унга ташланиб, қўлга туширади[2]. Мутарриф ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен бу ишга (яъни яхшилик ва ёмонликка) қараб ўйландим. Қарсам, улар Аллоҳнинг ҳузуридан экан. Сўнг улар кимнинг қўлида экани ҳақида ўйландим. Қарасам, Аллоҳнинг қўлида экан. Сўнг уларнинг тизгини (асоси) ҳақида ўйландим. Қарасам, дуо экан. Сўнг одам боласи ҳақида ўйландим. Қарасам, у Рабби ва шайтон ўртасига ташланган экан. Агар Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилса, ҳимояси билан уни Ўзига яқинлашитиради. Акс ҳолда шайтонга ташлаб қўяди”. Демак, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони зикр этиш ва Унга дуо қилиш мусулмон одамнинг қўрғони, қалбининг тирик қолиш омили, баданининг озуқаси, руҳининг саодати ва ҳар қандай ёмонлик ва зарарлардан ҳимоя воситаси экан. Аллоҳ таолони зикр қилишда тўғри йўл кўрсатадиган ва Унга дуо қилишда ёрдам берадиган энг кенгқамровли, энг енгил ва энг саҳиҳ (ишончли) манба “Ҳиснул муслим” (Мусулмон қўрғони) номли китобдир. Бу китобнинг муаллифи фазилатли шайх Саид ибн Али ибн Ваҳф Қаҳтоний (Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олсин). Ушбу китоб – ҳажми кичик бўлишига қарамай – одамлар орасида жуда кенг тарқалиб, кўпчиликка манзур келди. Деярли барча мусулмоннинг уйида ушбу китобни учратишингиз, балки ҳар бир мусулмоннинг ўзига тегишли алоҳида китоби борлигини кўришингиз мумкин. Одамлар ушбу китобга шунчалик аҳамият қаратганидан, у бир неча тилларга таржима қилинди. Чиндан ҳам бундай китобга аҳамият қаратилиши ва илмий жиҳатдан ўзига яраша хизмат кўрсатилиши вожибдир. Мендан ушбу китобни тушунишга ёрдам берадиган, маъноларини ойдинлаштириб берадиган шарҳ ёзишимни сўрашди. Ушбу таклиф қалбимнинг тўрига ўрнашди. Нитажада, буюк ва марҳаматли Аллоҳдан ёрдам сўраб, уни амалга оширишга ошиқдим. Шарҳни ёзишда “Кутуб ас-ситта” (Олтита ҳадис тўпламлари) шарҳлари ва бошқа ҳадис тўпламларига ёзилган шарҳлардан фойдаландим. Шунингдек, Шайхулислом Ибн Таймиянинг “Ал-калим ат-таййиб” китобига ёзган шарҳимдан фойдаландим. Мазкур манбалардан кўп фойдаланганим ва китобнинг ҳошияси кўпайиб кетишидан қўрқиб ҳамда баъзан айрим сўзларни ўз таъбирим билан етказганим боис кўп ҳолатда манбаларни айтиб ўтирмадим. “Ҳиснул муслим” (Мусулмон қўрғони) китоби матнини, ҳошиядаги ҳадис манбалари ва изоҳларни асл ҳолича қолдирдим. Лекин муаллиф раҳимаҳуллоҳ ҳадисларнинг манбаларини зикр қилганда кўпинча уларнинг рақамларини айтиб ўтмаган. Шу сабабли икки қавс ичида ҳадисларнинг рақамларини ёзишни ва баъзи изоҳларни матнга ё шарҳга қўшишни тўғри деб билдим. Шунингдек, шарҳда келган ҳадисларнинг манбаларини ҳам ҳошияда ёздим ва уларни муаллифникидан ажратиб ёзишни дуруст деб ўйладим. Муаллиф ёзган ҳадис манбаларини ва изоҳларни (Қ) ҳарфи билан ифодаладим. Ўзим ёзган ҳадис манбалари ва изоҳларни (М) ҳарфи билан ифодаладим. Ушбу шарҳимни енгил, тушунарли ва чигал сўзлардан холи қилиб ёзишга бор кучимни сарфладим[3]. Тўғри ва бехато сўзларни ёзишга ҳамда хато, камчилик ва янглишишлардан четланишга муваффақ этилган бўлишимни умид қиламан. Буюк Аллоҳдан муаллифни энг яхши мукофотлар билан сийлашини, менга, унга ва барча мусулмонларга сўз ва амалда ихлосли бўлишни насиб этишини, тўғри йўлга бошлашини, нафсларимизнинг ёмонлигидан ҳимоя қилишини, шайтоннинг макри ва ёмонлигидан паноҳ беришини, Уни кўп зикр этадиганлар қаторида қилишини сўрайман. Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у зотнинг аҳли-оиласи ва барча саҳобаларига Аллоҳнинг саловати ва саломи бўлсин. Дуомизнинг охирида оламлар Рабби Аллоҳга ҳамдлар айтамиз. Маждий ибн Абдулваҳҳоб Ал-Аҳмад / Абу Муслим – Аллоҳ унинг гуноҳ ва камчиликларини кечирсин – ҳижрий 1426 йил, Сафар ойининг 27-куни пайшанба кечаси (милодий 2005 йил, 6-апрелга тўғри келади) Шом диёри Урдун мамлакати Зарқо шаҳрида ёзди.
|