Пайшанба 3 Октябрь 2024 | 29 Рабиул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

ВАҚТИМИЗДАН ҚАНДАЙ УНУМЛИ ФОЙДАЛАНАМИЗ?

3751 марта кўрилган

“Дор-ул-ватан” нашриётининг илмий бўлими тайёрлаган
Таржимон: Абдуллоҳ Муҳаммад

Соатлар секин юргани билан вақт тез ўтиб кетади

Ўлим бу - нишонга бориб теккан ўқ,
Туғилиш - шиддатла тортилган камон.

Яккаю ёлғиз Аллоҳга ҳамдлар ва Пайғамбарига салоту саломлар бўлсин!

Инсонларни кузатган, уларнинг ўз вақтларини қандай ўтказаётганини кўрган киши аксарият одамлар вақтларини беҳуда ўтказаётгани, умрдан фойдаланиш, вақтни ғанимат билиш неъматидан маҳрум эканига гувоҳ бўлади.

Кун ўтказиб хурсанд бўлаётган бу инсонларнинг ҳолати ажабланарли. Улар ўтаётган ҳар бир лаҳза инсонни дунёдан узоқлаштириб, қабр ва охират сари яқинлаштираётганини наҳот англамаслар?! Аслида ҳар бир кун умр деб аталмиш қасрнинг бир ғишти эмасми?!

Модомики қимматли вақтлар қайтарилмас ва бир лаҳзада ўтиб кетадиган бебаҳо бойлик экан, мўмин уни қандай сарфлашни ҳам яхши билмоғи лозим.

Аллоҳ бизни умрлари узоқ, амаллари яхши бўладиган кишилардан қилишини сўраймиз. Албатта сўров-илтижолар Аллоҳнинг ёлғиз Ўзигадир.

Вақтнинг қиймати ва муҳимлиги

Агар инсон бирор нарсанинг қиймати ва муҳимлигини билса, ўша нарсага қаттиқ эътибор беради ва уни беҳуда йўқотмайди.

Бу ўз-ўзидан маълум.

Демак, вақт доимий неъматдаги инсоннинг абадий ҳаётининг негизи ва аламлантирувчи азобдаги тор ҳаётининг негизидир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Инсоннинг вақти бу ҳақиқатда унинг умридир. Вақт булутдек ўтиб кетади. Кимнинг вақти Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан бўлса, бас, вақт у кишининг ҳаёти ва умридир. Бундан бошқалари эса инсоннинг ҳаётидан ҳисобланмайди. Инсон ўз замони ва вақтининг қадрини билиши, бирор лаҳзасини ҳам беҳуда ўтказмаслиги ва шу вақтда энг афзал сўзу амалларни бажармоғи лозим. Унинг нияти мудом яхшиликда қоим бўлиши ва бажариладиган амалларда сусткашлик қилмаслиги керак».

Дарҳақиқат, Қуръон ва суннат вақтга турли томонлардан эътибор берган. Аллоҳ таоло бир неча сураларнинг бошларида тун, кундуз, тонг, чошгоҳ ва аср вақти каби куннинг бўлаклари билан қасам ичди:

«(Борлиқни ўз зулмати билан) ўраб келаётган кечага қасам. Ёришиб кўринган кундузга қасам» («Лайл», 1-2).

«Тонгга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам» («Фажр», 1-2).

«Чошгоҳ вақтига қасам. (Ўз зулмати билан чор-атрофни) қоплаб-ўраб олган кечага қасам» («Зуҳо», 1-2).

«Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир» («Аср», 1-2).

Маълумки, агар Аллоҳ таоло бирор нарса билан қасам ичса, бу айни нарсанинг муҳим ва улуғ эканига далолат қилади.

Суннат вақтнинг муҳимлиги ва инсон Қиёматда вақти ҳақида сўралажаги ҳақида таъкидлаб келди.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Қиёмат куни то тўрт хислат ҳақида сўралмагунча банданинг қадами силжимайди;

1) Умрини қандай ўтказгани ҳақида,

2) Ёшлигидан қандай фойдалангани ҳақида,

3) Молини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани тўғрисида,

4) Билган нарсасига амал қилгани тўғрисида» (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи ҳадиси шарифларида хабар бериб ўтадиларки, вақт бу Аллоҳнинг бандаларига берган неъматларидан биридир. Банда бу неъматнинг шукрини адо қилмоғи лозим, акс ҳолда ушбу неъмат ундан олиб қўйилади ва ўтиб кетади. Вақт неъматининг шукри эса уни тоат-ибодат ва солиҳ амалларда ўтказиш билан бўлади.

