асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Вабодан сақланиш учун ўн маслаҳат2171 марта кўрилган Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин Бадр Дуо қилувчи музтарнинг дуосини қабул қиладиган, қўрқув исканжасида қолган ночорга ёрдам берадиган, балоларни кўтарадиган ва ғам-ташвишни кеткизадиган Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин! Қалблар фақат Унинг зикри билан тирикдир, Унинг изнисиз бирор иш рўй бермас, ҳар қандай ёмонликдан фақат Унинг раҳмати ила халос бўлинади, ҳар нарса Унинг марҳаматийла сақланиб туради, орзуларга У енгил қилиб берсагина етилади, саодатга фақат Унга тоат-ибодат қилиш билан етилади. Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир. Одамлар шу кунларда “Кўрўна” номли вабо вирусидан даҳшатга тушаётганлари муносабати билан қуйидаги ўн маслаҳатни тақдим қилмоқчиман. Аллоҳ азза ва жалла биздан ва дунёдаги жамики мусулмонлардан ҳар қандай бало ва вабони кўтарсин, бошимизга тушган бутун мусибат ва машаққатларни даф қилсин ва ҳаммамизни солиҳ бандаларини сақлаган нарса билан сақласин, шубҳасиз У бу ишларнинг эгаси ва уларга Қодир Зот. 1- Бало тушганда нима дейилади عن عثمانَ بنِ عفَّانَ رضي الله عنه قال: سَمِعْتُ رسولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يقولُ: «مَنْ قالَ: «بِسْمِ اللَّهِ الذي لا يَـضُرُّ مع اسْمِهِ شَيءٌ في الأرضِ ولا في السَّماءِ وهُوَ السَّميعُ العَليمُ» ثلاثَ مَرَّاتٍ لمْ تُصِبْـهُ فَجْأَةُ بلاءٍ حَتَّى يُصْبِحَ، ومَنْ قالها حِينَ يُصْبِحُ ثلاثَ مَرَّاتٍ لَمْ تُصِبـهُ فَجْأَةُ بلاءٍ حَتَّى يُمْسِيَ». [رواه أبو داود وغيره]. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим ул Зот дедилар: "Ким уч марта “Унинг исми билан бирга бўлганда на ердаги ва на осмондаги бирон нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳ исми билан паноҳланаман. У эшитувчи, билувчи Зотдир.” – деса, то тонг оттиргунича унга кутилмаган бало етмайди. Ким бу сўзларни эрталабда айтса, то кеч киргунча унга кутилмаган бало етмайди. Абу Довуд ривояти 2- “لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ” ни кўп-кўп айтиш Яъни “Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназзолимийн” “Эй Раббим, Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Сен пок Парвардигоримсан. Шубҳасиз, мен ўз жонига зулм қилувчилардан бўлдим”ни кўп-кўп айтиш. قال الله عز وجل: {وَذَا النُّونِ إِذْ ذَهَبَ مُغَاضِبًا فَظَنَّ أَنْ لَنْ نَقْدِرَ عَلَيْهِ فَنَادَى فِي الظُّلُمَاتِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ (87) فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَنَجَّيْنَاهُ مِنَ الْغَمِّ وَكَذَلِكَ نُنْجِي الْمُؤْمِنِينَ [الأنبياء:88 “87. Балиқ соҳиби – Юнус ибн Матто алайҳиссалом воқеасини эсга олинг. Аллоҳ уни ўз қавмига пайғамбар қилиб юборди. У қавмини даъват қилди. Улар иймон келтирмадилар. Қавмини Аллоҳнинг азоби билан қўрқитди, бироқ улар қайтмадилар. У қавмининг бу аҳволига Аллоҳ буюрганидек сабр қилолмади. Уларнинг гуноҳу маъсиятларидан юраги сиқилиб, уларга аччиқ қилиб, ораларидан чиқиб кетди. Буйруғига хилоф иш қилгани учун Аллоҳ унга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмайди ва жазоламайди, деб ўйлаган эди. Шунда Аллоҳ таоло уни қаттиқ танглик ва маҳбуслик билан имтиҳон қилди. Денгизда уни балиқ ютиб юборди. У қоронғиликлар – тун қоронғилиги, денгиз қоронғилиги, балиқ қорни қоронғилиги ичра Аллоҳга тавба қилди, қавмига сабр қила олмасдан ўзига зулм қилганини эътироф этди ва Раббига нидо қилиб: “Эй Раббим, Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Сен пок Парвардигоримсан. Шубҳасиз, мен ўз жонига зулм қилувчилардан бўлдим”, деб дуо қилди. 