«Икки неъмат борки, кўпчилик улардан (фойдаланишдан) маҳрумдирлар, (улар) соғлик ва бўш вақтдир» (Бухорий ривояти).

Ҳадиснинг асл матнида «мағбун» калимаси ишлатилган. Бу калима «савдода алданиб қимматбаҳо матосини арзонгаровга сотиб юборган» деган маънони англатади. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам кўп инсонларда энг қимматбаҳо бойлик бўлган вақт энг арзон нарсага айланиб қолган.

Мусулмон кишининг вақт олдидаги вазифалари

Модомики вақт шунчалик аҳамиятли экан, демак мусулмоннинг вақт олдида вазифалари бор. Мусулмон киши ана шу вазифаларни тушуниб адо этмоғи шарт.

Улар:

1. Вақтдан имкон қадар унумли фойдаланмоқ: Бебаҳо мол-давлатини беҳад асраб-авайлайдиган инсон аслида бебаҳо вақтига бунданда эътиборлироқ бўлмоғи, уни фақат хайрли ўринларда хайрли мақсадларга ишлатиши лозим эди. Салафи солиҳлар вақтларига жуда эътиборли эдилар. Чунки улар вақт қадрини яхши англаганлар. Улуғ имомлар ҳар бир вақтни фойдали илм, яхши амал, нафсга қарши кураш ёки бошқаларга фойда етказиш билан ўтказиб, охират ғамини ер эдилар.

Ҳасан Басрий айтади: «Шундай зотлар бор эди-ки, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар».

2. Вақтни тартибга солиш: Диний ва дунёвий ишларни батартиб адо этмоқ мусулмон кишининг вақти олдидаги вазифаларидандир. Ана шунда ишлар бир-бирига халал бермайди. Муҳим ва номуҳим амаллар ўз ўрнини топади.

Солиҳлардан бири айтади:

«Банданинг (ўтган) вақтлари тўрт турли бўлади, бешинчиси йўқдир;

1) Неъматда,

2) Кулфатда,

3) Итоатда,

4) Маъсиятда,

Вақтнинг ҳамма ҳолатида ҳам зиммангда Аллоҳнинг ибодатидан улуш бордир. Демак кимнинг вақти тоатда ўтган бўлса, унинг йўли Аллоҳ тарафидан унга берилган марҳаматга, яъни, Аллоҳ уни хидоятлаб, ибодатга муваффак қилиб қўйганига шохид бўлишдир. Кимнинг вақти неъматда ўтган бўлса, унинг йўли шукр қилишдир. Кимнинг вақти маъсиятда ўтган бўлса, унинг йўли тавба ва истиғфордир. Кимнинг вақти кулфат (синов)да ўтган бўлса, унинг йўли розилик ва сабрдир».

3. Бўш вақтни ғанимат билиш: Бўш вақтини неъмат эканидан кўпчилик ғофил ўтади. Оқибатда инсонлар неъмат шукрини адо этмайдилар.

«Икки неъмат борки, кўпчилик улардан (фойдаланишдан) маҳрумдирлар: соғлик ва бўш вақт» (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўш вақтни ғанимат билишга ундаб, бундай дедилар:

«Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билгин... Машғул бўлиб қолишингдан олдин бўш вақтингни ғанимат бил» (Ҳоким ривояти).

Солиҳлардан бири айтади: «Бўш вақт улкан неъматдир. Агар банда ҳавои нафсга ва шаҳватларга берилиб бу неъматга шукр қилмаса, Аллоҳ унинг қалбидаги ўша (хотиржамлик) неъматини барбод қилиб ташлайди ва у топадиган софликни олиб қўяди».

Оқил инсон бўш вақтини яхши ишлар билан ўтказади. Акс ҳолда у жазоланиб, бўш вақт неъматидан маҳрум бўлади. Шунинг учун айтадилар: «Бўш вақт эркаклар учун ғафлат, аёллар учун эса шаҳватпарастликдир». Яъни, эркаклар бўш вақтларини уйқу ва беҳуда ўйинлар билан ғафлатда ўтказсалар, аёллар турли-туман қорин тўйдирмайдиган пишириқларни пишириш, шайтонни хурсанд қиладиган беҳуда гаплар, ясан-тусан ва хою ҳавас йўлида ўтказадилар.

Вақтни тежашга ёрдам берувчи сабаблар

1. Ўзига ўзи ҳисоб бериш: Бу самарали услуб солиҳлар одати, тақводор зотлар йўлидир. Азиз биродар, ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Кунни қандай ва нималар билан ўтказдингиз? Шу кунингизда сизнинг савобларингиз кўпайдими ёки гуноҳларингиз? Шу бир кунингизнинг жавобини бера оласизми?

2. Нафсни олийҳимматликка чиниқтириш: Ким ўзини олий ишларни қилиш ва бекорчи ишлардан узоқлашишга ўргатса, ўз вақтини ғанимат билган бўлади. Чунки фаол инсон беҳуда ишлар билан қаноатланмайди. Кишининг ҳиммати қанча баланд бўлса, қиладиган амаллари ҳам шунча улуғ бўлади.

3. Вақтларини муҳофаза қиладиган кишилар билан суҳбатда бўлиш: Албатта солиҳ зотлар билан ҳамсуҳбат бўлмоқ кишини вақтни ғанимат билишга ўргатади.

Ўтганларда бир гап бор:

“Агар бир қавмнинг орасида бўлсанг, яхшиларига ёндош, ёмонларидан йироқ юр. Акс ҳолда улар билан бирга ҳалок бўласан. Сен кишидан ўзи ҳақида эмас, балки унинг ҳамсуҳбати ҳақида сўрагин. Чунки ҳар ким ўз яқинига эргашади”.

4. Салафлар ҳаётидан ибратланиш: Салафлар ҳаётини ўрганиш биз учун ниҳоятда фойдали. Чунки улар вақтнинг қадрини ва умрнинг аҳамиятини англаганларнинг энг яхшиларидир. Улар умрнинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиш ва уни Аллоҳга итоатда ўтказишда энг чиройли намунадирлар.

5. Вақтдан унумли фойдаланишда турлича йўл тутиш: Бир иш тинмай такрорланаверса, одам зерикиб қолади. Демак турли амаллар билан оз-оздан шуғулланиб туриш вақтдан имкон қадар кўпроқ фойдаланишда ёрдам беради.

6. Ўтган вақт қайтмаслигини идроқ қилиш: Вақтни ортга қайтаришнинг иложи йўқ ва келаётган кунни ўтиб кетган куннинг ўрнига эваз қилиш ҳам имконсиз. Ҳасан Басрий шундай деган эди: «Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, уни олдингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга ҳаргиз қайтиб келмайди”».

7. Ўлимни эслаш: Инсон дунёни ортда қолдириб, охиратга юзланган вақтда хатоларини тузатиш ва йўқотган нарсаларини бутлаш учун — гарчи озгина бўлса ҳам — муҳлат берилишини орзу қилиб қолади. Чунки амал вақти тугаб, ҳисоб ва жазо соати етиб келган бўлади. Тушунган инсон вақтини Аллоҳ таоло розилиги йўлида сарфлашга интилади.

8. Ёмон ҳамсуҳбатдан йироқ бўлиш: Албатта дангасалар ва вақтларини беҳуда ўтказувчилар билан аралашиб юриш инсонни бузади ва вақтини беҳуда ўтишига сабаб бўлади. Абдуллох ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган эди: «Кишининг ҳамсуҳбатига эътибор беринглар. Чунки ҳар ким ўзига ўхшаш инсонлар билан дўстлашади».

9. Қиёматда вақт ҳақида сўралишни ёдда тутиш: Банда бу оғир кунда Улуғ Раббининг ҳузурида тураркан, умрини қандай ўтказгани ва нималарга сарфлагани ҳақида албатта сўралади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Беш нарса ҳақида сўралмагунча банданинг икки оёғи силжимайди: Умрини қандай ўтказгани ҳақида. Ёшлигидан қандай фойдалангани ҳақида…» (Термизий ривояти).