88. Биз унинг дуосини ижобат қилдик ва уни бу оғир ғам-ғуссадан халос этдик. Биз иймон келтирган ва шариатимизга амал қилган кишиларга ҳам ана шундай нажот берамиз. Ҳофиз Ибн Касир – раҳимаҳуллоҳ – “Биз иймон келтирган ва шариатимизга амал қилган кишиларга ҳам ана шундай нажот берамиз.” Оятини тафсир қилар эканлар шундай дедилар: “Агар улар қийин аҳволда бўлсалар ва Бизга тавба қилиб, дуо қилсалар, хусусан бало тушган пайтда мана шу дуо билан дуо қилсалар.” Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу дуоларини келтирдилар: “Зуннуннинг балиқ қорнида экан қилган дуоси: “لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ” бу дуони ким бирор ҳолатда қилса, албатта Аллоҳ унга ижобат қилади”. Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилган. Аллома Ибн Қаййим – раҳимаҳуллоҳ – “Фавоид” номли китобларида айтадилар: “Дунё машаққатларини тавҳид калимаси қайтарганчалик бирор нарса қайтара олмайди. Шунинг учун ҳам мусибат етганда айтиладиган дуо ва Зуннуннинг дуоси тавҳид калимаси бўлди. Мусибатланган ҳар кимса бу дуони қилса, шубҳасиз Аллоҳ тавҳид калимаси билан унинг мусибатини аритади. Ширк улкан балою мусибатларга солади, улардан эса фақат тавҳид калимаси қутқаради. У бутун махлуқотнинг ёрдамчиси ва бошпанасидир. Аллоҳ тавфиқ берсин.” 3- Бало машаққатидан паноҳ сўраш Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бало машаққатидан, бахтсизлик етишидан, ёмон қазои қадардан ва душманларга кулги бўлишдан паноҳ сўрардилар. Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таолодан бало машаққатидан, бахтсизлик етишидан, ёмон қазои қадардан ва душманларга кулги бўлишдан паноҳ сўранглар” Бухорий ривоят қилган. 4- Уйдан чиқишда ўқиладиган дуони айтиш ва унга бепарво бўлмаслик Имом Абу Довуд ва имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Киши уйидан чиққан пайтида: “Бисмиллаҳи таваккалту алал-лоҳи ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” (Аллоҳнинг номи билан (чиқаман), Аллоҳга таваккал қилдим, куч-қувват ҳам, қудрат ҳам фақат Аллоҳнинг бериши биландир) деса, унга: “Ҳидоятландинг, кифояландинг ва ҳимояландинг.” дейилади, шайтонлар ҳам ундан четланади, бир шайтон бошқа шайтонга қараб: “Ҳидоятланган, кифояланган ва ҳимояланган одамга қандай кучинг етсин?” дейди. 5- Тонг отганда ва кеч кирганда Аллоҳдан офият сўраш اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ وَالْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ وَالْعَافِيَةَ فِي دِينِي، وَدُنْيَايَ، وَأَهْلِي، وَمَالِي، اللَّهُمَّ اسْتُرْ عَوْرَاتِي، وَآمِنْ رَوْعَاتِي، اللَّهُمَّ احْفِظْنِي مِنْ بَيْنِ يَدَيَّ، وَمِنْ خَلْفِي، وَعَنْ يَمِينِي، وَعَنْ شِمَالِي، وَمِنْ فَوْقِي، وَأَعُوْذُ بِعَظَمَتِكَ أَنْ أُغْتَالَ مِنْ تَحْتِيَ. Эй Аллоҳ, мен сендан дунё ва охиратда афву-офият сўрайман. Эй аллоҳ, мен Сендан динимда, дунёйимда, аҳлимда ва молимда афву-офият тилайман. Эй Аллоҳ, менинг айбларимни беркит, қўрқувимдан омонлик бер-кетказ. Эй Аллоҳ, мени олдимдан ҳам, ортимдан ҳам, ўнгимдан ҳам, чапимдан ҳам, тепамдан ҳам, Ўзинг сақла! Оёғим остидан хиёнатга учрашдан Сенинг улуғлигингла паноҳ сўрайман). (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти). 6- Кўп дуо қилиш Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қай бирингиз учун дуо эшиги очилса, у учун раҳмат эшиклари очилибди. Аллоҳ учун “Эй Аллоҳ менга офият бер” деб қилинган дуодан кўра севиклироқ нарса йўқ.” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дуо тушган мусибатда ҳам, ҳали тушмаган мусибатда ҳам фойда беради. Эй Аллоҳнинг бандалари дуо қилинглар”. Термизий ва бошқалар ривоят қилишган. 7- Вабо тарқалган жойлардан эҳтиёт бўлиш Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди “Умар розияллоҳу анҳу Шом диёрига сафарга чиқди, Сарғга етганида Шом диёрида вабо тарқагани ҳақида хабар эшитди. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф унга “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бирор ерда вабо тарқалганини эшитсангиз у ерга борманг, агар сиз турган жойда вабо тарқалса, ундан қочиш учун у ердан чиқманглар”, деганларини айтиб берди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Касал туяси бор одам соғлом туяларини суғораётган одам билан бирга суғормасин”. Бухорий ва Муслим ривояти. 8- Яхши ишлар қилиш Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Яхши ишлар ёмон оқибатлардан, офатлардан ва ҳалокатлардан сақлайди. Дунёда яхшилик қилувчилар охиратда ҳам яхшилик эгалари бўладилар”. Ҳоким ривояти. Ибн Қаййим – раҳимаҳуллоҳ – айтадилар: “Касалликнинг энг фойдали дориларидан бири яхшилик ва эҳсон қилиш, зикр, дуо, таззарру, Аллоҳга ёлбориш ва тавба қилиш. Бу ишларнинг касалликни даволаш ва касалнинг соғайишида табиий дорилардан кўра таъсири кўпроқ. Бироқ бу – қалбнинг тайёрлиги, қабул қилиши ва бу нарсалар ва уларнинг фойдаси ҳақидаги эътиқодга қараб бўлади”. Зодул маод. 9- Тунда намоз ўқиш
Билол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тахажжуд намозини ўқинглар, чунки у ўтган солиҳларнинг одати, Аллоҳга яқинлашув, гуноҳдан кайтарувчи, хатоларга каффорат ва бадандан дардни кетказувчидир.» (Аҳмад ва Термизий ривоятлари. Албоний саҳиҳ деган) 10- Идишларни ўраб қўйиш ва сув сақланадиган идишларнинг қопқоғини ёпиш Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди “Идишларни ўранглар, мешларнинг оғзини боғланглар. Ҳар йили вабо тушадиган бир кеча бор, у қопқоғи бўлмаган ёки оғзи боғланмаган мешнинг устидан ўтса, албатта унга ўша вабодан тушади”. Муслим ривояти. Ибн Қаййим – раҳимаҳуллоҳ – айтадилар: “Бу табибларнинг илм-маърифати етмайдиган илм”. Зодул маод. Сўзимизнинг охирида айтамизки, ҳар бир мусулмон ишини Аллоҳ азза ва жаллага топширсин, Унинг фазли марҳаматини умид қилсин ва Унгагина таваккал қилсин. Зеро, ишларнинг бари Унинг қўлида ва бошқарувида. Кимга мусибат етса, уни сабр ва ажр умидида қарши олсин. Аллоҳ азза ва жалла сабр қилган ва ажру савоб умид қилганларга улкан ажрларни ваъда қилган: “Сабр қилувчиларга охиратда савоблари чексиз, ҳисобсиз, саноқсиз берилгай.” Зумар: 10 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўлат (вабо) ҳақида сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қуйидагича жавоб қилдилар: “У Аллоҳ истаган бандаларига юборадиган азоб эди, кейин Аллоҳ уни мўминлар учун раҳмат қилди. Қай бир мўмин яшаб турган юртда вабо тарқаса ва у ўз юртида сабр қилиб, унга фақат Аллоҳ ёзган нарса етишини билиб яшаса, у учун шаҳиднинг ажричалик ажр бўлади”. Бухорий ривояти Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган яхши амал ва гўзал сўзларга муваффақ қилишини сўраймиз. Аллоҳ ҳақни гапиради ва тўғри йўлга бошлайди. Ёлғиз Аллоҳга ҳамду санолар ва Пайғамбари Муҳаммадга салавоту саломлар бўлсин. 13/03/2020 |