Бу нарсалар кишига вақтини тежашга ва Аллоҳ розилиги йўлида вақтидан унумли фойдаланишга ёрдам беради.

Уламоларимиз вақтларини қандай ўтказганлар?

Ҳасан Басрий айтади:

«Эй одам боласи, аслида сен кунлардан иборатсан. Агар бир кунинг ўтса, сенинг бир бўлагинг кетибди»;

«Эй одам боласи, кундузинг сенинг меҳмонингдир. Унга яхшилик қил, шунда у сени мактаб кетади. Агар ёмонлик қилсанг, сени ёмонлаб кетади. Кечанг ҳам худди шундай»;

«Бу дунё уч кундан иборат:

1) Кечаги кун, ўтиб кетиб бўлди.

2) Эртанги кун, сен унга етмаслигинг мумкин.

3) Бугунги кун, у сеники, сен унда амал қилиб қол».

Абдуллох ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Қуёш ботиб, куним ўтиб ва менга берилган муҳлат қисқариб, унда амалим зиёда бўлмаганига ачинганим каби бирор нарсага ачинмадим».

Ибн Қаййим айтади: «Вақтни беҳуда ўтказиш ўлимдан ёмон. Чунки вақтни беҳуда ўтказмоқ сизни Аллоҳдан ва охират ҳовлисидан узиб қўяди. Ўлим эса сизни дунё ва унинг аҳлидан узиб қўяди».

Суррий ибн Муфлис айтади: «Агар сен молингнинг камайганига ачинаётган бўлсанг, умрингнинг камаяётганига йиғла».

Вақтларимиздан қандай фойдаланамиз?

Вақтдан фойдаланиш ўринлари кўп. Мусулмон киши ўзига муносиб ва тўғрироқ ўринларни танлаб олиши керак.

1. Аллоҳнинг китобини ёдлаш ва ўрганиш: Бу вақтдан фойдаланиш ўринларининг энг яхшисидир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг китобини ўрганишга тарғиб қилиб, бундай дедилар: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни бошқаларга ўргатганларингиздир» (Бухорий ривояти).

2. Илм ўрганиш: Дарҳақиқат салафлар илм талаб қилиш билан вақтларини ўтказар эдилар. Чунки улар ўзларини емоқ-ичмоқдан кўра илмга кўпроқ муҳтож деб билардилар. Илм талабида вақтдан унумли фойдаланиш учун қуйидагиларга эътибор бермоқ даркор: Дин ва дунё учун зарур бўлган дарсларга катнашиш, фойдали маърузаларни эшитиш ва фойдали китобларни мутолаа қилиш ва ҳ.к.з.

3. Аллоҳни зикр қилиш: Зикр каби уни ҳамма вақтда ҳам қилиш мумкин бўлган амал йўқдир. Зеро, бу фойдали ва осон амал бандадан бирон сарф-ҳаражат ёки куч талаб қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблардан бирига шундай насиҳат қилган эдилар:

«Тилинг Аллоҳнинг зикри билан доимо нам бўлиб турсин! (Аллоҳ зикрини доим қилиб юргин)» (Аҳмад ривояти).

Мусулмоннинг қалби ўз Хожаси зикри билан обод бўлса, нақадар яхши! Сўзласа, Унинг зикри ила сўзлайди. Ҳаракат қилса, Унинг буйруғи билангина ҳаракатланади.

4. Нафл ибодатларни кўпайтирмоқ: Бу умрни Аллоҳнинг итоатида ўтказиш учун қулай фурсат ҳамда нафсни тарбиялаш ва уни поклаш учун муҳим омилдир. Бундан ташқари, нафл ибодатлар фарзларни бажариш вақтида содир бўлган камчиликларни тўлдириш учун берилган имкониятдир. Нафл ибодатларнинг яна бир улкан фойдаси, у бандага Аллоҳнинг муҳаббати тушишига сабаб бўлади.

«Бандам Менга нафл ибодатлар билан яқинлашишда давом этаверса, Мен уни яхши кўриб қоламан» (Ҳадиси қудсий, Бухорий ривояти).

5. Аллоҳнинг динига чақириб, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ҳамда мусулмонларга холис бўлиш: Бу амалларнинг барчаси ўтаётган умримиздан унумли фойдаланиб қолишимиз учун берилган имкондир. Зеро инсоният тарихида пайғамбарлар жўнатилишидан мақсад ҳам Аллоҳ таолонинг динига чақириш бўлганди:

«Айтинг: “Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга - ишончга эгамиз”» («Юсуф», 108).

Азиз биродар, вақтингизни ғанимат билиб, даъватга киришинг.

6. Қариндошлар зиёрати ва силаи раҳм: Бу амаллар кишининг Аллоҳ раҳматига сазовор бўлишига ва умри зиёда, ризқи мўл бўлишига ҳамда охир оқибатда жаннатга киришига асосий сабабдир.

«Кимки ризқи кенг ва умри узун қилиб берилишини истаса, қариндошларига силаи раҳм қилсин» (Бухорий ривояти).

7. Фазилатли вақтларни ғанимат билиш. Масалан, фарз намозлардан кейин, азон билан иқомат ораси, кечанинг охирги учдан бир қисми, бомдод намозидан кейин қуёш чиққунича бўлган вақт, рўзадорнинг ифтор олдидан дастурхон устида ўтирган вақти. Банда улуғ ажру савобларга эришиши учун бу вақтларни ғанимат билмоғи лозим.

8. Фойдали илмларни ўрганиш: Масалан, табобат, тил, математика, физика, дурадгорчилик ва ҳоказоларни ўзи ва бошқаларга фойда етказиш мақсадида мукаммал ўрганмоқ.

Азиз биродар! Биз юқорида санаб ўтган ҳолатларни сизга бир мисол сифатида келтирдик, ҳолос. Сиз эса ўз зиммангиздаги вазифаларни ўз ўрнида аъло даражада адо этишга маҳкам бўласиз, деган умиддамиз.

Вақтни зое қилувчи офатлар

Ҳаётда мусулмон кишининг вақтини зое қиладиган талай офатлар мавжуд.

1. Ғафлат: Бу аксарият мусулмонлар чалинган хатарли касалликдир.

«Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» («Аъроф», 179).

2. Пайсалга солиш: Бу вақтни барбод ва умрни беҳуда ўтишига олиб боради. Афсуслар бўлсинким, бугун пайсалга солиб «кейинроқ қиларман», деган сўз кўпчилик мусулмонларнинг шиори ва мижози бўлиб қолган.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллох айтади:

«Ишларни пайсалга солишдан эҳтиёт бўл. Чунки сен бугунинг билансан, эртанги кунинг билан эмассан».

Азиз биродар, амалларни, хусусан тавбани кечиктиришдан сақланинг. Зеро бугун борсиз, эртанинг эса кафолати берилмагандир. Гарчи эртанги куннинг умидида яшасангиз ҳам, сизни ибодатдан тўсиб қўядиган ҳасталиклар, кулфатлар ва ўткинчи ишларни ёдга олсангиз ҳар бир куннинг ўз амали ва ҳар бир вақтнинг ўз вазифаси борлигини тушуниб етасиз. Демак мусулмоннинг ҳаётида бўш ўтадиган вақти йўқ экан. Тоат-ибодатларни кечиктириш инсонни ўша ибодатларни буткул тарк қилишига олиб боради.

Ҳаёт бу аслида улуғ неъматдир,
Уни емиргувчи, билгин, ғафлатдир.
Дема ажал кечдир, ёки барвақтдир,
Ўлим ҳақиқатдир, ўлим барҳақдир.

Эй биродар, азиз вақтингизни Аллоҳ тоатида ўтказинг. Амалларингизни кечиктириб, дангасалик қилманг. Қабрга киргунича амалларини пайсалга солиб яшаган кишилардан бўлиб қолманг. Амалларни пайсалга солиш гўё бир қиличдирки, бандани вақтини Раббининг тоатида ўтказишдан кесиб қўяди. Сиз эса эй биродар, унинг қурбонига айланиб қолишдан эҳтиёт бўлинг!

Манба: www.islamnuri.com